Мирзо Кенжабек. Тақдирга муҳаббат (Алишер Навоий ижодида тақдир тушунчаси)

Ҳазрати Алишер Навоийнинг тақдирга бўлган собит иймони ва ўчмас муҳаббати унинг барча асарларидан аёндир. У зотнинг бу ишончи асло таваккулига — ҳар ишда Аллоҳга қаттиқ таяниб иш кўришига, тадбир ва саъйу ғайратига халал етказмайди, аксинча, адиб шуларнинг ҳаммасини, ҳатто ишқ жунунини ҳам тақдирдан, деб билади. «Аллоҳга ҳамд бўлсинки, тақдир қалами азалдан пешонамда жунун ва ишқни ёзди», дейди шоир:

Биҳамдиллаҳки, оллимда азалдин
Жунуну ишқ ёзди килки тақдир.

Охират ва жамол ошиғи ишқи илоҳий ва ваҳдат майи: Аллоҳ таолонинг якка-ягоналиги шавқи азалдан сарнавишт — пешонага ёзилган тақдир эканига шукрлар қилиб, завқу шавқларга тўлади ва бу илоҳий ишқ неъмати боис Аллоҳнинг тақдирини севади; «Нечун, Тангрининг тақдирини севмас эканман?», деб нидо қилади:

Ишқу май, эй шайх, азалдин сарнавишт эрмиш манга,
Ваҳ, нетиб хуш кўрмагаймен Тенгрининг тақдирини?

Тақдирни севиш иймон камоли, тасаввуфдаги ризо мақоми натижаси бўлиб, тақдирни сўкиш, қарғаш ёки лаънатлаш асло мумкин эмас, деган қоидага асосланган.
«Тақдир қалами» деган ибора ҳазрати Имом Бухорийнинг «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» китобида келган ҳадиси шарифдандир: Ҳазрати Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Аллоҳ таоло сенга муяссар қилган нарсани тақдир қалами ёзиб қўйгандир!», — дедилар.

* * *

Тақдир — ўлчов, миқдор, андоза, қазо, қадар, азалдан белгилаб қўйилган, пешонага ёзилган нарса, қисмат деганидир. Қуръонда айтилади: «Аллоҳ ҳамма нарса учун бир ўлчов (бир ҳад) муқаррар қилгандир» («Ат-талоқ» сураси, 3-оят).
Алишер Навоий «Сирожу-л-муслимийн» асарида иймон қоидасининг ижмолини баён этиб, балоғатга етган ақл соҳибига Аллоҳ таоло фарз қилган биринчи нарса иймон эканини айтади, сўнг иймоннинг маъносини билдириб:

Анинг маънисидур тил бирла иқрор,
Кўнгул бирла инонмоғлиғ дағи бор —

дейди. Яъни калимаи тоййиба — покловчи сўз: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» — «Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир», демоқдир. Иймон калималарини тили билан айтиб, дили билан ҳам тасдиқ этган киши мўъмин бўлиб, пок ҳисобланади. Шундан сўнг Навоий муъман биҳлар тафсилини — ишониш шарт бўлган олти нарсани зикр қилиб, Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат куни ҳақ эканига ишонгандан кейин, тақдирга ҳам ишониш фарз эканини билдиради:

Яна билмакдурур бемакру тазвир
Ки, ҳақдиндур ямон-яхшиға тақдир.

Навоийнинг тақдирга иймони шу қадар қувватлики, ҳар ишда ўзини тўлиқ-тўкис ҳақ таолога ҳавола этади:

Эй Навоий, бил неким бўлғонни ҳақ тақдиридин,
Мундин ўзга амрдин кўнглингни уз, илкингни йиғ.

Навоий ҳикмати бежиз эмас. Инсоннинг она раҳимида пайдо бўлиб, одам шаклини олишидан то туғилишигача, туғилишидан то ўлимигача бўлган муддатлар ва унга етадиган барча яхши-ёмон нарсалар тақдирга дохилдир.

