Ҳусан Мақсуд. Тилимиз тилсими

Инсон тақдиридан қизиқ тақдир бормикан? Йўқ, дейди шошқалоқ одам. Мен ҳам шундай дердим қоғоз-қаламдан йироқ пайт­ларим. Сал ўтиб – қоғоз қоралаб, Сўз деб аталмиш неъматнинг ортидан кун кўра бошлаганимдан бери юқоридаги саволга ҳазир бўлиб жавоб берадиган бўлдим. Жавобим шу: инсон қисматидай ажиб қисмат, ажаб тақдир Сўзда бор. Нега қизиқ бўлмасин?! Етмиш-саксон йил умр кўриб, турли савдоларга йўлиққан одам тақдиридан ажабланамиз-у, минг йиллик тоғу тошлар нураса ҳам, ҳануз яшаб келаётган сўз тақдири қизиқ бўлмайдими!?

Эшитгансиз, аввали Сўз бино бўлган. Хилқатларнинг Холиқи “Бўл” деган бир сўз билан бутун борлиқни яратди. Ҳазрат Навоий айтади:

Сўз келиб аввали жаҳон сўнгра,
Не жаҳонки, кавн ила макон сўнгра.
Чунки мавжуд бўлса нуктаи “кун”,
Бўлди мавжуд тоза, йўқса кукун.

Яъни, агар “Кун!” – “Бўл!” амри бўлмаганида эди, биз билган ва билмаган бутун яратиқлар тоабад кукун – зарралигича қоларди. Ўзбек тили бир неча дарёнинг суви билан тўйинган денгизга ўхшайди – бирда тўлди, бирда камайди. Четдан сўз кириб келиши натижасида кўпгина ўз сўзларимиз истеъмолдан чиқиб кетди. Ёхуд аввал бошқа маънода ишлатилган сўз бир аср ўтар-ўтмас бошқа мазмунда қўллана бошлади. Лисоний хазинамизда туркий сўзлардан ташқари, араб, форс, мўғул, рус ва бошқа тиллардан ўзлашган бир неча минглаб сўзлар борки, улар ҳам ўз сўзимизга айланган. Бунинг натижасида тилимиз энг бой тиллардан бири бўлди. Айрим тилларда бир тушунчани нари борса икки-уч сўз билан ифодалаш мумкин бўлса, бизда кўп сўзларнинг ўнлаб маънодошлари бор.

Тил тақдирига бефарқ бўлмаган миллатгина узоқ яшайди. Лекин бугунги кунда тилимизга, кундалик турмушда ишлатаётган сўзларимизга эътиборсиз бўлиб қолганимиз ҳам рост. Фақат тил байрамидагина (шу куннинг борлигига ҳам шукр!) “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” сингари мақолларни такрорлаймиз-у, аммо тилнинг соф  яшаши ҳақида ўйламаймиз. Оддий халқ-ку, майли, ҳатто айрим тилшунос олимларимиз ҳам тилимиз тақдирига бефарқ қараётир. Сўзларимиз тарихи ва тақдири, тараққиёти ва таназзули ҳақида Маҳмуд Кошғарий, Алишер Навоий каби улуғлардан кейин саноқли китоб яратилди. Булар –  тилшунос олим Алибек Рустамовнинг “Сўз хусусида сўз”, атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл”, севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” ҳамда олимларимиз Низомиддин Маҳмудов ва Шавкат Раҳматуллаевнинг айрим рисолалари. Ҳолбуки, ҳозирги ёшлар – ижодкор тенгдошларимиз орасида сўз этимологияси, унинг маъно қирралари ҳақида билим танқислиги сезилаётган пайтда бундай китоблар жудаям зарур. Тилимиз табиати ва софлиги борасида илмий изланиш олиб бораётган ёш тилшуносларнинг ниҳоятда озлиги эса кишини ўйлантирадиган яна бир катта масаладир…

Устозларга ҳавас қилиб, анчадан бери ўзим учун қизиқ бўлган айрим сўзлар тарихи, баъзиларининг бугунги кунда англатаётган маънолари хусусида нимадир ёзишни ният қилиб юргандим. Қуйидаги битикларимни ана шу ҳавасу ниятнинг маҳсули сифатида қабул қилгайсиз.

