Абдулла Қодирий. Билдиришлар (1922)

Ҳангама

ЙЎҚОТДИМ

Башараларини сепкил босған, енгил хизматка хўй қилиб олған саккиз бош маржа йўқотдим. Даъволари баришналик бўлса ҳам ўзлари ҳомилаликлар. Дарак бергучиларга суюнчи берилур. Агарда Шайхантаҳур мозоридан топилиб қолсалар, эътибордан соқитдирлар.

Мирзавитс

 

КАМИСИЎННИЙ МАГАЗИН ОЧИЛДИ

Шаҳарда машҳур ишончлиқ муттаҳамлардан иборат камисиўнний магазин очилди. Дунёда бор ҳамма нарсаларни, масалан: одам, қумғон, жовли, тошбақа, қурбақаларни сотиб бермакка қабул қиладир. Камисия ҳақи жуда арзон: сотилиб берилган молнинг оқчаси арра. Оқча беришда ҳам бошқалар каби қистатилмайдир. Ярмисини мол сотилғанда берилмайдир, қолған ярмисини сира ҳам берилмайдир.

 

«ТИЛХАТ»

Манким, Туркистон ўзбекларининг вакилидирман: Бераман ушбу тилхатни Татаристон вакили ибдаш Абдураҳмон Саъдийга шул хусусдаким, Чингиз, Оқсоқ Темир, Аҳмад Яссавий, намангонлик Шоҳ Машраб, Абу Али Сино… буларнинг ҳаммаси ҳам татардирлар. Татар қариндошлар мазкурларни ҳар бир йўсун билан тасарруф этмакка ҳақлидирлар. Оқсоқ Темир, Аҳмад Яссавий, Шоҳ Машраб марҳумларнинг қабрларини бузуб наъшларини Татаристонға кўчирилганда ўзбеклар чурқ этмай, балки кўмак берурлар. Навоийнинг татарми ва ё ўзбекмилиги масаласи алоҳида бир ўлтуришда ҳал қилинур.

Ўзбек вакили: Думбулбоев

БАҲОАРЗОН

Бутун ҳуқуқлари билан мукаммал бир камбағалчилик сотилур. Бунинг билан тез кунда бойиса бўладир: эрталаб чой-нон ўрниға яхшилаб уч-тўрт мартаба оғизни каппа-каппа очиб ҳамёза тортасиз, тушда бир чимдимгина сабр еб қўясиз, кечқурун ёки ётарда бир ҳовуч қаноат ичиб юборасиз. Шулар билан бир кунлик овқатингиз уч пул чиқимсиз ўтуб кетадир. Уч-тўрт кундан кейин ойнаға қараб кўрсангиз, боёнлиғингизни бемашаққат ажрата оласиз.

Баҳо жуда арзон!

Билдиришлар мубошири: Жулқунбой

«Қизил байроқ» 1922 йил, 17 май, 175-сон, 4-бет