Менинг китобга, бадиий ижодга меҳр қўйишимга раҳматли онам Баҳринисо сабабчи бўлганлар. Онамнинг айтишича, ота томонидан беш авлоди Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган эканлар. Жумладан, онамнинг бобоси Абдураҳим домла ва отаси Муҳаммадраҳим бобом ҳам шу мадрасада ўқишган. Катта бобом Абдураҳим домла мактабдор бўлганлар. Унинг хусусий мактабида ўғил болалар ҳам, қиз болалар ҳам таълим олишган. Ўғил болаларга эркак муаллимлар, қизларга отинойилар сабоқ беришган. Онам ҳам бобомнинг мактабида сабоқ олганлар.
Бобом Муҳаммадраҳим 1912 йилда мадрасани битириб қайтгач, отасининг мактабида ва Жиззахдаги Нуриддин ҳожи мадрасасида фиқҳдан дарс беради. Айни пайтда Оғажон қишлоғида имомлик ҳам қилади. Бобом илм-маърифатли, бир сўзли одам эканлар. 1916 йилдаги мардикорликка олиш воқеасига у бефарқ қараб туролмайди. Негаки, мардикорликка жўнатилган йигитларнинг ярмиси Россияга етиб бормасданоқ очлик ва қаровсизликдан йўлда жон таслим қилар, бунинг устига рус ўрмонлари хўрликка чидолмай жонига қасд қилганлар жасадига тўлиб кетганди.
Бунга чидолмаган халқ жабр-зулмга, ҳақсизлик ва адолатсизликка қарши исён кўтаради. Бунинг бошида ўз даврининг улкан уламоси Назирхўжа эшон ва йигирма олти ёшли Муҳаммадраҳим бобом турган эканлар. Қўзғолон шафқатсизларча бостирилгач, маҳаллий ҳокимият (рус тўралари) кимки Назирхўжани ва Муҳаммадраҳимни тирик ёки ўлик ҳолда келтирса, беш кило тилло мукофот берилишини ваъда қилади. Лекин халқ ўз халоскорларини тутиб бермайди. Аксинча, уларни жон-жаҳди билан ҳимоя қилади.
Чор амалдорлари бобомни қўлга олишолмайди. Бироқ укаси Исақулни қамоққа олишади. Кейин Абдураҳим бобомни қийноққа солиб, уни қамашга ҳукм чиқаришади. Буни эшитган бобом ўз ихтиёри билан “қўлга тушади”. Қўлга тушганининг эртасига уни дорга осишади. Бечора онам ўла-ўлгунча шуларни эслаб, зор-зор йиғлаганча дунёдан ўтди.
Энди онамга келсак. Волидам араб тилини мукаммал биларди. Ён-атрофга отинойи деб ном чиқарганди. Араб тилидаги китобларни бемалол ўқир, ўқиганда ҳам ҳар бир жумлани чертиб-чертиб, оҳангдор қилиб ўқирди. Кечки пайт уйимиз хотин-халажга тўлиб кетарди. Онам уларга китоб ўқиб берардилар. Унинг ўқиганлари ичида Алишер Навоий, Бедил ва Машрабнинг ғазаллари ҳам бўлар эди. Онам шу ғазалларни деярли кунига ё кунора ўқирди. Ўшанда мен тўққиз-ўн ёшларда бўлиб, онам ўқиган ҳар бир мисрани илғаб, эслаб қолишга интилардим. Ғазалларни ичимда такрорлардим.
Шу сабабми, шеъриятга, умуман адабиётга меҳрим тушди. Юрсам ҳам, ўтирсам ҳам қўлимдан китоб тушмас, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Миртемир шеърларини ёд олардим. Буни ўқитувчиларим сезишарди. Мактабдаги бирон тадбир менинг шеър ўқишимсиз ўтмасди. Бир куни адабиёт муаллимим Пўлат ака Туробов мени чақирди-да, бироз ўйланиб туриб: “Шу бугундан бошлаб, деворий газетага сен масъулсан”, деди. Газета тайёрлашга киришдим. Дилимда бир истак тинчлик бермасди: “Ўзим шеър ёзсам-у, уни деворий газетада чиқарсам”, дердим. Уч кун куймаланиб, “Дўстимга” деган шеър ёзиб, деворий газетанинг кўринарли жойига қўйдим. Лекин ичимда қаттиқ ҳадик бор эди: “Муаллим урушса-я, йиртиб ташласа-я”, деб ўйлардим. Бироқ ўқитувчим аксинча, буни кўриб хурсанд бўлди. Елкамдан қучиб, табриклади ҳам. Кўп ўтмай унинг раҳнамолигида, шоир Назиржон Баракаевнинг таҳрири билан “Ватан” деган шеърим туман газетасида босилди.
