Абдурауф Фитрат. Мусулмонлар, ғофил қолманг! (1917)

Яқинда шаҳар думаси[1] очилур. Шаҳар думаси, шаҳаримизнинг покизалик ва ободлиғи, мактабларимизнинг тараққий ва интизоми, болаларимизнинг тарбияси ва халқимизнинг тинчлиги учун керак бўлган ишларни ўз қўлига олур. Шаҳримиздан хазинага киратурган оқчаларни шу йўлларда сарф қилмоқчи бўлур.

Бу олдимиздаги шаҳар думаси эски ҳукумат замонидаги шаҳар думалариға ўхшамас. Йигирмадан ўтган бутун шаҳар одамларининг ихтиёрлари билан сайланурлар. Бу шаҳар думасинда жуҳуддан, русдан, мусулмондан вакил қилиб ўтурур[2]. Ва шаҳар ишлари учун гапурушурлар. Шаҳарнинг қайси қитъасинда касалхоналар қурмоқ керак, шаҳарнинг қайси қитъасиндағи йўлларни тузатмоқ керак, шаҳарнинг қайси қитъасинда қанча мактаб солмоқ керак деб кенгашурлар ва шул тўғрилардағи ишларни «вакиллар кўбчилиги» нинг қарори билан қилмоқчи бўлурлар. Вакиллар кўбчилиги ҳаммадан бурунроқ эски қитъанинг ерларин тузатурға қарор берса, чора йўқ, шу қилинур. Вакиллар кўбчилиги кўброқ касалхоналарни янги қитъада солмоқчи бўлса, иложи йўқ, шу бўлур.

Мана шуларни онглаган ҳар жамоат, ҳар миллат шаҳар думасига ўзидан кўброқ вакил ўтказмоқ учун тиришадир, думанинг кўбчилигининг ўзига олмоқчи бўладир. Ўтган ҳафтадаги «таҳрири нуфус»дан[3] онғлашилдики: шаҳримизда халқнинг тўртдан учи мусулмон ва тўртдан бири рус, армани ва жуҳуд эканлар. Шунга қарағанда унлар хазинадан чиқим бўлатурған оқчанинг уч шунчаси биз учун чиқғучидур. Унларға мактаб очилса бизга учта; унларға бир касалхона очилса бизга учтаси очғули; унларға бир пут буғдой керак бўлса бизга уч пут керакдир.

Қисқаси шулким: бизнинг ҳақимиз уларнинг ҳақтариндан уч йўла беркдир. Мана шуларни тилаб олмоқ учун шаҳар думасининг кўбчилигини олмоқ керак, шаҳар думасининг кўбчилигини олмоқ учун мусулмонларнинг сайлов куни лозимдур. Йўқ, сайлов куни ҳар ким ўз уйинда ўтирса; бошқалар кўбчилик бўлиб келсалар ва думанинг кўбчилигини ўз тарафлариға ўткарсалар; у вақт биз ҳеч бир ҳақимизға эришолмасмиз, яна эски каби ҳуқуқсиз бўлиб қолурмиз; яна эскиси каби ўз шаҳримизда ўз оқчамизнинг роҳатини ўзимиз кўролмасмиз.

Шунинг учун бағириброқ айтаманким, ўз халқларини яна бошқаларнинг оёқлари остинда қўймоқчи бўлмаған мусулмонлар! Сайлов куни ғофил қолманглар, кўбчилик бўлиб келурға тиришинглар.

(«Ҳуррият», 1917 йил, 25 август, 33-сон)

Қайта нашри: «Ёшлик», 1991,10-сон, 44—45-бетлар (Н. Авазов нашрга тайёрлаган). Мақола Самарқанд шаҳри думасига сайловлар олдидан ёзилган.

 


[1] Дума — Русиядаги сайлов тизимига кўра мустамлака ўлкалардаги халқ вакиллиги органлари ҳам дума деб юритилган.

[2] вакил қилиб ўтурур — Самарқанд шаҳри кўп миллатли бўлгани учун шаҳар думасига, асосан, турк, рус ва яҳудий миллатига мансуб кишиларгина сайловларда қатнашиш ҳуқуқини олганлар.

[3] таҳрири нуфус — Самарқандда 1917 йил 18—20 августларда сайлов олдидан аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган, ўша назарда тутилади.