Шоҳида Исоқова. “Навоий” романи француз тилида (2005)

Ойбекнинг “Навоий” романи ўзбек адабиётида яратилган энг сара асарлардан биридир. Романнинг 1945 йилдаги муҳокамасида ёзувчи М.Шайхзода, И.Султон, Э.Бертельслар роман ўлмайдиган асар бўлиши билан бир қаторда йирик сиёсий ҳужжат ҳамдир, деб таъкидлаганлар. Орадан бир оз вақт ўтгач, икки рус таржимони М.Салье (1945) ҳамда П.Слётов (1946)ларнинг романга мурожаат қилиши ва бу русча таржималар асосида Алис Оран томонидан 1948 йилда француз тилига ўгирилиши асар ўзбек адабиётининг юксак намунаси эканлигидан далолат беради.

Асарнинг француз тилидаги таржимасини ўзбек-француз таржимачилиги тараққиётидаги муҳим босқич сифатида баҳолаш мумкин. Хусусан, ўзбек-рус-француз тиллари доирасидаги тарихий асарлар таржимачилиги силсиласида ушбу асар ўгирмаси катта тарихий ва амалий аҳамиятга молик.

“Навоий” романини таржима қилиш жараёнида таржимонлар кўп ўринларда муваффақиятга эришганлар ва шу билан бирга камчиликлар ҳам йўқ эмас. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, асарнинг француз тилидаги таржимасида йўл қўйилган хатолар аксар ҳолларда русча ўгирмасидаги камчиликларнинг такрори сифатида намоён бўлган.

Ойбекнинг “Навоий” романи XV аср ўзбек халқи ҳаёти, урф-одати ва табиати миллий заминда берилган тарихий асардир. Ойбек “Навоий” романини ёзар экан, роман марказига биринчи навбатда Навоийнинг тарих олдидаги, инсоният олдидаги масъулияти муаммосини қўйди, шу боис Навоийнинг кенг қиёфадаги ижтимоий-сиёсий фаолияти тасвирини биринчи ўринга чиқарди. Ойбек учун Навоийнинг тарих ва инсоният олдидаги улкан масъулиятини чуқур ҳис қилиш, унинг инсонпарварлик интилишларини ҳар томонлама кенг ва теран бадиий гавдалантириш муҳим эди. Ойбек қаҳрамони сиймосида замонамиз учун ҳамоҳанг бўлган зарур томонларни кўра билди ва тўғри белгилади, айни пайтда юксак даражада бера олди. Шунинг учун ҳам “Навоий” романи сара асарлар қаторидан жой эгаллаган.

Ёзувчи яратаётган образининг характеридаги асосий хусусиятларни илғай олди ва образни тўлалигича китобхонга етказиш учун барча бадиий-тасвирий воситалардан унумли фойдаланди.

Асарда катта маҳорат билан тасвирланган Навоий портрети ўзбек адабиётида яратилган мукаммал портретдир. Ойбек биринчилардан бўлиб, қаҳрамоннинг ташқи кўриниши орқали унинг психологияси, характери, ички дунёсини кўрсатишга эришди. Ёзувчи шоир сиймосини қуйидагича тасвирлайди:

“Шоирнинг бошида учли кўк тақяга силлиқ ўралган кўркамгина салла. Эгнида ­ ичидан одми шоҳи тўн, устидан яланг қўнғир мовут чакмон… Ўттиздан ошмаган бўлса ҳам, Навоий ёши улуғроқдек кўринарди. Қомати ўртадан баланд, ингичка, лекин пишиқ, бармоқлари узун ва нафис; қора ва қисқа соқоли, хушбичим мийиқлари текис ва силлиқ; ёноқлари чиқиқроқ, кенггина юзида доимий тафаккурнинг асл маъноси, маънавий қудрат ва енгил, гўзаллаштирувчи бир ҳорғинлик жилваланади. Қобориқроқ қовоқлари остидаги қийғоч кўзларида гўё тафаккур ва хаёл билан бирга қандайдир ирода кучи ифодаланади”.