* * *

Охирги бандни ўқиб, кимдир “Шунча гап бежиз гапирилмаган экан-да”, деб айтиши мумкин. Лекин айтаётиб бежиз сўзи нима дегани, деб ўйлаб кўрмагани аниқ. Бе– форс-тожик тилида бирор нимага эга эмаслик маъносини билдиради. Бу қўшимча ўзбек тилидаги -сиз қўшимчасининг ўриндоши: беумид – умидсиз. Қолган қисм аслида чиз бўлиб, тожик тилида “нарса, бирор предмет” маъноларини англатади. Бизнинг талаффузимизда ч ҳарфи ж ҳолида талаффуз қилинади. Тўлиқ таржима қилинганда бу сўз нарсасиз деганидир. Бу гап бежиз айтилмади деган гапда энди маъно сал кенгаяди – бекорга, бирор сабабсиз айтилмагандир деган маънони ифодалаяпти…

Дўстингиз сизга бежиз келма деса, у сизнинг бўш қўл билан келмаслигингизга ишора қилаётган бўлиши ҳам мумкин…

Болаликка қайтарган сўз

Бухорода болаларнинг “кунжак олди” деган ўйини бор. Беш иштирокчи қатнашади. Ер юзига катта тўртбурчак чизилади. Унинг тўрт бурчагида биттадан иштирокчи бўлади. Ўртада эса битта ўйинчи қолади. У ўзини чалғитиб, бир-бирининг жойига сакраб ўтаётган иштирокчининг жойини эпчиллик билан эгаллаши керак. Жойидан айрилган иштирокчи ҳам худди аввалги қатнашчидек бўш қолган бурчакка эга чиққунча уларнинг жой алмашишларига диққат билан қараб туради.

Мактабни тугатиб, тўртинчи уринишдагина талаба бўлган мен қишлоқи бола бирдан шаҳарликка айландим: болалик пайтлари қишлоқ кўчаларида ўйнаганимиз ўйинлар эсдан чиқа бошлади, шева сўзларни деярли ишлатмай қўйдим… Иккинчи босқичда ўқиб юрганимизда ҳазрат Навоийнинг ҳаёти ва ижодига доир маърузалар ўқилди. Устозимиз мактаб дарсликларига кирмаган камида йигирмата ғазал ёдлашни тайинлади. Мен Миллий кутубхонага қатнаб, Навоий ҳазратнинг ўн жилдлик китобининг аввалги тўрт қисмидаги ғазалларидан ёндафтаримга ёзиб олиб, ёдлай бошладим. Жумладан, “Ошиқ бўлдим, панд берманг…” деб бошланувчи машҳур ғазалда шундай мисралар бор эди:

Дурд келтурдинг дебон, ёзғирмангиз, эй, аҳли зуҳд,
Бок йўқ, зуҳдим ридосин кунжига солиб сузинг.

Ғазални ёдлаш билан бирга уни имкон қадар таҳлил қилиш вазифаси ҳам топширилган эди. Аввалбошда тушунилиши қийин бўлган сўзларни луғатдан топиб, ёзиб олдим. Ушбу сўзлар орасидаги кунж сўзи ўша пайтда менга қандайдир қадрдон сўздай туюлди. Бир муддат хотирамни “титдим”. Маъносини тополмадим. Ноилож луғатга қарадим. Карасам – бу сўзнинг маъноси бурчак экан. Шу сўз орқали бир муддат олис болаликка қайтдим…

Ўзимча тусмолладим: демак ўйинимиздаги кунжак сўзи шу кунждан ясалган. Шундай ҳам бўлиб чиқди. Адабий тил ва кўп шевалардан чиқиб кетган сўз биз томонларда бор экан, деб фахрланган бўлдим. Лекин байтда бошқа маънода қўлланиляпти. Кунж сўзининг бурчакдан ташқари, оғуш, қучоқ, ич каби маънолари ҳам бор. Шоир Ҳабибий бир шеърида шундай дейди: “Нўш этарман аччиғ-аччиғ ҳажру фурқат кунжида, Кўзларимнинг косасида лаб-балаб қон, келмасанг”. Бу ерда кунж сўзи дастлабки икки маънода қўлланган, дейишимиз мумкин. Аммо фурқат бурчагига чекиниб, лаб-балаб қон ютаётган ошиқ бу фикрни инкор этиши ҳам мумкин…

