Ўзим ҳақимда гапиришдан олдин ота-онам тўғрисида тўхталмай ўтолмайман. Чунки табиатимда мавжуд неки фазилат ва қусур бўлса, барчаси аввало, улардан ўтган. Бунинг учун ота-онамдан миннатдорман ва Оллоҳдан доим руҳлари шод бўлишини сўрайман. Шундай қилиб…
ОТАМ ВА ОНАМ
Отам Солижон Усмонхўжа ўғли билан онам Зайнабпошша Тожихўжа қизи қарийб 60 йил аҳил, иноқ ҳаёт кечирдилар. Улар 12 нафар фарзанд кўришган, шундан атиги тўрт киши омон қолганмиз: опам, мен ва икки синглим. Олти ўғилнинг барчаси нобуд бўлганлигидан кўнгли ўксиган дадам мен туғилганимда Оллоҳга илтижо қилиб, “шу ўғлим менга йўлдош бўлиб юрсин” деб тилаган ва исмимни Йўлдошхўжа деб атаган эканлар.
Дадамни Булоқбоши деб аталган қишлоғимизда танимаган одам йўқ эди. У кишига ҳамма ҳурмат билан “Мулла Солижон” деб мурожаат қилишарди. Дадам чинакамига мулла одам бўлиб, дин илмини ҳам, замонавий ёзув ва ҳисоб-китобни ҳам пухта ўзлаштирган зиёли одам эдилар. Отаси Усмонхўжа каттамизнинг тўрт гектарлик хусусий ери бўлиб, деҳқончилик билан шуғулланган экан. Дадам ҳам миришкор деҳқон эдилар. Бироқ инқилобдан кейин ерлари давлат ҳисобига ўтган, ўзи кичкина томорқамизда ишлаб, қовун, булғор қалампири ва бошқа рўзғорбоп маҳсулотлар етиштирардилар, ортиқчасини бозорга олиб чиқардилар. Жамоа хўжаликлари янги тузилган пайтдан бошлаб ўттиз йилдан зиёд ҳисобчи бўлиб ишладилар. Ниҳоятда ҳалол одам бўлганлигидан шаънига гард, номига доғ юқтирмай нафақага чиқдилар.
Бу ҳалоллик менимча, у кишига динимиз аҳком¬ларига қаттиқ риоя қилишидан, “Қуръони Карим”ни бир неча марта хатм қилганлигидан бўлса керак. Ҳар қандай шароитда ҳам беш вақт намозини канда қилмай ўқиганини кўп кузатганман. Оятларни тиловат қилганларида қулоғим остида худди маҳоратли ҳофиз қўшиқ айтаётгандек ҳузур қилардим. Уйимизга кўпчилик келиб, дадамдан эскичадан сабоқ олганларини кўрганман. Албатта бу келишлар яширинча бўларди.
Айни чоғда дадам қаттиққўл ва жаҳлдор одам эдилар. Якка ўғил деб мени аяб ўтирмасдилар. Эрталаб ишга кетаётиб баъзи ишларни бажариб қўйишимни тайинлар, келгандан кейин текшириб кўрардилар. Мабодо бажармасам, сувга солиб қўйилган беҳининг хипчинини олиб қувалаб қолардилар (кейин билсам бу хипчинлар мени савалаш учун эмас, балки тол новдалари билан бирга турли шаклда сават тўқиш ниятида ивитиб қўйилар экан. Дадамнинг қўлидан сават тўқиш ҳам келарди!). Шунда бувим мени кенг этаклари ичига “яширар”, дадам эса худди кўрмагандек “қани, қаёққа қочди? Ҳозир ушлаб олсамми, кети ёрилгунча савалардим-да!” деганича гўё мени излаб кўчагами, чорбоғгами чиқиб кетардилар. Биз бувим билан дадам келгунича буюрилган ишни апил-тапил бажариб қўярдик. Гарчи қуруқ пўписа бўлса ҳам дадамнинг бу талабчанлиги менда бошлаган ишимни охирига етказмагунча тинчимаслик фазилатини шакллантирди.
