Табиийки, ҳар бир замоннинг ўз қаҳрамонлари бўлади. Улар ҳурлик ва истиқлол учун курашган, ўз халқини озодликка олиб чиққан йўлбошчилар ёки душманни юртидан ҳайдаб чиқарган саркардалар бўлган. Баъзан улуғ кашфиётлар қилиб, ўз миллати номини дунёга ёйган олимлар ёки эзгулик ва адолат учун жонларини фидо қилган оддий одамлар бўлган. Ҳар бир замоннинг қаҳрамонлари ўша давр кишиларининг энг олий фазилатларини – ахлоқ-одоби, ақлу заковати, ҳалоллиги ва мардлигини, орзу-умидларини ўзларида мужассам этганликлари билан ажралиб туришган. Шунинг учун ҳам халқ уларни севган, уларга эргашган, келгуси авлодларга ибрат қилиб кўрсатган. Улар ҳақида достонлар тўқилган, роману қиссалар ёзилган, саҳна-томошалари қўйилган.
Тенгдошлар билан суҳбат
Бир куни биз – мустақиллик билан тенгдош ёшлар «Замонамиз қаҳрамони ким?» деган мавзуда суҳбатлашиб қолдик. Биров «Сўнгги урфда кийинадиган, камида иккита тилни биладиган, чет элда ўқиб келаётган ёшлар» деса, яна бири: «Замонамиз қаҳрамони деган номга спортчиларимиз муносиб, чунки юртимиз номини дунёга ёйишда уларнинг ҳиссалари кўпроқ», деди. Бошқаси: «Чўнтагида пули, таниш-билиши борлар тезда муваффақиятга эришиб қаҳрамон бўлади», деб ҳисоблади. Кимдир деҳқонлар деса, кимдир эстрада юлдузларини тилга олди. Ҳаммамиз ўзимизча ҳақ эдик.
Ушбу суҳбат менга жиддий таъсир қилди. «Замонамиз қаҳрамони ким?» деган савол оддий савол эмаслигини ҳис қилдим. Тенгдошларимнинг юрагида бу саволнинг жавобига катта эҳтиёж борлигини англадим. Шундан сўнг, катта-кичик ёшдаги жуда кўп одамлардан сўраб чиқдим – замонамиз қаҳрамони ким? Билдирган фикрларини таҳлил қилар эканман, менда турли хулосалар ва мулоҳазалар пайдо бўлди. Уларни баён қилишдан олдин, шу мавзуга доир ўз шахсий фикримни айтиб ўтсам.
Томошабин эмасмиз
Халқимизнинг мустақилликкача бўлган ҳаётини мен кўрмаганман. Лекин бадиий ва тарихий китоблар, ёши катталарнинг ҳикоялари орқали тасаввур қиламан. Илгари халқимиз ёлғон ғояга, кимнингдир ҳукмига буйсуниб яшашга мажбур бўлган, элсевар арбобларимиз, шоир ва ёзувчиларимиз қатағон қилинган, ота-боболаримиз ўз аждодларининг китобларини ошкора ўқишдан, азиз-авлиёларимиз номларини ҳатто тилга олишдан ҳам маҳрум қилинган, дунёга чиқишни-ку хаёлларига ҳам келтирмаганлар – мен буларни ўзимга ҳис ва ҳозирги давр билан чоғиштираман.
Бугун ўзгалар ҳукмронлигига барҳам берилган, ёшларга, санъатга ва спортимизга дунё эшиклари очиқ, Имом Бухорий, Ат-Термизий, Мотурудий, Марғиноний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳовуддин Нақшбанд сингари улуғларимиз номлари тикланиб, қадамжолари обод қилиняпти – буларнинг бари менинг кўз ўнгимда юз беряпти.
Айни вақтда Афғонистон, Сурия, Миср каби мамлакатларда кимларнингдир фитнаси билан ёқилган уруш олови ўчмаяпти, шаҳару қишлоқлар вайрон, болалар қон ичида – буларни ҳам кўриб турибман. Юртимизда эса тинчлик-осойишталик, хотиржам уйдан чиқамиз, хотиржам ўқиймиз.
