Муҳаммаджон Холбеков. Таржима амалиёти: ютуқлар ва муаммолар (2012)

Бироқ жаҳон адабиётидан ўзбек тилига ва ўзбек адабиётидан дунё тилларига ўгирилган кўплаб таржима асарлари ҳали-ҳануз ўз баҳосини олгани йўқ. Бу таржималарнинг айримлари ҳақидагина тақриз ва мақолалар ёзилди, холос.

Таниқли адабиётшунос олим ва таржимон Иброҳим Ғафуровнинг жасорати, машаққатли меҳнати самараси ўлароқ ўзбек китобхони машҳур ирланд адиби Жеймс Жойснинг “Улисс” романини она тилида ўқишга муяссар бўлди. Бу асар таржимасининг маданий ҳаётимизда воқеа бўлгани ҳақида матбуотда А.Саидов, Х.Дўстмуҳаммедов, Т.Жўраев сингари олимларнинг мақолалари ҳам эълон қилинди. Шунингдек, инглиз тили мутахассиси, ЎзМУ докторанти Тоҳир Умрзоқовнинг “Жаҳон адабиёти” (2010, 1-сон), “Звезда Востока” (2011, 1-сон), “Шарқ юлдузи”(2012, 1-сон) журналларида “Улисс” романининг русча ва ўзбекча таржималарига доир кузатишлари босилди. Мақолаларининг бирида муаллиф шундай ёзади: “Аслиймонанд таржимага эришиш учун аслият бадиий-эстетик қиммати, икки тил лисоний воситаларининг луғавий мувофиқликлари ҳамда аслият мансуб бўлган халқнинг моддий, маънавий, сиёсий ва иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ омиллар таржимада тўлақонли акс эттирилиши лозим”. Бу ўринли, айни пайтда, амалга оширилиши ўта мушкул талаб. Айниқса, “Улисс”дек мураккаб матнли асарни ҳатто инглиз тилини мукаммал эгаллаган таржимон ҳам аслиятга адекват ҳолатда ўгиришнинг уддасидан чиқолмаса керак. Зотан, “Улисс” (1922) нашр этилгандан буён бу асар ҳақида юзлаб ­тадқиқотлар яратилган бўлса-да, романнинг туб моҳияти ва мазмуни, услуби ва тили, муаллифнинг маҳорат қирраллари ҳақида олимлар ҳануз якдил бир фикрга келолганлари йўқ.

Романни аслиятидан рус тилига ўгирган В.Хинкис ва С. Хоружий ҳам ўз таржималарини “Улисс”ни таржима қилиш йўлидаги илк уриниш, “уни аслиятга монанд таржима дейишдан йироқмиз”, дея тан олишади. Шу боис, Т.Умрзоқовнинг “изланишларимиз шуни кўрсатдики, рус таржимонлари Хинкис ва Хоружийнинг аслият тили мутахассиси эмасликлари туфайли “Улисс” асарининг русча ва ўзбекча таржималарининг аслиймонандлиги ҳақида гапириш ўринли бўлмайди”, деган фикри баҳсли туюлади. Она тилимизга “Уруш ва тинчлик”, “Тинч Дон”, “Декамерон”, “Бовари хоним”, “Жиноят ва жазо” ва яна бошқа ўнлаб дурдона асарларни юксак маҳорат билан ўгирган таржимонлар “аслият тили мутахассиси” эмас эди. Таржимондан тилшунос мутахассис бўлишни талаб қилиш ўринлимикан?

Мақола муаллифи рус таржимонларини “Улисс” матнини реал англаб етмаганликда, “компонент таҳлил методидан фойдаланмаганлиги оқибатида таржимада аслиятда мужассамлашган маънони нотўғри талқин қилганликда” айблайди. Фикрини аслият ва таржимадан мисоллар келтириб исботлашга уринади. Ҳатто матнда учровчи биргина “fearful” сўзининг изоҳли луғатлардаги етти хил маъносини келтириб, улардан аслиятда қўлланилган “fearful Jesuit” (“буюк иезуит”) маъносини тушуниб етмаган ҳолда, рус тилига “иезуит несчастный” (“разил шайтон”) қабилида таржима қилиб хатога йўл қўйганлигини танқид қилади. Муаллиф фикрича, “бевосита таржимани амалга оширадиган таржимон лингвистик таржимашунослик назариялари билан суғорилган аслият тили мутахассиси бўлган филолог-олим бўлиши мақсадга мувофиқ”.