Дадам учта инқилоб (1905, 1917 йил февраль ва октябрь), иккита жаҳон урушини, икки бора очликни кўрган ва улардан тегишли хулосалар чиқарган одам эдилар. Аммо бирон жойда сиёсат ҳақида гапирганини эшитмаганман. Шунга қарамай, ич-ичидан ҳукумат раҳбарларидан кимнинг қандайлигини билиб юрар эканлар. Буни қуйидаги воқеадан билиб олганман: 1953 йилнинг март ойи бошлари. Биз – совет ўқувчиларининг “севимли доҳийси” Сталин вафот этган қайғули кунларимиз. Мен Сталиннинг қайсидир журналда чиққан генералиссимус либосидаги суратини қўлдан қўймай, йиғлаб юраман; мол-ҳолни боқиш йўқ, айтилган ишларни қилиш йўқ, томорқага қараш йўқ… Бир куни дадам ишдан келганида ҳам сўрида расмга тикилиб хўрсиниб ўтиргандим. “Ҳа, отаси ўлган етимчадек мишиқингни оқизиб ўтирибсанми? Ўлса-ўлибди-да битта аблаҳ! Осмон узилиб ерга тушармиди?” дедилар ва қўлимдан суратни юлқиб олиб, ёниб турган ўчоққа ташладилар. Мен “дада!”деб бақирдим-да, ярми куйган расмни қўлимга олиб ҳўнграб йиғлаб юбордим ва “Нима қилиб қўйдингиз? Энди сизни отиб ташлашади” дедим. Дадам пинагини ҳам бузмади, “Э, ками бўлса отса отаверсин. Қанчадан қанча одамларнинг бошига етди бу ярамас. Ўлгани яхши бўлди!” дедилар. Дадамнинг ҳақлигини, нафрати сабабини уч-тўрт йилдан кейин тушундим ва меҳрим янада ортди.
Онам ниҳоятда юмшоқ табиатли аёл эдилар. Сўзлаганда халқ мақолларини мўл-кўл ишлатар, газета-журналларни кўп мутолаа қилардилар (уларни дадам олиб келарди). Бувим менга кўп қўшиқлар айтиб берардилар. Кап-катта бола бўлиб қолганимда ҳам қучоғига олиб, елкамга оҳиста урганча алла айтар, хуш ёққанидан ухлаб қолардим. Шукрки, ота-онам ёшларини яшаб оламдан ўтдилар. Мен уларнинг ҳаётлиги чоғида нечоғлик хизмат қилдимми, қилолмадимми, билгувчи Оллоҳдир. Ҳозир ҳам уларнинг қабрини тез-тез зиёрат қилиб, бўлажак ишларимга мадад беришларини сўраб тураман. Эҳтимол, ишим юришаётганлиги, ўйлаган ниятларим ўз вақтида амалга ошаётганлиги уларнинг розилиги ва руҳининг қўллаб-қувватлаб турганлигидандир?!
КИТОБ – ДОИМИЙ ҲАМРОҲИМ
Дадам бизни ҳам китоб ва илмга ошно қилиб тарбиялади. Узун қиш кечалари у киши сандал атрофига йиғилган оила аьзоларига ширали овозда гоҳ Иброҳим Адҳам қиссаси, гоҳ Гўрўғли ҳақидаги ва бошқа турли халқ достонларини ўқиб берардилар. Мен уларни ёдимда олиб қолиб, эртасига ўртоқларимга айтиб берардим. Ўзи ўқимишли одам бўлгани учунми ёки якка-ю ягона ўғлининг ҳам ўқимишли, билимдон одам бўлиб етишишини истаганиданми, ҳар қалай, китоб ўқиб беришларидан ташқари менга колхоз кутубхонасидан кўп китоблар ҳам опкелиб берардилар. Эсимда, 6-синфдалигимда қалин қора муқовали каттакон китоб олиб келдилар. Бу Садриддин Айнийнинг 1952 йилда нашр қилинган “Қуллар” романи эди. Китобни ҳарислик билан жуда тез ўқиб чиқдим. Шу қадар таьсирландимки, муқовадаги эти суягига ёпишиб кетган одам кўз олдимдан кетмай қолди. Биринчи ўқишимдаёқ, ҳаёти ниҳоятда оғир кечган қул Некқадам-Раҳимдоднинг ҳаёт шаъми сўнаётган чоғида ҳам умид билан айтган мана бу қўшиғи хотирамга абадий михланиб қолди:
Додлама, додлама, дод саси галди,
Қаршининг чўлидан ёр саси галди.
