«Дунё ҳаводис[1] ўчоғидир» демишлар, тўғри бир сўз.
Йигирма саккиз(инчи) февралда Русияда ҳуррият бўлди, императўр Николай тахтдан тушурилди. Кўнсул Миллер Когондан Бухорога кируб, «Наминор» ҳавлисида ўтурди.
Халқ оғзинда янгиғина бир сўз тушуб қолди: «Бухорода ҳуррият бўлар экан. Муни ёшларнинг билаги билан рус қўнсулхонаси қила(р) экан».
Кўнсул Миллер Бухоронинг баъзи жамоалариндан баъзи одамларни ёниға киргузиб гапурди.
Шул чоғларида қозикалон Бурхониддин билан раис Абдуллоҳхўжа Садур[2] ва муфти Асқар Маснаф[3] маҳдум қатл этилдилар. Бунларнинг ўрнинда Муҳаммад Шариф махдум қозикалон ва Абдулсамад махдум раис бўлдилар. Бу ҳодиса Бухоро халқининг қизғин бир ҳаяжоинига сабаб бўлди.
Апрелнинг еттисинда амиримиз бир баённома чиқордилар. Апрел саккизида Бухоро ёшлари бойдоқ[4] чиқориб муборакбод қилдилар. Муллалардан бир жамоа чиқиб шул бойдоқ чиқорғанларни кофир деб ўлдурмоқчи бўлдилар. Ҳукумат ёшларнинг бирини[5] тутуб етмиш беш таёқ урди.
Апрел тўққузда қушбеги одамлари ёшларнинг уйларини босдилар. Топғанларини кетуруб «обхона» деган рутубатли бир маҳбусда қамадилар ва иккитасини яна ҳукумат амри билан етмиш беш таёқдан урдилар. Ёшлар қочиб Когонга чиқдилар. Абдулҳамидхон раисликдан тушди. Маснаф махдум раис бўлуб келди. Самарқанддан рус солдатлари келиб обхонадаги ёшларни қутқорди.
Мана шунлар бир-икки ҳафта орасинда бўлуб ўтган ҳодисалар. Ҳар бири — бир маъно! Мен аниқ биламанким, шул ишларнинг ҳақиқат ҳикматлариндан руслар билан ёшлар ва Бухоро беклариндан бошқа кимса хабардор бўлмади. Бухоро халқи на муллабаччалари, на саҳройилари, на косиблари бу қоронғу воқеалардан бирор нарса онглаёлмадилар.
Тўғридир: ҳар ёнга югурдилар, истамаймиз, «ўлдирамиз, ғазо[6] қиламиз» дедилар.
Нимани истамадилар, кимни ўлдурмоқчи бўлдилар, кимнинг ғазосиға чикдилар? Бунларни онглағанлари йўқ!.. Мана бул рисолани[7] шунларни онглатмоқ учун қўлимға олдим. Негаким, тилагим ҳақиқатни халқға онглатмоқдир.
Ҳақиқатни бутун очиб онглата билмак учун бул рисолани уч бўлакка тартиб этдим:
1. Бухоронинг ҳоли.
2. Фитна соатлари.
3. Ёшларнинг тилаклари.
Иликотимиздағи[8] ишларнинг буюкроғи, албатта, экинчилик, яъни деҳқонлиқдир. Биз бу ерда ҳукуматимиз билан деҳқонлар орасиндағи ишларни арз қиламиз. Бухоронинг деҳқончилик ерлари тўрт турлидир. Амлок[9], мулки ҳур[10], вақф[11]. Бухоро ерларининг тўртдан бири мулки ҳур билан вақф бўлса, бошқаси амлок билан мулки ҳирожий[12]дир.