Ва бу шароит, бу ўзгаришлар ўз-ўзидан юз бермаётганлигини, бир Йўлбошчи халқнинг олдига тушиб, юрилмаган ўрмондан йўл очиб кетаётганлигини ҳам кўриб турибман. Энг асосийси, ушбу эзгу ишларни биз ёшлар худди ўзимиз амалга ошираётгандай фахрланяпмиз, ғурурланяпмиз. Чунки ўзимизни томошабин эмас, балки ана шу Йўлбошчимиз қураётган иморатга турли соҳалардаги катта-кичик ютуқларимиз билан ғишт, лой олиб бериб ёрдамлашаётгандай ҳис қиляпмиз. Қалбимизда эса ўзимизнинг дунёдаги ҳеч қайси тенгдошимиздан кам эмаслигимизни исботлаш орзуси ёниб турибди.
Замонамиз қаҳрамонига эҳтиёж
Инсон идеалсиз, уни олға ундаб турувчи маёқсиз яшай олмайди. Буни китоблардан ҳам, тарихдан ҳам, оддий одамларнинг кундалик ҳаётидан ҳам билиб олса бўлади. Масалан, ўша идеал ёки қаҳрамон бўлмаса оиладан ҳам, маҳалладан ҳам, халқдан ҳам суянадиган таянч нуқта йўқолгандай бўлади.
Маълумки, ҳар бир оилада ўз сўзини ўтказиб турувчи, оиланинг бошқа аъзоларидан ўзгача характерга эгалиги, доим бошқача фикрловчи, ёниқ руҳияти билан ажралиб турувчи қаҳрамони бўлади. Бошқалар беихтиёр ана шу оила қаҳрамонига суянадилар, унга ўхшашга интиладилар, бирор масалада иккилансалар унинг фикри ҳал қилувчи қарор бўлади. У ота ёки она, кўпинча фарзандлардан бири бўлади.
Мактабда норасмий синф қаҳрамонлари, университетда курс қаҳрамонлари бўлишини ҳамма билади. Улар ё билими билан, ё фавқулодда характери билан тенгдошлари ҳавас ва тақлид қиладиган шахсга айланадилар. Синф ёки курснинг суянадиган нуқтаси ҳисобланадилар, улар бўлмаса ўша жамоада бўшлиқ юзага келади, гўё маъно йўқолгандай.
Маҳаллада ҳам марака-мавридга бош бўлиб, ҳай-ҳайлаб юрадиган, ҳамма маслаҳат сўрайдиган, суянадиган, ҳавас қиладиган қаҳрамонлари бор. У маҳалла раиси бўлмаслиги мумкин, балки чўрткесарлиги, тўғрисўзлиги, ақллилиги билан бошқалардан устун турувчи оддий одамдир. Энг муҳими, улар маҳалланинг безовта, олға ундаб турувчи юрагига айланган.
Эътибор берсангиз, ана шу оила, синф, курс, маҳалла аҳлида ўз қаҳрамонларига табиий эҳтиёж бор, энди оила, синф, курс, маҳаллани кенгайтирсак, мамлакатга айланади, халққа айланади. Аммо замона қаҳрамонига эҳтиёж эҳтиёжлигича қолади. Ушбу эҳтиёж қондирилмаса унинг ўрнини бошқа жалб этувчи нарсалар эгаллайди. Масалан, одамларга йўл кўрсатишга, эргаштиришга даъвогар бўлган ақидапарастлар ёки қўша-қўша қасрлари билан тилга тушган, гўё яшашнинг йўлини биладиган замона «зўр»лари, ё «роҳат-фароғат» дунёсига олиб кирувчи гиёҳвандлар. Чунки улар одамлар ёнида, улар билан бирга яшаяпти, ҳар куни кўзлари тушади. Катталар мулоҳаза қилса-да, мен тенги ёшларнинг кўнглида бир кунмас-бир кун уларга ҳавас ёки тақлид қилиш иштиёқи туғилади. Агар уларнинг кўнглидаги «замонамиз қаҳрамони» саҳифаси бўш турган бўлса, ўша жалб этувчилар номлари ёзилиб қолади.