Ўлкадан ўлкага ел каби учсам,
Кунларнинг бирида ёр юзин кўрсам.
Шундай қилиб, менинг тарбиямда китобнинг роли катта бўлди. Дадам ўқиб, опкелиб берган китоблар қаторига мактаб дарсликлари, янги бадиий асарлар қўшилди. Адабиётнинг сеҳрли олами мени кўпроқ торта бошлади. Мактаб кутубхонаси камбағал эди, колхоз кутубхонасини титкиладим. Дадам туфайли бу ердаги китобларнинг кўпини ҳам ўқиган эканман. Кейин туман кутубхонасига қатнай бошладим. К謬¬т¬обларнинг қаҳрамонлари менинг ҳаётимга фаол кириб кела бошладилар, яшаш тарзимга таъсир этдилар. Мен “Уч оғайни ботирлар”дек ҳар қандай вазиятда ҳам ақл-фаросат билан иш кўришни, “Сўна” сингари мақсадидан қайтмайдиган иродали бўлишни, Фарҳодга ўхшаб кўпроқ билим олишни ва ота-онани қаттиқ ҳурмат қилишни, Робинзон Крузо каби қийинчиликларни енгишни ва одамларга ёрдам беришни ўргандим. Табиийки, биз тенги авлоднинг шаклланишига “Она”, “Ёш гвардия”, “Пўлат қандай тобланди”, “Бой ила хизматчи”, “Қутлуғ қон” асарларининг қаҳрамонлари ҳам жиддий таьсир кўрсатганди.
Аслида китобнинг ёмони бўлмайди. Чунки ҳар қандай асар ҳам ижодкор томонидан яхши ниятни кўзлаб, одамларни эзгуликка даьват этиш учун ёзилади. Фақат уни мутолаа қилган ўқувчининг қабул қилиш, тушуниш иқтидори муҳимдир. Халқимизда “Одобни одобсиздан ўргандим” деган ҳикматли ибора бор. Асардаги қаҳрамонларнинг ахлоқсизлиги, иллатларидан нафратланиб, уларни инкор этишнинг ўзи инсонни эзгуликка етаклайди. Бунинг учун китобхонда фикрлаш қобилияти кучли бўлиши лозим. Талабаларга “Адабий танқид тарихи” фанидан дарс берганимда танқидчилик касбининг хусусиятлари ҳақида тўхталар эканман, ўртага шундай савол ташлайман: “Китобхонлар уч хил тоифага бўлинади: 1. Юқори савияли; 2. Ўрта савияли; 3. Паст савияли. Хўш, биз – ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича мутахассис бўлиб чиқадиганлар, яъни бўлажак мунаққидлар қайси тоифага мансубмиз?” Менинг талабчанлигимни билган талабалар “ўрта” ёки “паст” деб жавоб берадилар. Мен эса “Йўқ, тополмадиларинг. Биз мутахассис сифатида асарни танламай ўқишга мажбурмиз. Шунинг учун биз пешонаси шўр китобхонлар сирасига кирамиз” дейман. Сабаби – ўқувчимиз ёки бирон танишимиз “Домла, сиз адабиётчисиз. Мен фалон китобни ўқиб, мана бу жойини тушунмадим. Ёзувчи нима демоқчи?” деб сўраб қолса-ю, жавоб беролмасак, бундан хижолатлиси бўлмайди.
Ҳа, китоб ўқишнинг ўзига яраша масъулияти ва албатта, мажбурияти ҳам бор. Буни биз, мутахассислар, айниқса, яхши билишимиз шарт.
