Абдулла Қодирий. Пасту баланд дунёда (1922)

Кичкина фелетўн

Иш ғарибхонадан[1] чиққунчалиқ, чиқдингми, пасту баланд дунёда сайр эта бошлайсан.

Ёшини яшаб, ошини ошаған ўзимизнинг чолимиз. Соч оқ, соқол оппоқ, кўз нурсиз, тиш тушкан, бел букчайган, қўлдаги асо кўмаклашмаса оёқлар ҳам юришка қарши; аҳа… дейиш билан жон чиқарға ҳозир… Аммо у ўзининг бу ҳоли билан чин бир маслак кишиси, ўзининг «тўғри» деб билган бир нарсасини бир дақиқа бўлсун эсидан чиқармайдир.

Қаршидағи масжид ичидаги янгигина очилған эски мактабдан ёш болаларнинг чувур-чувур ўқуш товушлари эшитилгач, чолимизнинг букчайган беллари тўғриланиб ҳам кетадир-да, гўё ўзини ўн беш ёшли бола каби сеза бошлайдир.

—      Худоё шукр, худоё шукр, товушингдан кетай болаларим! Бултурги йилларда бу кунлар қаёқда эди?!—деб шодланадир.

Кўчанинг иккинчи томонида бангилардан иккитаси ўтуб борадир:

—      Бу ерга ҳам очилипти дейман от тўрбадан?[2]

—      Очилмай нима қилсун?!

—      Воқиъан…[3]

***

Кўчада фавқул-одат бир ҳол. Ҳамманинг кўзи биравда. Қизларимиздан биртаси юзини очибдир, ёврупоча ясаниб оёғиға тўфли кийибдир! Хайр, очибдир-очибдир, кийибдир-кийибдир, бунга нега бунча ота гўри — қозихона?

Бир томондан биртаси айтадир:

—      Эй, эссиз мусулмончилиқ, сатқи диёнат! Сани туғуб ташлаған ота-онангға лаънат!

Иккинчи томондан иккита думи қопқонда қолғанлар[4] кўзларини тўлатиб-тўлатиб қарайдирлар-да:

—      Иби, бажо-ку?[5]

—      Пичоққа илингудакми?

—      Илинармикин, дейман!

Мана бу икки мусулмоннинг бир ишка икки хил қараши. Мусулмонларнинг ҳақроҳи бўлған шариъат қандай қарар, буни пешвои ҳақиқийларимизга ташлаймиз… Агар бунлар ҳам кўзларининг қовоғи орқали қарасалар… вой бизнинг умумий ҳолимизга!

* * *

Растанинг ичида тапур-тупур жанжал, тапур-тупур жанжал.

— Ҳанима?…

—      Каримжоннинг — бинифиси, Майрамхоннинг — гул ўюни. Бораверинг томоша, бораверинг томоша! Борғанлар дармонда, бормағанлар армонда!

Араванинг олдида иккита тасқара ўрус, кетида иккита масқара карнай. Тасқараларнинг биртаси худда Истанбулнинг «Дорул-воъизин»ини икмол этиб чиққан бир воъиз: чўзуб-чўзуб Майрамхонни махтайдир, бунинг орасида маймунларча ҳаракатлар ҳам қиладир…

Бу бир арава тасқараларга қарши халқ фикрда, ишда, амалда бирликни сақлайдир. Ҳамма Дажжол чиққандек араванинг теварагида, лабларнинг таноби қочған, ҳамма шу тасқаралар билан кўнгил очқан, бунга қарши лом йўқ, мим йўқ, худци халқнинг ўзи шу бир арава тасқара билан баробар деярсиз. «На ўро хатару ва на ўро зафар!» Бораверинг томоша, бораверинг Майрамхон!

* * *

Бундан бир неча йил илгари Хадра мавзеида бир катта тўполон чиққан эди:

—      Ҳа нима гап?

—      Буз ҳовлиларни, ҳайда эгаларини, ур, йиқит, текисла, ғиш келтур, кўтар тупроқни, ол пудратини, қур вивескани, чақир артисткани, ёз песангни, соламиз «Шарқ саҳнаси»ни!

Ол-ҳа… бу орада нечта одам ўлган-у, нечта чўлоқ, нечта мўлоғу бир неча ўн милярдлаб чиқиму ё раббим ўз паноҳингда асра бу балолардан!..

Тунов кун бошим оғиб шу «Мажмаъул-асхиё»дан[6] ўтуб қолурманми? На аҳли ғайратдан дарак ва на аҳли меҳнатдан хабар. Бўлғуси «Буюк Шарқ саҳнаси» биносининг ўрнида баъзи аҳли ҳожатлар ўз ишлари билан оворалар…

—      Ҳа, нима жин урди?

—      Эй, ака плони тўғри келмади. «Муассисони саҳнаи Шарқ»[7] «муассисёр»ликни[8] ихтиёр айлаб, «Азми дарёйи Жангоҳ» олдилар, дейишлари борми, жон-поним чиқиб кетиб, «Энди тошкандликларнинг тоза уйлари куюбдур» дедим. Чунки у қаҳрамонлар «муассисёр»ликни ихтиёр қилған бўлсалар «Буюк Шарқ саҳнаси» учун на Тошканднинг бузулмаған бир томи қолсун ва на кавланмаган ери!..

Жулқунбой

«Туркистон» — 1922 йил, 5 октябр, 10-сон, 2-бет


[1] Ғарибхона — қорин.

[2] От тўрва — мактаб болаларикинг китоб соладиган жилди, халтаси; отнинг ем соладиган тўрвасига ўхшатиляпти.

[3] Воқиъан — айтгандай.

[4] Думи қопқонда қолғанлар — кийими қопқонга тушиб юлиниб қолганлар, яъни калта кийинган замонавийлар.

[5] Иби, бажо-ку — ия, тузук-ку, тайёр-ку.

[6] Мажмаъул асхиё — сахийлар жамияти; муаллиф бу ерда киноя қиляпти.

[7] Муассисони саҳнаи Шарқ — Шарқ саҳнасининг қурувчилари.

[8] Муассисёр — асос солувчи, яратувчи, бу ерда муаллиф киноя билан сўз ўйини қиляпти.