Аҳмаджон Мелибоев. Тарих уммонидан қатралар

Профессор Шариф Юсупов ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошларида  ТошДУнинг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида талабаларга сўнгги хонликлар давридан сабоқ берган. Домланинг яқин ўтмишимизга доир мароқли суҳбатлари қизиқарли бўлибгина қолмай, ўша пайт учун бир мунча кутилмаган хулосалари, кўпчиликка маълум бўлмаган фактлари билан бошқа сабоқлардан ажралиб турар эди. Устознинг дарсига қатнашмаган талаба кўп нарсадан бехабар қоларди.

Шариф Юсупов бадиий асарларда, айниқса, кинофильмларда жоҳил, саводсиз бир кимса қилиб тасвирланган Қўқон хони Худоёрхон ҳақида сўзлар экан, унинг яхшигина шоирлигини айтиб, бизни таажжубга  соларди. Бир куни дарс якунида устозга “Шу мулоҳазаларингизни мақола ёки китоб қилиб ёзмайсизми, ҳамма учун қизиқарли бўларди-да”, дейишга журъат этдим. Домла: “Ҳай-ҳай, биров эшитмасин, ҳозирча бу гапларим шу ерда тура-турсин, вақти-соати келиб ёзилар ҳам”, дедилар. Йиллар ўтиб адабиёт газетасида ишлай бошлаганимда устозга ваъдаларини  эслатгандим, “Ҳа, замон ўзгаряпти, мана энди бор гапни борлигича ёзадиган пайт келди, унча-мунча нарса қоралаб қўйдим”, дедилар ва  бу ишга астойдил киришиб, Қўқон хонлиги тарихига оид туркум мақолалар ёзиб бердилар. Ҳаммаси “ЎзАС”да эълон қилинди, кейинчалик “Тарих уммони сирлари”, “Хуфия қатламлар” номи билан тўплам ҳолида  чоп этилди.

Маълум бўлишича, Худоёрхон хон бўлиш билан бирга, гўзал ғазаллар ҳам ёзган, оналари вафот этганида, уч кун унсиз фарёд қилиб, бугун ўқисангиз ҳам вужудингизни титроққа келтирувчи марсия битган экан. Содда хон  Оқ подшо ҳузурига меҳмонга отланганида, Оғача бегимнинг “Борманг, ҳазратим, сизни банди қиладилар”, дея зорланганини, хон вафотидан кейин бу оқила аёлга генерал Жўрабек ошиқ бўлиши-ю, Оғача бегим унинг севгисига “Мен хоннинг хотинимен, саллотнинг тенгги эмасмен!”, деган жасоратли жавоб берганини ҳаяжонсиз ўқиш мумкин эмас.

Бир гал Қўқонда, тадбиркор дўстимиз Нурилла ҳожи Абдуллаев билан ёйма дўкондан тарихчи олима Анна Леонидовна Троицкаянинг 1968 йили Москвадаги “Наука” нашриётида  чоп этилган “Каталог архива Кокандских ханов ХIХ века” сарлавҳали ноёб китобини сотиб олдик. Қўқон хонлиги чор Русияси томонидан босиб олингач,  ўрдадаги жамики мол-мулк, ёзма манбалар, китоблару ҳужжатлар босқинчилар тасарруфига ўтади, қопларга жойлаштирилиб, кўп бор уёқ-буёққа ташиб юрилади. Йиллар ўтиб, Анна Леонидовна сақланиб қолган ҳужжатларни саралаб, маъносига кўра алоҳида бўлимларга ажратиб, китоб ҳолига келтирган. Турли мазмундаги фатволарнинг ҳар бири ўзига хос тарихга эга, хонлик давридан нишона. Улардан бири тошкентлик иккита бообрў аёлнинг Қўқонга келиши муносабати билан чиқарилган: “Фатво. Тошкентдан муҳтарам хонимизнинг оналари ҳузурига аёл меҳмонлар келишгани боис,  хазинадан бир кулча совун, бир юмалоқ кўк чой, бир юмалоқ қора чой ажратилсин. Бердим, бармоқ имзо. Олдим, бармоқ имзо”.

Гоҳо “Сизлар ўтмиш тарихни улуғлаб, аста-секин ўн олтинчи асрга қайтмоқдасизлар, бу ишингиздан жаҳолатнинг ҳиди келмоқда”, деган истеҳзолар қулоққа чалинганида, уларга  бизда аслида қандай улуғ қадриятлар мавжуд бўлганини эслатиб қўйиш учун шу  фатвони ёдга оламан.

“Хуфия қатламлар”га сўзбоши ёзган профессор Бегали Қосимовнинг фикрларига эътибор беринг: “Адабиётшунос олим, профессор Шариф Юсупов билан суҳбатлашганмисиз? Тошкентнинг сўнгги юз-юз эллик йиллик тарихи, маҳалла-кўйлари, осори атиқалари, қўйингки, бек-амалдорларидан қозию қуззотларигача, идора-маҳкама иморатларидан бойваччалари йиғилиб турадиган чойхоналаригача беками кўст биладиган ва улар ҳақида бир-биридан қизиқарли ҳикояларни айтиб бера оладиган кишилар у қадар кўп эмас. Айниқса, сўнгги 50-60 йилдаги ўзи кўрган, гувоҳ бўлган воқеаларни, хусусан, санъаткорлар ҳаёти, феъл-атвори, гап-сўзлари, улар билан юз берган турли-туман ҳодисаларни у кишидек ўрнига қўйиб, таъсирчан тарзда айтадиган иккинчи кишини топиш қийин…”