Ойбек кенг маънодаги сўз санъаткоридир. Ёзувчи Навоий портретини шундай тасвирлайдики, беихтиёр кўз ўнгимизда баланд бўйли, истараси иссиқ, иродали ва қатъиятли шоир сиймоси гавдаланади. Адиб бадиий маҳоратини қуйидаги сатрларга сингдирган: “… юзида доимий тафаккурнинг асл маъноси, маънавий қудрат ва енгил гўзаллаштирувчи бир ҳорғинлик жилваланади… кўзларида гўё тафаккур ва хаёл билан қандайдир ирода кучи ифодаланади”. Бу нарса портретга “жон киргазади”, “жилваланади” сўзи “доимий” сўзи билан бир-бирига ҳамоҳанг тарзда уйғунлашиб, портретни “ҳаракатга” келтиради. Шоирнинг юзида акс этиб турган ҳорғинлик ҳам қандайдир одамга оғир ботувчи, одамни эзувчи ҳорғинлик эмас, балки ўзига ярашган, гўзал, енгил ҳорғинликдир. Агар эътибор қиладиган бўлсак, санъаткорлар ­ ёзувчими, рассомми, ҳайкалтарошми портрет яратишда образнинг кўзларига диққатини жалб қилади. Чунки кўзлар инсоннинг бутун ички дунёси, борлиғини ўзида акс эттириб туради. Зеро, кўз ­ кўнгил кўзгусидир. Навоий характерининг муҳим томонлари ­ қатъиятлилик, сермушоҳадалик, билимдонлик каби хислатлар унинг кўзларида ўз аксини топган.

Ойбек сўзларни танлаб ишлатади. Портрет тасвирида ҳам саллага кўркамгина, бармоққа пишиқ, нафис, мийиққа хушбичим, кўзга қийғоч, ҳорғинликка енгил, юзга нисбатан эса гўзал сифатларини қўллайди. Буларнинг барчаси арзимас нарсадек туюлса-да, образни характерловчи асосий қирраларни очишга хизмат қилган муҳим унсурлар саналади.

Таржимонлар Навоий портретини қуйидагича ўгирганлар:

“На голове Алишер возвышалась чалма, тщательно, со вкусом намотанная на остроконечную синюю тюбитейку. На плечи был накинуть неяркий шелковый халат, а поверх него ­ чекмень из простого темно-серого сукна.

Навои было не больше тридцати лет. Он был выше среднего роста, тонкий, но крепкий; черная короткая борода и усы были тщательно подстрижены. На широком лице, с несколько выдавающимся скулами, лежал благородный отпечаток большой духовной силы. В раскосых глазах под припухшими веками отражалась глубокая мысль, мечтательность и сила воли” (М.Салье).

“Навои не было тридцати лет. Он был выше среднего роста, тонкий, но крепкий; пальцы его длинны и изящны, черная борода и красивые усы ровно подстрижены. На широковатом лице, с несколько постоянной задумчивости, духовной силы и легкого утомления, придававшего ему своеобразию прелесть. В раскосых глазах под припухшими веками светилась мысль и сила воли. Голова Алишера была покрыта чалмой; гладко намотанной на остроконечную синюю тюбитейку, неяркий шелковый халат, а поверх него ­ чекмень из простого темно-серого сукна” (П.Слётов).

“Navoi n’avait pas encore trente ans. D’une taille au dessus de la moyenne, il etait svelte, mais vigoureux; ses doigts etaient longs, d’une forme, elegante, sa barbe noire ef sa jolie moustache soigneusement taille’es. Son visage assez large, aux pommettes legerement saillentes, portait la noble empreinte d’une meditation constante, de la force d’ame et d’une legere lassitude qul lui conserait une charme particulier. Dans ses yeux obliques, sous ses poupieres un peu gonflees, brillaient la pensee, le reve et la volonte. Alisher portait un turban soigneussment enroule; sur une calotte bleue pointue, sur ses epaules etait jete un khalat de soie aux couleurs delicates, et par-dessus, un tchekmene de simple drap gris fonce” (А.Оран).