Ўша кунлар ҳеч ёдимдан чиқмайди. Мени “Шоир бўлибсан” деб табрикламаган синфдошларим қолмаганди. Дўконга бориб, газетанинг шеърим босилган сонидан бир йўла 10 та сотиб олдим. Менга қолса ҳамма газетани сотиб олгим келарди. Шеърим чиққан куни деярли ухламадим. Яна бир шеър ёзиб тонгни қаршиладим.
Мактабни битиргач, акам Қишлоқ хўжалик институтига кирасан деб туриб олди. Мен адабиётчи бўламан дедим. Хуллас, ўз айтганимни қилиб, СамДУга икки йил ҳужжат топшириб киролмадим. Кейинчалик Тошкентдаги техникумлардан бирига ўқишга кирдим. Тошкентдаги уч йиллик давр мен учун адабиёт бўйича чинакам сабоқ йиллари бўлди. Бу ерда таниқли шоир Азиз Абдураззоқнинг адабиёт тўгарагига қатнашиб, кўп нарсалар ўргандим. Кейинчалик етук ижодкорлар бўлиб етишган Ҳожиакбар Шайхов, Рауф Толипов, Абдулҳай Носиров, публицист Ҳабибулла Олимжоновлар шу тўгаракнинг қатнашчилари эди. Ҳар ойда бир марта Ёзувчилар уюшмасида бўладиган семинарга борар эдик. Семинарга Одил Ёқубов мутасадди бўлиб, машғулотларни Ғафур Ғулом, Асқад Мухтор, Пиримқул Қодиров, Миртемир ўтказишарди.
Бир воқеа эсимдан чиқмайди. Шоир Юсуф Шомансур шеър ўқиди. Шеърда “Аразлаган келин-куёвлар кароватни бошқа қўйиб ётмасин” деган сўзлар бор эди. Шунда Миртемир домла Юсуф Шомансурга ҳалимлик билан: “Укам, шу жойини тузатинг. Келин-куёвлар кароватни эмас, ёстиқни бошқа қўйиб ётмасин, деб ёзинг”, деди. Атоқли шоирларимиздан Абдулла Ориповнинг барчага манзур бўлган шеърларини, Эркин Воҳидовнинг “Палаткада ёзилган достон”ини ҳам биз ҳаваскор қаламкашлар шу семинарларда эшитган эдик.
1989 йилнинг баҳори. Шоир Туроб Тўланинг ёрдами билан Дўрмонга бордим. Бу ерда биринчи танишган кишим Шукур Холмирзаев бўлди. Боғда айланиб юрсам, “Жигули”дан тушди-да, мен томон юрди.
– Танишиб қўяйлик, укам! Шоирмисиз, носирми?
– Журналистман.
Шу кундан икковимиз иноқлашиб кетдик. Шукур ака ортиқча мулозаматни хуш кўрмасди. Кўнглидаги гапни шартта-шартта айтарди. Танишганимизнинг эртаси куни: “Нималар ёзгансиз?”, деб сўради. Унинг сўзга талабчанлигини билганим учун: “Ҳозирча ҳеч нарса” дедим. Аслида юз бетлик қиссам тайёр бўлиб, Дўрмонда қайта кўз югуртирмоқчи эдим. Шукур ака билан адабиёт ҳақидаги суҳбатларимиздан сўнг уни йиртиб ташладим. Кейинчалик унинг ўрнида ўн тўрт бетлик ихчам асар юзага келди.
Бир куни кечки пайт Шукур ака хонамга кириб келди. Бир пиёладан чой ичилгач, “Укам, сизга топшириқ шундай: икки-уч кун ичида бир ҳикоя ўйланг. Мен ҳам ўйлай. Иккимиз бир-биримизга айтамиз. Маъқул бўлса, маъқул дейман. Номаъқул бўлса… уни ҳам кўрамиз” деди. Кетатуриб қўшиб қўйди: “Билиб қўйинг, зинҳор “Ленин, партия” деган сўзлар бўлмасин. Фақат дардингизни ёзинг. Ҳа, инсоний дард бўлсин!”
Кейин билсам, Шукур ака “Гулистон” журналида “Темур тузуклари” босилгани учун ишдан олинган экан. Лекин устоз ҳеч кимга бу ҳақда арзи ҳол қилмас эди. Ҳикоя ҳақида бош қотира бошладим. Менинг дардим ўзи нима? Тўрт марта олий ўқув юртига имтиҳон топшириб, киролмай, бешинчи сафар кирганимми? Колхознинг пахта экамиз деб боғларимизни яксон қилгани, ҳилвираб турган уйимизни ҳам буздиргач, қиш чилласида бошпана излаб юрганимизми? Онам бетоб ётганида, ўн уч ёшли акам ўрнига далага ишга чиқса, бригадир: “Сен тирранчага куним қолдими?” деб акамни от билан қувлаганими? Йўқ. Булар ҳам эмас. Менинг бирдан-бир армоним ва дардим отамнинг на ўзини, на суратини кўрганим эди. Отам Катта Фарғона канали қурилишидан қайтганининг учинчи куни оламдан ўтган.
