Менинг ҳаётимда бир қатор кунлар, йиллар, саналар бор: ўшаларни унутилмас саналар деб биламан. Шулардан бири – 1940 йилнинг 1 майи. Бунинг унутилмаслиги сабаби шундаки, шу куни мен Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романини сотиб олган эдим. “Қутлуғ қон” романи ўша вақтда жуда қиммат – 11 сўм турарди. 11 сўм, ҳозир билмадим, неча минг сўмга тўғри келади, ҳар ҳолда жуда қиммат эди. Одатда, китоблар 1 сўм бўларди, 50 тийин-60 тийин турарди, лекин Ойбекнинг романи, янглишмасам, 11 сўму 25 тийин эди. Шу китоб кўзимга яхши кўринди. Воқеа шундай бўлдики, биз 1 майда мактабдан байрам намойишига чиққан эдик. Намойишга чиқишдан олдин мактабда бизга форма беришган эди – “Ёш армиячилар” деган. Шу формага 100 сўмдан пул йиғилган эди. (Уйдан олиб келиб берган эдик.) Шу пулдан 20 сўмча ортиб қолган экан, уни қайтиб беришди. Биз намойишдан қайтиб, Навоий кўчасидан келаётган эдик. У вақтда Навоий кўчаси ҳозиргидек эмас, бошқача эди. Киностудиянинг ёнида Шайхонтаҳур даҳасининг дарвозаси бор эди, зинадан чиқиларди. Дарвоза маҳобатли, нақшинкор, жуда гўзал бўлиб, тепаси гумбаз билан туташган эди. Шу гумбазнинг тагида 2-3 та дўкон бўлган. Намойишдан чиқиб, секин сайр қилиб, қаерда нима бор экан, деб айланиб, томоша қилиб келаяпмиз. Ҳамма вақт ҳам Шайхонтаҳурга бормайсан, киши. (Биз Эски шаҳарда турардик.) Кейин шу гумбазнинг тагига кирсам, китоб дўкони бор экан. Китоб олиш ниятим йўқ эди, уни-буни кўрдим. Қарасам, “Қутлуғ қон” деган роман турибди. Ана шуни бир кўрай, десам, дўкончи олиб берди. Варақлаб кўрдим, жигаррангроқ муқовасида бир чолнинг қўлини кўтариб турган сурати, ўзбекча кийинган, бошини қийиқ билан боғлаган. Ичини варақладим, энди дарров нимани била қолардим? Дўкончи айтди: “Ўғлим, – деди, – шу китобни олгин, – деди. – Кеча келган эди, бугун тамом бўлаяпти. Эртага қолмайди бу китоб”, – деди. Ҳа, қолмас экан, деб олдим. Олиб, уйга олиб кетдим. Ўқий бошладим. Бу энди шунақанги ғалати китоб эканки, биласизми, бир ўзига тортиб олгандан кейин қўйиб юбормас экан. Кундузи ҳам, овқат пайтида ҳам, иш пайтида ҳам, ўқиш пайтида ҳам партанинг тагига қўйиб, кечаси ҳам чироқни алламаҳалгача ёқиб, хуллас, икки-уч кунда ўқиб чиқдим, шу китобни. Энди, шунақа бир ажойиб, шунақа бир мароқли, шунақа бир ўзбекона, юракка яқин, ҳаммасини ўзим кўриб тургандек ҳис қилдим.
Романнинг бошланишида Йўлчи қишлоқдан келади тоғасиникига, Мирзакаримбойникига. Супага ўтиради. Бизнинг уйда ҳам супа бор эди, ўша пайтларда. Менинг назаримда, худди шу ерда Йўлчи ўтирибди. Шу ерда Мирзакаримбой, шу ерда хотини, болалари ўйнаб юришибди. Мен ҳам шу Йўлчининг қаторида бир жойда ўтиргандек, гўё уларнинг гапларини эшитаётгандек. Шу, аралаша олмасам ҳам, гапларини эшитиб, мириқиб ўтиргандек ҳис қилдим, ўзимни. Ва бундан кейинги саҳналарда ҳам шунақа бўлди.
Яна шу сана эсимда қолганининг боиси шу эдики, энди мактабдан беришган 20 сўмнинг қайтимини уйга бериш керак эди. Мен 10 сўмми, 9 сўмми, ҳатто 8 сўмми бердим. 1 сўмига кўчада музқаймоқ, яна бир нарсалар олиб еб келдим. (5-синфда ўқир эдим, ўшанда.) Орадан уч-тўрт кун ўтгандан кейин, ойим хоналарига чақирдилар.