Мана Бухорода шул амлокни нечук олалар: Бухоро ҳукумати Бухоро теваракиндаги туманларнинг амлокини олмак учун амлоқдорлар тайин қиладилар. Аммо вилоятларнинг амлокларини бекордан оладилар. Ҳар вилоятнинг беги ўз вилоятиға амлоқдорлар қўядир. Ҳар амлокдорнинг неча оти, сайиси[13] ва хизматкори бордир. Бутун шунларнинг муҳаррифлари[14] бечора деҳқонларнинг устинадир. Амлокдорлар Бухоро ерларини икки турли истифо[15] қилалар. Биринчиси «хасбар»[16], иккинчиси «хирман». Туманлар, Чаҳоржўй, Кармина, Хатирчи, Миёнкал ерларини «хасбар» тариқи билан истифо қилалар. Бухоронинг бошқа вилоятлари хирман тариқи билан истифо қилинадилар. Бу тариқларнинг иккиси дахи ямондир. Иккисиға ҳам золим ва инсофсизлик кўб бўладир.
Хасбар тариқи шудир: экин етишгандан кейин амлокдор ўз одамлари билан бало қўшуни каби истифоға чиқадир. Кечалар навбат билан деҳқонларнинг уйлариға қўнуб, кундузлар истифо қиладир. Ҳануз хирман қилмаған устига келиб ҳеч бир нарсани билмаган йўлдошлари билан тахмин қилуб бир нарса ёзадир.
Хирман қилинмаған, бичилмаган экинларнинг қанча чиқорини билмак албатта куч: мундай тахминлар ҳеч тўғри чиқмайдир. Ё амлокдорларнинг ва ё деҳқонларнинг ҳақи албатта кетадир, лекин бизнинг амлокдорлар ўз ҳақларини бошқаға ўткармайлар, балки деҳқоннинг ҳақиға жавр қиларға тиришалар. Бечоранинг ўн ботмонлиқ экинини йигирма ботмон тахмин қилуб дафтарда ёзалар.
Хирман истифоси шудирким, деҳқон экинини бичиб, хуббидан[17] чиқориб хирман қиладир ва амлоқдор жанобларини кутиб турадир. Амлокдор келмагунча бола-чақаси очлиқдан ўлса ҳам меҳнат қилиб етиштирган ҳосилиндан озғина ололмайдирлар. Олсачи, боши балода қоладир икки чорак олса, амлокдор хабар олиб келадир ва бечорани ёғочларға осиб қамчинлар билан уруб, уч-тўрт ботмоннинг оқчасини оладир. Истифо замони келгач, амлокдор жаноблари одамлари билан чиқиб юқорида ёзғанимиз каби хирманлар орасинда кезиб, тахмин қилиб дафтарларда ёзадир.
Амлокдорлар тахмин қилиб ёздиқлари ҳосиллардан бошлиқ ҳақини шул чоғда олмайлар, ёлғуз тахмин қилиб кеталар. Деҳқон хирманини кўтарадир, масалан, буғдойни элтиб, арзонлиқ чоғинда юз тангадан сотадир. Вақтлар ўтуб буғдой юз элли(к) тангага чиқғандан кейин амлокдор бошлиқ ҳақини талаб қиладир. Ул вақт бечора деҳқонларидан юз элли(к) тангадан пул оладир.
Энди бир деҳқонни кўзимиз олдинда кетуриб шу ишларни унинг устинда юритайлик, кўрайлик нима бўлар. Масалан, Турсун отли бир деҳқоннинг тўрт танобғина ери бор, кеча уйқусизлиқлари, кун очлиқлари орасинда югуруб, чопиб, иссиқ-совуқ демай, қўш боғлар, хирман совурар, ўн ботмонғина буғдойни хирман қилиб ҳозирлаб қўяр, лекин бола-чақалари очлиқдан ўлса ҳам амлокдор бек келмагунча шунча меҳнат билан ҳосил бўлған буғдойиндан бир ҳовуч ололмас.