Европада катта шов-шувга сабаб бўлган “Улисс” романини французлар, италянлар, руслар, ҳатто грузинлар ҳам ўз тилларига таржима қилишга уриниб кўрдилар, аммо бунинг уддасидан чиқиш қийин кечди. Орадан йиллар ўтиб, “Улисс” таржимасини якунлаш Хинкис ва Хоружийга насиб этди. Романни тилимизга ўгиришни эса моҳир таржимон ва мунаққид Иброҳим Ғафуров уддалади.

Мақола муаллифининг таржимонларга билдирган эътирози ва талабига қўшилиб бўлмайди. Аслият тилини мукаммал билган тилшунос олим-таржимонлар бармоқ билан санарли бўлиб, улар ҳам юксак таржима асари яратишга ўзларини қодир, деб ҳисобламайдилар. Масалан, ўтган асрнинг 40-йилларида Шекспирнинг “Ҳамлет” фожеасини рус тилига Пастернак, Лозинский ва Морозов каби сўз усталари ўгиришганди. Улар орасида профессор Морозов инглиз тилини мукаммал эгаллаган шекспиршунос олим эди. Шундай бўлса-да, у “Ҳамлет”нинг шеърий таржимасига журъат этолмади ва асарнинг аслиятдан насрий таржима матнини яратди. Орадан қарийб етмиш йил ўтган бўлса-да, Пастернак ва Лозинский таржималари пешма-пеш чоп этилиб келинмоқда. Тўғриси, Пастернак ҳам, Лозинский ҳам инглиз тилини мукаммал билган эмас. Б.Пастернак Гёте “Фауст”ини таржима қилганида, М.Лозинский Данте “Илоҳий комедия”сини ўгираётганида немис ва италян тилларининг билимдонлари бўлганмидилар? Йўқ, албатта. Улар, аввало, ижодкор, сўз устаси ва маҳорат эгаси эдилар.

Шундай ҳолни ўзбек таржимачилигида ҳам кўриш мумкин. Масалан, Эркин Воҳидов немис тилини мукаммал билган тилшунос-олим бўлмаган ҳолда Гётенинг “Фауст”ини ўзбек тилига маромига етказиб таржима қилди, Абдулла Орипов италян тили мутахассиси бўлмаса-да, Дантенинг “Илоҳий комедияси”ни ўзбек тилига санъаткорона ўгирди. Айни пайтда немис тили мутахассиси, фидойи таржимон ва сўзшунос Поша Али Усмон умрини “Фауст”ни аслиятдан таржима ва талқин қилишга бахш этди. Ниҳоят, асарни бевосита ўзбек тилига таржима қилиб, нашр эттирди ҳам. Бироқ тилшунос-олим “Фауст”нинг ўзбек тилида мукаммал таржимасини яратдим, дея даъво қилмаган ҳолда ҳамон Эркин Воҳидовнинг таржимонлик маҳорати қаршисида таъзим этади. Хулоса шуки, Т.Умрзоқовнинг “Улисс” таржимонлари Хинкис ва Хоружий ҳамда И.Ғафуровни аслият тилини мукаммал билмаганликда, уларнинг лингвист-олим бўлмаганликлари сабабли аслият матнини тушуниб таржима қилолмаганликда айблаши ўринли эмас. Энг муҳими, ҳар уччала таржимоннинг “Улисс”дек мураккаб асар таржимасига киришганликларининг ўзи катта жасоратдир.

Шу ўринда Т.Умрзоқов мақоласида келтирилган бир мисолга эътибор қаратайлик. И.Ғафуров таржимасида:

Дўстлар ичайлик хола учун,
Бордир холаси Маллиганнинг,
Саранжом-саришта рўзғори,
Хонадони Ҳанниганнинг…

Мақола муаллифи эса бу мисраларнинг қуйидагича таржимасини таклиф қилади:

Маллиганнинг холаси бўлсин саломат,
Сабабин сўрасангиз мен сизга айтай:
Хола фаросати ва саранжомлиги
Ҳанниган рўзғорин қилди саришта.