ЭЗГУ НИЯТ ЙЎЛИДА
Дастлабки йилларда мен гоҳ учувчи, гоҳ шифокор, гоҳ ҳарбий хизматчи бўлишни орзу қилардим. 8-синфдан бошлаб адабиёт ўқитувчиси бўлишга қатьий қарор қилдим. Бунга қуйидаги эьтибор сабаб бўлди. Адабиёт ўқитувчимиз Умаржон ака Аҳмаджонов (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) менинг дарсликдаги мавзуларни олдиндан ўзлаштириб келишимни пайқаб қолиб, дарсга кириши билан янги мавзуни эълон қиларди-да, доскага чиқариб, “қани, Йўлдошали, жавра (биз томонда гапиравер дегани)!” дер эдилар. Албатта, синфдошларим олдида ўзимни билимдон кўрсатиш учун иложи борича кўпроқ “жаврардим”. Устозимиз мақтаб-мақтаб “5” баҳо қўяр, бошқаларни ҳам мендек бўлишга ундарди. Қарийб икки йил шу зайлда ўтди, мен туппа-тузук дарс берадиган “ўқитувчи” бўлиб қолдим.
Ўнинчи синфни битиргандан кейинги уч йиллик меҳнат фаолиятим менинг ҳаётимда алоҳида босқич ҳисобланади. Қариб, ишдан бўшаб олган ота¬м¬¬¬нинг раъ¬йидан ўтолмай ўқишга бормадим. Дастлаб қурилиш бригадасида, кейин алоқа бўлимида ишладим. Почтальонлик касби менинг ҳам матбуотга, ҳам адабиётга бўлган меҳримни янада оширди. Мамлакатда чиқадиган барча газета-журналлар қўлимдан ўтар, уларни ўқимай туриб тарқатмасдим. Ўзим ҳам қизиқиб, газеталарга турли мақолалар ёза бошладим. Фикрим чархланди, ёзиш малакасини эгалладим. Тез орада бунинг фойдаси тегди. Бироқ бир тасодифий ҳодиса рўй бермаганида мен бу фойданинг натижасини кўрмай ўтардим.
Биласиз, почтальон қишлоқ кезади, уйма-уй юради. Ҳамма таниш, ҳамма нарса кўз ўнгингда. Кимнинг қандай ташвиши бор – биласан, қаерда нима бўляпти – кўрасан. Мен ҳам почтальон сифатида кунига учта қишлоқни айланиб чиқаман, ҳатто далаларга бориб одамларга газета-журналлар, хатлар тарқатаман. Албатта, юришим бекор кетмайди, қандай яхши ёки ёмон нарсаларни кўрсам, дарҳол газетага ёзаман. Бир куни Пасткибулоқбоши қишлоғидаги бир ерда ғўзаларни ёввойи ўт босиб кетганини кўриб қолдим ва туманнинг “Пахта учун” деб аталган газетасида “Бу ерларда ғўза ўстирмоқчи эдилар-ку” сарлавҳали танқидий мақола чиқардим. Бригадир аёл киши бўлиб, раисга устимдан шикоят қилибди. Бир куни раис Имомназар ака қишлоқ гузарида мени ушлаб олди-да, “Шу мақолангга қанча пул беради? Айт, мана мен бераман!” деди. “Менга пул керакмас (чунки газеталардан жуда кўп гонорар олардим-да! Раиснинг садақасига зорманми?). Ундан кўра ерига ишлов берсин. Бўлмаса, яна каттароқ газетага ёзаман” деб шаккоклик қилдим (ахир, комсомол эдим-да!). Эртасига бош ҳисобчи мени чақириб, “Ука, колхозда почтальонлик штати қисқарди. Сиз бўшсиз” деб паттамни қўлимга тутқазди. Энди ўқимасам бўлмаслигига ақлим етди.