Ҳикояда мен тушимда отам билан учрашаман. У қабристондан чиқиб келган бўлиб, эгнида илвираган кафан. Отам мен билан хайрлаша туриб: “Кетар фурсатим етди. Кетмасдан иложим йўқ. Эҳ, на чора, ҳали ҳам золимнинг қўлидамиз, ўғлим! Золимнинг қўлида!” деб фарёд чекади. Шу ўринда рус босқинига ишора қилинган эди. Ҳикояни эшитиб, Шукур ака: “Яхши нарса топибсиз, аммо бироз қалтисроқ экан. Лекин қўрқманг, одамзоднинг юзта томири бўлади. Биттаси узилмасаям яшайди. Ёзишга киришинг, менга кўрсатасиз” деганди. Аммо уни ёзишим қийин бўлди. Кўз олдимдан устознинг синчков нигоҳи кетмас, ёмон ёзишдан қўрқардим. Аммо мен уни ниҳоясига етказдим. Ҳикоя республика газеталарида чиқди. Лекин ҳикоя чоп этилиш пайтида ўша “нозик” жой олиб ташланибди.
Биз Шукур ака билан ўшанда йигирма тўрт кун ҳамсуҳбат бўлдик. Устоз ўша кунлар “Обком секретарининг севги саргузаштлари” романининг қўлёзмаси устида ишларди. Бу асарнинг тақдири нима бўлди, билолганим йўқ. Шукур Холмирзаев билан учрашгунимга қадар ўзимни ҳаваскор қаламкаш ҳис этиб, ижодий ишга қаттиқ киришмагандим. Бироқ устоз сабоқларидан сўнг адабиёт ҳақидаги ўй ва тасаввурларим бутунлай ўзгарди. Унча-мунча нарсани қаламга олмайдиган, аксинча мутолаага зўр берадиган бўлдим.
Шоирлар Тўлқин, Иброҳим Дониш ва ёзувчи Ўктам Жавлоновнинг далдаси билан “Ёш гвардия” нашриётига биринчи китобим – ҳикоялар тўпламимни топширдим. Бироқ китоб тайёр бўлиб, босилай деганда нашриётнинг номи ўзгариб, вақтинча “нафас ростлаш” бўлди. Тўплам Ёзувчилар уюшмасининг тавсияси билан Сирдарё босмахонасида чоп этилди. Биринчи китоб қўлга теккач, ҳам суюнганим, ҳам масъулият туйғусиданми, анчагача ҳеч нарса ёзолмай юрдим. Кейинчалик изга тушиб, яна ижодий жараёнга киришдим.
Мен табиатан ҳазил-мутойибага мойил эмасман. Лекин бир воқеа бўлди-ю, ҳажвия ёза бошладим. Шу-шу ҳажвчиликда ҳам қалам тебратадиган бўлдим. Қишлоғимизда бир киши бор. Кимни кўрса танбеҳ бериб, насиҳат қилади. Ўзини ўта диёнатли, доно санайди. Бир куни тунда ишдан қайтаётсам, икки бош эчкини боқиб ўтирибди. Эчкилар ён қўшнисининг дарахтини кемиряпти. Шу кечасиёқ “Мирҳобид ёки ўқимишли одам” деган ҳажвия ёздим. Ҳажвия нишонга теккан экан. Қаҳрамоним “Нега менинг устимдан ёзасан?!” деб уйимга бостириб келди. Анча пайтгача иккимиз ўнгу терс бўлиб юрдик.
Инсон камолоти, ундаги ўй-фикрлар, эзгу ниятлар ва дунёқарашнинг шаклланишида, жамият тараққиётида, бадиий адабиётнинг ўрни ниҳоятда юксак. Бошқа бирон соҳанинг таъсир кучи билан бадиий адабиётнинг кучини тенглаштириб бўлмайди. Адабиёт инсон ақлигагина эмас, унинг руҳиятига ҳам сингади. Зотан, бадиий сўз юракка муҳрланади. Тошга битилган ёзувдай асло ўчмайди. Бу муҳрни замонларнинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам ўчиролмайди. Инсоннинг инсонлиги ҳам, бошқа мавжудотлардан айричалиги ҳам сўз билан бўлгани каби, адабиётнинг бошқа тарбияловчи ва таъсир қилувчи воситалардан фарқи унинг сўз санъати эканлигидир.