* * *
«Килки қазо», «хомаи тақдир», яъни тақдир қалами зикри Навоий ғазалиётида комил иймон ва таъкид билан такрорланади:

Ҳар не ёзмиш оллингга килки қазо, кўрмак керак,
Эй Навоий, қочмоқ ўлмас Тенгрининг тақдиридин.

Яна:

Ғам ўлса, солма гириҳлар қошингғаким, қилмас
Ғализ ўлуб бу қаро манъи хомайи тақдир.

«Ғам етса, қошингни чимириб, уни буришиқ, чигал қилмагин, чунки қоралиги бадтар қуюқлашади-ю, аммо зинҳор тақдир қаламининг ёзувини тақиқлай олмайди».

Чун не тақдир ўлса, тағйир ўлмас эрмиш саъй ила,
Қайғу қисмим бўлди деб ортуқси невчун қайғурай?

«Неки тақдир қилинган бўлса, у саъйу ҳаракат билан ўзгармайди, бас, қайғу менга қисмат бўлди, деб нечун ортиқча қайғурайин?!»
Бу ҳикматлар Қуръон ва ҳадисга асосланади. Ҳазрати Имом Бухорий «Тақдир китоби»нинг 5-бобига: «Банда назрга эмас, тақдирга ишонмоғи керак», деб сарлавҳа қўйганлар. Унда ҳазрати Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ушбу ҳадиси шариф баён қилинади: …Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Назр бериб, тақдирдан қутулиб бўлмайди…», — дедилар.
Яна у зотдан ушбу ҳадиси шариф баён этилади: «Назр Одам боласига ҳеч қандай манфаъат бермайди, унинг пешонасига ёзилганини ўзгартира олмайди. Лекин азалдан тақдир қилинган нарсаларни тақдирнинг ўзигина унга насиб айлайди, холос!»
Бошқа ҳадиси шарифлар маъносига кўра, садақа (жазр) бало-офатни қайтаради, хусусан, яширин садақа хунук ўлимни дафъ этади (Имом Термизий). Аммо бу натижани Аллоҳнинг тақдиридан деб билмоқ лозим.
Демак, инсон саъйу ҳаракати билан эришадиган яхшиликлар ҳам аслида тақдирдандир. Навоий куйлаган маъно ана шу. Мажоз ортидаги ҳақиқат ана шу.

* * *

«Кишига азалдан тақдир қилинган нарса билан унга таъна-маломат қилишдан фойда йўқ. Бемаврид ўгит-насиҳат ҳам беҳудадир. Бировдан айбу нуқсон излагандан кўра, ўз айбингни тафтиш эт, чунки инсон учун ўз нуқсонини кўришдек маърифат бўлмагай». Бу маъно Навоийнинг бир қанча байтларида акс этган.

Не воқиъ ўлса, чу тақдирдин эмас хориж,
Бас, ўктадур қилуридин кишига бермак ўгут.

«Инсонда қандай яхши ёки ёмон иш содир бўлса, бу тақдирдан ташқари эмас. Бас, шундоқ экан, кишининг қиладиган ишидан унга ўгит-насиҳат бериб, таъна-маломат қилмоқ беҳудадир».

Дайр аро усрук кўруб, зоҳид мени айб айламиш,
Билмамиш мискинки, ҳеч иш хорижи тақдир эмас.

«Дунёда мени (Аллоҳнинг зикри, ишқи, файзи ва жазбасидан) маст, сархуш ҳолда кўриб, зоҳид мени айблабди, у бечора билмабдики, ҳеч бир иш тақдирдан ташқари эмас».
Бу байтлардаги маъно инсонларни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюриш мўъминга фарз эканини асло хаспўшламайди, чунки бу фарзият ҳеч қачон ҳеч кимдан, айниқса, илм аҳлидан соқит эмас. Шунингдек, бу ифода илми калом соҳасида Мотуридий (ҳазрати Имом Абу Мансур ал-Мотуридий-Самарқандий) таълимотида машҳур бўлган жузъий ихтиёр масаласини ҳам зинҳор таомилдан чиқармайди. Яъни тақдир ҳақ, бандаларнинг феълини, шубҳасиз, Аллоҳ яратган, аммо Ҳақ таоло иймон ва куфрни, яхшилик ва ёмонликни яратиб, буларни танлашда бандага жузъий (бир қисм) ихтиёр ҳам бериб қўйган. Чунончи, Навоий айтади:

Чу топмас ҳар неки тақдирдур бу дайр аро тағйир,
Адаб эрмастурур қилмоқ ҳар ишни муддао густоҳ.

