Табиат ва оиладаги муҳит менда адабиёту санъат ҳавасини уйғотган, деб ҳеч иккиланмай айтгим келади. Чунки мен туғилиб ўсган жойнинг табиати шундай сўлим эдики, унинг қучоғида яшаб туриб, масалан, шеърга ошно тутинмаслик ёки ўз-ўзидан хиргойи қилиб қўшиқ айтмаслик, ярим муболаға билан айтганда, гуноҳ саналарди. Эсимда, илк шеърий машқим қиш ва баҳор фасллари бир вақтда учрашиб (қора қиш тугаб, навбаҳор ташриф буюрган чоғ), она табиат атрофга ажиб бир фусун бахш этган дамда ёзилган эди. Албатта, у машқлар ҳозир ёдимда йўқ. Эсимда қолгани – қофия тополмай қийналганларим ва биринчи шеър машқининг унутилмас завқи! Аммо худди ўшандай – йиртиб ё ёқиб ташланган юзлаб машқларим, бугун мен, аввало, ўзимга ўзим уялмай ўқиб беришим мумкин бўлган тўрт қатор шеъримни елкасида азот кўтариб турганига шубҳа қилмайман… Табиатга қайтсак. Мен айнан ўша улуғвор табиатдан илҳомланиб, унга эргашиб нимадир қоралай бошлаганимга ҳозир ич-ичимдан севинаман. Чунки бугунга келиб оз-моз тушуниб қолдимки, адабиёту санъат бу – Арасту бобо айтганидек, тақлиддир. Лекин чинакам санъат, бу – махлуқнинг эмас, Холиқнинг санъатига эргашиб яратилганидир, дегим келади. Инсон ижодига эргашиб яратилгани эса, шу сўзнинг ўз ва том маъносида тақлид бўлади, яъни нусхакашлик ҳисобланади, ҳисобланиши шарт! Демак, эй донишманд Арасту бобо, тақлидда ҳам тақлид бор экан-да!
Отам, онам ва раҳматли акам… уларнинг дунёга муносабатлари, адабиётга муҳаббатлари… Уйимиз китоб, журнал ва газеталарга тўлиб кетарди. “Фан ва турмуш”, “Саодат”, ”“Гулистон”, “Шарқ юлдузи”, “Ғунча”, “Гулхан” “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Оқ олтин” ва яна ҳозир исмини унутганим кўплаб нашрлар хонадонимиздан сира аримасди. Китобхонлик ҳам шунга яраша бўларди. Қисқаси, уйимиз маҳалланинг ўзига хос кутубхонаси эдики, қўни-қўшнилар, узоқ-яқин танишлар келиб, китоб ё журнал олиб кетишар, сўнг қайта олиб келишарди-да, ўқиганлари ҳақида уйдагилар билан эшик кесакисига суянган кўйи соатлаб суҳбат қуришар, таассуротларини баҳам кўришарди. Ўша суҳбатлар ҳам менинг тақдиримда ўз изини қолдирганлигига ишонаман. Шу маънода мен ота-онамни, қўлларида “олий маълумотли” деган баландпарвоз диплом-қоғозлари бўлмаса-да, чинакам зиёли атаб келаман.