Олса, бир ҳовуч еринда бир ботмон буғдойни йигирма ботмон тахмин қиларлар. Кафсан, от еми, мирзоёна[18] — нималар дебон бир ботмонча буғдойни олиб кетарлар. Бечора Турсун қолған тўққиз ботмон буғдойни кўтарадир. Бозорга элтиб, юз тангадан тўққиз юз тангага сотадир. Ҳафта, ойлар ўтуб буғдой нархи 150 тангага чиқғач, амлокдор бек ҳақларини талаб қилалар ва Турсунбойни йигирма ботмон буғдойнинг учдан бири бўлған олти ярим ботмон буғдой учун бозор нархи юз элли(к) тангадан тўққуз юз етмиш беш танга оларлар. Мана бозорға бечора Турсун бир йиллик меҳнат қилиб чиқардиғи буғдойдан етмиш беш танга зарар тортиб чиқадир.
Лекин иш шунча битдими? Йўқ, яна бир буюк масъата қолди: Турсун-ку ўз буғдойининг пулларини неча ойдан еб битирған эди. Амлокдорга бу тўққуз юз етмиш беш тангани қаердан топиб берди? Ҳиндилардан, яҳудийлардан ё ҳинди табиат мусулмонлардан фойдага кўтариб берадир. Бизнинг деҳқонларимизнинг уйини куйдирган қайдадир? (Муни кейинроқда арз қиламан.) Эмди кўрайлук, қани, бу ҳукумат билан шу амлокдор беклар ким, бечора деҳқондан имкони(ча) меҳнат қилиб, чиқардиғи ҳосилни бутун оларлар, бирор кун, бирор йўл билан шу деҳқоннинг бирор ишига кўмак қилурми? Албатта, йўқ.
Ҳатто бутун қўлимиздан тортиб олдиқлари экинларнинг суйини ҳам кетуруб бермайдир. Шунинг учун ҳам деҳқоннинг уйини куйдирадилар.
Йилда бир дафъа арикдарни қазмоқ керакки, бу ишни бухоролилар «ҳашар» дейлар. Арикдан сув ичатурған бутун деҳқонлар йилнинг олти ойинда шул ҳашар учун кунда бир мардикор (ишчи) бергулидир. Бера олмасалар бир мардикорнинг кундалик оқчасини ҳукуматға бергулари лозимдир. Муҳорабадан[19] бурун бир мардикорнинг кундалиги 10 танга эди, аммо шу кунларда қирқтанга (олти сўм). Ўн таноб ери бўлған бечора бир деҳқон ҳар йилнинг олти ойинда ё бир мардикор тутиб ҳашарға берадир ва ё шу мардикоркинг олти ойлиқ оқчасини ҳукуматға берадир, бошқа чораси йўқдир. Бир мардикорнинг шу кунларда олти ойлиғи 7200 тангадир. Аммо илгари 1800 танга бўла(р) эдики, бу ҳам бечораларға оз оқча эмасдир.
Тухумға[20], ҳўкузға, от аробаға пул берган бечора деҳқон ҳар йил ҳашар учун мунча оқчани қаердан топиб берадир?
Олдиғи ҳосилданми? Уни-ку амлокдор олиб кетди, бечора деҳқон бу оқчани ҳиндилардан фойдаға кўтариб берадир. Бундан бошқа пойтахтнинг атрофиндаки ерларға сувни адолат юзасиндан бўлиб бермак учун бир мироб (яъни сув беги) бор, бу одам сувни тақсим қилиб бермак еринда қўнуғини (навбатини) деҳқонларға сотиб турадир. Сув беги жаноблариға йилда бир неча дафъа оқча бермаган деҳқонлар сув ичолмайлар.
