Маҳмудхўжа Беҳбудий. Хайрул умури авсатуҳо (1906)

ХАЙРУЛ УМУРИ АВСАТУҲО[1]

«Хуршид»ни қориайни киром ва муштарийи аъзомиға арз қилунурки, замонимизни сиёсий (пўлитик) замонлигини кимса инкор этмайдур. Ҳозир Русия давлати(нинг) тариқи ҳукмронлиги(ни) ноқис эканлигига ҳар бир хабарлик киши иқрор этар. Давлат қонунларини(нг) ислоҳ ва таждидиға ҳар ким мойилдур. Аммо Русиядаги барча халойиқ бошлуча неча аслу асосға бўлунгандурлар. Бу сиёсий фирқаларни(нг) ҳар бириға ҳар бир мазҳаб ва дин аҳлидан қўшулгандур. Чунончи, насоро, яҳуд, муслим ва мажусий тоифаларини(нг) ичида бу сиёсий маслакларға мойил кишилар бордур. Ва яна ҳар тоифа ичида фирқасиз, маслаксизлар ҳам топилур.

Биз, туркистонийлар, замондан камхабарлигимиз учун бир неча минг кишидан бошқа ҳаммамизни ҳеч бир фирқага мансуб эмас, маслаксиз нодон фирқаси деб аталса ҳам сазодур. Ани учун биз бу 3—4 фирқа — партияларни асос ва маслак сипоҳийларисидин мухтасар баён қилармиз. Чунончи, биринчи — «Буйрўкратияи мустабид» фирқасики, булар эски тарз ҳукумат давомини хоҳлайдур. Русияни(нг) эски ҳукмронлиги(ни) тариқи шундай эди. Импиротуримизни(нг) ҳар бир амри ва ҳукму ройи — «закун» аталиб, ҳеч лоу наамсиз барча волий, суд, вузаро ва булар қўл остида турганлар воситаси-ла ўрниға келадур. Ҳар хил низом ва закун-китобларни Синод (Военний совет) деган мажлис аъзолари тузатиб, тўқуб подшо ҳазратлариға Вазирлар мажлиси воситаси ила манзур қилурлар. Импиротуримизни(нг) имзоларидан сўнгра закун аталиб, барча вузаро ва вилоят маҳкамаларини ва суд мажлисларини мутассиддийлари тарафидан халқ устига жорий қилинур. Бу қоидани идораи мустақила (самодержовний) аталадурки, ҳозир Еврупо қитъасидаги Русия ва Туркиядан бошқа қирқ қадар катта ва кичик давлатларда йўқдур.

Идораи мустақила қўл остидаги фуқароларни ҳар қанча ҳукумат одамлари ва тўраларға яқин ва муносабати ўлса ҳам аҳволи сиёсия, диния ва дунявия ва олияси дуруст бўлмай, кундан-кун таназзулдадур. Хусусан, мазкур 2 (икки) мажлисға катталари дохил бўлмайдурган тоифаларни аҳволи ниҳоятда забунроқ бўлуб, дин ва дунё, илм ва маърифат, тамаддун ва адолат, мусовот тўғрисннда ҳаммадан кейин қолур. Чунончи, биз, мусулмонларни(нг), диний ва қавмий ҳуқуқимизни(нг) камчиликлари подшоҳ ҳазратларига етмай, етганда ҳам мажлис членлари тарафидан радд бўлуб ё илтифотсиз қолур. Буни(нг) сабаби ила биз ва бизга ўхшаш тоифалар таназзул қилуб; оҳисталик ила фирқаси, тоифаси, ватани хор ва хароб бўлуб батадриж йўқ бўлмоқ хавфи вордур. Бу масалада аҳли хабар наздиға тажрибаи тарихия ила собит бўлгандурки, дунё сиёсийлари ва сипоҳийгаридан хабарлик кишилар, албатта, мунга тасдиқ қилурлар. Ал-он биз, туркистонийлар, шу ҳол мақдамасиғамиз.

Албатта, савол келадурки, Туркистон обод бўлди, илгари бой кам эди, милйўнир йўқ эди, яхши иморат ва либос ва палос йўқ эди. Боз, бас, на учун инсофсиз муҳаррири маъразлар харобмиз дея жоҳилона ёзадур деб, анга шундай жавоб бермоқ керакки, 6 милйўн туркистонийларға 3 милйўнир борлиги маълум. Йўқ, бойман деганлар банк ва фабрикантларни хизматчиси ва мадюнидур. Шаҳар ва қаръялардаги катта иморат ва казармахоналар ҳамма яҳудий ва Оврупойиларникидур.