Доимий замонамиз қаҳрамонлари
Менга «Замонамиз қаҳрамони ким?» деб савол беришнинг нима ҳожати бор, барча даврлар учун ўлмас замонамиз қаҳрамонлари бор-ку, ўшаларга эргашиш, тақлид қилиш, интилиш, ўшаларни идеал қилиб ёшларни тарбиялаш, яшаш мумкин-ку, дейишингиз мумкин. Дарҳақиқат шундай. Неча-неча авлодлар учун йўлчи юлдуз бўлиб келаётган, ақлу заковати, куч-қудрати, комил фазилатлари, ўлмас асарлари билан инсоният тарихида ўчмас из қолдирган буюкларимиз бор. Биргина Амир Темур бобомиз ёки Жалолиддин Мангуберди номларини тилга олсак қалбларимиз фахру ғурурга тўлади. Уларнинг ҳаётлари ҳақида ўқисак, Ватанни севиш, уни душмандан ҳимоя қилиш илмидан сабоқ оламиз. Улар абадул-абад миллатимиз қаҳрамонлари бўлиб қолаверадилар. Ёки буюк мерослари таърифига тил ожиз Алишер Навоий бобомиз бизнинг замонамиз учун ҳам қўл етмас юлдуз, олий инсоний фазилатлар рамзи. У зотнинг барча туркий халқларни бир тил байроғи остига бирлаштирганларининг ўзи неча юзлаб авлодларга ифтихор ва ибратдир. Беруний, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Ал-Фарғоний, Бобур… Барча даврларнинг замонамиз қаҳрамонлари деб таъриф бериш мумкин бўлган улуғларимизнинг қай бирларини санай, қай бирларини таърифлай?
Лекин улар шунчалар юксакдаки, бугунги авлод учун уларга етишиш мушкул, уларга тақлид қилиш мушкул, фақат ҳавас қилиш ва муносиб авлод бўлишга ҳаракат қилиш имкони бор, холос. Қолаверса, ҳаёт тарзимиз, фикрлаш тарзимиз ўртасида шунчалик катта вақт масофаси борки, уларни замонамиз қаҳрамони сифатида ёнимизда ҳис қилолмаймиз. Фақат қалбимиз билан рамзий замонамиз қаҳрамонлари деб қабул қиламиз.
Аммо бизнинг ҳам ўзгаришлар, янгиланишлар тўлқинида кечаётган ўз замонамиз бор, ўз орзуларимиз ва армонларимиз, ўз ғалабаларимиз ва мағлубиятларимиз, ўз яхшиларимиз ва ёмонларимиз бор. Аммо шулар ичида биз ўз замонамиз қаҳрамонини ҳам излаймиз. Биз билан бир хил имкониятга эга бўла туриб биздан ўзиб кетган, дунёни ҳеч кимникига ўхшамаган бир тарзда идрок этиши, фикрлаш тарзи ўзгачалиги, фавқулодда қобилияти, иродаси, ақлу заковати билан бизни ҳайратга соладиган, ортидан эргаштирадиган ўз замонамиз қаҳрамони бўлишини хоҳлаймиз.
Бадиий адабиётдаги «замонамиз қаҳрамонлари»
Хўш, у қандай одам ёки қандай ҳодиса? Шу савол миямизда кўндаланг бўлиши билан бадиий адабиётдаги замонамиз қаҳрамонлари хаёлимиздан бир-бир ўтади.
Албатта биринчи навбатда улуғ рус шоири М. Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони» асарини, унинг бош қаҳрамони Печоринни эслаймиз.
Ўз адабиётимиздан ёки жаҳон адабиётидан беихтиёр Печоринга ўхшаш қаҳрамонларни излаймиз. Печорин ким – у Лермонтовнинг ўзи, у XIX аср рус зиёлисининг бутун иллату фазилатларини ўзида жамлаган қаҳрамон. Энг асосийси, у ўз замонасининг фарзанди. Яъни бир томондан дунё фотиҳлигига даъвогар Наполеонни яқиндагина тор-мор қилган халқ Россияни қайта тиклаш билан банд, иккинчи томондан крепостнойлик тузуми туфайли қашшоқлик авж олган, тараққийпарвар зиёлилар Чор ҳукуматининг зуғумидан иложсиз бир аҳволда бўлган замона фарзанди.