1960 йили ота розилигини олиб, Фарғона давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетига ҳужжат топширдим. Биринчи имтиҳон ўзбек адабиёти фанидан ёзма-иншо экан. Омадим юришганини қарангки, иншо мавзуларидан бири “Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романидаги Йўлчи ва Гулнор образларига характеристика” деб аталарди. Кўзларим ёниб кетди – ахир, бу китобни ёдлаворганман-ку! Озмас-кўпмас 14 бет ёзибман. Орадан уч кун ўтиб, мени Ҳасанхон Рустамов деган домла йўқлаб топди (кейин билсам у киши факультет декани экан). Ёнига кирсам, қўлимни олди-да, “Э, сизмисиз, табриклайман, ука! Хатингиз чиройли, хатосиз ёзар экансиз. Жумлалар тўғри ва пухта. Бизга шундай саводли ёшлар керак. Аъло қўйдик, аъло! Қолган имтиҳонларга ҳам астойдил бўлинг. Муваффақият тилайман” дедилар. Кўнглим тоғдек кўтарилиб чиқдим. Ўқишга кирганимдан кейин то битириб кетгунимга қадар деканатнинг штатсиз ходими бўлиб қолдим. Ўқишдан кейинги пайтларда бу ердаги машинкани чиқиллатиб ўтириб, ёзишни ўрганиб олдим. Орадан кўп ўтмай ўзбекча матнларни босиш учун мени маъмуриятга ишга олишди. Ҳам ўқиш, ҳам иш оғирлик қиларди. Шунда…
…яна адабиёт мададкор бўлди. Биласиз, адабиёт ҳаётга некбин кўз билан қарашни, умид билан яшашни (Уйғуннинг “Ҳаёт қўшиғи” драмаси қаҳрамони Нурмат отанинг ёшларга қарата айтган “Умид яхши нарса, қоқилсанг – суяйди, йиқилсанг – кўтаради” деган гапи қулоғим остида доим жаранглаб турарди), иродали бўлишни ўргатади. Ўша пайтда институтдаги фан кабинетлари, кутубхонанинг ёзги ва қишки ўқув заллари кеч соат 11 гача ишларди. Мен бу имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдим. Керакли китобларни олиб қолиб, ходимлар кетгандан кейин ҳам чароғон бўлиб турган ёзги ўқув залида тонг отгунча дарс тайёрлардим. Бора-бора ўқиган китобларимни аудиторияда ўрганган назарий билимларим асосида таҳлил этиш истаги пайдо бўлди. Эсимда, биринчи илмий мақолам 3-курсда ўқиб юрган пайтимда босилган эди. Ўша йиллари ўзбек тилига янги таржима қилиниб, ёшлар ўртасида машҳур бўлиб кетган “Сўна” романининг муаллифи Э.Войнич юз ёшга тўлганди. Мақолани тайёрладим-да, таваккал қилиб ўзим севиб ўқийдиган “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва саньати”) газетасига юбордим.
Қарангки, озгина муддат ўтиб, мақолам чиқиб турибди-да! Хурсандлигимни қўяверасиз! Кейин ёзишми?! Албатта, ҳамма ёзганларим ҳам босилавермасди. Аммо ёзишдан, фикрлашдан тўхтамадим. Бу менга фақат фойда берди. Айни чоғда қандай даража ва мавқега эга бўлсам, буни ўқувчилик ва талабалик йилларимда шаклланган тиришқоқлигим самараси деб биламан.
Олий ўқув юртида бизга ўз касбини қадрлайдиган, фанларни пухта билган профессор-ўқитувчилар дарс беришди. Булардан айниқса, мумтоз адабиёт билимдони Акрамжон Иброҳимов, жаҳон адабиётини чуқур ўрганган ва ўзбек адабиётига қиёслаб таҳлил қиладиган Азимжон Раҳимов, саводхон ва илмга интилувчи ёшларни ниҳоятда қадрловчи устоз Ҳасанхон Рустамовлар менда ўлмас таассурот қолдирган. Акрамжон Иброҳимов шеърият шайдоси эди. 1960 йилнинг 2 сентябри ўла-ўлгунимча эсимдан чиқмаса керак. Биз – биринчи курс талабалари ўзбек мумтоз адабиёти фанидан А.Иброҳимов домланинг илк маьрузасини тинглаяпмиз. Овози ниҳоятда ёқимли устоз ўша куни ҳеч нарсага қарамай шу қадар кўп ғазал, рубоий, қитьа, фардлар ўқидики, таьсирланганимдан барчаси худди магнит тасмасига ёзилгандек хотирамга ўрнашиб қолган (мақтаняпти деманг-у, ҳозир ҳам ўша шеърларнинг кўпини ёдаки ўқиб бера оламан). Домла ўша нозик замонда ҳам Алишер Навоийнинг “Ашрақат мин акси шамсил-каъси анворил-худо, Ёр аксин майда кўр, деб жомдин чиқти садо” мисралари билан бошланган ғазалини бошдан охиригача ёддан ўқиб, таҳлил қилиб бергандилар. Шунингдек, у киши Аҳмад Яссавий, Бобур каби таъқиқланган шоирлар ижоди ҳақида гапиришдан ҳам қўрқмасдилар.