– Ҳа, ойи, нима дейсиз?
– Мактабда қайтимини беришдими?
– Ҳа, беришди.
– Олиб келдингми?
– Ҳа, олиб келдим.
– Қанча?
– Мана, бувимга бердим, 8 сўм.
– Нега 8 сўм?
“Ҳа, энди, ул-бул…”, деб бошлаган эдим, “Мана сенга 8 сўм”, деб қайиш билан уриб кетдилар. (Қайишни орқаларига беркитиб турган эканлар.) Бу воқеа, кечқурун, ётиш олдидан бўлган эди: шим йўқ, иштон, холос. Қайиш деган нарса жуда ёмон бўлар экан, ҳозиргача эсимдан чиқмайди. Мана шунақа қилиб қайишнинг зарбини едик. “Нега сўрамасдан китоб оласан? Бу пул ўзингники эмас эди-ку! Бировники эди-ку!! Олиб келиб беришинг керак эди-ку!!!. Ўзинг ишлаб топсанг, бошқа гап эди”, деб жуда қаттиқ ранжидилар, уришдилар, сўрамасдан пулни йўқотиб, сарфлаб келганим учун.
Ўша кундан менда иккита хотира қолди. Биринчиси, ҳеч қачон бировнинг ҳақини, бировнинг пулини олмаслик. Шу пайтгача мен бировнинг нарсасига тегинган эмасман. Иккинчиси, мана шу роман. Роман саҳифаларини ҳозир ёд айтиб бера олмасман, лекин қаерда нима воқеа бўлган, қандай ҳодиса, қайси образ тасвирланган, ким ким билан учрашган, нима деган – ҳамма-ҳаммаси ёдимда турибди. Муқовадаги расм билан шу образлар гавдалари билан, қош-кўзлари билан кўз олдимда турибди. Кейин-кейин ўйлаб қарасам (мана, адабиётшунос бўлдим), асарнинг содда бўлишлиги, жуда ҳам ҳаётий бўлишлиги, шу билан бирга унутилмас картиналар, одамлар бўлишлиги ёзувчининг санъатига, маҳоратига боғлиқ экан. Жуда юксак маҳоратга эга бўлган ёзувчигина шунақа образларни яратиши мумкин экан. Ўртамиёна ёзувчининг яратган, чизган образи “бўйи ундоқ эди, қоши бундоқ эди”, дегани билан барибир эсда қоладиган бўлмас экан… Шу романдан кейин яна қанча китоблар ўқидим (улар орасида ҳам эсда қоладиганлари бўлган), лекин Ойбекнинг “Қутлуғ қон”и – жуда бир бошқача роман…
Яқинда бир мақола ёздим . Шундай хулосага келдимки, бизнинг ўзбек адабиётидаги энг буюк асарлардан бири – Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи. “Қутлуғ қон”, биласизми, қайси йилларда ёзилган? 1939 йилда босмага берилган, 1940 йилда босилиб чиққан. Ойбек 1937 йилни кўрган. Фақат 37 йилни эмас. Агар Ойбекнинг ҳаётига назар ташласангиз, бошдан-оёқ трагедиядан иборат. Шубҳасиз, одамнинг ҳаёти фақат трагедиядан иборат бўлмайди. Албатта, қувончли кунлари ҳам бўлади, ўртоқлари билан учрашади, бирон жойга зиёфатга борган, фарзанд кўрган кунлари бўлади ва ҳ.к. Қувончли кунлари, албатта, бўлади. Лекин яхлит олиб қарасангиз, Ойбек ҳаётининг фожиали, даҳшатли кунлари, рози бўлмаган кунлари кўпроқ. Мана, 1914 йил… Ойбек неча ёшда бўлган, ўшанда? 9 ёшдами? 9 ёшида Биринчи жаҳон уруши бошланган. Яна уч-тўрт йилдан кейин Октябрь тўнтариши содир бўлган. Кейин гражданлар урушини кўрган, “Туркистон мухторияти”ни кўрган. “Туркистон мухторияти”ни деганда, фақат мухторият, “ура-ура” эмас, Туркистон мухториятини уч ойдан кейин бостиришгани, дашноқларнинг Қўқонда бир кунда 10 мингта одамнинг калласини олиб ташлагани кўз олдимга келади. 10 мингта одам-а! Айтишга осон! Шу пайтда, яъни, 1918 йилда Ойбек 13 яшар эди, ҳаётда рўй берган воқеаларни тушунарди, паст-баландини биларди. Мана бу ҳодисани кўринг: гражданлар уруши, ундан кейин “ҳарбий коммунизм” даври, ундан кейин очлик, НЭП – “янги иқтисодий сиёсат” даври. 1927-28 йиллар – колхозлаштириш даври. Бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб одамлар уйидан ҳайдаб чиқарилиб, бадарға қилинган, кўчирилган, қамалган, отилган… Шунақа бир давр бўлган. Кейин яна очлик даври. 30 йилларда даҳшатли очлик бўлган, кўчада одамлар юриб кета туриб ўлиб қолган, уларни бир неча кунлаб кўмадиган одам бўлмаган. Буларнинг ҳаммасини… Ойбек кўрган!