ЗАКОТ
Бухоро хонлиғинда икки турли закот бор: биринчиси мол закоти. Шаръий бўйинча ҳар мусулмон ўз оқчасиға йилда бир дафъа закот берадир. Лекин Бухоро савдогарлари ўз оқчалариға йилда беш-олти, ҳатто ўн дафъа закот бералар: масалан, бир савдогар Бухородан йигирма минг тангалик мол олиб, Қаршиға элтиб сотса, бир закот берар. Яна у ердан шу оқчаға мол олиб Бухороға келса, бир закот берар. Ва яна Бухородан шу оқчаға мол олиб Қаршиға қайтса, бир закот берар. Шундайин ўн йўла кетиб, келса ўн йўла закот оларлар. Бунинг зарари ёлғуз савдогарнинг ўзинда бўлса сўз йўқ эди. Чунки савдогардир, бойдир, озғина кўброқ оқчаси кетса ҳам зарар қилмайдир. Лекин у савдогар бу ортуқ ердаги закотларни мол устиға қўйиб сотадир. Демак, бундан ҳам қашшоқлар ҳам деҳқонлар зарар торталар.
Иккинчи закот — качи закотидир[21]; қўй билан качидан олинадир. Қўй билан качининг закоти ҳақиқатан қирқдан бир бўлса ҳам, саррофона, котибона[22] ва, билмасам, нималар деб йигирмадан бирга тушуриб қўялар. Бунлардан бошқа чакана закоти[23] деб нисобға эришмаган қўйлардан шариатға махолиқзакот олалар. Закоти олинған қўйлар ва качиларнинг таниндаки йўниндан[24] дахи закот олмокдари кўб буюк масхаралиқ эмасми?
Закотда зулмларнинг каттароғи шулким: қўй ва качи закотини дафтар юзиндан оларлар. Масалан, ўтган йили маним қирқ қўйим бор эди. Келиб дафтарда ёзиб закотини олиб кетдилар. Сўнгра маним қўйларим ўлди ёинки сотиб битирдим. Бу йил бирта ҳам қўйим йўкдир. Лекин закотчи бек келгач, дафтарни очиб кўралар, ким, маним отимда қирқ қўй ёзилған; иши битди, мендан бир закот олиб кеталар. Қўйим йўқдесам онинг дафтарида бор деярлар «бор эди, лекин сотиб битирдим» десам тингламайлар. «Йўқ, бермайман» десам уриб, осиб ола(р)лар[25].
(«Ҳуррият», 1918 йил, 69—72, 75-сонлар)
[1] ҳаводис — ҳодисалар.
[2] раис Абдуллоҳхўжа Садур – вақф ва дин ишлари билан шуғулланувчи амалдор Бухоро хонлигида раис деб юритилган, у кўпинча садрлардан бўлгани учун, қолаверса, бу мансаб диний ишлар билан боғлиқ бўлгани учун садр ва эшонлар қўйилган. Абдуллоҳхўжа эса, Фитрат бошлиқ жадидчиларнинг талаби билан амирнинг буйруғига кўра қатл қилинган эди (бу ҳақда Фитратнинг аввалги мақолаларида ҳам сўз юритилади).
[3] муфти Аскар Маснаф – шариат масалаларини талқин қилувчи ва шул ҳақда ҳукм чиқарувчи Бухоронинг юксак лавозимдаги шахсларидан. Қозикалон Бурҳониддин билан бирга бу лавозимдаги кишилар ҳам қатл қилинган эди. Бу ҳақда қаранг: Фитрат. Бухоро уламоси, «Ҳуррият», 1917, 48-сон.
[4] Бойдоқ – намойиш.
[5] Бу шахс Ф. Хўжаевнинг шаҳодатига кўра (Ф. Хўжаев. Асарлар, I жилд, Тошкент, 1976, 118-бет) Мирза Насрулла эди. 17 мартда амир чиқарган манифест муносабати билан намойиш ўтказилган бўлиб, бу намойиш иштирокчиларидан, яъни ёш бухоролиларнинг фаолларидан бир нечасини Амир «обхона»га қаматган эди. Калтакланган Насрулла эртасигаёқ вафот этади. Мақоланинг қуйироғида Фитрат яна икки киши калтакланганини ёзади. Улар С. Айний ва Мирбобо эдилар. Қамоқдан улар билан бирга Отахўжаев ва Юсуфзодалар ҳам озод этилади.
