Кичкина фелетўн
Элбекга бағишлаб
Элбек ўзининг мақоласида нега «негаким»ни кўб ёзадир?
— Негаким, Элбекнинг тупроғи «негаким» деган ердан олинуб «ким-ким» деган дарёнинг сувидан аралашдирилиб, лой қилинғани учун.
Мирмулла ака нега Ҳамза Ҳакимни илгаригидек ерга урмай махтий бошлади?
— Негаким, Ҳамза Ҳаким жонидан тўйғанидан сўнг Мирмуллаға соҳнада афсун ўқуб, дам ургани учун.
Жаноб саодатмаоб, муҳтарам «Номакоб»нинг ёзған фалсафаларига нега мен тушунмайман?
Негаким, жаноб «Намакоб»[1] ўтача олим бўлғани учун.
Нега халқ бетоблануб, саёҳат жабдуғини тузий бошлади?
— Негаким, рамазон ойи яқинлашгани учун.
«Иштирокиюн» газетаси нега бир кун чиқуб, бир кун чиқмай оқсай бошлади?
Негаким, ҳарф терувчи хизматчиларни ҳукумат ортиқча туйдуруб, қорун солдирғани учун.
Нега газеталарда турклар борасида даҳанаки ур-ур, сур-сур, жанжал, тўполонлар босилуб қолди?
— Негаким, ҳамма жанжал афандининг чопони устида бўлғани учун.
Нега мен «Нашриёти Ғози Юнус» ҳақинда ёзмадим?
— Негаким, бунга хос қасиданинг борлиғи учун.
Нега сўзингни шу ерда тўхтатмоқчи бўласан?
— Негаким, бундан ортиқни замон кўтармағани учун.
Жулқунбой
«Иштирокиюн» — 1920 йил, 8 май, 91-сон, 1-бет
[1] Номакоб — совет партия ва давлат арбоби, тилшунос ва журналист Назир Тўрақуловнинг тахаллуси.