Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен.
Чўлпон
Ҳар гал она қишлоғим, ота юртим Изиллоққа бориб қайтар эканман, икки кўзим ортимда «қолади»: …боласига меҳрибон барча оналар каби энам йўлтўрвамни ҳеч кимга ишонмай ўзи ҳозирлайди, албатта, чўлпон юлдузининг шуъласига ёпиб олинган сутли нон солади.
Остонада отамнинг қўллари дуога очилади. Тангридан менга йўл сўрайди, йўлдош сўрайди “… муродинг ҳосил бўлсин”, деб кузатади.
Энам-чи, энам ортимдан эргашиб томорқамизнинг адоғигача келади, ундан кўчанинг бошига чиқади.
Мен-чи, менинг сурурли кўнглим энамнинг эргашганидан ўзини ноқулай сезади. “Эна, қайтсангиз-чи”, деган гапим тишимга тегади, бироқ тилимга чиқмайди, қадам ташлайман. Ҳозир рўпарамдан Улаш бувами, Ойлар момом чиқиб: «Ув-в… Нурилла, сен шаҳарга қатнай бошлаганингда тишим чиқмаганди. Ҳалиям қатнаяпсанми?», деб айтадигандек туюлади. Қадамимни илдамлатиб, асов тойчоқдай йўртиб кетаман. Елкамга осилган йўлтўрвам нортуянинг ўркачидай силкинади. Шунда узоқдан қулоғимга: «Тошкан олис-да-а, болам!», деган таниш сас келади. Ортимга қайриламан. Ёнимда, шундоқ ёнгинам-да, мендан бир қадам кейин пахта эгатлари орасида қартайган, муштдек жуссали Энам жилмайиб туради. Шартта қайтгим, энамни даст кўтариб олгим, йўлтўрвани улоқтириб отгим, отамнинг қўлидан кетмонини олгим келади. Аммо онамнинг: “Бор, болам! Боравер, йўлинг ойдин, йигит пири йўлдошинг бўлсин! Қайрилма, қанотим!”, деган сўзларидан ўта олмай одимлаб кетаман…
Тобора қишлоқдан олислайман, кета-кета ортимга қарайман: энамнинг ёнида отам йўл қарайди. Улаш бува билан Ойлар момо ҳам неваралари билан тикилиб туришади. Шу зайлда улар қишлоққа, мен эса йўлга сингиб кетамиз…
Буни азим Тошкентга ўзининг айтар сўзи билан келган, кўнглини кезиб юрган тенгқурларимнинг бориб қайтар йўли шу, десам адашмайман.
Ортимдан қараб қолган қора кўзлар бир дам ёддан кўтарилмайди. Айниқса, қўлга қалам олдим дегунча қулоғимга уларнинг: «Хўш, шоир, Тошканда нима гаплар? Бизнинг шеърни ёздингми? Ишқилиб, Изиллоқни уялтириб қўйма, китобингни ўқиган киши ҳа, мени ёзибди десин, ўқиган одамнинг кўнгли ўссин, яраси битсин, болам!», деган гаплари жаранглайди.
Очиғи, бу тилакми, талабми ёки панд-насиҳат — аниқ билолмадим, бироқ елкамдаги йўлтўрвамдан бир неча ҳисса оғир… Эҳтимол, масъулият деганлари шудир. Не бўлганда ҳам унинг залвори мени босди: «ўқиган киши…» менинг ёзганларим ҳақида нима дейди? Ўзи, менинг қораламаларимни укам энамга ўқиб бера оладими? Синглим отам билан улар ҳақида суҳбатлаша оладими? Бу каби саволларнинг чек-чегараси йўқ…
Қуроли сўз бўлган ижодкорларга бугун зулматнинг нурга дўнган куни. Негаки, уларнинг ижодий эркинлиги таъминланган, қалами бор ҳар киши, билганини истаганича, қурбати етганича ёзаётир. Аммо ўзини «бир ҳовуч аҳли адаб» одамлари орасида, деб биладиганлар ичидаям турмуш ташвишларидан баланд турмай, дил ва қалам ростлигига путур етказаётганлар «турнақатор». Улар бир бора, бу имкониятни тақдир: «Юрак, сенсан менинг созим, тилимни найга жўр этдинг…», деб зор қақшаб ўтган авлодга раво кўрганида, улар ўзбекни, ўзликни, ўз кўнглини қандай ифодалаган бўларди, дея ўйлаб кўрсалар…
Назаримда, тенгқурларим айни шундай саволларга «дам шу дамдир ўзга дамни дам дема», деб жавоб излайдиган пайти. Бироқ уларнинг бироз айбғанаси бордек. Бугун битта ҳикоянинг кифтини келтирган ёзувчи, иккита шеър қоралаган ўзини шоир санаётир. Шунинг учун ҳам теварак пуч писта ча³³андек осон ´³иладиган, ´та содда “шеърлар”, учи-кети йўқ алжирашлардан иборат “ҳикоялар” билан бойиб кетди. Бу кунда: «Она тилим, сен руҳимнинг қаноти», деб ҳайқирган шоир ҳаёт бўлганида борми унга тақлид қилиб юзига устара теккизмайдиган, шеър деб уч пулга қиммат “сўзпўчоғини” сотиб, ундан ҳам камбаҳога дидсиз хонанданинг малайига айланган мардумни кўриб НЕ ДЕРДИ, буни билмайман…
Балки: “Вақт — улуғ ҳакам. Руҳинг уйғонсин”, дермиди… униси ҳам бизга қоронғу. Аёни шуки, бугун адабий жараёнда, таъбир жоиз бўлса, сукут фасли. Муҳтарам устоз адиблар, шоирлар, адабиётшунослар — ҳаммаси янги асарига тартиб бериш билан авораю сарсон. Ёшлар ҳам бўш келгани йўқ. Таржимаи ҳоллар, мумтоз адабиёт намоёндалариникидек ўқилади. Чиқарган китобларини тартиб билан ёйса, қулоч етмайди. Энг қизиғи шуки “Ўзининг наздидаги бу машҳур ва аллома шоир”ни ота-онаси ва унга китоб чиқазиб берган валломат ноширдан бошқа бирор зоғ танимайди, билмайди ҳам.