Ҳар гал, домла  менга дастхат ёзиб тортиқ қилган китобларини қўлимга олар эканман, устознинг “Муқимий ва Муҳйи”, “Комил ҳақида янги маълумотлар”, “Сатторхоннинг таржимаи хол асари”, “Исёнкор додхох” (Генерал Жўрабек), “Гап канизакда эдими?” (Амир Насруллонинг Қўқонга юриши тарихи, сабаблари) каби тадқиқотларини, Худоёрхоннинг ўғли шоир Фансуруллобек, саркарда Алимқули, Шарифхўжа, Муҳиддинхўжа, Саидрасул Азизий, Эшонхўжа, Ҳакимхўжа қозикалон ва бошқа  таниқли кишилар тўғрисидаги мақолаларини, қани энди, бошқалар ҳам ўқишса, маъноларидан баҳраманд бўлишса, деган фикр хаёлимдан ўтади. Негаки, уларда яқин ўтмишимизга доир воқеа-ҳодисаларнинг  муҳим тафсилотлари билан бирга, миллий ғурур, Ватанни севиш, унинг тақдирига бефарқ бўлмаслик, бу туйғудан бебаҳраларнинг аянчли тақдири ҳақида жиддий мулоҳаза юритилади.

Домла Юсуповнинг китоблари ўқувчини фикрлашга, олис мозий воқеа-ҳодисалари моҳиятини чуқур, айни чоғда тўғри идрок этишга, ўзи учун зарур хулосалар чиқаришга ундайди.

“Тарих уммони сирлари”ни олайлик. Сарлавҳанинг ўзиёқ эътиборни тортади. Тарих уммонида сир кўп, синоат кўп. Очилмай қолган, англанмаган ҳақиқатлар бисёр. Муаллиф тарихни ўрганишда холислик ва адолат бош мезон бўлиши зарурлигини, бирор бир хулосага келишда “етти ўлчаб, бир кесиш” лозимлигини  таъкидлайди.

1875 йилнинг август ойида Худоёрхон Туркистон генерал-губернаторидан ҳарбий ёрдам олиб, Қўқонга қайтиш,  тахтни яна бир бор эгаллаш ниятида Тошкентга келади. Аммо маккор фон Кауфман унга Петербургга боришни, император ҳузурига киришни, аълоҳазратнинг ўзидан ёрдам сўрашни маслаҳат беради. “Шундай қилсангиз, Қўқонга қайтишингизга, тахтни эгаллашингизга  умид қилса бўлади”, дейди. Бу маслаҳат, аслида, пухта ўйланган тузоқ эди ва хон унга осонгина илиниб, Оренбургда бир муддат  уй қамоғида  сақланади.

Худоёрхон Петербург сафари олдидан яқин таниши бўлмиш Мулла Маъруф деган кишига ўзига тегишли Алишер Навоий ва Мирзо Бедил қаламига мансуб нодир китобларни сақлаш учун қолдиради. Кейинчалик Оренбургдан Тошкентга ишончли одамини жўнатиб, шу китобларни олиб келишни буюради. Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”сининг жаҳонда ягона тўлиқ нусхасини себзорлик таниқли маърифатпарвар Муҳиддинхўжа қозига совға қилади. Кейинчалик қозининг амакиваччаси уни Беруний номидаги Шарқшунослик институтига топширади. Мустақиллик йилларида “Зафарнома” кирилл алифбосида тўла ҳажмда нашрдан чиқади.

“Тарих уммони сирлари”ни ўқир экансиз, “биргина ҳужжатнинг ўзи тарих бўла олмайди”, деган гап беҳуда айтилмаганига ишонч ҳосил қиласиз. Узоққа бормай, Худоёрхон ва фон Кауфман муносабатларини олайлик. Тарихнинг ўзида бу икки шахсга доир бири иккинчисини инкор қилувчи маълумотлар етарлича. Буни Шариф Юсупов ўта синчковлик билан таҳлил қилган. Чунончи, фон Кауфманнинг 1871 йилнинг 21 мартида Худоёрхонга ёзган мактубидан келтирилган  қуйидаги сатрларга эътибор беринг: “Сиз “оқ подшоҳ”нинг буюк ҳомийлигида экансиз, Сизнинг ҳар бир дўстингиз бизнинг дўстимиз, ҳар қандай душманингиз эса бизнинг ёвимиз бўлиб қолади”.

1872 йили валиаҳд шаҳзода Насриддинбек Тошкентга келганида, унинг шарафига қуюқ зиёфат берилиб, шу маросимда фон Кауфман Худоёрхонни ўз мамлакатини юксак поғонага кўтара олган Пётр I га тенглаштиради ва “Яшасин Худоёрхон!” деб шарафли қадаҳ кўтаради. Айни чоғда, унинг ўзи Худоёрхоннинг Оренбургда” пойтахтдан алоҳида кўрсатма келгунига қадар яшаб туришини” аввалдан режалаштиради, бу иш амалга ошгач, Қўқон аҳлига мурожаат қилиб: “Сизларнинг собиқ хонингиз Худоёрхонни мен Петербургга жўнатдим. Энди у сизларга хон эмас”, деб мунофиқлик қилади. Бир муддат аввал, Худоёрхон Хўжандда яшаб турганида, хонлик тахтига эндигина ўтирган Насриддинхонга нома битиб: “Сизга маълумдирки, узоқ йиллар давомида дўст бўлишимга қарамай, мен ҳеч қачон унинг (Худоёрхоннинг) хатти-ҳаракатини маъқуллаган эмасман”, дейишгача бориб етади.