Булардан ташқари, Ойбек 30 йиллардан бошлаб қувғинга учраган. Эсингизда бор, 1927 йилда Чўлпон учта шеърий китоби чиққан, беш-олтита пьесалари қўйилган, жуда машҳур ёзувчи бўлиб ўсиб бораётган шоир ва драматург эди. Шу йили газетада бир мақола чиққан, шу мақолада Чўлпон “буржуа шоири” деб аталган ва унинг шеърлари совет кишиларига ёт шеърлар, деб қораланган. Бунга қарши Ойбек мақола билан чиққан. Мен бир нарсани жуда таъкидлаб ўтмоқчи эдим: биз, ўзбекларнинг бир хусусиятимиз бор, билмадим, буни миллий хусусият деб аташ мумкинми ё йўқми? Бу айрим одамларга ёки жуда кўпчиликка хосми ё йўқми? Агар бирор одамнинг бошига ташвиш тушиб қолса, яқинлари дарров ўзини олиб қочади, келиб кўришишга қўрқади, кўришмайди. Агар кўчада келаётганини кўриб қолса, кўчанинг нариги бетига ўтиб кетади. Ўзини ёрдам беришдан, яқин олишдан олиб қочади… Буни миллий хусусият дейишга тилим бормайди, лекин жуда кўп ўзбекларда мен буни кўрганман, синаб кўрганман. Чўлпонни “буржуа шоири” деб аташ уни қамашга, қатағон қилишга йўл очадиган айб эди. Чўлпон бугун бўлмаса, эртага қамалиши керак эди. Шунда, фақат биргина Ойбек мақола билан чиқди. Чўлпонни “буржуа шоири”, деб бўлмайди, шоирни бунақа қилиб таҳлил қилиш керак эмас, масалан, руслар подшо билан ўртоқ бўлган Пушкинни мақтаб ёзишади, биз нега Чўлпонни, шундай катта талантли шоирни бунақа деб ҳақорат қиламиз, унга сиёсий айб тақаймиз? Чўлпоннинг шоирлик санъатига қараш керак, шеърларининг ғоявий мазмунига қараш керак, деб уни жуда қаттиқ ҳимоя қилди. Шу пайтда Ойбек неча ёшда эди? 1927 йилда 22 ёшда бўлган. 22 ёшли йигит ўзини ўйламади, мени олиб бориб қамаб қўйишлари мумкин, мени сўроқ қилишлари мумкин, Чўлпоннинг кетидан мени ҳам таъқиб қилишлари мумкин, деган гап хаёлига ҳам келмади. Ҳақиқат учун, адабиёт учун, ҳақиқий адабиёт учун ўшанда курашди. Мана шунақа йўллардан ўтди Ойбек. Мана шундан кейин Ойбекка ҳам муносабат ёмон бўла бошлади. Ойбек ҳам ишончсизроқ, сиёсий жиҳатдан ишониб бўлмайдиганроқ бир одамга ўхшаб қолди. Чунки советни мақтамади, Чўлпонни оқлади. У Тил ва адабиёт институтида ишлар эди, илмий иш қилар эди, уни ишдан бўшатишди.
