Тошкандда бундан тўрт сана муқаддам очилмиш бир мусулмон «Жамияти хайрия» вор. Бу жамият бошида ёшларнинг саъй ва ижтиҳоди ила очилган бўлса ҳам, баъзи сабаблара мубанний Тошканд ағниёларина топширилмиш ва шул замонғача ёшлардан фақат бир-икки кишининг таҳрик ва иштирокила бойлар тарафидан идора қилинмоқда эди.
Жамият ағниёи киром қўлларида ўз шаъниға муносиб зўр ишлай олмаган бўлса ҳам, моддий жиҳатдан ҳийли қувватланди. Етти минг сўмдан зиёда сармояга молик бўлди. Ҳар йили икки-уч мартаба умумий мажлис ва ўн-ўн икки мартаба идора мажлислари ясаб, аъзолардан пул йиғди. Ариза бериб, иона сўровчи беш-ўн (нафар) фақир ва ожизлара ёрдам бериб турди.
Ағниёи киром жамиятдан ўз ёрдам ва ионаларин дариғ тутмадилар. Бунинг исботи учун Тошканд ағниёларидан ҳурматлук Орифхўжа эшон жанобларини ўтган йил жамиятга бирдан минг сўм иона берганларин ва шаҳарнинг ўртасидан бир ҳовлиларини «Дорул ожизин» учун инъом қилғанларин зикр этмак кофи ўлса керак.
Лекин олти-етти милён мусулмонли Туркистоннинг маркази ўлан Тошкандда очилмиш бир мусулмон жамиятининг жузъий (майда) ишлар илангина қаноат этуб турмоғидан Тошканд ёшлари ҳар вақт сиқиладурлар ва санавий ҳисобнома ва сарфномаларини ғазеталарда ёзуб, нашр этмакдан уйолурлар эди, биноаналайҳ, Тошканд жамияти халқ ҳам ҳукумат номинда бутунлай эътибордан тушмиш ва ўлмакка маҳкум, оғир бир хасталикка дучор ўлмиш каби эди.
Жамиятнинг эски обрўсин қайтармак ва уйқудан уйғатмак учун бирдан-бир чора идора ишларини бутунлай ёшлар қўлина бермак, лоақал идора аъзоларининг аксарини ёшлардан сайламак фикри такрор-такрор талқин ўлинса ҳам, бунга эътибор этувчи оз эди, балки «Жамият ёшлар қўлина берилса, йиғилган пулларни сарф қилиб тамом қилурлар, ўзлари пул йиғолмай, шунинг ила жамият бепул бўлиб ёпилур», дейучилар кўпроқтопилур эди. Ёшлар эса жамиятдан ҳамон умид узмийлар, энг оғир ишларни ишлийлар ва ҳар йили бир-икки мартаба қўзғатиб, умумий мажлислар ва сайловлар қилиб ва ўзларидан кўпроқ киши ўткармакка мулойимона ҳаракатларда бўлиналар эди, лекин келажакда ағниёларнинг иона ва ҳимматлари жамият учун биринчи даражада лозим ўлдиғини эътиборга олиб, онларға қаршу жиддий ҳаракатлардан мумкин қадар сақланар эдилар.
Ёшларнинг бу совуққонлик ва сабрликлари бу сана яхши натижалар берди. Бойларнинг ўзлари иттифоқ қилиб, ўз ораларидан фақат бир раис ва машварат аъзоси вериб, бошқа аъзоларнинг барчасин ёшлардан сайладилар, ёшлар ҳар ишда бойлар ила машварат қилиб турмакни, бойлар ҳам ҳар вақт қўлларидан келган ёрдам ва ионаларини дариғ тутмасликни бир-бирларина ваъда қилишиб, қўлга-қўл беришиб, иттифоқ ила ишга тутиндилар.
Бу иттифоқнинг натижаси ўлса керакки, Тошканд жамияти бу йил бутунлай бошқа тусга кирди. Уйқудан уйғониб, кўзларин уқалаб, атрофга назар сола бошлади. Қонунида зикр этилган моддалардан бирин-бирин фойдаланмакка шуруъ қилди, бошлаб бир неча йилдан бери қарор берилубда очилмай ётган «Дорул ожизин»ни расман очуб, бир неча мискин ва ожизларни тарбияга олди. Бир неча мактаб ва мадрасаларга юз сўм ва икки юз сўмлаб ионалар берди. Бир неча бева ва бечораларга ойлик ионалар вермакда ва олтмиш қадар фақир ва қашшоқ болаларни турли мактабларда ўқитуб тарбия қилиб турмакдадир.
Жамиятнинг янги аъзолари бундай сарф илагина қаноатланмади, балки молия жиҳатини қутламак учун аъзоларнинг йилда берадургон олти шар сўм садақалари кифоя қилмаслигини билиб, пул топмакка ҳам янги йўллар излади, бошлаб «Грамофун обшество»сила сўйлашиб, ҳар бир пластинкадан ўн тийин олмоқ шартила бир неча ҳофизларни ва ўз тарбиясидаги мактаб шогирдларининг тову-шин сотди, бундан фақат шу йил ичиндагина лоақал икки минг сўм кирса керакдур.
Учинчи йўлда шаҳар боғининг ёзлик театрусида бир мартаба испектакл қўйиб, олти юз сўмга яқин фойда қилди. Бунинг устига, ушбу августнинг 8-куни рамазон муносабатила Шайх Хованди Таҳур боғида бир мартаба «Томоша кечаси» ясади, ушбу томоша кечасининг даромад ва буромади ушбу тариқа бўлди:
Сотилган билетлардан 1387 сўм 54 тийин.
Чойхонадан дохил 59 сўм 42 тийин.
Жаъми даромад 1446 сўм 96 тийин.
Масорифи билет маркаси 126 сўм 14 тийин.
Бошқа масорифлар 233 сўм 65 тийин.
Жаъми масориф 359 сўм 79 тийин.
Жамиятга қолган хос фойда 1087 сўм 17 тийин.
Мусулмонлар тарафиндан биринчи мартаба ясалган ушбу томоша кечасиндан бунча фойда ўз-ўзидан чиқмади, балки бунинг учун Тошканд ёшларининг кўп ғайрат ва ижтиҳодлари ҳам чарчамай ва ҳеч кимнинг шикоят ва ҳақоратига қулоқ солмай қилган саъй ва ҳаракатлари ўлди.
Бу томошалар жамиятга фақат моддий жиҳатдангина фойда келтуруб қолмай, балки маънавий жиҳатдан ҳам кўп фойдалар келтурди.
Тошканд жамиятининг исмини унутган ёки ҳеч бир жамият деган сўзни эшитмаган Тошканд мусулмонларининг етти яшаридан етмиш яшаригача жамиятнинг вужудидан хабардор бўлди, рус, яҳудий ва арманилар фойдаланиб юрган ўринлардан фойдаланмак мусулмонларга ҳам мумкин эканлиги очиқ билинди, бу эса Тошканд мусулмонларининг ҳийли руҳлари кўтарилмоғига ва жамиятга муҳаббат ила қарамоқларига сабаб ўлди, шул сабабли ушбу томошаларни бошқарган ёшларга ва буларга ёрдам бериб турган шаҳар политсиямейстрина жамият аъзоси чин кўнгулдан ташаккур этадур ва келажақда яна шундай хизматларда бўлиниб, халқ ва жамиятга фойда еткуродургон ёш йигитларимизнинг амсолларин кўпайтирмакни жаноби Ҳақдин истидоъ қиладур.
Жамият раиси муовини: Мунаввар қори
«Самарқанд» газетаси, 1913 йил, 20—23 август.