Яқин ўтмишимиз ҳақида кўп ибратли тадқиқотлар олиб борган устоз Сайфиддин Жалилов “Худоёрхон” номли рисоласида (“Мумтоз сўз”, 2014) ХIХ асрнинг 60-йилларида Қўқон хонлигида юзага келган иқтисодий ва сиёсий вазиятни шарҳлар экан, хонликнинг Жанубий Қозоғистон, Тошкент, Хўжанд, Ўратепа каби иқтисодий жиҳатдан бойлик келтирадиган вилоятлари Русия томонидан босиб олиниб, бу ҳудудлар қўлдан кетгач, давлатнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш учун Худоёрхон яқин амалдори бўлмиш Иса Авлиёнинг маслаҳати билан халқдан ундириладиган солиқларни янада кўпайтирганини ёзади. Тарихдан маълумки, фон Кауфман 1867 йил охирида Худоёрхон билан, олти ойдан кейин Бухоро амири билан тинчлик битими тузади. Айёр Кауфман бу билан, ваъда қилганидек, ўзаро савдо алоқаларини ривожлантиришни эмас, Қўқон ва Бухорони бир-бирига яқинлаштирмай, хон ва амирни хотиржам қилиб қўйиб, ўзининг босқинчилик ниятини давом эттиришни кўзда тутган эди. Шундай бўлади ҳам.

1861 йилнинг 10 январида Оренбург корпуси қўмондони генерал-адъютант Безак Русия ҳарбий вазири Чернишевга мактуб ёзиб, унда амир Насруллони қуйидагича таърифлайди: “Ажойиб ақл эгаси, энг уддабурон ва моҳир сиёсатчилардан бўлмиш Насрулло Бухорода ҳукмронлик қилган ўттиз тўрт йил давомида Туркистондаги барча халқлар устидан алоҳида бир жозибали қудратга эга бўлди”. Шариф Юсуповнинг фикрича, “чор амалдорларининг оқни қорадан, яхшини ёмондан, савобни гуноҳдан ажрата олмаган бу нодон ҳукмдорга бундай юқори баҳо беришининг сабаби у узоқ йиллар давомида юргизган сиёсат  Русия ҳукуматининг мустамлакачилик мақсадларига мувофиқлигидадир”.  Китобда бу фикр ишончли далиллар билан асослаб берилган. Чунончи, юқорида номи келтирилган Оренбург корпуси қўмондони Безак амир Насрулло вафот этиши биланоқ, буқаламундек фикрини ўзгартиради ва Русия ҳарбий вазирига қуйидаги мазмунда мактуб йўллайди: “Насрулло Баҳодирхон 5 октябрда (1860 йил) Самарқанддан қайтиши биланоқ вафот этди. Унинг хотини, ўз акаси маслаҳатига кўра, Насруллонинг дорисига заҳар аралаштирганини бўйнига олган. Бунинг учун амир ўша заҳоти ҳар икки жиноятчини ўлимга ҳукм этган”. Манбаларда амирнинг чидаб бўлмас даражадаги зулми ва қилмишларидан тўйиб кетган хотини Кенагаc бегим амир ухлаб ётганида қулоғига симоб қуйиб ўлдиргани ҳам айтилади.

Фитратнинг “Абулфайзхон” асари хусусида Шариф Юсупов шундай ёзади: “Фожиада Абулфайзхоннинг хожасаройи бўлмиш Улфат унга (хонга) “Хоқонимизга маълумдирким, подшоҳлик қон билан суғориладиган бир оғочдур. Қон оқиб турмаган ерда бу оғочнинг қуриб қолиши аниқдир”, дейди.

Бошқа бир ҳолат. Яқин ўтмишда ва ҳатто, мустақиллик йилларида ёзилган баъзи тадқиқотларда ҳам Тошкентнинг сўнгги қозикалони Ҳакимхўжа эшон Норхўжа эшон ўғли ҳақида асосан салбий мулоҳаза юритилади.  Бу ҳолатга Шариф Юсупов жиддий тузатиш киритади: “Эмишки, Тошкентга Черняев қўшини ҳужум қилган 1865 йилнинг ёзида қозикалон Ҳакимхўжа ўзи истиқомат қилган Себзор даҳаси йигитларини босқинчиларга қарши курашга бошлаган, кучи етмагач, ўз одамлари билан қочиб қолган, мансабини сақлаб қолиш илинжида шаҳар дарвозасини босқинчиларга очиб берган экан ва ҳоказолар… Аслида воқеа бундай бўлган. Тошкент шаҳри қамалда қолгач, бир ярим ой мобайнида кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган азоблардан қирилиб битишга маҳкум этилган аҳоли Абулқосимхон эшон, Солиҳбек охунд, Ҳакимхўжа қозикалон сингари покдомон зотларга илтижо қилиб, босқинчилар билан муроса йўлини топишни сўрайди. Шу тариқа сўнгги чора сифатида таслим бўлиш ҳақида Черняев билан битим тузилади. Бу тўғрида энг ишончли манбаларда ёзиб қолдирилган. Ана шу воқеалардан кейин Ҳакимхўжа қозикалон Туркистон губернатори Романовский иштирок этган катта йиғилишда бу ҳукмдордан асло тап тортмай, дилидаги гапни дангал айтади: “Ҳаммамизни яратган Ҳақ таоло бор. Унинг амри ҳар бир инсон учун муқаддасдир, бинобарин, сизнинг амрингиздан ҳам юқори туради. Агар Ҳақ таоло мени ўз паноҳида асраса, фақат сиз эмас, балки сиздан юқорида турганлар ҳам ҳеч нарса қила олмайсизлар. Муҳтарам жаноб, сиз мени қўрқитиш билан шариат йўлидан тойдиришга мажбур қиламан деб ўйлай кўрманг”.

Бу жасоратли гап император саройигача етиб боради, катта-кичик ҳукмдорлар орасида “Туркистонда Худодан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган миллатпарвар бир одам бор, у ҳам бўлса  Ҳакимхўжа қозикалондир”, деган овоза тарқалади.