Навоий портретининг русча ва французча матнлари қиёсланганда гўё ҳамма нарса жойидагидек, рус ва француз таржимонлари ўзбекча матнни “қотириб” таржима қилган, Навоий сиймосини ҳар икки тилда ҳам тўғри қайта яратгандек туюлади. Бироқ матнларга чуқурроқ ёндошадиган бўлсак, таржималардаги камчиликлар яққол кўзга ташланади. Масалан, аслиятда Ойбек Навоийни таърифлаб шундай ёзади: “Ўттиздан ошмаган бўлса ҳам, Навоий ёши улуғроқдек кўринади“. Ҳар икки рус таржимони эса бу жумлани “Навоий ҳали ўттизга ҳам тўлмаган эди” (“Навои было не больше тридцати лет”, М.Салье; “Навои не было тридцати лет”, М.Слётов) деб оддийгина таржима қилишган. Уларнинг бу хатоси француз тилида ҳам сақланган: “Navoi n’aviat pas encore trente ans” (А.Оран). Натижада Навоийнинг ўз ёшига нисбатан улуғроқ кўриниши таржималарда ўз аксини топмаган. Бунинг устига ҳар иккала русча таржимада ҳам, французча таржимада ҳам ўттиздан ошмаган ўзбек адибининг табиий “қора ва қисқа соқоли” турлича талқин қилинган.

Эътибор беринг:

М.Сальеда: “черная короткая борода и усы были тщательно подстрижены” ­ “қора қисқа соқоли ва мўйлови ҳафсала билан қирқилган эди”.

М.Слётовда: “черная борода и красивые усы ровно подстрижены” ­ “қора соқоли ва чиройли мўйлови текис қирқилган”.

А.Оранда: “sa barbe noire et sa jolie moustsche soigneusement taillees” ­ “қора соқоли ва чиройли мўйлови қунт билан қирқилган”.

Шу билан бирга ҳар уччала таржимон ҳам шоирнинг “хушбичим, текис ва силлиқ мийиқлари” га асло эътибор бермаган, яъни уларни таржималар матнига киритишмаган.

Ёзувчи образ яратар экан, қаҳрамоннинг майда қусурларигача тасвирлашга ҳаракат қилади. Баъзида адиб шундай унсурлар ишлатадики, улар қаҳрамоннинг ўзига хос томонларини, характеридаги муҳим қирраларини очиб беришга хизмат қилади. Ойбек Навоий портрети тасвирида “эгнида ­ ичидан одми шоҳи тўн, устидан яланг қўнғир мовут чакмон… бармоқлари узун ва нафис” деб тасвирлаб ўтади. Китобхон асарнинг кириш қисмидаги суҳбатдан ҳамда Навоийнинг эгнидаги кийим-бошидан унинг сарой аъёни эканлигини билиб олади. Бироқ Навоий шу билан бирга шоир, унинг қалам тутадиган бармоқлари ҳам шу боис узун ва нафис. Рус таржимони М.Салье бу нарсани арзимасдек қабул қилган шекилли, таржима қилмай ташлаб кетган. М.Слётов эса “пальцы его длинны и изящны” деб ўгирган. А.Ораннинг французча таржимаси ҳам М.Слётовнинг русча муқобилига мос келади: “ses doigts etаient longs, d’une forme elegante”. Бу билан М.Слётов ва А.Оран Навоийнинг жиддий ва жонкуяр давлат раҳбари бўлиш билан бирга нозиктаъб ва ҳассос шоир эканлигини ўз таржималарида бера олишган.

“Навоий” романининг таржимаси ҳар қанақа асарни таржима қилиш учун зарур бўлган тартиблардан, яъни асл нусха тилини, ҳаётини, халқ турмушини билишдан ташқари яна тарихий ҳужжатларни ўрганишни ҳам талаб қилади. Ёзувчи Навоий замонини, ўша даврдаги тарихий ҳужжатларни Навоий замондошларининг фикрлари, Восифий ва Бобирларнинг хотираларини синчиклаб ўрганган. Бу чинакам тарихнавис, изланувчан олимнинг иши эди. Таржималарни ёнма-ён қўйиб қиёслайдиган бўлсак бир-бирига жуда ўхшайди. Лекин синчиклаб ўрганилса М.Салье ўгирмасининг устунлиги кўзга ташланади. Унда тарихий давр руҳи кучлироқ сезилади. Таржимон М.Сальенинг ҳозирги замон ўзбек тилини, қадимги ўзбек тили ва бошқа шарқ тилларини билиши, муаллиф фикрини тўла тушуниши унга бу асарларни мукаммал таржима қилиши учун катта қулайлик туғдиради. Мутаржим ўзбек халқининг миллий маданияти, тарихи ва адабиётидан дурустгина назарий билимга эга эди. Асарни таржима қилишга бел боғлашдан олдин у араб тилидан “Минг бир кеча”ни ағдарган, роман таржимаси билан бир вақтда “Бобурнома”нинг янги таржимаси билан ҳам шуғулланган. Буларнинг бари Сальега давр руҳига кириб бориши, ўша замон руҳини бериш ва романда тасвирланаётган тарихий воқеаларни ўқувчи тўғри ҳис қила олишига кўмаклашиш имконини беради.