Оддий китобхон ҳам И.Ғафуров таржимасидаги бадиийлик жилоларини, айни пайтда Т.Умрзоқов таклиф этаётган вариантнинг бундай жозибадан мутлақо холи эканини англайди. Агар “Улисс”нинг таржимаси сўзма-сўз амалга ошириладиган бўлса, билмадик, роман матни қандай мазмун ва шакл касб этаркан.

Мақола муаллифи фикрича “рус тилига нотўғри таржима қилинган” “Улисс” романининг Хинкис ва Хоружий таржимаси дастлаб академик Д.Лихачёв сўзбошиси билан ва атоқли адиб ­Ч.Айтматовнинг назаридан ўтиб эълон қилингани, уларнинг эътирофига сазовор бўлганини ҳам эслаб ўтиш жоиз.

Профессор Акмал Саидовнинг “Таржимон жасорати” мақоласи (“Жаҳон адабиёти”, 2011, 12-сон) ҳам мазмунан, ҳам илмий жиҳатига кўра таржимон ва таржимашунослар назарига тушди. Муаллиф унда “Фауст” асарининг Эркин Воҳидов таржимаси ва достоннинг ғоявий-бадиий шакли хусусида фикр юритиб, таржимон маҳоратига таъриф бераркан ёзади: “Шуни айтиш жоизки, Гёте “Самодаги муқаддима”да “Фауст” фожеасининг ғоявий-фалсафий ва поэтик хусусиятларини очиб берган. Эркин Воҳидов “Муқаддима”нинг мавзуси, поэтик киноя ва фалсафий моҳиятини яхши илғаб олган. Шу билан бирга у Борис Пастернакнинг таржимасидан нусха кўчирмайди, балки аслиятга хос бўлган уйғунлик (оҳанг, воқеа ва тарона)ни аниқлаштиради, айни пайтда аслият мазмунига маълум даражада амал қилган ҳолда асарнинг бадиий тилини моҳирона шеърий куйга сола олган”.

Тўғри, “Фауст” таржимаси хусусида ўнлаб мақола ва диссертациялар ёзилган бўлса-да, профессор Акмал Саидовнинг юқоридаги мақоласи ўзининг фалсафий мушоҳадаларга бойлиги, теран таҳлил услуби билан сўнгги йилларда шу мавзуда яратилган салмоқли тадқиқот, дейишга арзигуликдир.

Умуман, кейинги йилларда таржима амалиёти ва назариясига оид изланишлар бир қадар жонланаётир. Чунончи, таржимон ва тадқиқотчи Бегойим Холбекованинг “Роберт Бёрнс шеърияти ўзбек тилида” (“Поэзия Роберта Бёрнса на узбекском языке”, “Звезда Востока”, 2011 3-4-сонлар) мақоласи инглиз-ўзбек таржимачилиги мавзусига бағишланган бўлса, таниқли тилшунос, Абдузуҳур Абдуазизов ва доцент Носир Қамбаровнинг “Филология масалалари” журналида чоп этилган мақоласи таржиманинг лингвистик тамойилларига бағишланган. Шунингдек, Тошкент давлат педагогика университетида “Олмоншунослик ва таржимашунослик муаммолари”, Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетида “Адабий алоқалар, адабий таъсир ва таржимашуносликнинг долзарб масалалари” ҳамда Жиззах давлат педагогика институтида “Бадиий таржима: тилшунослик, адабиётшунослик ва маданиятлараро алоқалар контекстида” мавзуларида бўлиб ўтган Республика илмий анжуманларида ҳам таржима назарияси ва амалиётининг долзарб масалалари ҳақида қизғин фикр юритилди, ўринли таклифлар, ғоялар ўртага ташланди.