Биринчи китобим 30 ёшимда “Ёлғизлик” номи билан нашр қилинган. Китоб 3000 нусхада чоп этилганди, аммо у пайтлар (1998 й.) одамлар ўзлари (аниқроғи, қурсоқ ғами) билан шунчалар банд эдики, мен бутун бошли китоб чиқариб ҳам, устоз Абдулла Орипов айтгандек, “бугун шеъри чиққан шоир” қувончини яшай олмаганман. Майлида, буни ҳаёт дейишади, ҳар кимга ҳар хил ижодкорлик қисмати насиб этади. Шунга қарамай, “Ёлғизлик” шахсан ўзим учун, нотавон кўнглим учун маълум муддат чинакам байрам бўлганлиги бор гап! Чунки ижодкор сифатида менинг дардимга эътибор қилмаган ўқувчини мен ҳам писанд қилмас эдим. Мен гўё бошқа ўқувчининг йўлларига кўз тиккандим. Дардимнинг сувратини ўзимга маъқул шаклларда қоғозга туширишнинг ўзи мен учун ўша кезлар етарли бўлган. Албатта, акам Ойбек ва унинг менга, ҳаёт тарзимга, дунёқарашимга бўлган таъсирини ҳеч бир бошқа таъсир билан тенглаштира олмайман. У мендан ҳамма тарафлама олдинда юрарди: жисман, ақлан, маънан… Ҳатто ҳиммату саховат, сабру бардошда ҳам унга тенг келадиган киши кам топиларди, наздимда. Шу боис акам мен учун чинакам маънода ҳаётдаги ўрнак, намуна бўлган. Мен акам Ойбекнинг имконларига ҳамиша пастдан тепага ҳавас билан қараб келганман. Пешона ёзиғи экан – умри қисқа бўлди, бутун сиру асрорини ўзи билан олиб кетди…
Университетдаги устозларимни ҳам меҳр билан эсга оламан: адабиётшунослардан Ғулом Каримов, Озод Шарафиддинов, Лазиз Қаюмов, Умарали Норматов, Абдуғафур Расулов, Бегали Қосимов, Талъат Солиҳов, Норбой Худойберганов, тилшунослардан Ёқуб Ғуломов, Аҳмад Алиев, Карим Назаров, Ёрмат Тожиев, Мамлакат Жўрабоева, арузшунос Анвар Ҳожиаҳмедов, турколог Иристой Қўчқортоев, фольклор мутахассиси, беназир педагог Омонулла Мадаев каби муаллимлардан кўп нарса ўргандик. Раҳмон Қўчқор ўша кезларда жуда довруғ қозонган ўқитувчилардан эди. Профессор домлалар дарсидан қочиб, университетни кечагина битирган ёш ўқитувчи, яъни Раҳмон аканинг дарсларига кириш одатий ҳол эди айрим ихлосмандлар учун. Чунки айнан ўша пайтларда Раҳмон ака Катта Адабиётдан сўз очгувчи, Катта Адабиётдан хабар бергувчи саноқли муаллимлардан бири эди. Талъат Солиҳовни таниганимиздан кейин ана ўша Катта Адабиётнинг ботиндаги асроридан ўзимиз кутмаган тарафдан воқиф бўла бошлагандик. Бошқача ифодада, Раҳмон Қўчқор бизга Катта Адабиёт музейидан бир талай экспонатларни олиб келиб кўрсатган бўлса, Талъат Солиҳов музейни аудиторияга кўчириб қўя қолиш билан қаноатланмай, ҳар бир экспонат “ичини ёриб” намойиш этган эди. Мана шунинг ўзида уларнинг (бизнинг авлод учун) буюк хизматлари мужассам бўлган. Энди Катта Адабиёт мамлакати сари саёҳатга келсак, бу ишни ҳар кимнинг ўзи амалга оширмоғи лозим. Ундан ҳам нари кетганларнинг ўзлари эса Катта Адабиёт яратишади, деб биламан.
Асарларимга келсак, уларнинг орасида кўнглим тўлгани ҳам, аксинчаси ҳам бор. Тўлмаганлари, асосан, сайқал билан боғлиқ. Чунки жиддий ва катта ҳажмли асар ёзувчи ҳаётининг талай бир қисмининг маҳсули, шу қисмдаги кечинма, дард, ўй-фикрларининг қаймоғи ўлароқ қоғозга тушади. Худди шундай пайтда ижодкор ўз дардини, биринчидан, ёзиб олиши, иккинчидан, унга (асар руҳидан чиқиб кетмасдан бурун) жило беришга улгуриши керакка ўхшайди. Чунки кейинроқ у асарда акс этган кайфият доирасидан ташқарига чиқиб кетади ва ўзга бир асар руҳига кира бошлайди. Бундай дамда у аввалги асар кайфиятига қайтиб, уни таҳрир қилишга руҳан мойил бўлмайди. Вақт топиб, иродасини тўплаб, қайта ишлаганда (таҳрир қилганда) эса, баъзан асарини бузиб қўйиши мумкин. Айтадилар-ку, “қош қўяман деб…” Қатъий назар, “Ёлғизлик”, “Сабо ва Самандар” каби асарларимни қайта кўриб чиқиб нашр қилдим, “Исён ва итоат”ни ҳам нашрга тайёрлаб қўйганман. Энди навбат “Мувозанат”га етди.