Сўзни отиб ҳам, чопиб ҳам бўлмайди. Адабиёт орқали бир юракка сингган сўз, минг юракда садо беради. Бу сўзда инсонга меҳр-шафқат, Ватанга садоқат барқ уриб туради.
Миллатнинг миллатлигини белгиловчи ва асровчи ҳам адабиётдир. Миллий тил бўлмаса, миллат ҳам битади. Фақат юксак бадиий асарларгина она тилимизни бойитиб, асраб-авайлаб авлоддан авлодга етказади. Ахир нима учун зулмкор тузумнинг биринчи ҳамласи Чўлпонга, Фитратга, Абдулла Қодирий ва Усмон Носирга қаратилди. Чунки уларнинг нажоткор ҳар бир сўзи ўз халқи учун малҳам, мустабид тузумга отилган ўқ эди. Шунинг учун даврнинг улкан сўз усталари аёвсиз маҳв этилди.
Адабиётнинг жамият тараққиётидаги юксак ўрнини, халқ маънавиятидаги муҳим аҳамиятини англаган етук адиб ва шоирларимиз бугунги кунда ҳам самарали ижод қилмоқдалар. Истиқлол берган улкан имкониятлардан самарали фойдаланиб, халқнинг қувончи, орзу ва ташвишлари билан ҳамнафасликда баркамол асарлар яратилмоқда. Лекин шу асарлар билан бирга бадиийликдан йироқ, танланган жанр талабларига жавоб бермайдиган романлар, қиссалар ҳам босилиб турибди. Гоҳо ўшаларга кўз югуртириб (ўқишнинг ҳожати йўқ), наҳотки шу китобни сўз санъатидан хабардор киши ёзган ёки шу китобга ижод оламини тушунган киши муҳаррирлик қилган деб, ўйланиб қоласан киши.
Бир зарб билан ёзилган бундай китоблар кошки бир-иккита бўлса. Айрим “ҳозиржавоб” адибу шоирларимиз бир асарнинг сиёҳи қуримай туриб, иккинчисини “ёзиб” ташлашаяпти. Ижодий сермаҳсулликка ҳеч ким қарши эмас. Лекин китоб китобдай бўлсин-да! Дўкон пештахтасини безаб турган китобда бадиийликдан асар ҳам бўлмаса, китобхоннинг ҳафсаласи пир бўлмайдими? Бундан адабиётнинг обрўси тўкилмайдими?
Яқинда бир шеърий тўплам қўлимга тушди. Унга таниқли бир шоир сўз боши ёзибди. Бу ҳам етмагандай китобнинг орқа муқовасига шеърлар сўз боши ёзган шоир таҳрири остида босилганлиги қайд этилган. Тўпламдаги шеърларни атайин сабр билан ўқидим. Алмойи-жалмойи гаплар. Ахир шеър – санъат, ноёб бадиий кашфиёт-ку! Наҳотки, шу шеърларга сўз боши ёзган, таҳрир қилган киши буни ўйламаган. Сабаби нимада? Манфаатдорликми ёки шуҳратпарастлик? Англаб етолмадим.
Бу сўзларни айтишдан мурод шуки, эзгу ният билан қўлга қалам олган киши адабиётга хиёнат қилмаслиги керак. Чала-чулпа, саёз ёзилган асарларни улуғлаш, кўкка кўтариш, улар учун нашриёт эшикларини очиб беришни адабиётга хиёнат деб билмоқ жоиздир. Қолаверса, ҳар бир носир ёки шоир Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда “муқаддас қаламни” қўлида тутар экан, адабиёт қўядиган залворли юкниям мардлик билан елкасига ола билиши шарт.
АДИБ ҲАҚИДА
Абдулла Аҳмад – 1943 йилда Жиззах шаҳрида туғилган. Сирдарё Давлат педагогика институтининг филология факультетини битирган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Ҳозирги кунда “Жиззах ҳақиқати” газетасида адабий котиб бўлиб ишламоқда. Унинг “Мерган” (1992), “Олтин дарахт” (1993), “Элин севган минг яшар” (1993), “Маърифатга бахшида умр” (1998), “Зафарободнинг зумрад тонглари” ( 1999), “Юракдаги исм” ( 2004), “Нажот эшиги” (2005), “Дардисар” (2007), “Умид чироғи” (2008), “Олислаган соялар” (2008), “Энди кафил бўлмайман” (2010), “Сенга интиламан” (2011) сингари китоблари чоп этилган.
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 11-12-сонидан олинди.