Тарих қатларида қолиб кетган қанчадан-қанча ҳақиқатлардан баҳраманд бўлганингда, кўнглинг ёришади. Хожасарой Улфат, қозикалон Ҳакимхўжа ва яна бошқа кўплаб жасур, фидойи ватандошларимиз мисолида бугунги ёш авлод учун тарбиявий аҳамиятга эга бўлган асарлар яратиш нечоғли зарур эканини англаб етасан.

Истеъдодли ёзувчи Алишер Ибодиновнинг “Шафқатсиз тоғлар” китобида Аҳмад Заки Валидий, В. Наливкин, Н. Остроумов, Ибрат домла, тошкентлик қози Сатторхон Абдулғаффоров, Мулла Олим Махдум, Мирзаолим Мушриф ва бошқаларнинг Қўқон хонлиги тарихига доир китоблари ва хотираларидан ўринли фойдаланилган. Бу манбаларда  Худоёрхоннинг отаси Шералихон 1842 йили ўзим туғилиб ўсган Сафед Булон қишлоғидаги йиғинда оқ кигизга ўтқазилиб, хон деб эълон қилингани, шу табаррук жойдан Косонсой, Тўрақўрғон ва Чуст орқали Қўқонга юриш бошлангани айтилади. Мен учун янгилик бўлгани – рус олими В. Наливкиннинг ХIХ аср охирида рафиқаси билан икки йил Сафед Булоннинг шундоққина ёнгинасида жойлашган сўлим Нанай қишлоғида яшагани, маҳаллий аҳолининг турмуши, урф-одатларини ўргангани бўлди. Иккинчи янги факт шуки, Шералихон Қўқон тахтига ўтиргач, унинг саводи тўла чиқмаган ўғиллари Худоёр ва Сўфибекка нанайлик машҳур мактабдор  мулла Тошбой  сабоқ берган экан.

Абдулла Қодирий ўтган асрнинг 20-йилларида Қўқонга келиб, Худоёрхоннинг ўша пайтда ҳаёт бўлган хотинларидан бири Розиябегим билан учрашгани илмда бор гап. Ҳабибулла Қодирийнинг отаси ҳақидаги хотираларида хонлар давридаги Қўқоннинг йирик уламоларидан бири, мўътабар диний арбоб Миён Фазл Ваҳҳобнинг фожиали севгиси тилга олинади. Бу табаррук зот Худоёрхонга пир мақомида бўлган экан. Аммо…

Хонликлар тарихига кўз ташласангиз, турли офатлар, эл-улус бошига тушган мислсиз кулфатлар, аёвсиз қатлиомларнинг сон-саноқсиз сабаблари маълум бўлади. Имон-эътиқоди суст, хиёнаткор кишилар ҳукмдорларга яхши кўринмоқ, бирор ёғли мансабга илинмоқ илинжида ҳарамни ёш соҳибжамоллар билан тўлдиришга ҳаракат қилганлар. Бундай кишилар Худоёрхон ўрдасида ҳам бўлган. Улар хоннинг қулоғига  Миён Фазл Ваҳҳобнинг ҳуснда тенгсиз хотини борлигини шипшийдилар. Ҳирс-ҳавас жазавасига тушган хоннинг буйруғига биноан қўшмачилар эшон хонадонига бориб, сулув аёлни кўриб, оғзилари сув очиб қайтади. Бу аёл ўша  – Абдулла Қодирий  суҳбатлашган Розиябегим эди.

Худоёрхон Розиябегимни ўрдада ўтказиладиган аёллар зиёфатига таклиф эттиради ва уни шу ерда  тунаб қолишга мажбур қилади. Тунда меҳмон аёл ётган хонага… хон кириб келади. Ҳарамда икки-уч кун қолиб кетган Розиябегимдан содир бўлган воқеани эшитган ориятли эшон хотинига уч талоқ қўяди ва уни ўн тўрт арава сеп билан хон ўрдасига қайтариб юборади. Ҳажр азобида куйиб-ёнган эшон шаҳарда тарқаган гап-сўзларга чидамай, Қўқондан бош олиб чиқиб кетади ва Ўш шаҳрига туташ тоғдаги ғорда (бу жой ҳозир ҳам бор) садоқатли шогирдларидан бири билан дарвешона ҳаёт кечира бошлайди. Аммо орадан қирқ кун ўтар-ўтмас шамдай куйиб адо бўлади. Ўлими олдидан шогирдига: “Мулла Абдулбоқи, менга яқинроқ келиб, оғзимни ҳидланг-чи, ниманинг ҳиди келаяпти?”, дейди. –“Кабоб ҳиди келяпти, устоз, кабоб” дея жавоб беради шогирд. Миён Фазл Ваҳҳобнинг жигари ҳажр оловида қоврилиб кетган экан…

Тақдир бундай номусли зотни хўрлаган Худоёрга умри сўнггида бундан-да оғир жазо – ватангадоликни ҳозирлаб қўйганини кўринг…

Бугун ижодкорлар орасида тарихий мавзуда қалам тебратиш урф бўлиб бормоқда. Аммо, ютуқлар билан бирга, бир асардаги тўқима образ бошқа бир асарга тарихий шахсга айланаётгани, таниқли шахслар тўғрисида “қўлбола”, мантиққа зид  талқинлар кўпаяётгани кўнгилни хижил қилади.  “Қиз Жибек” бадиий фильми билан боғлиқ “асрга татигулик” янглишув бошқа соҳаларда ҳам тўхтовсиз такрорланмоқда. Ён-атрофимизда чоп этилаётган мактаб дарсликларида у ёки бу миллатнинг фавқулодда алоҳидалиги, улуғлиги ва  қадимийлиги давоси қучайиб бораётир.