Навоийнинг жумлалари узун, маънодор ва тарихий китобий сўзларни кўп ишлатади. Булар китобхонга нотаниш бўлганлиги учун матн остига изоҳлаб борилади. Таржимонларни ютуғи, улар изоҳга ҳожат қолдирмасдан, сўзларнинг маъноларини матн ичида очиб боришга ҳаракат қилганлар, жарангдор, таъсирчанлиги Ойбек услубига мос тушади.

Лекин таржимонлар персонажлар нутқида қўлланилган тарихий давр нафаси сезилиб турган сўзларни, диалектизмларни таржимада замонавий, китобий сўзлар билан таржима қилганлар. “Ижод этмишдир”, “суратига чекилмишдир”, “истеъфо қилгай” ва шу каби сўзларнинг ишлатилиши асарни ўтмишдан олиб ёзилганлигини яққол кўрсатиб туради. Бу феъл кўринишини таржимада бериш анча мушкул.

Асарни рус тилига қайта яратишда таржимон ҳозирги замон рус адабий тили лексикаси воситаларига таяниб иш кўради. Лекин, айни вақтда у Шарқ адабий тили бойликларини рус тилида муваффақият билан бера олган. Автор нутқи ва айниқса, персонажлар нутқлари образлилигида, романтик кўтаринкилик, олижаноблик, пурвиқорлик яққол сезиларлидир.

Кечалари туркий тилда қалам тебратувчи шоирлар ўз шеърларини она тилида эмас, балки форс тилида ўқир эдилар. Бу ҳол ўз халқи, ўз она тилига чексиз меҳр қўйган шоир руҳий жароҳат туғдирмасдан қолмасди.

Романда шоир форсийпарастларга қарата шундай дейди:

“­ Биз форс тилининг қудрат ва аҳамиятини, у тилдаги асарларнинг ҳусни ва салобатини ҳеч вақт инкор этмадик… Аммо тилимизнинг афзаллиги биз учун улуғ ҳақиқатдир… Биз элимизнинг завқини, табиатини назарда тутиб, … туркона соз билан тараннум этайликки, элнинг юраги мавжга келсин… тилимизнинг форсидан бағоят баланд даражада экани бир ҳақиқатдир… форсийгўйлар бизнинг тилнинг вус’ати (изоҳ: кенглиги), ҳусни, зангинлиги (изоҳ: бойлиги) олдида сўз айтишдан ожиз қолурлар!” (165)

Ойбек бевосита асар тили орқали ҳам, образлар нутқидаги фикр-мулоҳазалар асосида ҳам миллий тилга катта эътибор билан қарайди, у бизни бугунги кунда ҳам ибрат кўзи билан қарашга ундайди.

Навоийнинг сўзлари киноя ва кесатиқдан холи, ўз тилига ишонч ва эътиқоди кучли, турк тилининг афзаллигини исботлашга қаратади. Мазмунни “Тилимизнинг форсидан бағоят баланд даражада экани бир ҳақиқатдир” мисраларига сингдиради. Бир қарашда шоир туркипарастдек кўринади. Адиб биргина сўз билан вазиятни мувозанатлайди. “Аммо тилимизнинг афзаллиги биз учун ҳақиқатдир” деса, иккинчи мисрада “Форс ашъори элимизнинг завқи учун бегонароқдир” дейди. Гапда қўшимчалар ҳам катта рол ўйнайди.

Бизда кўп ҳолларда архаик қатламини қандайдир кераксиз, баъзан, ҳаттоки зарарли, ортиқча нарса деб қаралади. Ваҳоланки, бу тамомила тўғри эмас. Архаик сўзлар “ҳақиқий бебаҳо хазинадир”. Чунки улар воситасида луғатнинг кўп маънолик хусусияти ошади ҳамда махсус шеърий маъно ва лисоний муҳит яратиш учун катта имконият юзага келади.

