Абдулла Қодирий. Лайли ва Мажнун (1922)

Кичкина фелетўн

Мақоланинг сарлавҳасини кўриб «Лайли ва Мажнун» операсига танқид экан, деб миянгни айнитиб ўлтурма, ака. «Лайли ва Мажнун»ни ва умуман театру кечаларини танқид қилиб: «Мана бу артист қинғир экан, мана буниси қийшиқ экан, китоби ундай экан, декаратсияси бундай экан деб критика санайтурған жинни бўлғанимча йўқ. Ўюнни бир артист бузуб ўйнаса, яхши белгилаки, «дарбисот» дастмоянинг ўзи шул, тузатиб ўйнайдими, буниси ҳам ўзида бори; бир драматурғнинг ёзғани тўртта шоптоли данакдан иборат бўлса, бунга ҳам ҳалиги «дарбисот»нинг ўзи кофий, шофий[1] — лўнда жавоб». Каминанинг назариясидек файласўфона бир назарияни кунчиқар билан кунботарға зир югуриб изласанг ҳам яхши билгилки, тополмайсан!

Мавзудан четка чиқдим шекиллик, мақсадга кўчайлик энди:

Ўнг биқинимда самарқандлик биртаси, чап биқинимда қўқонлиқнамо яна биртаси бўлғани ҳолда кетдик «Лайли ва Мажнуни»га қараб.

Ҳали соат етти. Демак, ўюн бошланишиға бир ярим, икки соатлаб вақт бор. Куни бўйи тириклик орқасида юруб зериккан халқ кечнинг енгил латиф шамоли остида роҳатланиб, тоза ҳаво исинмакда эди. Биз ҳам уччовлашиб, оғзимизни тоза ҳаво сари каппа-каппа очиб, кўчанинг у бошидан бу бошига бўзчининг моккисидек бориб кела бошладиқ. Зебо бўй, сарвиқадсимон тан, шаҳло кўз, бодом қовоқ, юпқа томоқ санамлар ҳалидан-ҳали ёнимиздан ўтиб турадирлар. Бошқа вақтдағи каби ситам, илтифотсизлик, нозу карашма деган гаплар ҳам билмадимки қаёққа кетибдир, йўқ. Уёқ-буёқни холи, кўзни шамғилат қилиб санга қарайдурлар-да қошларини учуриб, кўзларини қисиб юборадирлар… Бу вақт манга ўхшаған жиз ихтиёри қўлида бўлмағанлар пўрт учди, дейилса мумкиндир…

Ўзимизнинг бир йигит, ҳалиги қисқичбақалардан биртаси, бир дақиқалик «имқўқ» билан танишиб ҳам олдилар. Йигитимиз сўрайдир:

—      Ўзингизга ўхшаған Лайлилардан тағин борми?

Қисқичбақа жавоб берадир:

—      Бор. Биз тўрт Лайли.

—     Очен хорошо, биз ҳам тўрт Мажнун, айда! Қўлтуқлашиб ҳам кетадирлар. Савдо ортиқ қизғин, бозор чаққон. Уларнинг Лайлисига етарлик бизнинг Мажнунларимиз ҳам йўқ эмас.

«Колизей»да ўлтурамиз. Лайли ва Мажнунлар танаффус чоқларида жангдан безор қиладирлар. Биринчи қўнғироқ Лайли-Мажнунлар ташқарида, иккинчи қўнғироқ, ҳамон дарак йўқ, учинчи қўнғироқ чалиниб парда кўтарилгач, золнинг ичида дув тўполон. Саҳнада ўюн, бизнинг золда қий-чув, тақур-туқур, худди кетмон бозор.

«— Уйинг куйгурлар, илгарироқ ҳаракатингни қилиб олсанг бўлмасми», деятурған терговчи йўқ. Ман бўлсам:

—      Лайли ва Мажнунлар, — деб ўлтурабераман.

Ёнимда ўлтурған самарқандликни бошда эсли бир йигит, деб ўйлаған эдим; кейинда бунинг ҳам палчаваси чиқиб қолди, «оҳ» тортадир, афсус ейдир. Унинг кейинидан бир жуфт форсий ғазал ҳам ўқиб юборадир.

—      Ҳа, нима бўлди, акун?

—      Маориф масаласи эсимга тушди…

—      Маорифга нима қилибдир?

—      Маорифимизнинг нима бўлгони майдонга. Самарқанддан маориф ишлари тўғрисига вакил бўлуб келган эдим. Ташкандга бўлгон маориф ишчилари думларини тутқузмайлар… — деб ҳасратидан чанг чиқара бошлади. Бизнинг Тошканднинг тараққийсидан хабари йўқ кўринди бечоранинг.

—      Эйй, — дедим, — бизнинг Тошканднинг тараққийси ошиб кетди, ўртоқ, — дедим. — Бизнинг Тошкандда маориф деган нарсанинг тарихга топширилғаниға энди кўб вақт бўлди… Агар Тошканд маорифи билан кўришмакчи бўлсангиз музаи миллиямизга[2] марҳамат қилингиз, дедим.

Чироғ ўчди.

Парда очилди.

Лайли ўлган эди. Мажнун ҳам ўлди.

«Худо раҳмат қилсин!» — дедик-да, кетдик…

Мана биз «Лайли ва Мажнун» кечасини шундай қилиб ўтказдик.

Жулқунбой

«Туркистон» 1922 йил, 17 сечтябр, З-сон


[1] Кофий, шофий — етарли.

[2] Миллий музей.