Бу йил тупроқ баҳосига тушган буғдой, эҳтиёжга қараб, келаси йил олтин баҳосида сотилиши мумкин, дейди Румий ҳазратлари. Адабиётнинг ўрни ва аҳамияти ҳам тахминан шунақа. Умуман, ҳаётимиздаги моддий ва маънавий – ҳамма нарсанинг баҳоси гоҳ тушиб, гоҳ кўтарилиб туради. Аммо ёдда тутмоғимиз керакки, буғдой ё адабиёт ўз-ўзича қадр топиб ё қадрини йўқотиб қолмайди, уни қадрли ё қадрсиз қиладиган куч, бу – инсоннинг, жамиятнинг уларга бўлган муносабати, эҳтиёжи.
Туриб-туриб атрофимдаги одамларга, ҳатто бутун оламга қарата: “Адабиётсиз қандай яшаш мумкин?!” деб ҳайқиргим келади. Баъзан бу истагимни яқинроқдаги айримларга айтаман ҳам. Улар индашмайди-ю, ғалати қилиб қараб қўйишади. Аммо шу қарашлари ичига жавобни жойлаб улгуришган бўлишади: “Кўзларингни каттароқ очсанг-чи, тентак, ҳозир адабиёт билан яшаб бўларканми?!..”. Биласизми, ана шу атрофдагилар бориб-бориб инсониятнинг жамига айланмасайди, деган ҳадик гоҳ-гоҳ бағримга тушиб, уни ўтдек куйдиради. Бошқа томондан эса, адабиётнинг ёруғ келажагига умидим ҳам борлигини айтиб ўтай: “Умидим улки, умидингга етгил” дейди ҳазрат Навоий.
Адабиёт одамлардаги ва жамиятлардаги турли хил руҳий хасталикларни ўзига шимиб олиб, уларни даволайди, деган гап ҳам бор. Бу гапнинг шарҳига киришмайман. Чунки унинг маъноси шунчалар теранлардаки, унга ҳар кимнинг ўзи етиб бормаса, қўлидан тутиб олиб бориш амри маҳол. Умуман олганда, дунёнинг шундай ҳақиқатлари борки, уларга фақат ишора қилинади. Ишорадан англаган англади, англамаганга ҳеч қачон, ҳеч қандай шарҳ ёрдам бермаган, бермайди!
Жаҳон тарихига эътибор берсангиз, адабиёт гуллаб-яшнаган даврларда мамлакатлар ҳам камол топган. Тарихчилар буни акс томондан тушунтиришади ва тўғри қилишади. Яъни, аввало, мамлакат сиёсий-иқтисодий томондан ривож топади, шунинг негизида маданият, санъат ва адабиёт илгарилаб кетади, дейишади улар. Орий рост. Аммо сира унутмаслик лозимки, санъату адабиётнинг равнақи у ёки бу юртнинг сиёсий-иқтисодий ва маданий жиҳатдан чиндан ҳам ривож топиб-топмаганлигининг бир барометри, кўрсатгичидир. Навоийни олайлик. Бу адабий ҳодиса темурийлар асос солган қудратли империя негизида пайдо бўлмадими! Кўзи оёғининг остидан нарини кўролмайдиганлар “Навоий Темурдан қанча кейин, устига устак, Бойқаро ҳукмронлик қилган мамлакатда яшади, нима алоқаси бор?” дейиши мумкин. Бир қарашда тўғридек, аммо теранроқ назар ташласак, Навоийга ўша журъатни ким ва нима берди? Темур ва у асос солган империяни тушуниш, ҳис қилиш эмасми? Навоийгача туркий тил ҳарб тилигина