Шу ўринда, яна бир нарсани айтай: Абдулла Қодирий тўғрисида ҳам Ойбек буюк бир иш қилган. 1927 йилда зиёлиларга қарши тўлқин бошланган. Абдулла Қодирий тўғрисида республика партия газетасининг икки сонида тўрт “подвалли” мақола чиққан, “Ўтган кунлар ва “Ўтган кунлар” деган. Ҳақиқий ўтган кунлар қанақа-ю, “Ўтган кунлар” романи қанақа? Ҳаёт қандай бўлган-у, роман қандай бўлди? Мақола муаллифи айтиб чиқдики, “Ўтган кунлар” – ўтмишни идеаллаштирадиган роман, Абдулла Қодирий – ўтмишни қўмсаётган ёзувчи. У советларни хуш кўрмайди. У нима учун Отабекни қаҳрамон қилиб олган? Камбағалроқ, қашшоқроқ одамни топса бўлмасдими? Бор эди-ку шундай одамлар?!.
Бу, масаланинг ўта аҳмоқона қўйилиши, вульгар социологизмнинг энг учига чиққани, квадрати, куби десак ҳам бўлади. Ёзувчи хоҳлаган одамни қаҳрамон қилиб олади, гап унинг кимни қаҳрамон қилиб олишида эмас, унга сингдирилган ғояда… Хуллас, Ойбек Абдулла Қодирийни ёқлади, Абдулла Қодирийнинг ёнига кирди, катта ёзувчилигини, маҳоратини, романларининг бадиий қимматини кўрсатиб берди. Бу ҳам ўша кунлар учун хатарли иш эди, сиёсий жиҳатдан қараганда, шўро тузумига тўғри келмайдиган бир гап эди.
Хуллас, булар ҳаммаси бир бўлиб, Ойбек 30 ёшида ишдан ҳайдалган. 30 ёшли, уйланган, бола-чақалари бор йигитнинг топиш-тутиши йўқ бўлса, кўчадан бирор нарса топиб келолмаса, кўчага чиқишга имкони бўлмаса, қаерга борса қувилса, одамлар яқинига келишдан қўрқса, қанақа аҳволга тушади… Ойбек – буюк инсон! Унинг буюклигини ҳатто ҳозир айтадиган мисолим билан ҳам асосласа бўлади: у ҳаммага зарда қилиб, дунёдан, одамзоддан безиб, уйга кириб бағрини ерга бериб ётмади. У қоғоз олди, қалам олди, ўтирди, кўрган-билганларини, болалик хотираларини қоғозга туширди: “Қутлуғ қон” романи майдонга келди. “Қутлуғ қон” романи ўша пайтдаги ўзбек романлари ичида энг улуғи эди ва бундан кейин ҳам, ўйлайманки, шундай бўлиб қолади. “Навоий” романи ҳам шундай. Бу романларни жаҳон адабиётининг энг яхши асарлари билан солиштирса бўлади. Кейин Ойбек касал бўлиб қолди, жуда оғир касал бўлиб қолди, ўзи бемалол ёза олмайдиган бўлиб қолди. Хотирада бор, кўз олдида бор, кўнглида бор, лекин тили йўқ, гапира олмайди, ёза олмайди, айрим сўзларнигина айта олади, холос. Лекин ҳамма нарса эсида, хотирасида.
Яқинда Умарали Норматовнинг кичкинагина хотираси ёзилди . 1964 йил 24 декабрда, Ойбекнинг 60 йиллиги арафасида, Ғулом Каримов, Субутой Долимов, мен ва Умарали Норматов Ойбек акани кўргани борган эканмиз. Олдин кеннойидан сўрадик, борсак бўладими, деб. Ойбек ака келишсин, деган эканлар. Кўп ўтирганимиз йўқ, 15-20 дақиқа ўтирдик, холос. Шунда Ойбек ака бир нарсани эсладилар-да: “Субутой”, “Субутой”, “дутор”, “Ушшоқ”, “техникум”, деб қолдилар. Бу сўзларни боғлаб гапира олмасдилар. Субутой ака техникумда ўқиб юрган пайтида жуда яхши мусиқа чалар, мусиқа кечаларида қатнашар экан. Ойбек ака шуларни эслаб, “Ушшоқ”ни жуда яхши чалар эдинг, ҳозир ҳам бир чаласанми, демоқчи бўлганмиканлар ёки шуларни эслаганмиканлар, билмадим. Орадан 40 йил ўтган бўлса-да, ўша болалик хотиралари адибнинг эсида турган. Бунақа воқеалардан жуда кўпи эсида турган. Шундай қилиб, Ойбек ака хасталик йилларида ҳам жуда кўп асарлар ёзди, “диктовка” қилиб ёзди…
Барибир, мен баъзан ўйлайман, Ойбек ака сиймосида биз нечта Бальзакни йўқотган эканмиз? Нечта Горькийни йўқотган эканмиз? Ахир, булар дунёнинг гениал, машҳур ёзувчилари! Ойбек ҳам шундай ёзувчилардан бири эди. У иккита романи билан буни исбот қилган ва яна жаҳон адабиётини бойитиши мумкин бўлган адиб эди.