«Ҳар неки тақдир қилинган бўлса, бу дунёда у асло ўзгармайди, демак, ҳар ишни қилишни муддао этмоқ, орзу қилмоқ, истамоқ адабдан эмас, баски, густоҳ бўлманг — адабсизлик қилманг, ҳаддингизни билинг, адабга мувофиқ ишларни қилишга урининг, одатланинг!»

* * *

Ҳазрати Навоий иймон-эътиқоди, бутун ижоди, умри мазмуни ва фаолиятининг хулосаси бўлмиш «Муножот» асарида орифона эътиқод ва валиёна тавозуъ билан айтади:
«Илоҳий, Одам хилофот тахтининг муставжиби ўзиму бўлди, Сенинг тақдиринг бўлмай, шайтон мухолифатининг сўзиму бўлди?..
Илоҳий, иноятинға уммидворменким, гуноҳим беҳаддур ва раҳматинға сазоворменким, хатову саҳвум беададдур».
Навоий ижодида тақдир тушунчаси теран ва мустаҳкам, соғлом исломий эътиқодга, асл илм ва пок маърифатга асосланган.
Бир таржиъбандида Навоий жаҳон гўзали (ва гўзаллиги)нинг фонийлигини айтиб, у туфайли содир бўлган фитналардан ранж-ўкинчини баён этади, сўнг дарҳол эътиқод тамойилига қайтиб:

Ғалат қилдим, бу туҳматдин барийдур
Жаҳон раъно аруси — дилситони;
Ки ҳақ тақдиридиндур олам ичра
Ямону яхшининг яхши-ёмони, —

дейди. Яъни «Дунёда яхши-ёмон инсонларда бўладиган яхши-ёмон ишларнинг ҳаммаси ҳақ таолонинг тақдиридандир».

Ҳеч иш ўлмас айру Холиқ амридин,
Илтижо махлуққа келтурма кўп.

Шунингдек, бирор инсоний эҳтиёжни ҳам бандадан талаб қилиш, бирор зарур юмуш ечимини махлуқотдан – яралмиш инсонлардан кутиш таваккулга мувофиқ эмас. Чунки барча ишлар фақатгина Аллоҳнинг амри, изни билан бажо бўлади. «Бир япроқ узилиб тушмас, магар Аллоҳ уни билур», дейилади Қуръонда. Инсон қалби салим соҳиби бўлиб, ичи Ҳаққа тўғри, нияти туз бўлиши, у — умид ва қўрқув орасида яшаши, яъни сўнгги нафасдаги ҳолини ўйлаб, Аллоҳдан қўрққан ҳолда, Аллоҳнинг раҳматидан умид ҳам узмаслиги керак. Чунончи, Навоий «Муножот»да айтади: «Илоҳий, агар хислатим эгридур, ниятим туздур, бу жиҳатдин агар қўрқунчим бордур, аммо уммидим бирга юздур».

* * *

Навоий мажозий байтларида айтади:

Бори ҳар тақдир илаким, бор мен лабташнаға
Тутмас эрмиш заҳри ғамдин ўзга даҳри дун қадаҳ.

«Бу паст дунё мен лаби қақроқ, ташна инсонга ғам заҳридан бошқа қадаҳни тутмас экан, бас, бунинг ҳаммаси тақдир биландир».

Ҳаддинг эрмастур менинг ишқим дебон ёзғурмаким,
Мен ҳам англармен, вале не чорадур тақдир ила?