Киприк ва типратикан

Қишлоқда ёз маҳали кечки овқатни оиламиз билан ҳовлида, сўри устида тановул қилардик. Ҳовлимизнинг икки томонида ариқ бўлар, ариқнинг атрофида турли ўтлар ўсиб ётарди. Деярли ҳар куни шу ўтлар орасидан типратикан биз ўтирган сўри томон пилдираб келаётганини кўрардик. Қўрқмасди, худди ит-мушуклардек бирор нима берармикан, деган илинжда қараб тураверарди. Бизда типратиканни кирпи дейишарди. Нега шундай, деб сўрардик. Билмадим, бизнинг шевада шунақа бўлса керак, деб жавоб берарди катталар. Ростдан ҳам, китобларда, радио ва телевидениеда бу жонзотни фақат типратикан деб аташарди.

Университетнинг биринчи босқичида таҳсил олиб юрган пайтларимиз. Адабиёт тарихи фанидан “Девону луғотит турк”ни ўқиш вазифа қилиб берилди. Тошкентнинг Бешёғоч даҳасида жойлашган Республика халқ таълими марказининг яхшигина нодир кутубхонаси бор. “Девону луғотит турк”ни излаб шу кутубхонага бордим. Кутубхоначи аёл ярим соатча қидириб, учта катта китобни олиб чиқди. Ўқиш тугул, анчадан бери чанглардан тозаланмаган луғатни аста варақладим. Варақлаётиб, кирпи сўзини учратиб қолдим. Қарасам, типратикан деб изоҳ берилган экан. Демак, соф туркий сўзни биз ишлатар эканмиз-да, деб қувониб кетдим.

Луғатда кирпи сўзига “кўп тикан” деган изоҳ берилган. Демак, санчиладиган тикани бўлгани учун типратикан шундай аталган экан. Ҳозир киприк деган сўзимиз ҳам аслан шу сўз – кирпи билан ўзакдош.

Ҳазрат Навоий бир ўринда шундай дейди:

Ваҳки, ҳар кирпиги бир ништар эрур заҳролуд,
Гарчи бор ул ики наргисда шакархоб тўла.

Вақт ўтиши натижасида сўзда метатеза ҳодисаси (товушларнинг ўрин алмашиши) юз берган: кирпик – киприк. Қозоқ қардошларимиз ҳозир ҳам кирпик дейишади. Демак, киприкларимиз ҳам тиканга ўхшагани учун шундай аталган бўлиши ҳақиқатга яқин.

Вазни ўзгарган вазмин 

Ўзбек тилида товушларнинг бир-бирига таъсир кўрсатиши кўп кузатилади. Айрим ҳолларда ёнма-ён келган товушлар мослашади. Йигитча сўзини йигичча деб айтамиз, уч сўмни уссўм деймиз. Айрим сўзларда кетма-кет келган, жойлашуви талаффузимизга ноқулай бўлган товушларни дарров ўзимизга мослаштирамиз: қулф (аслида қуфл), тескари (аслида терсаки), кифт (аслида китф), ёмғир (аслида ёғмур) ва ҳоказо…

Вазмин сўзи пешонасига ҳам шундай тақдир “ёзилган”. Аслан оғирлик, ўлчов каби маъноларни англатадиган вазн сўзи вазмин сўзининг асоси. Аммо даврлар ўтиши билан н ҳарфи м га жой бўшатиб берган – аслида вазнин бўлиши керак. Аммо шакл ўзгариши мазмунга таъсир қилмаган. Асл маънодаги оғирлик ўз семаси (маъно-мазмун)ни йўқотмаган ҳолда, бугунги кунда кўчма маънода оғир-босиқ, ўйлов билан иш тутадиган, салобатли деган мазмунни ифодалайди.