Ойбек жуда ҳам бағри кенг инсон бўлган. Гениал одамлар, юксак талантга эга бўлган одамлар бағри кенг бўлади. Улар дунёга, ҳаётга, одамларга сиз билан бизга нисбатан бошқачароқ қарайди, хайр-саховатли ишларга ҳам бошқачароқ қарайди. У киши саховатли бўлиб, ҳаммага минг сўм, минг сўм бериб юборадиган миллионер бўлган эмас. Лекин яхши гапи билан, маслаҳати билан ёки ўзининг илиқ муносабати билан одамларнинг кўнглини кўтарганки, улар ҳозиргача гапириб юришади. Мана, бир мисол, 1951-52 йилларда Ботир Файзиев деган одамнинг партия газетасида катта мақоласи чиқди, “Навоий” романи тўғрисида. “Навоий” романи у пайтда собиқ иттифоқ давлат мукофотини олган, 1946 йилда босилиб чиққан, тилга тушган. Ойбек собиқ иттифоқ бўйича катта ёзувчи деб эътироф этилган, қолаверса, СССР Ёзувчилар уюшмасининг котибларидан, бинобарин, раҳбарларидан бири бўлган. Мана шундай бир шароитда, бизнинг ўзимизнинг маҳаллий кучлар тинч турмай, бир-бирининг тагига сув қуя бошлайди. Ойбекни йўқотиш керак бўлади. (Бу тўғрида Зарифа опа ўзининг “Ойбегим менинг” хотиралар китобида жуда батафсил, номлар билан ёзган, кимлар бу ишда иштирок этган, нималар қилган – мен буни такрорлаб ўтирмайман.) Ўша Ботир Файзиев орқали “Навоий” романини жуда қаттиқ қоралашган. Бу роман – миллатчилик романи, бу романда тожик халқига туҳмат қилинади, роман ўзбек ва тожик халқлари дўстлигига нифоқ солади, деган гапларни айтишган. Романда Биноий деган шоир образи бор. Биноий – тарихий шахс. Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” деган асарида тилга олинган. Навоий билан Биноий ўртасида жиндек келишмовчилик бўлган. Ойбек асарда шу воқеани бир оз тасвирлагани учун, уни дастак қилиб олиб, адиб шаънига туҳмат ва маломат тошларини отишган.
Шундай воқеалардан кейин Ойбек касал бўлиб қолди ва бир неча йил тўшакбанд бўлиб ётди.
Ботир Файзиев эса йўқ бўлиб кетди. У адабиётшунос ҳам эмас, бир ўқитувчи экан. Уни бошқалар қўғирчоқ қилиб ўйнатишган. Лекин Ойбекнинг йиқилишига шу одам сабабчи бўлган. Кейинчалик шу одам диссертация ёзибди. Унинг диссертациясини Тил ва адабиёт институти муҳокама қилишни ҳам истамади. Диссертация ёзувчи одам тоза бўлиши керак. Сиз Ойбекнинг тўшакбанд бўлишига сабабчи бўлиб, энди унинг романи ҳақида диссертация ёзасизми, дегандек, у билан муомала қилмадик. (У ишини бизга, университетга ҳам олиб келган эди.) Охири нима қилишини билмай (Носир Фозилов маслаҳат берибдими, Ойбекнинг олдига боргин, деб), юрак ютиб Ойбек аканинг уйига борибди. Уйига кириб (ривоятми, йўқми, билмайман, ўзим кўрмаганман), менга айтишларича, эшикдан кириши билан Ойбекнинг олдига эмаклаб борибди. Ойбек ҳовлида ўтирган экан. Зарифа опа қўлига капкир олиб, қувлаб чиқараман, деб турган экан, Ойбек ака: “Қўй, тегма”, дебди. Кейин Ойбек ака унинг диссертациясига “майли, ҳимоя қилсин”, деб ёзиб берибди. Ўзининг тагига сув қуйган, ўзини йиқитган одамнинг диссертацияни ҳимоя қилишига розилик берибди. Бошқа одам бўлганида: “Тур, жўна, турқинг қурсин, кўринма”, деган бўларди. Ойбекнинг олижаноблиги бу, қуёш қадар баланд олижаноблиги!..