деб билинар, бу тилда нафис адабиёт яратиш мутлақо мумкин эмас, дейиларди. Вақти-соати келиб эса, айнан Темур ва темурийлар қудрати Навоийдек зотга дунёга бошқача нигоҳ – юксаклардан туриб қараш имконини туҳфа этмадими?.. Йўқса, Навоийдан олдин, бадиий даҳоси Навоийникидан асло кам бўлмаган, асли туркий бўлган Мавлоно Румий, Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, кейинроқ Абдулқодир Бедилга ўхшаган қанча улуғ зотлар яшаб ўтмади, дейсиз. Нега улар ўзларининг асосий меросини форсийда битиб қолдиришди? Нега улар Навоий уддалаган ишга азму қарор кўрсатишмади? Нима, уларда Навоий ўйи ва жасорати йўқмиди? Ёки даҳолик кучлари Навоийникидан кам бўлганми?.. Асло ва асло! Навоийнинг ўзи Румийни “Буюкликнинг кўз илғамас чўққиси” деб таърифлайди. Хўш, у ҳолда нима учун Навоийгача ҳеч ким бу ишга Навоий даражасида аҳамият бермади?.. Гап шундаки, Навоий даҳоси Темур ва темурийлар яратиб берган қудратли империяда ҳукм сурган давр кайфияти билан учрашиб-топишиб-чиқишиб қолди! Шунинг учун ҳам тарих бизга Навоийни, унинг бадиий даҳосини тортиқ қилди! Қиёс учун рус адабиёти тарихига назар солсак, ХVIII асрдан эътиборан Россия қудратли давлатга айлана бошлади: дунёга бошқа кўз билан боқиб, сўзини ўтказишга киришди, сарҳадларини кенгайтирди ва ҳ.к. Шу кўтарилишнинг миллат руҳиятидаги инъикоси сифатида Пушкин, Лермонтов, кейинроқ, Толстой, Достоевский, Чеховлардек жаҳон миқёсида тан олинган ижодкорлар етишиб чиқди.
Энди масаланинг бошқа томонига эътиборингизни жалб этмоқчиман. Хўш, Навоий бўлмаганда нима бўларди? Унда Темур яратган империя тарихий бир тасодиф ўлароқ талқин қилинармиди? Ана, Чингизхонни олинг. Тўғри, у ҳам Шарқдан Ғарбга чўзилган йирик империя бунёд этди. Лекин қани мазкур империя негизида пайдо бўлган маданият, санъат ва адабиёт? Қани Чингизхоннинг “Навоий”си?.. Темур халқ иродаси юксалишининг, асосан, сиёсий-ҳарбий ва иқтисодий жабҳадаги намойиши бўлса, Навоий худди шу халқ иродасининг руҳоний-бадиий кўтарилиши инъикоси бўлиб тарих майдонига чиқди. Яъни халқимиз Навоий даҳоси билан Темур даҳосининг, тасодифий эмаслигини, аксинча, у ҳам ақлий, ҳам маънавий-руҳоний жиҳатдан марказлашган улкан давлат яратиш даражасига етган илғор миллат эканлигини шу тарзда исбот қилди. Бас, шундай экан, дунёда адабиёту санъати ривож топмай туриб, ҳеч бир мамлакатнинг “биз шундай улуғмизки, биз ундай қутлуғмизки!..” дея оламга жар солишга маънавий ҳуқуқи йўқ. Чинакам маънода юксалган миллатнинг адабиёту санъати ҳам шунга яраша баланд бўлади, бўлиши шарт!