Бадиий таржима назариясига бағишланган монография ва қўлланмалар ҳам бу соҳанинг ривожига туртки бераётир. Масалан, филология фанлари доктори Шуҳрат Сирожиддинов ва тадқиқотчи Гулноза Одилованинг “Бадиий таржима асослари” (“Мумтоз сўз”, 2011) рисоласида бадиий таржиманинг назарий ва амалий аспектлари, хусусан, бадиий таржимада эквивалентик ва адекватлик масаласи, таржиманинг прагматик (ўқувчининг матнга нисбатан муносабати) жиҳатлари, таржимада табдил (трансформация) усуллари ва таржима моделлари ҳақида назарий аспектда фикр юритилади. Шунингдек, муаллифлар йирик таржимашунос олимлар Я.Рецкер, А.Швейцер, Л.Бархударов ва В.Комиссаровнинг лингвистик таржима назариясига доир фикрларига таяниб: “Адекват таржима эквивалентликнинг олий даражаси бўлиб, унда аслиятнинг жанрий-стилистик талаблари, барча лисоний ва ғайрилисоний (экстралингвистик) омиллар ҳисобга олинган, максимал даражада ҳиссиёт ва аслият руҳи сақланган бўлади. Ҳар бир адекват таржима, албатта, эквивалент бўлади, аммо ҳар бир эквивалент таржимани адекват деб бўлмайди”, деб ёзадилар. Тўғри, таржимада эквивалентлик(муқобиллик)ка эришиш мумкин. Масалан, Лермонтовнинг “Демон” (У.Носир таржимаси), Пушкиннинг “Евгений Онегин” (Ойбек таржимаси), Шекспирнинг “Ҳамлет” (М.Шайхзода таржимаси), Гётенинг “Фауст” (Э.Воҳидов таржимаси), Дантенинг “Илоҳий комедия” (А.Орипов таржимаси), Ҳомернинг “Илиада” (Қ.Мирмуҳамедов таржимаси) асарларининг ўзбек тилига ўгирилган таржималарини аслиятга муқобил (эквивалент) таржималар, деб баҳолаш мумкин. Аммо бу таржималар нечоғли маҳорат билан ўгирилган бўлмасин, улар адекватликка даво қилолмайди. Умуман олганда, жаҳон таржимачилигида ҳам биронта аслиятга адекват таржима асарининг яратилганини билмаймиз. Бадиий таржима амалиётида том маънода адекватликка эришиш, яъни аслиятга “тенг”, “айнан ўхшаш” (“ad-aequo”) таржимани яратиш мумкин бўлмаган ҳолдир.

Рисоланинг иккинчи қисми шеърият таржимасида маъно ва миллий колоритни бериш, оҳанг, қофия ва вазнни қайта яратишга бағишланган бўлиб, кўпроқ амалий характерга эга. Ундан олий ўқув юртларининг бакалавриат ва магистратура тизимида таҳсил олаётган талабалар ҳамда тадқиқотчилар фойдаланишлари мумкин. Китобнинг номи (“Бадиий таржима асослари”) йирик монографик тадқиқот русумини талаб қилади. Мундарижада ҳам монографияга арзигулик муаммолар қайд этилган. Лекин мундарижадаги йигирмага яқин параграфда келтирилган муаммоли масалалар тўлиқ ечимини топмаган. Тўғриси, 162 саҳифали китобда қўйилган муаммоларни батафсил ёритишга имкон бўлмаган. Шундай экан, Ш.Сирожиддинов ва Г. Одилованинг ушбу китобини “монография” эмас, рисола русумидаги тадқиқот, десак маъқул бўлади.

Яна бир “монография” — филология фанлари номзоди Нигорахон Ўрмонованинг “Таржимада тарихий-архаик лексика ва давр руҳини акс эттириш” (“Мумтоз сўз”, 2011) номли рисоласи муаллиф томонидан ҳимоя қилинган номзодлик диссертациясининг айнан матнидан иборат бўлиб қолган. Ваҳоланки муаллиф расмий оппонентлар ва тақризчилар томонидан билдирилган фикрлар ҳамда эътирозларни ҳисобга олиб, диссертация мазмуни ва илмий концепциясини назарий жиҳатдан янада бойитиб нашр қилдирганида, бу ҳақиқий монография русумига жавоб берарли тадқиқот бўларди. 128 саҳифадан иборат номзодлик диссертациясининг нашрини монография, деб аташ мақсадга мувофиқ эмас. Уни рисола ёки қўлланма сифатида қабул қилиш мумкин, холос.