Бу эса, узоқ манзилни кўзлаб йўлга чиққан йўловчини бир лаҳза бўлса-да, ўйга толдириши, мушоҳадага чорлаши табиий. Негаки, нагоҳон тақдиркарвон сизнинг Бойчиборингизни майиб байтал минганлар билан ҳамроҳ этса, ўз-ўзингиздан уларнинг қадамига қарашингизга тўғри келади. Ва шу аснода: «…ем бўлиб кетсак шу қумурсқаларга», дейсан. Бежизга истеъдод тулпорга менгзалмаган. Отнинг орасида тулпори қанча кам бўлса, шоирлар ичида истеъдодлилари ундан-да ноёб замон келди, чамамда. Йўлдаги йўлдошингизга ачинасиз, раҳмингиз келади. Барибир майиб байталлилар манзил сари қорама-қора келаверади. Чунки божни ҳам сен тўлайсан, қароқчи ҳам сени тунайди. Бироқ уларнинг ўзлари ҳам биладики, Муродтепага чиқишга фақат ва фақат сенинг Бойчиборинг ярайди…
Шу ўринда, мингани Бойчибор эмас, Шапақи эканини англамай тўқсон алпнинг қаторида борман, деган қалмоқшоҳ ҳолидан сўзласак…
Роса бир йил илгари «Шарқ зиёкори» китоблар дўконида булғор қалампиридек, келадиган бурни қизарган, кўзлари ола-кесак, қориндор бир одамга дуч келдим. Тили жағига жой бўлмаётганидан, бироз «отган»ини пайқаш мушкил эмасди. Китоб олмоқчи бўлганимни билиб уч томлик китоб тавсия этди. Бу иши ёқмаганидан ундан узоқлашдим: «ука, ким билан гаплашаётганингни билассанми, ўзи», деб яна ўша китобни қўлимга тутди. Китобнинг қаттиқ муқовасини очиб қай кўз билан қарайин, аччиқ қалампирдек ингичка бурунли, олмаюзли, олифта бир йигитни кўрдим. Бу қаршимдаги кимсанинг ёшлиги эди. Ҳеч индамай тақдим этилган асарни растада қолдириб ташқарига чиқдим. Ортимдан келиб: «Ука, битта китоб олсанг, ўлиб қоласанми ё пулинг йўқми?», деб кистасидан пул чиқасиб, ариққа ташлади. Бир «мерган»га тенг бўлишни ўзимга эп кўрмай кетдим. Эртасига шу китобни олдим. Уни сайланма деганларга, увол бўлган қоғозга ачиндим.
Яна… Эл бир маҳаллар ёзувчи, деб билган бир чол: «асарларини ўн икки томлик қилиб тартиб берганини, унга бир ҳотамитой чиқса чоп этиши мумкинлигини айтиб», сулиш олади, тимшанади. Унинг шу умидсизлигидан ҳам билинадики, бугун у кишининг ёзганларига зарурият йўқ. Зиёлиларнинг, китоб ўқийдиган одамларнинг назаридан бу мардум, аллақачонлар қолган, халқ эсидан чиқазган. Аммо бу қирчанғининг тан олгиси келмайди. Тан олса, ўтмишидан уялиб кетади. Шунинг учун энди ўзи билан ўзи курашиб, бир сахийнинг йўлига кўз тикиб, умр ўтказишга маҳкум у.
Бизнингча, қўлига қўриқ олиб: «Саман сарига туш, ё олапоча тўрига туш, шапақининг зўрига туш», деб от минишга шайланган ёшлар қандай ёзиш эмас, балки қандай ёзмасликни ҳам билиши керак. Шунда қалмоқшоҳлар ҳолига тушмайди. Бунинг учун ёшларнинг илк қадамларини кузатиб турган кекса Қултой дангалини айтиши шарт. Негаки, ўзбекнинг адабиётига Ултонтозу Қалмоқшоҳлар эмас Алпомишлар керак. Ана шундагина Муродтепадек улуғ бир манзилда: «Қулфи дилимни Худо очди», деб Қоражон (адабий таржимонлар) алп кутиб олади. Қоражон Алпомишга тенг эмас, лекин у ўз эли, юрти билан тиллашиб таништира оладиган, кези келганда, Бойчиборни пойгага қўшадиган кучга эга ягона Алпдир.
Бир кун келиб: «Бор экан, йўқ экан, кўрдим, кездим дунёни», деб манзилу маконга борар бўлсак, бизга узоқ манзилдан кўз тикиб турган нуронийлар қарашидаги умидга, жажжи болакайлар нигоҳида талабга жавобимиз бўлсин… Зеро, адабиёт йўли Шавкат Раҳмондек бўғилиб шеър ўқиганда ҳам ортга тисариладиган йўл эмас. Бу шундай шарафли йўлдир! Қўриғингга Бойчибор тушсин…
Бу машаққатли йўлга фақат менинг яқинларим кўз тиккан, десам бўлмас. Аслини олганда, бу йўлга Бойбўрию Бойсари, Қалдирғочу Яртибой, Кунтуғмишу Сурхайл, Қултой ва Ултонтоз, Барчиною Тавкаойим тикилиб турибди.
Демакки, қадамингиз қайрилмай, муродингиз ҳосил бўлиш йўлини кўринг, йўл қараётган йўловчи…