Бугунги ўзбек адабиёти ғоят ранг-баранг бир тарзда ўзини намоён этмоқда. Ранг-баранглик – ижод эркинлигидан далолат. Ижод эркинлиги ва адабиётдаги йўналишлар хилма-хиллиги, шубҳасиз, адабиётимизнинг ҳам, миллатимизнинг ҳам ютуғи. Аммо бу борада эришилганлар билан кифояланиб, ютуқларга маҳлиё бўлиш ярамайди. Эндиги вазифа – адабиётимизни дунё аренасига олиб чиқиш. “Жаҳон адабиёти” журнали орқали дунё адабиётини маънавий оламимизга олиб кирдик, жуда соз! Энди худди шунга ўхшаш бир тадбир ила ўзбек адабиётини ҳам кенг ва турфа оламга олиб чиқмоғимиз керак. Бу борада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Таржима кенгашида бир талай хайрли ишлар амалга оширилди, оширилмоқда. Лекин яна янги-янги йўлларни қидириб топишдан сира чарчамаслигимиз – давр тақозоси! Ҳаммасидан олдин эса, дунё аҳамиятига молик асарлар ёзиш керак бўлади. Адабиётимизга кўрсатилаётган шунча эътибор қаторида, назаримда, нуфузи жуда баланд саналадиган йиллик адабий мукофот таъсис этилса, нур устига нур бўлар эди. Бу мукофот энг сара, энг янги, адабиётимиз ва миллатимиз тарихида “Янги сўз!” мақомида баҳолангулик бадиий дурдона асарларга берилмоғи шарт! Яъни мукофотнинг қадри у раво кўрилган асарнинг даражаси билан белгилансин. Акси тақдирда, мукофотнинг обрўси қолмайди…
Дарҳақиқат, мулоҳазаларим сўнггида бир гапни айтиб ўтсам. Биласизми, “Ёшлик” журналига менинг бир қарзим бор. Бўлганда ҳам унча-мунча эмас, умрга татигулик. Фақат вақтлар ўтган сайин қарздорлик ҳисси миннатдорчилик ва меҳр-муҳаббат туйғуларига айланиб кетган. Бу туйғу, мана, йигирма олти йилдирки, мен билан ҳамнафас. Агар журналхонларимизни зериктириб қўймаган бўлсам, келинг, шу ҳақда батафсил сўзлаб берсам…
Бу воқеа ўтган асрнинг сўнгги чорагида, аниқроғи, 1987 йилда Украинанинг Белая Церковь шаҳри, “Киев ҳарбий округи”га қарашли горнизонларнинг бирида бўлиб ўтганди. Ёшим нақ 19 да, томирларда қон эмас, гўё олов оқади. Юрсам, оёғимдан қанот чиқиб вужудимни осмонларга учириб юборгудек бир палла! Яна денг, хизматдан озод бўлиб, уйга – жонажон Ўзбекистонимизга жўнаб кетишга саноқли ойлар қолган, тақвимга тикилиб, вақтнинг ҳисобини олиб юрган кезларим. Ана шундай кунларнинг бирида хизмат мақоми бўйича оддий аскар, яъни мен, украиналик дароз сержант йигит (омон бўлгурнинг фамилияси Хиврич эди) билан ҳозирги тушунчамга кўра арзимас бир масала устида гап талашиб қолдик-да, бирпасда жўжахўрозлардек олишиб кетсак бўладими… Ёшлик-да ёшлик…
Аксига олиб ўша куни “Киев ҳарбий округи” генерал-полковниги ёнимиздаги катта майдонда горнизон қўшинини кўрикдан ўтказаётган экан. Кимнинг иши бу? – билмадим, аммо “жўжахўроз”лар ўртасидаги келишмовчилик, кимсан – ўша генерал жанобларининг муборак қулоқларига етибди, қаранг! Хуллас, кўп ўтмай мени ўша майдонга, генералнинг қошига олиб боришди.
– Как фамилия, солдат?
Айтдим.
– Откуда родом?
– Из Узбекистана.
– Сколько служить осталось?
– Несколько месяцев…
– Нет, солдат! Ты ещё долго служить будешь. Как минимум 3 года, – деди у гулдураган бас овоз билан.
Менинг ичим музлаб, шошиб қолган тилим ғўлдиради:
– Извините меня, пожалуйста, товарищ генерал-полковник, больше не повторится, – дедим ёлборган оҳангда. – Я сам не знаю как это случилось…
– Скоро узнаешь и поймешь все в исправительной колонии. Понял? Как ты посмел ударить сержанта – вышестоящего по званию, тебе там все обяснять. Так что иди, позови командира роты!
Мен энди тамоман эсанкираб қолаёзгандим. “Наҳотки!.. Наҳотки, биринчи бўлиб қўл кўтарган кишига жавоб қайтарганим учун мени қамаб юбораверишса?!”, – дея даҳшатга тушдим. Ахир, бу бор-йўғи иккита бўз йигитчанинг оддий бир тўқнашуви-ку!..
– Кругом! – буйруқ берди баланд ва жаҳлдор овозда генерал.
– Поймите меня правильно, он сам первым начал, а я ответил… – вазиятни тушунтирмоқчи бўлдим ўзимча, аммо бу билан унинг ғазабини баттар қўзғаб қўйган эканман.
– Ты так ответил, что бедняга чуть не угодил в больницу! Вот такой, твой ответ, да?!..