Оврупо имтаасийлари ерли имтааларни синдурди. Деҳқонлар, эса, агарчи бир вақт қўли, бир оз ақча кўрарина Оврупо имтааларини бириға икки ва беш хом бериб, бир пишиқни зўрга олар. Бир даража диний ва илмий жиҳатга атф назар қилинса, вақфлар кетди, мадрасалар хароб бўлди. Борига ҳам тартиб, фехрист, мухтасиб, мумтахин, муназзам йўқ. Эски тартиб ва жадвал ва даррус кундан-кун мударрислар тарафидан таржеъ қилинур.

Икки милйўн туркистонийлар мадрасасиға Худодан бошқа нозир йўқ. Бир раиси диний ва мумайизи илмий йўқ. Ўзимизда эса инсоф ва хавфи ҳақ йўқ, асло йўқ. Ва Оллоҳ, на учун саводсиз қози, илмсиз мударрис, инсофдан хабарсиз муфтий, қироатсиз имомлар оламни босди. Бунга сабаб бирор раиси диний ва мумайизни илмиға молик ўлмағанимиз эмасму? Худо сақласун, яна 25 йил шундай бўлса, ҳозирги муҳтарам уламоларимиз кетсалар, Туркистонға қиёмат қўпқон, илм ва амалға фотиҳа тортилғон ҳисобланур. Басират ила 25 йил мақдамни ҳозир ила ва ҳозирни 25 санаи сония ила қиёс қилган хушманд бизни бу баёнимизни муболаға ва хатои зуъм қилолмаса керак… Биз яна масдар баҳс бўлган партиялар баёниға ружўъ қилармиз.

Иккинчи фирқа партияни кадет (конститусионий демократически машрута аъвомия маъишат) машрута фирқаси аталадур. Бу партияни(нг) муроди шулки, «Миллат мажлиси» хоҳ Дума очилиб ҳар бир милйўн халқдан 3—4 вакил пойтахтга бориб, мажлис қуруб, бирча закун ва қонунларни ҳар бир вилоятни аҳволи ва ҳар дин ва миллатни озод ва сарбастлигига ақл ва инсофига қараб таассуби ҳуқуқи башария ва риояи динияга мувофиқ тузатиб, подшоҳ ҳазратлариға топширилса. Ва импиротуримиз ҳам ўшал халқ вакиллари тайёрлаган закунларни ўрниға келмоқиға ҳумоюн фармойишларини қилсалар. Барча дин ва уруғ халқ хартухар ўлуб, то қозий ва судиялар ҳукм қилмағунча, чиновниклар ўз ройлари ила… ёйинки мол, жон, фикр ва ҳаракат расмиясига монеъ бўлмасалар. Ҳар тоифаки ўз китоби, эътиқоди ва масоили динияси ўз орасига жорий бўлуб, Русиядағи барча халқ Русияни ҳар бир нуқтасиға баробар бўлуб, ҳуррияти диния, ҳуррияти шахсия, ҳуррияти ижтимоия, ҳуррияти иттифоқия ваъз ўлунуб бўлатурган қонуни жадида доиралари онинг мўътодича жорий ва мустаъмил тутулса, халойиқ вакилларини(нг) қароридан хориж ҳеч закунлар бўлмай ва вакиллари хоҳламайдурган эски закунлар ислоҳ этилса…

Ҳозир Русияда бу — кадетлар фирқасиға мансуб халқ ҳар дин ва миллат аҳлидан ниҳоятда кўпдир. Собиқ Миллат мажлиси аъзоларини(нг) аксари бу фирқадан эдилар. Бу фирқа ҳақиқатда ўрта фирқадур. Мўътадил ал-мизож халқлар бу партияни хоҳлагандурлар. Бу фирқа ифрот ва тағрит ўртасиға, соғ ила сўл васатиға, ҳар бир фикр ва матлабни авсати ва марказиға бирлашган бир ҳизби мутавасситдур. Русия мамлакатиға мундин беҳроқ ҳизб йўқдур. Ифрот ва тағрит, яъни Иштирокийун, Инқилобийун ва Қора гуруҳ дегаи ҳизблар сабаби ила Русияға ҳар кун ва ҳар соат фасод ва инқилоб, бузуқлик жорий бўлуб турубдур. Фақат саломатлик ва амният бу кун кадетлар ҳизби соясида ватанимиз Русияға жорий бўлса керак…

