Ҳангама
Иккинчи сониғача ўн беш кунда бир, учунчи сонидан бошлаб ойда бир, тўртинчи нўмиридан эътиборан ойда бир, бешинчи сонини, худой билсун, йилда бир чиқатурған ўзбекча «Инқилоб» мужаллаи мубажжалласининг[1] 4-адади алайҳир-раҳмаси босмахонадан аранг қутилуб чиқиб қўлимизға тушди. Журналнинг бу сони бошқалариға қарағанда мундарижага бой, маълумотга тўкус, сўзга устадир. Журналнинг ёзучилари ҳам қурама бўлуб; уч қозоқ, тўрт ўрус, етти татар, бир тожик, уч ўзбеклардан иборатдир.
Елимлик тил масаласини истисно қилғанда, журнал жанжаллиқ масаладан барийдир[2], муназзаҳдир[3].
«Инқилоб» журналининг ер юзига оға-инилиқ тухумини сочмоқға хизмат этувчи бир мужаллаи мубажжалла эканлигида шубҳа йўқ. Пўчталўнларнинг хабар беришларига қарағанда «Зуҳал» билан «Аторуд» юлдузларида ҳам «Инқилоб»ни суюб ўқур эканлар. «Миррих»да эса «Инқилоб»нинг 1-2 сонлари ортуқ бир муҳаббат билан ўқулған. Лекин учунчи сонидан бошлаб орада бир онглашилмовчилиқ чиққан ва 4-ададда бу онглашилмовчилиқ тағин ҳам кучайсиб, «Миррих» ўқувчиларини иккига бўлинувларига сабаб бўлған. «Миррих» юлдузидан олинған кейинги пўчта хабарига қарағанда, ошлашилмовчилиқ кичкинагина бир нуқтада экан. Шундайки (Ер юзидаги «Инқилоб» ўқувчилариға ҳам маълум бўлса керак), журналнинг 2-сонида «Асари бадиъа» лавҳаси остида марҳум қозоқ шоири Обойдан бир намуна ёзилған эди, мана ушбу «бадиъа» «Миррих»даги Обой ва унинг теварагида бўлған қозоқ бовурларнинг руҳини нақадар юқори кўтарган бўлса, Навоий ва навоийчи ўзбекларни шу янглиғ руҳларини туширмакка сабаб бўлған. Чунки Навоий биринчи галда намуна учун ўз «Асари бадиьа»сининг «Ичқилоб»да қўйилмоғини куткан экан. Хабарларга қарағанда, Навоий 3-сон «Инқилоб»дағи «Асари бадиъа»дан бир оз ранжиган бўлса-да, лекин 4-сондан умидланиб, «Тўртинчида мандан бир нарса бўлур» деб кутиб турғани устига лўп эгиб татар шоири Тўқайнинг «Жайга тонг»и[4] босилиб, Навоий ва навоийчиларға тағин ҳам ёмонроқ таъсир эткан, ривоятларга қарағанда, Навоий ва унингтеварагидагилар «Инқилоб»нинг «ўзбекча»лиги тўғрисида шак-шубҳага тушганлар ва ҳатто сабағич қалам билан «…Ўзбекча журнал» ўрниға «Қозоқча-татарча журнал» деб ёзиб ҳам қўйғанлар. Масала бунинг билангина қолмай, «Миррих»нинг удабо ва шуъаролар йиғини»да Навоий Обой билан Тўқайға учуруқ қилиб, «зўраки шоирлар…» деб қўйған. Қизиққонлиқ Обой бунга қарши сукут этишка чидай олмай «Чидаганга чиқарған, пилтакач» деган. Тўқай ҳам жим тура олмаған: «Син бунарға бик очуланма, Навоий ҳазрат шеғрингни татар онгламитурған бир тилда бик ямсиз[5], бик чувар[6] ёзилсинг. Ул энди шулай булмича мумкин тугил!» деган.
Буларга қарши Навоий: «Тотор учун чиғатой тилини онгламоқ оғир келгай» деб сўзлай бошлаған экан, мирзо Бобур:
Ашъоринг, исминг, фазлинг машҳури офоқ турур,
Арзимаган иш учун қизишувинг отингга келишмай турур,—
деб Навоийни тўхтатған. Мана шу «Миррих»даги қон қизишувларни истисно қилғанда «Инқилоб» муттафақун алайҳ[7] суюлуб ўқулмоқдадир.
Облошкасиндағи масжид суратига ишониб бўлса керак, сўнгғи кунларда «Инқилоб» домлалар қўлида ҳам кўриниб қолди. Кейинги сон «Инқилоб»нинг идорадан жавоблар қисмида: «…Чилбирни ўзимизга топшириб қўйсангиз халқнинг тараққий ва саломатига мувофиқ бир жойдан бошлаб олиб чиқамиз» деб берилган ваъда билан С. Айний афандининг ҳам «Инқилоб»ға бўлған ихлоси илгариги ҳолиға қайтған. Кимгадир: «Чилбирнигина эмас, арқонни ҳам «Инқилоб»ға топширдим!» деган[8].
Мухлисингиз Жулқунбой
«Қизил байроқ» — 1922 йил, 17 июн, 186-сон, 4-бет
[1] Мужаллаи мубажжалла — эътиборли журнал.
[2] Барий — холи, озод.
[3] Муназзаҳ — пок, тоза.
[4] «Ёз тонгги».
[5] Ямсиз — тушунарсиз, хунук.
[6] Бик чувар — жуда қўпол.
[7] Муттафақун алайҳ — якдиллик.
[8] Ўша вақтдаги имло масаласи туфайли журнал идораси «Юбориладиган мақола ва шеърлар ўрта имло билан ёзилса ва янгича ёзиб идорани машаққатга солинмаса эди» деб босган эълонига С. Айний хат ёзади. Идора С. Айнийга қуйидаги жавобни ёзади. Самарқандда С. Айнийга: «Хатингиз тегди. «Инқилоб»нинг ҳозирги имлосида бир инқилоб зуҳур эткан ҳолда ёзолмайман. деб ваъда бергансиз. «Ииқилоб» идорасининг туткан маслаги умуман ўқуғувчиларга белгуликдир. Бинобарин мақола ёзмоқдаги ғайратингиз озлнмасун, деб орзу қиламиз ва бу масала тўғрисида чилбирни ўзимизга топшириб қўйсангиз халқнинг тараққий ва камолотига мувофиқ бир жойдан бошлаб олуб чиқамиз деб ваъда этамиз. Сизнинг ҳам орзу ва фикрингиз кўзда тутилур. Ҳар ҳолда «Собирларнинг жойи жаннатдир». Муаллиф бу мақоласи билан журнал мундарижаси бир оз миллий руҳда тузилса мақсадга мувофиқ бўлур эди, деб кинояли фикрини таклиф қилиб ўтади.