Умуман таржимашуносликнинг назарий масалалари бағишланган докторлик ва номзодлик ишлари билан танишганда ҳали бу борада бир қатор камчиликлар борлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, Зоҳид Содиқов “Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асари олмонча ва инглизча таржималарининг қиёсий таҳлили” мавзуидаги докторлик диссертацияси асосий мақсади “қадимги туркий обида бўлмиш “Қудатғу билиг” асарининг ҳозирги олмон ва инглиз тилларига таржималарини аслият билан қиёсий таҳлил қилишдан иборат”, деб белгиланган. Асарнинг Қ.Қаюмов амалга оширган ҳозирги ўзбек тилидаги табдили, академик В.Радловнинг олмонча, Р.Денкоффнинг инглизча таржима нашрлари ушбу тадқиқотнинг объектини ташкил этган. Ваҳоланки, З.Содиқов “Қутадғу билиг” асарининг немисча илмий-адабий талқинлари” мавзусида 1994 йил номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган эди. Хулоса шуки, олим ўзининг номзодлик ва докторлик диссертацияларида бир мавзуни бир хил таҳлил услуби, яъни таржималарни аслият билан қиёсий аспектда таҳлил қилишдан нарига ўтмаган. Ҳолбуки, бугунги жаҳон таржимашунослик илмида лингвокультурологик, лингвопоэтик ва лингвопрагматик таҳлил методлари кенг қўлланилмоқда. Бу илмий ишда эса, асосан, ўтган асрнинг 70-80 йилларидаги назарий фикрлар устувор бўлиб, сўнгги 10-15 йил ичида ғарблик ва шарқлик олимларнинг таржима назарияси борасидаги тадқиқотлари муаллифнинг диққат марказидан четда қолган.

Дарҳақиқат, кейинги 5-6 йил мобайнида ҳимоя қилинган таржима назарияси мавзусидаги номзодлик диссертацияларининг аксариятида бир хил таҳлил услуби кўзга ташланади. Жумладан, француз-ўзбек, ўзбек-француз таржимачилиги муаммоларига бағишланган илмий ишларда нафақат таҳлил методлари, балки мавзуларнинг бир-бирига ўхшашлиги ҳам кўзга ташланади: эътибор асосан миллий колорит, тарихий реалия ва архаик сўзларнинг таржимада берилиши таҳлилига қаратилган. Тадқиқотчилар ўтган асрнинг 70-80 йилларида яратилган илмий тадқиқотлардаги таҳлил қолипидан чиқиб кетолмаган, янгича илмий ёндашув, таҳлил усуллари кўзга ташланмайди.

Хулоса қилиб айтганда, мустақиллик даврида таржима амалиёти учун кенг йўллар очилди. Жаҳон адабиётининг энг сара асарлари тилимизга таржима қилинмоқда. Айни пайтда ўзбек адабиёти намуналарининг дунё тилларига таржима қилинаётгани, мумтоз ва замонавий адабиётимиз ҳақида хорижда тадқиқотлар яратилаётгани барчамизни қувонтиради. Юртбошимиз таъкидлаганидек: “… бошқа соҳалар қатори адабиёт соҳасида ҳам халқаро алоқаларни кучайтириш зарур. Қайси мамлакатда бизнинг адабиётимиз, маданиятимиз, қадриятларимизга ҳурмат билан қарашади, хориждан биз нималарни ўрганишимиз мумкин ва, ўз навбатида, уларга нималарни тақдим этишимиз мумкин – бугун бу масалалар халқаро майдонда ўзлигимизни намоён этишда катта аҳамиятга эга эканини доимо ёдда тутишимиз лозим”. Демак, таржима амалиётини янада жонлантириш, таржима назариясини замонавий дунё илми даражасига кўтаришга барчамиз масъулмиз.

Муҳаммаджон Холбеков,

филология фанлари доктори, профессор

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 17-сон