Мен бу билимдон ва ғамхўр устознинг назарига тушганимдан, у кишининг таклифи билан кафедрага ишга олиниб, илм йўлига кирганимдан миннатдорман. Устознинг ишончини оқлаш мен учун шараф эди. Шунинг учун ўз олдимга шундай вазифа қўйдим: “Ҳозир 27 ёшга кирдинг. Бу ерда ишлашдан мақсад илмий иш қилиш бўлса, 35 ёшгача кандидатлик диссертациясини ёқласанг ёқладинг, бўлмаса, институтдан кетасан!” Ишдан ажралмаган ҳолда диссертация устида иш бошладим. Шукрки, бу ердаги яхши одамларнинг қўллаб-қувватлаши, илмий раҳбарим профессор Салоҳиддин Мамажоновнинг қаттиққўллиги ва талабчанлиги эвазига 32 ёшимда фан номзоди бўлдим. Шундай устозларнинг қўлига тушганимдан фахрланаман. Чунки аввало, ўзининг қунтсизлиги, қолаверса, раҳбарининг бепарволиги туфайли мендан олдин иш бошлаганларни ортда қолдириб кетдим. Бу гапларимни журналхон дўстим мақтанчоқлик деб қабул қилмаслигини ўтиниб сўрайман. Табиатимда шаклланган бу қатъийлик, интизомлилик, айтган гапининг уддасидан чиқиш фазилатлари адабиёт таьсирида шаклланганлигини исботламоқчиман холос.
ҲАЁТИЙ АЪМОЛЛАРИМ
Эгилганга эгиламан – бошим ерга теккунча. Кеккайганга кеккаяман – бошим кўкка етгунча.
Ваъда бердимми, албатта, бажараман. Қўлим¬дан келмаса, минг бора хафа бўлсалар ҳам ваъда бермайман.
Бирон ишни бошлашдан олдин тугатиш муддатини белгилаб оламан. Айтилган муддатда бажармагунча тинчимайман.
Қатъий режим ҳамда режа асосида ишлайман ва яшайман. Ҳар куни эрталаб соат 5 дан 6 гача бадантарбия билан шуғулланаман. Соат 6 дан 7 гача илмий-тадқиқот бўйича режалаштирилган ишларимни қиламан ёки китоб ўқийман. Мабодо бирон сабаб билан эрталаб ишлай олмасам, ўша куни бой берилган вақтни тўлдирмагунча кўнглим ўрнига тушмайди.
Фаолиятимда ҳазрат Алишер Навоийнинг “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам” деган ҳикматли шиорига амал қиламан. Зеро, инсон ўзини танимагунча, қадрига етмагунча ўзгани тан олмайди ва қадрламайди.
Каттами-кичикми, яхшими-ёмонми (аслида-ку, ус¬тознинг ёмони бўлмайди-я) барча устозларимни ҳурмат қил¬дим, қадрига етдим. Уларни тез-тез йўқлаб турдим. Институтда менга сабоқ берган ва ишга олиб қолган домлам Акрамжон Иброҳимовга “Нутқ ва услуб” деб номланган монографиямни бағишладим. Илмий-тадқиқот ишларимга раҳбарлик қилган устозим академик Салоҳиддин Мамажонов ҳақида “Олимнинг олами” деб аталган китоб чиқардим. И.Султон, М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов, С.Аҳмад каби устозларни тез-тез бориб кўриб, дуосини олиб турдим. Ҳозир улкан адабиётшунослар Умарали Норматов, Иброҳим Ғафуровларни зиёрат қилиб тураман. Бу улуғ устозлар билан ўтказган дамларим умримнинг энг бахтли ва лаззатли онларидир.