Пақирнинг миси чиқди

Ушбу рўзғор буюми челак, сатил ҳам дейилади. Пақир сўзи ҳақида бир кун бир даврада баҳс кетиб қолди. Бир киши пақирни фақир сўзи билан боғлиқ бўлса керак, чунки, болапақир деймиз, авваллари асосан ёш болалар сув олиб келган, деб қолди. Даврада кулги кўтарилди. Кимдир маъқуллаган бўлди…

Шундай одатим бор, бирор сўзни эшитиб қолсам, тарихини қидираман, турли вилоятлардан келган таниш­ларимдан уларнинг шеваларида қандай аталишини сўрайман. Йиғилган сўзларни қарасам, ўндан ошган бўлади. Тарихи ва асл маъносини тополмай, чалкашиб кетаман-да, қўл силтайман. Лекин барибир хотиранинг қайсидир бурчида ўша сўз сирлигича қолиб кетган бўлади. Кейин кутилмаганда ўша сир очилиб қолади…

Пақир сўзи ҳам шундай очилмаган қўриқ эди. Ҳозирги челаклар асосан тунука ёки сирланган темирдан ясалади. Илгари-чи? Қадимги туркий халқларда челакка ўхшаш ичи чуқур идишлар асосан мисдан ясалган шекилли, аждодларимиз уларни бақыр дейишган. Аввал мис, кейинчалик мисдан ясалган идишлар бақыр деб ифодалангани Кошғарий бобомиз луғатида ҳам, 1989 йили нашр қилинган “Этимологический словарь тюркских языков” китобида ҳам қайд этилган.

Жувон – йигит дегани…ми?

Биз томонда тўйларда хиром қиладиган раққоса – ўйинчини негадир жувон дейишади. Адабий тилда турмушга чиққан ёш аёл маъносида қўлланувчи бу сўз нега айнан ўйинчиларга нисбатан айтилишига негадир ҳайратланганман. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас…

Жувон сўзи форс-тожик тилидан ўзлашган бўлиб, 1954 йили нашр қилинган «Таджикско-русский словарь»да бу сўз сўзлашув тилига хос дейилган ва жавон сўзига ҳавола берилган. Бизнинг тилга ҳар иккаласи ҳам қабул қилинган. Жувон мазкур луғатда икки маънода – сифат тарзида «ёш» ва от тарзида «йигит» деган маънода изоҳланган. Жавонмардлик деганда ёш ва навқирон йигитларга хос олий ҳимматлилик, саховатпешалик тушунилган. Ёшлигида умри поёнига етган йигитга нисбатан жувонмарг (ёки жавонмарг) бўлибди дейилган.

Ўша луғатда жавондухтар ёш қиз, жавонзан эса эрга теккан ёш аёл маъносида қўлланиши ҳам қайд этилган. Демак, жавон сўзи духтар (қиз) ва зан (аёл) сўзлари билан бирга қўллангандагина хотин-қизларга нисбатан ёшлик маъносини ифодалаган. Бора-бора бу сўзлар талаффузида қисқариш юз бериб, духтар ва зан сўзлари тушиб қолган – қисқагина қилиб аёлга ҳам жувон дейишган. Тақдирни кўрингки, борини аёлга бахшида этиб келган олийҳиммат йигит – жавонмард битта сўзни ҳам «ҳадя» қилди. Ўзи мардлигича қолди, аёли жувонга айланди.

Сўзнинг олов деган маъноси ҳам борлигини биласиз. Ҳақрост! Бу руҳимизга қувват беради. “Сўзнинг гулханида руҳим исинди”, деган эди Рауф Парфи. Айрим сўзларнинг йиллар шамолида ўчиб қолиши ҳам бор гап. Фақат тилшунос олимлар эмас, ўзбекман деган ҳар бир одам ўз тилимиз, ўз сўзларимизни ардоқлаб, уларнинг йўқолмаслиги ва келажак авлодга етиб бориши йўлида виждонан хизмат қилиши керак. Шундагина ота-боболаримиздан қолган маънавият алангаси ҳеч қачон сўнмайди.

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 11-сон