Демак, Печорин бизнинг давримиз учун, бизнинг авлодимиз учун замона қаҳрамони бўла олмайди. Пушкиннинг Евгений Онегини ҳам Печоринга яқин қаҳрамонлардан. Унинг Татьяна билан муҳаббати қиссаси нақадар гўзал бўлмасин, мавзумизга алоқаси бўлмагани учун алоҳида қўяйлик. Онегинни эса барча қусур ва хислатлари билан биз талпинадиган шахс сифатида қабул қилолмаймиз. Ёки Гоголнинг Тарас Булбасини олайлик. Ватанни севиш, душманга нафрат туйғуларини сингдиришда доимий замонамиз қаҳрамонлари сифатида эслаб ўтганим – ўзимизнинг Жалолиддин Мангубердилар Тарас Булбадан кўра бизга яқинроқ. Дейлик, Ф.Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо»сидаги Раскольников ҳам ўз замонаси қаҳрамони. Такрорланмас образ, жаҳоннинг буюк ёзувчиларини ҳам ҳайратга солган. Аммо унинг ўрни биз истаган замонамиз қаҳрамонидан бошқа жойда. Ёинки А.Қодирийнинг «Ўткан кунлар»идаги Отабек биз учун идеал бўла оладими, деб ўйлайман. Унинг ўзбекона ахлоқ-одоби, муомала маданияти, муҳаббат ва адолат учун муросасизлиги каби фазилатлари биз учун беқиёс сабоқ ва ибрат. Аммо Отабекни қуршаб турган дунё бошқача, бизни қуршаб турган дунё бошқача. Тақлид қилиш учун ана шу тафовутларга дуч келаверасан киши. Ёки Ч.Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» романидаги Эдигейни замона қаҳрамони сифатида қабул қилиш мумкинми деган фикр ўтади хаёлдан. Худди биз Печоринда Лермонтовни кўрганимиздек, Эдигейда Айтматовнинг кузатишларига, хулосаларига, фалсафасига дуч келамиз ва шу жиҳати билан тортиб кетади. Умуминсоний фикр-мушоҳадалардан озиқ олсак-да ҳаётдаги ўрнимиз Эдигей эришган мавқеда қолиб кетишини истамаймиз. С.Аҳмаднинг «Уфқ»идаги Азизхон, Турсунбой ёки О.Ёқубовнинг «Диёнат»идаги Нормурод Шомуродовлар ҳам ўз замонасининг қаҳрамонлари, аммо уларда фаол ижтимоий шахслик хусусиятлари асосий ўринга чиқиб қолган. Улар бизга меҳнатсеварлик, ҳалоллик, қатъийликни ўргатса-да, ўша даврдаги тузум ва ундаги шахснинг ўрни, муаммолари биздан олисроқда. Бизнинг давримизнинг нафаси бошқача.
Адабиёт хазинасининг мен санаб ўтган дурдоналари ҳали неча-неча авлодларга ҳаёт ва ижод мактаби бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Аммо уларнинг қаҳрамонларини мушоҳада қилар эканман, шууримда «бизнинг замонамиз қаҳрамони бошқача бўлиши керак» деган тасаввур ва фикр чарх ураверади. Балки бунга менинг ҳаётий тажрибам камлиги, ҳали кўп асарларни ўқиб чиқмаганлигим, ёшлигим туфайли қандайдир фавқулодда қаҳрамонга интиқлигим боис бўлса керак. Чунки ёш ҳам, тажриба ҳам, дунёқараш ҳам замонамиз қаҳрамони ҳақидаги тасаввурнинг турлича бўлишига сабаб бўлади-ку.