Аслида, ўтмиш ҳақида қоғоз қоралашнинг ёмон жойи йўқ, бироқ яқин ва олис тарих  воқелигини, аввало, тўғри идрок этиш, моҳиятини бугунги ўқувчига бузмай, камитмай, бошқа либосга ўрамай, оширмай-тоширмай етказиш ҳам илмий, ҳам ижодий ҳалолликни талаб этади. Тарих фанлари доктори, профессор Мирсодиқ Исҳоқов бу масъулиятни қуйидагича ифодалайди: “Тарих ўтмиш экан, унга нисбатан тарихчи ўз мақсадлари, қарашлари орқали кириб боради. Яъни, тарихни ўзидан холи (ўзи билганича) тадқиқ қила олмайди… Тарихни билишда тарихий маълумотларнинг аслияти қанчалик ҳаққонийлиги ёки сохталиги масаласи  диққат марказида турмоғи лозим. Кўп ҳолларда муайян вазият тақозоси билан воқеанинг тафсилотлари атайлаб сохталаштирилган  бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда манбалар, агар уларнинг вариантлари бўлса, қиёсий ўрганилиши зарур бўлади…”

Шу қисқа иқтибоснинг ўзида жуда кўп масалалар кундек равшан бўлиб турибди: тарихшунос бу ишга қандай мақсадда ёндашаётгани ва унинг шахсий қарашлари қандайлиги, билими, имон-эътиқоди, сўзга масъулияти  жуда  муҳим. Воқеа-ҳодисалар тафсилотининг  сохталаштирилишига эса Парижнинг Версал саройи залларидан бирини безаб турган “Наполеоннинг тож кийиши” сурати мисол бўла олади. Рассом бу асарни реал воқеа асосида ёзган, аммо буюк фотиҳнинг эътирози туфайли, муаллиф унга  тузатиш киритиб, сохталикка йўл қўйган.

Илмий тадқиқотларда яқин ўтмишнинг адолатсиз, ақл-идрок билан англаб бўлмайдиган хунрезликлари, Шарқни неча асрлар давомида қонга ботириб келган, юртни вайрон, халқни бенаво қилган уч мудҳиш қусур  – кўпхотинлик, бойликка, айш-ишратга берилиш асоратлари тўғрисида куюнчак мулоҳазалар бор. Шу уч қусур не-не салтанатларнинг тагига сув қуйди, отани болага, болани отага қарши қўйиб, саройнигина эмас, мамлакатни қонга ботирди. Ҳали соҳибқирон Амир Темурнинг муборак жасади тупроққа қўйилмай туриб, тахт атрофида  қонли можаролар бошланиб кетгани хусусида  Алишер Ибодинов: “Агар Темурнинг ворислари, саркардалари унинг васиятига сўзсиз амал қилиб, жон диллари билан Пирмуҳаммадга бўйсунганида, уни қўллаб-қувватлаб, чин садоқат билан хизмат қилишганида қандай тарихий вазият вужудга келарди?”, деб ёзади.  Бу сатрларни ўқиганингда ич-ичингда ўкинч пайдо бўлади: тахт учун курашларда миллатнинг қанчадан-қанча бўлғувси сардорлари, донишманд даҳоларининг ҳам бошлари кесилиб кетган бўлиши мумкин-ку! “Бу хунрезлик илм-маърифат бобида олис юлдузлар қадар баландликка кўтарилган бобомиз  Улуғбек даврида ҳам давом этганини  изоҳлаш қийин”, дейди Хуршид Дўстмуҳаммад.   Алишер Ибодиновннг фикрича, “Ҳақиқий тахт эгасини хиёнат йўли билан ўлдириб, унинг мамлакатини қонунсиз эгаллаб олиш қонуний ҳол, нақд бўлмаса миллий анъанага айлангани, аслида, давлатчилигимиз асосларини емиргани, буюк бир миллатни мустамлака занжиридаги ғариб ва хокисор халққа айлантириб, дунё сиёсати тўридан остонага улоқтиргани ҳақиқат”.

Бу фикрга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Негаки, биргина Қўқон хонлигида “милодий 1740 йилдан то 1875 йилгача, яъни 135 йил ичида тахтга қонуний тарзда ўтирган хонлардан ўн беш нафардан ортиғи ёлланган қотиллар, фитначи унсурлар, қиличи қонсираган жаллодлар қўлида жон беради. Абдураимбий, Сулаймонбий, Олимхон, Муҳаммадалихон, Султон Маҳмудхон, Шералихон, Султон Муродхон, Маллахон, Султон Саидхон, Шоҳмуродбек ва бошқалар тахтга ўтирганларидан кейин ўлдирилган, сўйилган хонлардир. Ҳатто амир Умархондай маърифатли подшоҳ ҳам ўз акаси Олимхоннинг жасади устидан юриб ҳукмронликка эришган”.

Атоқли ёзувчи Чингиз Айтматов инсоният тарихидаги қонли одамкушликлар ҳақида ёзар экан, “Урушнинг даҳшати шундаки, бу қирғинбаротларни бошлаган фотиҳлар, саркардаларнинг номи тарихда қолади, аммо бегуноҳ қурбон бўлган миллион-миллион кишилардан ном-нишон ҳам қолмайди”, дейди. Мана шуниси  алам қилади.