Маълумки, француз тилининг бобокалони лотин тили ҳисобланади. Ҳолбуки, ҳали қадимий француз тили қарор топган даврдаёқ лотин тили ўлик тиллар қаторига ўтиб улгурган эди. Шунинг учун ҳам М.В.Ломоносов ўз аждодларининг тилини тушунмайдиган халқ деганда французларни назарда тутган. Шу тариқа француз тили ўзининг негизи бўлмиш лотин тилидан батамом узилиб қолиши оқибатида унда архаик сўзлар сони ҳам жуда кам миқдорни ташкил этади, борлари ҳам фақат мақол, матал, идиомалар таркибидагина шартли тимсол сифатида сақланиб қолган, холос. Демак, француз тилида архаизм фақат лексикологик пландагина ўрганилиб, услубий маънога эга эмас.

“Навоий” романининг рус ва француз таржимонлари ҳам тарихий романда тасвирланган давр руҳини беришда архаик ва китобий лексикадан кўнгилдагидек фойдалана олмаганлар. Уларнинг таржималарида китобий лексика жонли сўзлашув лексикаси билан, қадимги тил лексикаси эса ҳозирги лексика билан алмаштириб юборилган. Масалан, ёш олимлар ­ Султонмурод билан Зайниддин Алишер Навоийнинг Ҳиротга келишини ҳозиргина эшитишади.

“Истиқболларига чиқмоқ керак, ­ ўрнидан қўзғалди Султонмурод”. “Надо пойти его встречать, ­ проговорил Султанмурад, тут же вскочив с места”.

Романда Султонмурод Навоий ҳақида III шахс кўпликда ҳурмат ва илтифот билан гапиради. Адиб “кутиб олмоқ керак” демайди, балки “истиқболларига чиқмоқ керак” дейди. Русча таржимада Султонмуроднинг “Надо пойти его встречать” деган жумласи француз тилига ўгирилганда худди аслиятдагидек жаранг­лайди: “il faut se porter a sa rencontre”. Бу ерда “se porter a sa rencontre” француз турғун ибораси айнан ўзбекчадаги “кутиб олгани чиқмоқ, истиқболига чиқмоқ” маъносини беради. Таққосланг: “a la rencontre de… en se trouvant face a face aves qqn qu’on recontre, et mod. En allant vers qqn, au devant de lui” ­ “Кимнинг­дир олдига пешвоз чиқиб, кутиб олиш”.

“Навоий” романининг таржималари қиёслаганда бир-биридан жуда оз фарқ қилади. Лекин синчиклаб ўрганилса, кўпгина мисралар ташлаб кетилгани кўринади. Жумладан, иккала таржимада ҳам Биноий билан Навоий ўртасидаги турк ва форс тилини чоғиштирувчи парча акс этмаган. Навоийнинг она-Ватанга бўлган муҳаббати айниқса унинг Хўжа Афзал билан бўлган суҳбатида янада кучлироқ сезилади. Лекин асарнинг рус ва француз вариантларида шоирнинг кўзларида ёнган ватан туйғуси кўринмайди.

Айни дамда русча вариантда шоирни Ҳиротда қийнаган туйғулар, базўр саломат қолган дўсти берган маълумотларни ғазаб ва алам билан ўйлаб, улардан тегишли хулосалар чиқариш билан машғул ҳолати ташлаб кетилган. Табиийки, бу ҳол асарнинг французча вариантидан ҳам тушириб қолдирилган.

Муайян асарнинг у ёки бу қисмини қисқартириб таржима қилиш орқали ҳам муаллиф услубини тўғри тиклаш мумкин, бироқ маълум бир парча ёки жумлалар қисқартириб юборилар экан, ўқувчи асарнинг асл нусха услуби, унинг миллийлиги ҳақида тўғри тасаввур ололмайди.

Нима бўлганда ҳам, Ойбекнинг “Навоий” романи нафақат ўзбек, балки дунё халқларининг сара асарлари қаторидан мустаҳкам ўрин олган. Бунда, албатта, таржимонларнинг ҳиссалари беқиёс, меҳнатлари таҳсинга сазовордир. “Навоий” романи асарнинг жисмини эмас, руҳини ҳам кўрсата оладиган мутаржим ­ ижодкорлар қўлидан ўтган. Вольтер таъкидлаганидек, “сўз ўлдиради, руҳ ҳаёт бахш этади” деган гап худди шундай таржималар учун ўринлидир.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 1-сон