– Прощу простить меня…
– Кругом!
Мен ноилож қолдим ва честь бердим-да, ортга бурилдим.
– За командиром ша-го-о-ом марш!
Мен карахт ҳолда тўғрига қараб одим ота бошладим ва… шу он ортимдан яна “Стой!” деган буйруқни эшитдиму, юрагим ҳапқириб тақа-тақ тўхтадим.
– Кругом!
Мен тағин генералга юзланиб қолдим.
– Что у тебя в сапоге? – сўради у кутилмаган қизиқиш билан.
– Журнал… – дедим янги бир айб устида қўлга тушгандек икки карра бўшашиб.
– А ну-ка, дай-ка сюда.
Мен этигим қўнжига икки буклаб тиқиб қўйганим журнални чиқариб бердим. Генерал журнал юзини тўғрилаб, ўқиш учун ён томонга бурди. (Чунки журнал исми вертикалига ёзилганди-да). “Ешлик” деб ўқиди у “ё” ҳарфини “е”га айлантириб. (Ўзим нима ҳолдаман-у, ўша лаҳзада кулгим қистаганига ўлайми…)
– Узбекский журнал, да? – сўради у мендан.
– Так точно! – дедим овозим аранг чиқиб.
– Как переводится этот твой “Ешлик”?
– Юность, – жавоб бердим мен.
(…Оҳ, Яратган Эгам! Менинг қутулишим шу биргина сўзга боғлиқ бўлиб турган экан-ку!
Генерал кўзини журналдан узиб, узоқларга қадади. Бирпасдан сўнг эса эшитилар-эшитилмас қилиб “Ах, юность, юность!..” деди ўзига ўзи ва чуқур-чуқур хўрсинди. Мен индамай кутдим… узоқ кутдим… Бир маҳал генерал ҳушини тўплаб олиб менга боқдию, “Ладно, солдат, я тебя прощаю. Иди к своим, иди…” деди негадир энди маъюс оҳангда. Унинг беш дақиқа бурунги момоқалдироқдек гулдираган овозидан асар ҳам қолмаганди, ажаб…
Олис ёшлик чоғим – ўн тўққизимда мен ўшанда нима воқеа содир бўлганини, гапнинг сираси, ёлчитиб тушунган эмасман. Чунки у пайтда “генерал бирданига шаштидан тушдию, мен тайин балодан бебилиска қутулиб қолдим”, деб билганман. Воқеанинг мағзини эса, мана энди, чинакамига чақаяпман, десам, муболаға бўлмайди. Чунки биргина “Юность”, яъни “Ёшлик” деган сўз ҳаётнинг аччиқ-чучугини анча-мунча тотиб қўйган генерални ажаб эмаски, ўз ёшлиги сари етаклаб кетган ва уни бир муддат ўша ажиб лаҳзаларда кездирган бўлса! Ва у хаёлан ёнгинасидаги плац – аскарлар саф тортиб турган ҳарбий майдондан ўша олис ёшлик чоғларига хаёлан сафар қилган, шунда ўзининг ҳам гоҳида қизиққонлик қилиб, ҳозирги “жўжахўрозлар” каби ёқалашиб юрган кезларини кўргану, бундай “гап”лар ёшлар учун, ёшлик учун нафас олишдек табиий эканлигини англаган, наинки англаган, балки юрак-юракдан ҳис қилган, инчунин, мени жазолашга эмас, кечиришга эҳтиёж туйган бўлса, не ажаб!..
Мен бугун ўша олис воқеани шундай тушунаман ва тушунтираман. Унинг ўзга талқини йўқдек мен учун… бугун!..
Воқеан, камина, орадан 25-26 йил ўтгач, “Ёшлик” журнали, бу журналга ярашиғлиқ ном бўлиб тушган “ёшлик” сўзининг мазмун-моҳияти ёшлигимда мени ана шундай бегона ва аччиқ қисматдан халос этган ҳамда бугунги тақдиримга қараб одим отишимга ўз ҳиссасини қўшган экан, дегим келади. Ва “Шундан кейин ҳам сўзнинг, муборак каломнинг қудратини писанд қилмай кўргин-чи!..” деб қўяман ўзимга ўзим.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 9-сон.