Учинчи «сосиал-демократически» — иштирокийун оъмийун — маъишияти муштарака фирқасидурки, бул ҳам дохилан икки фирқага бўлунур. Бири сотсиёл демократ – иштирокийун оъмийўн, дигари сотсиёл револутсийонер — инқилобийундур. Буларни бошлуча муроди ҳозирги барча закун, мулкият қоидаларини бутун бузуб, мол ва ерларни ҳамма халойиқ ўртасиға муштарак қилиб, анинг манфаатини бутун халойиқ ўртасида мусовий этмоқчидур. Бойлик ва камбағалликни йўқ қилиб, дунё моли(ни) роҳатидан ҳаммани баробар фойдалантуруб, масъуд ва роҳат умр ўтказилмоқиға ва ҳар ким ўз истиқболидан амин бўлмоқига закун ва қоида жорий қилмоқчидурлар. Буларни прўграмини жорий бўлмоғига ҳозирги асримиз мусоид эмас. Балки неча асрларга таваққуфи бордур. Дунёға нелар бўлмади. Ким билур, балки замони келиб, буларни(нг) прўғрами қонуний жорий бўлса, ҳамма минкулл ал-вужуҳ баробар бўлуб, сир-китоб раъиға ёзилган Жобулса ва Жобулқо тартиб маъишати ер юзиға балки жорий бўлур. Ҳар ҳолда, бу партияни муроди мумкин лойиқиъ ёйинки хаёлийдек кўрунуб, бу тоифаға қўшулмоқ биз Мусулмонлар учун ниҳоятда зарарликдур. Прўғрамларини(нг) молия моддаларина бир оз тағйир бермағунча, шариатға мувофиқ ўлмағони каби жоний ва оила бобидаги фикрлари ҳам асло-асло тўғри келмайдур…

Тўртинчи «Русия мусулмонлари иттифоқи» ҳизбидурки, буларни партия суратиға кирғаниға бир йил бўлди. Аввали ўтган сана Нижнийда парахўдга ўлтуруб, мусулмон пешравлари сув устида мажлис ясадилар. Иккинчи ушбу йил аввалида Питрбургда ғайри расмий яна бир мажлис — съезд ясаб, қарорнома нашр этдилар. Учинчи ушбу ўтган августда яна Нижпий ёрмонкасида уч-тўрт кун давомат ила бо рухсати расмия неча минг мўъминлар бир-умумий надва (обсчий съезд) этдилар. Қарорларини ижмоли, Туркия газеталаридан маълум бўлишига қараганда, Русия мусулмонлари диний ва илмий важҳдан алоҳида бир партияйи махсусадурлар. Аммо сиёсий ва умумий талаб ва маслаклар тўғрисинда кадетларға қўшилатурганға ўхшайдурлар.

Русия мусулмонлари ҳизби ҳам ўзга тоифалардек комитет барпо айламоқчидурлар. Идораи марказия—сентралний комитетлари Питрбурғда бўладур. Бу партия 31 кишини аъзои марказия сайлаб, аларға Боди Кубодаги Алимардонбек Тўпчибошев жанобларини садрнишин ва Қозондагн Юсуф афанди Оқчурин жанобларини мусташор сайлабдурлар. Бу муҳтарам аъзолар, албатта, бир неча шўъбаға бўлунадурки, шўъбаи илмий, шўъбаи сиёсийлардан иборат бўлса керак. Бу 31 нафар аъзоларина Русиядаги аҳли мусулмонлардан бир неча аъзо интиҳоб қилиб олмоқға қарор бермишлар. Аммо бу бобдаги жароид ва тасвидотға қарағанда, бизни Туркистондан бир нафар аъзо интиҳоб қилмоқға қарор бермишлар. Лекин 6 милйўнлик Туркистон мусулмонларидан бир аъзо оздур. Беш облустдан 30 нафар ҳам Бухоро ва Хева ва Туркистони Чинийдаги мусулмонлардан биртадан аъзо олмоқ лозимдур. Бу комитет ва аъзолар вақт-бавақт жамъланиб, диний ва илмий маъоши тўғрисинда машварат қилиб, мусулмонларни илман ва молан, динан тараққий ва таолилариға хидмат қиладурлар. Сиёсатан бўлса, умумий партияларни бири ила қўшулуб иш кўрадурлар…

Бу тўрт партияни(нг) матлаби миллий ва маслаки сиёсийларини мадомики, бир неча саҳифа ила баён ва шарҳ қилинмаса, камхабар киши тушунмайдур. Ани учун биз, Туркистон мусулмонлари, 23инчи августда Нижний шаҳринда бўлган Русия мусулмонлари ҳизбиға байъат қилиб, сиёсатан кадетларға қўшулўб, динан ва илман мазкур съезд иттифоқи ҳукмиға мутеъ ва мунқод бўлсак керак. Яқинда мазкур надваи исломия қарорномаси босилиб, олами матбуот ила нашр қилинадур. Туркистоннинг муҳтарам муаллиф, муҳаррирлари ғараз, нафсоний ҳасад, баҳс ва мунозараи шахсияларини тарк этиб, шу маслак ва шу жамиятға тобеъ ва ходим бўлмоқлари хидмати дин ва давлат, обрўйи Ватан ва Миллатдур… Биз ояндаға бул бобларға, Иншооллоҳ муфассал ёзмоқ амалиндамиз…

«Хуршид» газетаси, 1906 йил, 11 октябрь 6-сон.


[1] Иш (амал)ларнинг яхшиси ўртачасидир.