Бобур ижодига форс шеърияти ҳам кучли таъсир кўрсатган. Ўша даврда зодагон табақадагилар форс тилини ўз она тили даражасида билган. Мактаб, мадрасаларда форс адабиёти асосида адабий таълим берилган. Саъдий, Ҳофиз сингари форс адабиёти намояндалари асарларидан барча зиёлилар баҳраманд бўлишган. Бобур ҳам “Бобурнома”, “Аруз рисоласи”да Шайх Саъдийнинг ижодига қайта‑қайта мурожаат қилган. У “Аруз рисоласи”да: “…панду насиҳату мавъаза бобида Шайх Саъдийнинг “Бўстон”ича маълум эмаским оламда бўлғай. Нечукким ўзи дебтур:
Суханҳои Саъдий мисол асту панд, Ба кор оядат шави корбанд. Дариғ аст аз-у рўй бартофтан, К-азу рўйи давлат тавон ёфтан.”[1]деган. Бобур “Бобурнома”да ўзининг йўлларда тошга байт, ҳикматли сўзлар ёздириб кетиш одати бўлганини қайд этган. Жумладан: “Ушбу чашма бошида, чашма ёқасидағи тошида қазиб, бу уч байтни сабт эттим:
Шунидамки Жамшеди фаррух сиришт Ба сарчашмае бар санге навишт: Барин чашма чун мо басе дам заданд, Бирафтанд то чашм барҳам заданд: Гирифтем олам ба мардию зўр, Ва лекин набурдем бохуд багўр”дейди. “Бўстон”даги бу байтлар Шайх Саъдийники эканлиги аниқ айтилмаган бўлса‑да, улар Бобурнинг бу улуғ форс шоири ижодига ихлоси баланд бўлганидан далолат беради. Умуман, Бобурнинг ижтимоий фаолияти ва ижоди унинг форс адабиётидан яхши хабардор бўлгани, форс шоирларининг шеърларини ёддан билганини билдиради.
Зуллисонайнлик Бобурга салтанатни бошқаришда ҳам, кишилар билан ўзаро муомалада ҳам, бадиий ижодда ҳам бир умр ҳамроҳлик қилган. У форс тилида гўзал шеърлар ёзган. “Бобурнома”ни варақлаганда, форс тилидаги ўнлаб мисраларга дуч келиш мумкин. Масалан:
Бо турк ситеза макун, эй мири Биёна, Чолокию мардонагил турк аёнаст. Гар зуд наёию насиҳат накуни гўш, Онжо ки аёнаст чи ҳожат ба баёнаст?Мазмуни:
Эй Биёна амири, турк билан ўйнашма, Туркнинг эпчиллик ва мардлиги ҳаммага аёндир. Агар тез келиб, насиҳатни қулоққа олмасанг, Аён бўлган гапни баён қилишнинг нима ҳожати бор?Бобурнинг икки юздан ортиқ рубоийси маълум. Улардан ўн еттитаси тарона рубоий шаклида. Ойбек таъбири билан айтганда, Бобур шеъриятининг чўққиси унинг рубоиёти. Шарқ шеъриятида рубоийни энг баланд чўққига кўтарган шоир ‑ Умар Хайёмдир. Шарқ шоирлари рубоий ёзишда Умар Хайём ижодидан доимо таъсирланишган. Адабиётшунослар Бобур рубоийларини “хайёмона” эканлигини кўп бор таъкидлашган. Бобур асарларида Хайёмнинг номини қайд қилмайди, унинг рубоийларини эслатмайди. Шундай бўлсада қатор рубоийларида ҳаётга, инсон тақдирига хайёмона қараш, фано ва бақо масалаларини содда талқин яққол сезилади.
Хайём олам ва одам тақдирига мутафаккирона қарайди, ҳаётдан маъно ахтаради. У ҳаётнинг моҳиятини излашдан ҳам қаноатланмайди. Аммо излаганидан ҳам, топганидан ҳам кўнгли тўлмайди. Май ва майхўрликни ҳаётнинг ғам‑ғуссаларини унутиш, таскин топиш воситаси деб билади. Хайём мадҳ этган май, албатта, инсонга эркинлик, қаноат, хаёлий саодат йўлини очувчи ҳақиқий ишқ майидир.
“Одатда, рубоийга кўп қўл урган шоирлар, – деб ёзади профессор А.Ҳайитметов, – олимтабиат, файласуфмижоз, ҳаёт ҳақида чуқур мулоҳаза юритишга мойил кишилар бўлади. Умар Хайём, Паҳлавон Маҳмуд, Навоий, Бедил кабиларнинг рубоийлари шундан гувоҳлик беради. Кўп ҳаёт машаққатларини бошидан кечирган, кўплаб жангу жадалларнинг гувоҳигина эмас, фаол иштирокчиси ҳам бўлган Бобурнинг рубоийлари ҳам шу аспектда текширилса ва баҳоланса хато бўлмайди”[2]. Ҳақиқатан, Бобур олим ва мутафаккирдир. У ҳаёт ҳақида файласуфона мушоҳада юритади. Бу унинг рубоийнавис бўлиши учун замин яратади.