[6] «Ғазо» – мусулмонларнинг ялпи уруши, мазлумларнинт золимларга қарши урушидир. Бу ерда: камбағал мусулмонларнинг ўз душманларига қарши уруши назарда тутилади.
[7] «Рисолани… қўлимга олдим» – Таассуфки, бу рисола охиригача етмаган. «Бухоронинг ҳоли» деб номланган биринчи қисмдан айрим мақолалар чоп этилди, холос. «Фитна соатлари» деб номланган иккинчи, «Ёшларнинг тилаклари» деб номланган учинчи қисм эса, кейин ҳеч қаерда эълон этилмаган. Бизнингча, у ёзилмай қолиб кетган.
[8] Иликот – қўлимиздаги; бу ерда: кундалик маъносида.
[9] Амлок – бу ерда: амлок – мулуклар, яъни давлат томонидан солиқ олинадиган махсус руйхатдаги ерлар.
[10] мулки ҳур – озод ерлар, яъни солиқолинмайдиган ерлар.
[11] Вақф – мулкдорлар томонидан диний муассаса, масжид ёки мадраса тасарруфига берилган ерлар. Унда ишлаб, кўрган фойдалари айни муассасалар учун сарф бўлади. Вақф ерларини сотиш ёки бировга хатлаб бериб юбориш манъ қилинади.
[12] Ҳирож – ердан олинадиган солиқ, бу ерда: мулки ҳирожий – солиқ талаб этиладиган ерлар.
[13] Сайис – иш юритувчи.
[14] Муҳарриф – сарф-харажат.
[15] истифода — фойдаланмоқ.
[16] Хасбар – хос (махсус) ва бар (самара, натижа) сўзларидан ҳосил қилинган бу тушунча солиқ ундиришнинг бир усули бўлиб, бунда ҳосил битмай туриб (кечаси ё кундуз тўсатдан) ерлардан олинадиган ҳосил тахмин қилиниб, ёзиб кетилади. Мана шу тахмин бўйича Бухоро деҳқонларининг ерларидан солиқ ундирилган.
[17] Хубб – севиш, муҳаббат билан, бу ерда: (хуббидан чиқариб – кўнгилдан чиқариб, астойдил, муҳаббат билан маъноларида.)
[18] Кафсан, от еми, мирзаёна – кафсан маҳаллий туман маъмурияти учун (туман бошлиқларининг идоравий сарфи учуи) олинадиган солиқ; от еми – амир сарбозларининг отлари учун деган баҳона билан олинадиган дон солиғи; маҳаллий ҳокимиятдаги хат, ҳужжат ишлари деб олинадиган солиқ мирзаёнадир.
[19] муҳораба — уруш, бу ерда: Биринчи жаҳон уруши назарда тутилади.
[20] тухум — уруғ, бу ерда: уруғлик маъносида.
[21] качи закоти — қўй, эчки каби чорва молларидан келадиган фойданинг қирқдан бири миқдорида олинадиган солиқ. Бу ерда: «качи-кичи — эчки» маъноларида ишлатилади (шевага оид сўз).
[22] сарфона, котибона — сарф-харажатлар учун, котиблар учун деган баҳоналар билан қирқдан бир эмас, балки йигирмадан бир миқдоридан олинадиган закот.
[23] чакана закоти — нисобга (ҳисса, миқдор, бу ерда: ҳисобга қўшилмаган маъносида) эришмаган уй ҳайвонларидан олинадиган солиқ. Масалан, ҳисоблаш пайтида бу қўй ва эчкилар йўқ бўлиб, улар рўйхатга олишдан кейин туғилган. Улар учун чакана закот олинган.
[24] таниндаки (танидан) йўниндан (йўсининдан) — закот олинган уй ҳайвонларининг танидан (ҳисобидан) яна закот олиш (худди савдогарлардан бир неча бор закот олингани каби).
[25] Мақола тугалланмаган эканини юқорида айтилди (буни ушбу фикрнинг тугалланмаганидан ҳам билса бўлади).