«Менга ишқ боғлаш сенинг ҳаддинг эмас» деб, мени айбламагил. Ишқингга лойиқ эмаслигимни ўзим ҳам англайман, аммо бу пок ишқ тақдир қилинган бўлса, мен нетайин, тақдирга не чора бор!»
Яна «Муножот»да айтади:
«Илоҳий, неча мусалсал зулф савдосидин бўйнумда занжир бўлғай ва муанбар хол хаёлидин кўнглум асир, санга тақдир бу навъ эрса, манга не тадбир?»
Булар ошиқ банданинг ҳақ таолога бир арзи муҳаббати, ошиқона нози, орифона эркалигидир.

* * *

Хулоса. Навоий ижодида тақдир истилоҳи юзлаб ўринларда қўлланган. Барчасидан чиқадиган хулоса шуки, тақдир ҳақ, унга ишониш иймондандир. Аммо тақдирнинг муқаррар экани инсонни хайрли, савобли ишлардан, ғайрат-шижоатдан, саъйу ҳаракатдан асло тўхтатмайди. Инсон уч ҳол билан тақдирга пешвоз юрмоғи лозим: 1) таваккул қилмоғи – барча ишларида буткул Аллоҳга таянмоғи билан; 2) самимий дуо-илтижолари билан; 3) дуога мувофиқ гўзал саъй-ҳаракатлари билан. Навоий бу хулосасида ҳам Қуръон ва ҳадисга таянади. Чунки Аллоҳ таоло айтади:
Кимки Аллоҳга таваккул қилиб таянса, У зот унга етарлидир! (Ат-талоқ» сураси, 3-оят).
Яна айтади: «У ўлимни ва ҳаётни иш-амал жиҳатидан қайси бирингиз энг яхши (ҳаракатда) эканингизни имтиҳон этмоқ учун яратди. У мутлоқ ғолиб ва бениҳоят мағфиратли-кечиргувчидир» («Ал-мулк» сураси, 2-оят).
Навоий ҳикматларидан: «Тақдирдаги нарсани қайтара олувчи омил борми?», деган савол туғилади. Бу ўта нозик саволга Навоий маърифатидан ўрин олган ҳадиси шарифлардан жавоб топамиз.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом, жумладан: «Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса қайтара олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёда қила олмайди», деганлар.
Аҳмад ибн Ҳанбал, Табароний ва Абу Йаъло ўз китобларида келтирган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Эҳтиёт бўлмоқ қадардан қутулмоққа фойда бермас. Лекин дуо бошга тушган ва ҳали бошга тушмаган мусибатни қайтаришда фойда берур. Бас, эй Аллоҳнинг бандалари! Сизлар дуога ёпишингизлар» («Рамуз ал-аҳодис», 354-саҳифа, 3-ҳадис).
Яна ҳоким «Мустадрак» китобида баён этган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом айтганлар: «Дуо қазони қайтаради (балони дафъ этади). Яхшилик ризқни орттиради. Банда гуноҳи туфайли ризқидан маҳрум бўлиши мумкин». (Эътиқодга кўра, ризқ ҳам тақдир қилинган нарсадир, ўзгармасдир).
Ана шу сабабларга кўра, ҳазрат Навоий дуога эътиборни кучайтирганлар, у зотнинг таваккули, ёниқ дуо-илтижолари ва шунга мувофиқ саъй-ҳаракатлари ўз тақдирини яхшилик билан зийнатлашда муҳим аҳамият касб этганига шубҳа йўқ.
Навоий хоксорлик билан айтади:
“Илоҳий, Сендин ёмонлиғ келмас ва мендин яхшилиғ, Сен яхшисен ва мен ёмон. Ҳар кимга ўзига муносибдур қилиғ…
Илоҳий, агар афъолимға боқсам, уёт ултурур ва Сенинг карамингни соғинсам, уммид танамға жон келтурур».
Ҳазрат Навоийнинг тақдир ҳақидаги тушунчаси ана шундай нурли ва ҳаётбахшдир. У зот шижоатли фаолияти ва ҳаётбахш ижоди билан ўз тақдирига пешвоз юрган зотдир. У зотнинг инсоният тарихида қолдирган тенгсиз маънавий меъроси ўз тақдиридан нурли ёдгордир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 37-сонидан олинди.