Ойбек бир китобига жуда чиройлик ном қўйган “Қуёш қўшиғи”, деб. Бу номда жуда гап кўп. “Қуёш қўшиғи” – рамзий ном, уни нурга ошиқ, ёрқинликка ошиқ, яхшиликка ошиқ шоирнинг қўшиғи, деб ҳам талқин қилишимиз мумкин.
Шундай қилиб, Ойбек ака ўша аросатда қолган, чўкаётган одамга мадад қўлини узатган. Ўша йилларда адиб ҳовлисидаги каттагина катакларда бир оҳу билан иккита каклик бўлган. “Меҳмон” уйдан чиқиб кетаётганда, Ойбек уни кузатиб чиқибди-да, бир-бирини “қақир-қуқур” қилиб эркалаётган какликларни кўрсатиб: “Ана, иноқ, иноқ!” дебди. “Бу жониворларнинг бир-бири билан иноқлигига, бир-бирига бўлган меҳрибонлигига қара. Ахир, сен билан биз – инсонлармиз-ку!” дегандек бўлибди.
Мана шунақа буюк инсон эди, буюк ёзувчи эди Ойбегимиз!
Мен ўйлайманки, Ойбек, умуман, ўзбек адабиёти учун ҳеч ким қилмаган жуда катта ва буюк хизматни қилди, ўзбек адабиётини замонавий юксак адабиётлар қаторига олиб чиқди, реализмнинг тасдиқланишига йўл очди. Ўзбек адабиёти жаҳондаги бошқа адабиётлардан ҳеч қаери кам бўлмаган бир адабиёт бўлиб қолди. Ойбек ака ўз асарлари билан Одил Ёқубовга, Пиримқул Қодировга йўл очиб берди, ундан кейинги прозага йўл очиб берди. Унинг хизматлари нафақат ўтмишни кўрсатиб берган иккита асарида, унинг хизматлари адабиётимиз йўлини кенгайтириб берганида, равон қилиб берганида, адабиётда юксаклик маррасини жуда баланд кўтарганида. Шунинг учун, ўйлайманки, Ойбекнинг номи ҳозиргача ўзбек халқи қалбида яшаб келди, бундан кейин ҳам яшайди.
Яна бир мисол. Урушдан кейинги йилларда шўро мафкурасининг ўйинлари жуда кўп бўлган. Шу мафкуравий ўйинлар оқибатида, 15-20 йиллар давомида мактаблар дарсликсиз қолди. Урушдан кейинги даврда шу масалада қаттиқ топшириқ бўлди; тегишли идораларнинг қарори ҳам чиқди, мактаблар учун дарсликлар яратилсин, деган. Қалин, қора муқовали бир дарслик чиқди, лекин мактабларга етиб бормади, уни ўтмишни идеаллаштирган, миллатчилик руҳида суғорилган, деб айбладилар. Китоб йиғиштириб олинди. Дарслик муаллифлари – икки катта оила бошлиғи Ғулом Каримов билан Субутой Долимов тўққиз ой ишсиз юришди. Ишсиз юриш – даҳшат, иқтисодий қийинчиликлардан ташқари, одамлар кўзига қандай кўринасан, одамлар нима деб ўйлайди, бу – душман экан, бу – миллатчи экан, деган миш-мишлар у пайтларда жуда оғир ботар эди. Хуллас, жуда қийналиб қолишган эди улар. Шундай мушкул кунларнинг бирида Ойбек ака оғир касал бўлишига қарамай, университет ректори Теша Зоҳидовга: “Теша, – дебди, – шу Ғулом Каримов билан Субутой Долимовга қарагин, шуларни ишга олгин”. Шундан кейин Теша Зоҳидов “хўп” деб, Ғулом Каримов билан Субутой Долимовни ишга олган. Шундан кейин бу икки адабиётшунос олим умрларининг охиригача университетда халол хизмат қилишди. Мен улар билан ишлаш шарафига муяссар бўлдим, жуда ажойиб, буюк одамлар эди улар ҳам…
Ойбек ака мана шундай қатағон тегирмони олдида турган одамларга ҳам ёрдам берган, қўрқмаган, булар ҳозир қувғинда юрибди-ку, буларга ён босиб бўладими, деган ўйларга борган эмас!