Тахт учун қонли кураш фақат Шарқдагина мавжуд бўлмаган. Салтанат йўлидаги тирик “ғов”ларни пичоқ, ойболта тиғи билан даф қилиш бугун дунёга маърифатдан, инсоф-диёнатдан сабоқ бермоқчи бўлаётган Ғарбда бундан икки ярим – уч аср аввал росмана анъанага айланиб кетганини ҳеч ким инкор этмайди.   Ўлим жазосига ҳукм қилинган Шотландия қироличаси Мария Стюарт, Англия қироли Карл I, Франция қироли Людовик ХVI ва унинг беваси қиролича Мария Антуанетта бошларини жаллод кундасига қўйишдан олдин мириқиб ухлаганлари, ювиниб, энг яхши кийимларини кийишгани, сочларини силлиқ қилиб тарашгани, бева қиролича жаллод бошини танасидан жудо қилиши олдидан ўзига оро бергани, кўп вақт Версал саройининг ҳашаматли мармар зиналаридан баланд пошнали туфлисида шахд билан юқорига кўтарилган бўлса, дор остига ҳам худди шундай, янада виқор ва салобат билан мардона юриб келгани, қатл содир бўлганида майдонга йиғилган оломон “Яшасин республика!” дея қичқиргани бу фикрнинг, шубҳасиз, исботидир. Улар ҳар қандай гуноҳкор, у қиролми, каззоб ўғрими, давлат сирини душманга сотган хоинми,  шундай жазоланиши керак, деб ўйлашган, қатл майдонига ажойиб томошага гувоҳ бўлиш учун  келишган. Боксда жанг биринчи раунддаёқ тугаб қолса, томошабинларнинг ҳафсаласи пир бўлганидек, қатл маросими гильотина ёрдамида амалга оширилса,  оломон зўр томоша бўлмади-да, дея бундан норози бўлиб, шовқин солган. Камдан-кам киши бу қон тўкиш, аслида, саройдаги фитна-фасод оқибати, тожу тахт, бойлик, баланд мартаба учун кураш эканини билган, аммо овоз чиқармаган. Шарқда эса, ҳар гал, саройда фитна уюштирилиб, кимнингдир боши кесилганида, яна бир муттаҳамдан, фирибгардан, сотқиндан, туллакдан қутулдик, энди буёғига хотиржам яшаймиз, деб ўйлашган. Тожу тахт бор экан, бу биродаркушлик ҳеч қачон барҳам топмаслигини ҳаёлларига ҳам келтиришмаган.  Ухлаб ётган Мўмин Мирзони ширакайф бобосининг фатвосига биноан қўлига кишан солиб, қатлга олиб кетишаётганида, у мулозимларга “Мени қаёққа олиб кетаяпсизлар, нима қилмоқчисизлар ўзи?” деб эмас, “Мен шаҳзодаман, бобомнинг суюкли набирасиман, шунга яраша  ҳурмат қилишингизни талаб қиламан”, дейди. Ғафур Ғулом қаламига мансуб мақолалардан бирида айтилишича,                                                             жаллодлар унга: “Шаҳзодам, хотиржам бўлинг, қўлингизга авомнинг қўлига солинадиган оддий темир эмас, тоза кумушдан ясалган кишан солдик, бу ҳурмат эмасми?” деб жавоб беришади.

Бу келтирилганлар узоқ давом этган, йиллар, асрларни ортда қолдирган адолатсизлик, қонхўрлик инсоннинг қон-қонига, жон-жонига сингиб кетиши ҳам мумкинлигидан далолат беради.

Алоуддин Атомалик Жувайнийнинг “Жаҳон фотихи тарихи” асарида (Назарбек Раҳим таржимаси) Марказий Осиё ва Эрон, Мўғулистон ва Хитойнинг ХIII асрдаги ижтимоий-сиёсий тарихи акс эттирилган. Муаллиф бу даврни “ҳур кишилар озиқсиз, йигитлар сургунда, ҳисоблилар ҳисобидан адашган, ақллилар фалокат ҳудудига тушиб қолган, тадқиқотчилар ўз мавзуларининг асири бўлиб қолган, билимдонлар жоҳилнинг хизматига кирган, етук баркамол кишилар разиллик касалига дучор бўлган, мақом соҳиблари ғафлатда қолиб, залолат йўлига кирган, яхшини ёмондан фарқлай оладиган кишилар виждонсиз, разиллар қўлига асир бўлиб тушган давр эди”, дея тарифлайди. Китобда ҳикоя қилинган баъзи воқеаларни ўз кўзи билан кўрганини, баъзиларини гап-сўзлари ишончли бўлган кишилардан эшитганини, яна  бир қисмини эса эътиборга молик манбалардан олганини айтади. Мирзо Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Қазвиний  “Тарихи Жаҳонгушо”нинг иккинчи жилдига ёзган махсус муқаддимасида (1916 йили) Жувайнийнинг боболари,  отаси  Баҳоуддин ва акаси вазир  Шамсиддин обрўли, илмли давлат кишилари бўлганини, Алоуддин ўн беш йил муддат мўғуллар томонидан Эрон волийлигига тайинланган амир Арғун ёнида бўлиб, котиблик, дафтардорлик ва элчилик вазифаларида ишлаганини уқдиради. Жувайний  бу китоб мўғул ҳукмдорларининг талаби (буйруғи) билан уларнинг ишларини тарих саҳифаларига муҳрлаш учун ёзилганини  ўқувчига аста шипшитиб қўядики, бу эслатма муаллифнинг имон-эътиқодли кишилигидан  далолат беради. Ҳукмдор буюртма бердими, уни бажариш керак, воқеа-ҳодисалар тафсилотини буюртмачига маъқул келадиган қилиб ёзмоқдан  бошқа йўл йўқ. Жувайний асосан шу йўлдан боради.  Буни китобда келтирилган, тўғрилиги, аниқлиги хусусида  бир тўхтамга келиш анча мушкул бўлган кўплаб ривоятлар, ҳамду саноларда кўриш мумкин. Мана, улардан бири:

“Чингизхоннинг халққа ер бўлиб бериб, деҳқончиликни тарғиб қилиши туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари кўпайди, ичимликлари Жайхун ирмоғи мисоли оқа бошлади… Бозорлари ва савдо расталарида жавоҳир ва газламалар шу даражада арзонлашдики, мўғуллар торлик ва қашшоқликдан мўл-кўлчилик ва роҳат-фароғатга эришдилар”.  Яна бири: “Ўқтой ҳоқон даврида унинг даргоҳи олимлар учун бошпана ва ҳузур-ҳаловатли жойга айланди, тўғрилик тонгининг нури оқшом қоронғулигини тарқатиб юборди, мамлакат ҳудудлари Чин ва Мочиндан Сурияга қадар узайиб, неъматлар одамларнинг устига ёғилди. Улуғ ҳоқоннинг саҳийлиги боис, машҳур Ҳотами Тойнинг номи унутилди, Ўқтойнинг бошқаруви пайтида дунё ҳузур-ҳаловатга тўлди, ҳатто фалак яратган машаққатлар (азоб-уқубатлар)  ҳам йўқ бўлиб кетди” (215-бет).

Жувайний шундай йўл тутишга мажбур бўлгандир, аммо у бошқа кўплаб тарих ёзарларга ўхшаб, ўзи эътироф этганидай,  “буюртма  асирига айланмай”, бу давр ҳукмдорлари томонидан амалга оширилган мислсиз қатлиомлар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қирғинбарот жанглар, талончилик, вайронкорлик ва бошқа адолатсизликларни четлаб ўтмайди, уларга рамзий, шеърий ва нақлий ишоралар орқали муносабат билдирадики, бу ҳол асарнинг тарихий манба сифатидаги қимматини оширади. Қуйидаги икки иқтибосга эътибор беринг: “Чингизхон аскарлари Самарқандда қалъа атрофини ҳалқа тарзида ўраб, тош ва ўқлар ёрдамида  ички қалъанинг девор ва минораларидан тешиклар очадилар, икки номоз орасида дарвозаларни синдириб, ичкарига кирадилар. Жасур йигитлардан ташкил топган минг кишилик гуруҳ (маҳаллий халқ) катта масжид ичига кириб, ташқарига ўтли шишалар отиб, ўзларини ҳимоя қиладилар. Босқинчилар масжидни ёқиб юборишади. Масжид ва масжид ичидаги одамлар дунё оловида ёниб, охират сувида ювинадилар… 1221 йилнинг апрель ойида юз берган тўқнашувлар пайтида Самарқанд  шаҳри батамом йўқ бўлиш нуқтасига келади (162-163-бетлар).

Алихонтўра Соғуний ёзади:  “Нима учун кейинги асрларда Туркистон халқи жоҳилият ботқоғига ботди? Бунинг бош сабаби – динни асоси билан тушунмаган илм-маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар… Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйғониш, фикр очилиши бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур”.

Рад этиб бўлмайдиган бу муҳим хулосани  маърифатпарвар олим Исмоилбек Гаспринский қаламига мансуб “Дорур-роҳат мусулмонлари” асари мисолида янада кучайтириш мумкин. Унда Исломнинг Ғарб маданияти ва, умуман, дунёвий илм-фан тараққиётига қўшган бемисл ҳиссаси кўрсатиб берилади. Муаллифнинг ёзишича, Андалузияда мусулмонлар томонидан олиб борилган оқилона ва одилона сиёсат натижасида ушбу ўлка Оврупо ва Осиё давлатларига анча йиллар намуна бўлиб турган, илм-фан, қурилиш беқиёс тараққий топган, 800 дан ортиқ мадрасаларда олим ва донишмандларнинг анжуманлари муттасил ўтказиб турилган. Биргина шаҳар ҳокимининг шахсий кутубхонасида 600 мингдан ортиқ китоблар бўлган. Мамлакатдаги етмишдан ортиқ кутубхоналарда сақланаётган китоблардан аҳоли, талабалар абонемент орқали фойдаланишган. “Оврупо мамлакатларидан фаранглар Андалузга келиб, мусулмон мадрасаларида илм ва ҳунар ўрганганлар,– деб ёзади Исмоилбек. – Шу сабабли, Андалуз мусулмонлари Оврупонинг маданияти ва жадидаси (янги маданияти) юксалишига асосий сабабчи бўлганлар. Улар Оврупонинг муаллим ва устозлари ҳисоб этилсалар жоиз…” (Ушбу асардан келтирилган иқтибослар Бегали Қосимов таржимасида берилди).

Америкалик олим Драбер “Европада ақлий тараққиёт тарихи” китобида: “Европанинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шам ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келгандир”, деб ёзган экан. Гаспринский бу фикрни давом эттириб,  “Юнон маданияти Овруподан аввал Ислом дунёсига ёйилди, мусулмонлар уни тараққий эттириб, нуқсонларини камайтириб, Оврупога топширдилар”, дейди.