Бобур сиёсий-эстетик қарашлари жиҳатидан эмас, балки воқеликка адолатли ва танқидий муносабатда бўлиши жиҳатидан ҳам замондошларидан илгарилаб кетган.
Бобур ҳам худди Умар Хайём сингари жуда кенг қамровли тафаккур соҳиби бўлган. Улар олам ва одам, одамнинг бу оламдаги ўрни, ҳаётда қандай яшаш кераклиги хусусида бир‑бирига монанд мулоҳаза юритишган.
Хайём Бобурдан беш аср аввал яшаб ўтган. Лекин бу муддат ичида ҳаёт ташқи томондан ўзгариб, илгарилаб борган бўлса‑да, ундаги кўпгина муаммо, ички зиддиятлар ўзгармасдан сақланиб қолган. Хайёмни азоблаган жаҳолат ва нодонликлар Бобурни ҳам қийнаган. Хайём жавоб топмоқчи бўлган саволларга Бобур ҳам дуч келган. Хайём қўл силтаган дунёдан узила олмагани Бобурни қийнаган. Бобур шунда ҳаёт ҳақида англаган ва англамаган ҳақиқатларини умумлаштириб рубоийда ифода қилишга интилган. Натижада, Бобур ҳам Хайём сингари рубоий жанрида ажойиб асарлар яратишга эришган.
“Бобурнома”даги қайдлардан аёнки, Бобур аксари рубоийларини ҳеч қандай тайёргарликсиз, йўл-йўлакай бадиҳа (экспромт) тарзида битган. Хайёмнинг аксарият рубоийлари ҳам шундай яратилгандай таассурот уйғотади. Бундан ташқари Хайём рубоийлари форсий тилнинг латофати, нафислигини қандай намоён этса, Бобур рубоийлари ўзбек тилининг гўзаллиги ва ифода кучини худди шундай тарзда кўз‑кўз қилади. Шунинг учун ҳам Ойбек бу икки улуғ шоир рубоийларидаги муштарак жиҳатлар тўғрисида сўз юритар экан: “Бобур рубоийлари ҳам Умар Хайёмнинг рубоийлари каби фалсафий фикрларга бой, шаклан мукаммал…”[3], – деб таъкидлайди.
Бобур рубоийларида ҳам: гул ва булбул, ошиқ ва маъшуқа, май ва майхўр, чарх ва ҳаёт, ибодатгоҳ ва майхона, васл ва ҳажр, сабо ва ошиқ, шодлик ва қайғу, ринд ва зоҳид, ёр ва ағёр сингари Умар Хайём қўллаган поэтик тимсоллар мавжуд.
Шарқ шеъриятида фикр ҳамиша бирор тимсол ё мажоз ёки бадиий санъат орқали ифодаланади. Шоирлар, айниқса, соч, зулф, қош, кўз, хол каби поэтик тимсолларни кўп қўллашган. Улар ушбу тимсоллардан янги фикр айтиш мақсадида фойдаланишган. Май ва майхўрлик, маълум маънода, улфатчилик ва улфатга содиқлик, кўнгил очиш деганидир. Улфат – тушунадиган, қайғу ва хурсандликни баҳам кўришга қодир, сирдош, маслакдош одам. Хайёмнинг кўпгина рубоийлари марказида улфат, мусоҳиб образи туради. Бобур эса Хайём кўзлаган мақсадни ҳам улфат, ҳам аҳбоб образи орқали илгари суради:
Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутингиз! Жамъиятингиз борини давлат тутингиз! Чун гардиши чарх будурур, Тенгри учун, Бир‑бирни неча кун ғанимат тутингиз!(166)Шоир рубоийларидан бирини “Эй ел, бориб аҳбобқа номимни дегил!” деб бошласа, бошқаларини қуйидагича хотималайди:
Бўлмай доғи масти хоб қилмоқ мушкил, Аҳбобдин ижтиноб қилмоқ мушкил.(175)ва:
То ҳажр ғаму меҳнати таскин топқай, Истайдурур аҳбоб паёмини кўнгул.(175)Аҳбоб – севимли дўстлар, кўнгилга ёр кишилар демак. Шундай бўлгач, улар меҳру вафони унутмаслиги керак:
Аҳбоб унутмаса керак аҳди қадим, Еткурса керак хабар гаҳи пайки насим.(181)Аҳбобдан айрилган киши хотиржамлик ва ҳаловатини бой беради, бундай азобдан қутулиш ҳақида ўйлайди:
Аҳбоб, фироқингиз била эл нетгай? Сизларга киши не чора айлаб етгай? Жамъиятингизни жамъ тутқай Тенгри, Бобурни доғи бу жамъда жамъ этгай.(206)Бобур олис юртларда орзиқиш ва умид билан азоб чекиб умр кечиргани туфайли одам одамга, дўст дўстга ғанимат эканлигини қайта‑қайта таъкидлаган. Унинг бу хусусдаги шеърлари оддий инсоннинг ўзидек бир инсонга мурожаат сифатида ҳам тушуниш мумкин. Ёки шоҳнинг содиқ дўстга интизорлиги ифодаси деб ҳам талқин этиш мумкин. Чунки Бобур рубоийларида аҳбоб соғинчи ва аҳбобга эътиқод ҳиссиёти такрорланиб, юксалиб келаверади:
Аҳбобқа қилсанг гулзор, эй ел, ногоҳ, Ул жамъни бу сўзимдин этгил огоҳ. Сиз кўргандек эсон‑саломаттурмиз, Сиз дағи эсон бўлғасиз, иншооллоҳ.(197)Бобур айрим рубоийларида Умар Хайёмга маслакдошга айланиб, гўзал табиат қучоғида май ва маъшуқадан бошқасини ўйламайдиган ринд қиёфасида кўринади:
Бир гўшаи боғ ўлсаю сен бўлсангу мен, Май қуйсоқ икимиз қадаҳ ичра бир ҳин. Ондин сўнгра аёқ иликка олибон, Сен тутсангу мен ичсам, мен тутсаму сен.(183-184)Қуйидаги рубоийда ифодаланган фикр Хайём ва Бобур мушоҳадаларидаги ўзаро яқинликка ёрқин мисол бўла олади:
Келди рамазону мен тақи бодапараст, Ийд ўлди‑ю, зикри, май қилурмен пайваст. Не рўзаю не намоз йиллар, ойлар, Тун‑кун маю маъжун била девонаю маст.(158)Адабиётшунос Ш.Шомуҳамедов: “Хайёмнинг услуби доҳиёна содда, ниҳоятда табиий, ҳаммага осонгина етиб борадиган услуб”[4], -дейди. Ушбу эътирофни Бобур услубига нисбатан ҳам бемалол татбиқ этиш мумкин. Бобур ҳам худди Умар Хайём каби турли чекланиш, бемаъни мажбурият ва ақидабозликлар инсон умрини маънисиз қилиб қўйишини таъкидлайди. Хайём ёзади:
Кечаги кунингни айламагил ёд, Эртанг келмай туриб этма кўп фарёд. Ўтган, келмаганга қайғурмоқни қўй, Қувноқ бўл, умрингни қилмагил барбод.Бобур ҳам Хайёмнинг ушбу фикрини тўла қўллайди ва янада ривожлантиради:
Хотирға хутур этти бу сўз ёнгла, аҳий, Айтай сенга, сен қулоқ солиб онгла, аҳий. Умрунгни бу кун хуш кечир аҳбоб илаким, Топилмағусидур ушбу кун тонгла, аҳий.(202)Одатда, рубоийда муаллифнинг исми ёки тахаллуси қайд этилмайди. Умар Хайём эса айрим рубоийларида ўзига ўзи хитоб қилиб, тахаллусини тилга олади. Шоир рубоийларидаги “Хайём, ичкиликдан кайф қилиб, шод ўл”, “Эй Хайём, ким айтар дўзахийсан деб” , “Хайём, ул одамдан уялур замон” каби мисралар бунга мисол бўла олади. Бобур ҳам баъзи рубоийларида бу усулдан фойдаланган.
Умар Хайём рубоийнависликни ниҳоятда юқори даражага кўтарган, ҳар қандай ижодкорнинг қалбига илҳом уйғота оладиган сўз санъаткори. Унинг рубоийларида ўзига хос ёрқин маъно ва мазмун мужассам. Хайём рубоийларида ҳаёт ҳақида теран мушоҳада юритган ва инсон умри моҳиятини излаган. Бобурни ижодга бошқа омиллар рағбатлантирган бўлиши мумкин. Лекин у рубоийларида ҳаёт ҳақида мушоҳада юритади, ундан маъно излайди. Аммо нима бўлишидан қатъи назар, Бобур рубоийни мустақил фикр ҳаётига соҳиб инсоннинг ҳақиқий тафаккур ойнаси даражасига етказа олган. Бобур рубоийлари янги сўз иқлими, ҳеч кимникига ўхшамайдиган маъно ва бадиият олами сифатида намоён бўлади.
[1] Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Аруз рисоласи. – Тошкент, 1971. – Б. 119.
[2] Ҳайитметов А. Бобур рубоийларининг ғоявий-бадиий концепцияси. // Ўзбек тили ва адабиёти. – Тошкент, 1983. -№ 6. – Б. 20.
[3] Ойбек. Асарлар. 10 томлик, 9-том. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1974. – Б. 174.
[4] Шомуҳаммедов Ш. Форс-тожик адабиёти классиклари. – Тошкент, 1963. – Б. 97.