Кишининг камчилиги бўлса ёки даврада но¬тўғри гап айтса, дарҳол юзига айтаман. Бу одатим кўпчиликка маъқул тушмайди ва аразлаб юришади. Аммо мен парво қилмайман, принципимдан чекинмайман.
Ҳозирги пайтда тўрт кишилик жамоага раҳ¬барлик қилиш ҳам осон эмас. Чунки дунё ўзгарди, тафаккур ўзгарди. Шуни ҳисобга олиб мен кафедра мудири сифатида аввало, ўзим барча соҳада ўрнак кўрсатишга, самарали ишлашга интиламан. Буни раҳбарнинг гапи ўтиши учун катта омил деб биламан.
Менга ихлос билан юкиниб келган ёшларни ҳеч қайтармай бағримга оламан. Уларни ғоят қаттиққўллик ва интизом билан тарбиялайман. Тиним билмай ишлашга мажбур қиламан. Кўп ўқитаман, ёзганларини қайта-қайта ишлашга ўргатаман. Топшириқни вақтида бажармаганларни қаттиқ койийман. Бунга чидамаган айрим ношукрлар устимдан иғво қилиб юришади. Чидайман. Наилож, бошидан ўтган табиб кимга қандай дори эм бўлишини яхши билади!
Ҳозирги адабий жараён билан кўпроқ танишиб боришга ҳаракат қиламан. Талабаларим, ҳам-касбларим ва шогирдларимнинг биронта саволига жавоб беролмай, тилим қисиқ бўлиб қолишидан уяламан. Айни чоғда яратилаётган асарларнинг аксарияти менга маьқул эмас. Лекин яхши асар ўқисам, қўшиқда айтилганидек, ўзимни тўхтатолмайман. Нимадир ёзиб чиқаришга, фикр билдиришга уринаман. Рухсатингиз билан ана шундай яхши асарлари билан ўқувчилар меҳрини қозонаётган табиат шайдоси Нормурод Норқобилов ижодининг бир фазилатига бағишланган мақоламни эьтиборингизга ҳавола қилсам.
ОЛИМ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ
Йўлдошхўжа Солижонов 1940 йилнинг 11 июлида Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги Булоқбоши қишлоғида туғилган. 1957 йилда тумандаги 5-ўрта мактабни, 1965 йилда Фарғона давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетини имтиёзли диплом билан битирган. 1965-1967 йилларда вилоят “Коммуна” (ҳозирги “Фарғона ҳақиқати”) газетасида ишлади. 1968 йилдан буён Фарғона давлат университетида ёш авлодга таьлим бериб келмоқда. “Ўзбекистон халқ маорифи аьлочиси” унвонига эга (1991).
Филология фанлари доктори, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Айни чоғда Фарғона давлат университетининг ўзбек адабиётшунослиги кафедраси мудири лавозимида ишлайди.
Ҳозиргача олимнинг “Улуғ санъаткор” (Ғ.Ғулом ҳақида, 1984), “Шеъриятнинг сирли жилвалари” (1986), “Тонг юлдузлари” (1995), “Нутқ ва услуб” (2002), “Олимнинг олами” (академик С.Мамажонов портретига чизгилар, 2004), “Фарғона адиблари” (2005), “Зулматдан нур қидирганлар” (2007), “Мен сиздан сабоқ олдим” (адибларга мактублар) (2007), “Сўз сеҳргари” (А.Қаҳҳор ҳақида, 2007), “Ҳақиқатнинг синчков кўзлари” (адабий-танқидий мақолалар, 2009) номли монография ва рисолалари, 200 га яқин мақолалари чоп этилган.
Йўлдош Солижонов бадиий ижод билан ҳам шуғулланади. Унинг “Сув келтирган азиз” (ҳужжатли қисса, 2004), “Ўғлим, сенга айтаман” (шеърий ва насрий пародиялар, 2006), “Сен ширмон юзлигим” (шеърлар, 2007) каби китоблари ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинган.
Оилалик. Рафиқаси Лолахон Солижонова олий маълумотли она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси. Ҳозир нафақада. 5 нафар фарзанди бор (уч ўғил, икки қиз), барчаси олий маълумотли. 17 та набираси бор.
“Ёшлик” журнали, 2010 йил, 9 (238)-сон.