“Дорур-роҳат мусулмонлари”дан баъзи маълумотлар: “Абу Жаъфар Юнон ҳукмдори билан иноқ бўлиб, Афинадан беадоқ китоблар олдиради. Маъмун даврида Яҳё ибн Холид Бармакий Птоломейнинг “Мажистий” асарини таржима қилади. Санад бин Али ва Холид бин Абдумалик Марварудий астрономия бўйича янги маълумотларни қўлга киритадилар. Ер шарининг узунлик ва кенглик даражалари ўлчаб чиқилади. Аббос бин Саййид Жўшарий каби машҳур олимлар юнонларнинг астрономияга оид асарларидаги кўплаб хатоликларни аниқлайдилар, қуёш доғлари, ой-кун тутилиши, думли юлдузлар борасида бир қанча кашфиётлар қиладилар. Европа ҳандаса (геометрия) илмини хуросонлик Абулвафонинг ҳижрий бешинчи аср бошида тузган “Аз-зижи Шомил” ва “Мажистий”сидан ўрганди… Афсуски, ХI асрдан бошлаб замон нотинчликлари кучайиб боради. Бир томондан ғазнавий, салжуқийларнинг мулк дағдағаси, иккинчи томондан Чингиз истилоси, учинчи томондан Қуддуси шариф учун бошланиб кетган “салб юришлари” ислом оламини ларзага солиб, илму ҳунар йўлларини бузди. Лекин илм-маориф нури сўнмади, аксинча, душманларга ҳам зиё бериб, мунаввар қилди. Мўғулларнинг катта қисми ислом маданиятини қабул этдилар, овруполилар эса юз йиллик салб юришлари давомида қанчадан-қанча санъат ва ҳунарларни ўрганиб қайтдилар. Ислом маданияти ўчоқлари Бағдод, Шероз, Нишопур, Самарқанддан ташқари, Африка ва Испанияда, яъни ислом оламининг деярли барча нуқталарида мавжуд бўлиб, бу ерларда илм-фан бениҳоя ривож топди. Муаллиф ушбу маълумотларни келтирар экан, ҳар бир миллат, халқнинг буюклиги ва қувватлилиги унинг илм ва ҳунарни нечоғли эгаллагани билан ўлчанишини таъкидлайди: “илм ва ҳунарга эга миллат ва халқ энг улуғ, энг буюк халқдир”.

Тарих саҳифаларида гўзал хотира бўлиб қолиб кетган Андалузияга қайтамиз. Бу ерда юз берган таназзулнинг сабаби нимада эди? Исмоилбек бу саволга ғоят аниқ жавоб беради: “Инсон иши, инсон тартиби ҳеч қачон боқий бўлмайди. Чунки борлик ва йўқлик, тараққиёт ва таназзул сабаблари ўз ичимизда. Талофатимизга сабаб бўлган оғу ва заҳар ҳам, жони саодатимизга сабаб бўладиган қувваи маънавия ҳам вужудимиздадир. Тўғрилик ва нафсоният, ҳаққоният ва зулм, марҳамат ва ғаддорлик, танбаллик ва ғайрат, илмга муҳаббат ва жаҳолатга майл, мардлик ва олчоқлик, баҳодирлик ва қўрқоқлик – барчаси инсонга хос. Шундайки, ушбу ҳолларнинг қай бири ғолиб келса, жамияти башария ана шунга мувофиқ тартиби маишат қилади… Инсонлар ҳусн ахлоқли, хуш қилиқли бўлсалар, жамият ва ҳаётлари давомли бўлиб, тараққий этар, саломат ва саодатҳол бўлурлар. Акс ҳолда, ичидан чириган олмадек, бир-бир тўкилиб, инқирозга юз тутади… Уч юз йил камоли шуҳрат ва ном ила салтанат қилиб, Андалуз давлати охир-оқибат бошқа йўлга юз тутди. Афкорлар, одатлар ва ҳиссиётлар ўзгара бошлади. Туғён, танбаллик, қайғусизлик, кибр, тафриқа (бўлиниш, парчаланиш) илон оғуси каби, вужуди давлат ва миллатни чирита бошлади. “Ҳолсизланмиш дарахтда соғ мева бўлмас” деганларидай, адолатсиз қозилар, порахўр волийлар, ақли ноқис ва ғайратсиз ҳукмдорлар келиб, фитнабозлар – уламога, ширин ёлғон сўйловчилар – содиқ бандаларга, наф­соният ва манфаати шахсия – фавоиди умидияга, риёбозлик ва намойиш учун ўқилган намозлар амали хайрияга ва миллатпарварликка ғолиб келди. Бу заҳар икки юз йил Андалузнинг вужудини кемириб хароб қилди. Бир давлат уч-тўрт қисмга бўлиниб, бир-бирларига иддао билан уруш йўлига ўтдилар… Мусулмонлар орасида пайдо бўлган иттифоқсизлик ва фасоддан фойдаланиб, ўша пайтга қадар мағлуб ва ночор бўлиб келган Кастилия насронийларининг ҳукмдори Фердинанд Андалузиянинг ички ишларига аралашиб, ўлка инқирозини тезлаштириб юборди…”

Шу ўринда эслаб ўтиш жоизки, Андалузияни осонлик билан қўлга киритган Фердинанд ғалаба шарафига ўтказилган маросимда: “Мен мусулмонларнинг бу қадар олчоқланганини (пулга, мол-мулкка, совға-саломга сотилишини) хаёлимга ҳам келтирмаган эканман”, деган экан.

Бу ва бошқа кўплаб тарихий воқеалар замирида  аччиқ бир ҳақиқат мавжуд: илмсизлик, тарқоқлик, ички низо, фитна, огоҳлик кўзларининг юмилиши барча офатларнинг доясидир. Салтанатларнинг қулаши, хонликларнинг осонгина босиб олиниши, Чингиз қўшинларининг маҳаллий ҳимоячилар устидан ғолиб келиши  ва, ҳатто, олис Андалузияда озодликнинг қўлдан кетишига ҳам тахт талашиш, сотқинлик, мунофиқлик, узоқни кўра олмаслик, маишатпарастлик, манманлик, эл-юрт  дардидан узоқлашиш, дардини тингламаслик сабаб бўлган. Туркий дунё тарихи бундай мисоллар билан тўла. Таассуфки, бу  иллатлар тарих омборларида қолиб кетган эмас. Нур бор жойда соя бор, дейдилар. Буни  асло унутмаслигимиз  керак.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил, 2-сон