«Замонамиз қаҳрамони»га турлича ёндашув
Мақола аввалида “Замонамиз қаҳрамони ким?” деган саволни жуда кўп одамга бериб кўрганлигим ҳақида айтиб ўтган эдим. Асосан жавоблар хонандалар, спортчилар, тадбиркорлар атрофида бўлади деб тахмин ҳам қилган эдим. Аммо шу қадар турли-туман фикрлар билдирилдики, одамларда ўз идеали ҳақидаги тасаввурнинг шаклланиши уларнинг фақат ёши, тажрибаси, дунёқарашига эмас, бошқа жуда кўп сабабларга ҳам боғлиқлигини англадим.
Масалан, юрт ҳақида, келажак ҳақида ўйлайдиганлар бошқача фикр юритаркан, фақат ўзи, шахсий манфаати ҳақида қайғурадиганлар ўзгача ўйларкан. Ёки реалист, ҳаётдаги ўзгаришларни бор ҳолича қабул қиладиганлар ва романтик орзулар қўйнида яшайдиганларнинг идеал ҳақидаги тасаввурлари бир-биридан тубдан фарқ қилар экан. Ёки кайфияти яхши одам билан кайфияти ёмон одам бир-бирига тескари фикр юритар экан. Худди шунингдек, омади келиб турган бой киши, ишлари юришмаётган камбағалроқ одамга қараганда ўз идеалини бошқача кўради. Энг қизиғи, шаҳарда, диққинафас, кўпқаватли иморатларда яшаётган киши билан далаларда, дарахтзорлар қўйнидаги қишлоқда ўсган одамнинг ҳам мавзумизга муносабати турличадир.
Айниқса инсоннинг касб-кори унинг нафақат “замона қаҳрамони”га муносабати, балки ҳаётга қарашини ҳам қатъий белгилаб беришини кўриб ажабландим. Мисол учун, бир ўқитувчи: “Бугунги замон қаҳрамони Интернет”, деб жавоб қилган бўлса, бир фирманинг эгаси: «Пул», деб жавоб берди. Бир деҳқон: «Ҳалол пешона тери билан эртасини хотиржам қилиб қўйган одам», деган бўлса, бир милиционер: «Жиноят қилмай юрган одам», деган фикрни айтди.
Касби-коридан ташқари, кишининг билими, қандай китоб ўқигани, характери, қандай оилада тарбия топгани, маънавий дунёси, эътиқоди, қизиқишлари, атрофдан муттасил қандай ахборот олаётгани ҳам унинг ўз идеали ҳақидаги фикрининг шаклланишига таъсир қилар экан. Ана шу кузатишлардан сўнг ҳар бир одамнинг қалбида ўз-ўзига яратиб олган “Замонамиз қаҳрамони” борлигига ишонч ҳосил қилдим. Балки бу табиий ҳолдир. Аммо яна такрорлашга мажбурман: биз ёшлар ўткинчи сабаб ва муаммолардан юксакда турадиган, кимнингдир хулосалари асносида ясалмаган ўзимизнинг ҳақиқий замонамиз қаҳрамони бўлишини хоҳлаймиз. Токи у бизни каттароқ мақсадлар билан яшашга ўргатсин, руҳ берсин, ўз куч-қудратимизга ишонч уйғотсин, ёвузлик ва нопокликка нафрат, эзгулик ва ҳалолликка муҳаббат уйғотсин.
Кимдир ҳар бир авлод ўз замонаси қаҳрамонини ўзи яратади, дейиши мумкин. Чунки шу давр ҳаётининг ичидан ўтиб кўриш, воқеаларни бошдан кечириш, қувонч ва изтиробларни қалбдан ўтказиб кўриши лозимдир балки. Лермонтов ва Пушкин, А.Қодирий ва Ч.Айтматов каби ёзувчилар ўз қаҳрамонлари ҳаётини деярли ўз бошларидан кечиришган-ку. Агар бу ҳол ёзилмаган ва табиий қонуният бўлса, биз – мустақиллик билан тенгдош авлод ичида ҳам эртага буюк драматурглар, шоирлар ва ёзувчилар чиқишига ва биз ўз замонамиз қаҳрамонини ўзимиз яратишимизга ишонаман.
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 5-сонидан олинди.