Шундай буюк одам бўлган Ойбек!..
ДИЛ ЭЪТИРОФИ
2005 йили мавлоно Ойбекнинг 100 йиллиги муносабати билан адиб ҳақида тўла метражли ҳужжатли фильм яратиладиган бўлди. Одатда, бундай фильмларни суратга олиш чоғида “асар қаҳрамони”ни яхши билган, эл-юрт таниган кишилардан интервью олинади. Бахтга қарши, адиб ижоди билан шуғулланган Иззат Султон, Ҳомил Ёқубов, Матёқуб Қўшжонов сингари атоқли олимлар ҳам, адибнинг тенгдош қаламкаш биродарлари ҳам ҳаётдан кўз юмган эдилар. Адабиётшунослик ва танқидчилик байроғини баланд кўтариб ижод майдонида жавлон урган Озод Шарафиддинов эса, икки оёғидан айрилиб оғир хасталик кунларини кечирмоқда эди. Шунга қарамай, адибнинг неваралари – фильм режиссёри Нозим Аббосов билан Ойбек уй-музейи деректори Ойнур Тошмуҳамедова Озод акадан, албатта, интервью оламиз, деган аҳду паймонларида қаттиқ туриб олдилар. Озод ака ўша кезларда, тез-тез шифохонада ётиб, худди иши қолиб кетаётган соғлом кишидек чала-чулпа доволаниб, Геофизиклар маҳалласидаги уйига – китоблари, болалари, шогирдлари бағрига боришга ошиқар эди. Ойбекнинг неваралари шундай кунлардан бирини пойлаб, камераю ёритқичларни кўтариб, бир автобус бўлиб мунаққиднинг уйига йўл оладилар.
Шу воқеадан бир мунча аввал, Озод ака жарроҳ столида ётган пайтидами ёки операциядан кейинги оғир уйқу ҳолатидами Ойбекни кўрган. У бунинг тушми ё алаҳсираш пайтими, эслаб қолмаган. Ҳар қалай ёнида Ойбек пайдо бўлиб, ундан гина-қудурат қила бошлаган: “Озоджон, – деган у, – мендан хафамисан ё менинг асарларимдан кўнглинг тўлмаганми, буни билмайман. Аммо, сен Ғафур Ғулом тўғрисида тўлиб-тошиб ёздинг, Абдулла Қаҳҳор тўғрисида тўлиб-тошиб ёздинг, Миртемир тўғрисида ёздинг, Зулфия тўғрисида ёздинг… Хуллас, сен ижодини ўрганмаган ёзувчилар қолмади. Аммо нечундир мени унутиб юбординг…”
Озод ака ҳушига келиши ёки дафъатан уйғониши билан адибнинг шу сўзларини яна қайта эшитгандек бўлади. Уйига қайтиши биланоқ адиб ҳақида мақола ёзишга киришади. Ниҳоят, мақола тайёр бўлиб: “Миллатни уйғотган адиб” номи билан матбуот юзини кўради. Адабий-илмий ҳаётда воқеа бўлган бу мақола муаллифининг адиб ҳақидаги сўзисиз “Ойбек” фильмини томошабинга тақдим этиш нодонлик бўлурди. Шунинг учун ҳам камина фильм сценарийсининг муаллифи сифатида Нозим билан Ойнурга ҳамфикр бўлганман.
Одатда ҳужжатли фильмдаги интервью жуда қисқа бўлади. Нозим буни яхши билган бўлса-да, Ойнурнинг қистови билан Озод аканинг ўттиз икки дақиқалик оташин нутқини тўла ёзиб олган. (Фильмга шу нутқнинг фақат уч-тўрт дақиқали қисмигина кирган, холос.)
Бундан бир неча ой илгари Ойнур Тошмуҳамедова каминага Озод Шарафиддинов Тўлепберген Қаипбергенов ва Азиз Қаюмовнинг овозлари ёзилган кассетани тақдим этиб, Озод аканинг интервьюсини қоғозга тушириб, матбуотда эълон қилишимга ижозат берган эди. Камина шу имкониятдан фойдаланиб, мунаққиднинг ҳали матбуот юзини кўрмаган сўнгги ёниқ нутқларидан бирини журналхонлар эътиборига ҳавола этаётирман.
Наим Каримов,
филология фанлари доктори, профессор
«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 2-сонидан олинди.