Афғонистонлик мутахассислар Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой меросини, хусусан, “Бобурнома”ни ўрганиш, оммалаштиришда катта ишларни амалга оширганлар. Жумладан, доктор Абдулҳай Ҳабибий “Бобурнома” бўйича жиддий тадқиқотлар олиб борган. 1980 йили Бобур таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан ЮНЕСКО нашр этган «Бобурнома»да француз шарқшунос олими Луи Базен, ўзбекистонлик Сабоҳат Азимжонова, ҳиндистонлик Муҳибул Ҳасан билан биргаликда Абдулҳай Ҳабибий ҳам қатнашган. Бундан ташқари, доктор Ҳабибийнинг “бобурий хат”ни аниқлашда ҳам хизматлари бор.
Доктор Шафиқа Ёрқин бобуршуносликка катта ҳисса қўшган олимадир. У, аввало, Бобур девонини араб алифбосида тайёрлаб, 1982 йили Кобулда нашр эттирган. Илм аҳли орасида мазкур нашр “Кобул нашри”, деб юритилади. Бундан ташқари, Бобур девонига кирмай қолган шеърларни жамлаб, 2004 йили чоп қилдирди (Кобул нашрига такмила. Нашрга тайёрловчи: Ш.Ёрқин. Т., “Шарқ”). Олима яқинда “Бобурнома”нинг Афғонистон қисмини араб алифбосига ўгириб, нашр эттирди. Кейин шу қисмни дарий тилига таржима қилиб, турли кўрсаткичлар ва шарҳлар билан уни ҳам алоҳида китоб шаклида бостириб чиқарди. Энди “Бобурнома”нинг қолган қисмларини дарий тилига ўгириб, нашр эттириш ниятида. У кишининг умр йўлдоши Муҳаммад Ҳалим ҳам бу соҳада фаолият олиб бормоқда — “Бобурий хат” бўйича номзодлик диссертацияси устида ишламоқда. Хуллас, афғонистонлик олимлар бобуршуносликда жиддий илмий изланишлар олиб боришмоқда.
Яқинда Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори профессор А. Манноновга афғонистонлик олимлардан бир туҳфа келди: у “Бобурнома”нинг араб алифбосидаги тўлиқ нашри эди (“Бобурнома”. Нашрга тайёрловчи: Пўҳниёр Ҳидоятулло Ҳидоят. Мозори Шариф, ҳижрий 1387 йил (араб алифбосида). 550 саҳифадан иборат бу китоб матбаа нуқтаи назаридан бекаму кўст нашр қилинган. Қуйида мана шу китоб тўғрисидаги айрим фикр-мулоҳазаларимизни баён этмоқчимиз.
Китоб доктор Воҳидий ва доктор Шафиқа Ёрқиннинг алоҳида-алоҳида сўзбошиси билан бошланади. Ш.Ёрқин “Бобурноманинг янги нашри турк эли ва тили учун янги ютуқ”, деб номланган сўзбошида Бобур мероси хусусида мана бундай деб ёзади: “Бобурнинг шеър девони ҳар қандай шеър ва адабиётга чанқоқ инсонларни тиниқ ва чучук булоғига йўллаб, чанқоғини қондирса, “Волидиййа” рисоласининг таржимаси ирфон ва тасаввуф соликларига ҳақиқат ва ҳаққа етиб бориш босқичлари ва йўлларини кўрсатса, “Бобурнома” ё “Вақоеъ” бутун дунёнинг турли билим соҳалари олимларини ўзига мафтун этган қомусий асар сифатида ярқираб турган бебаҳо, ўлмас ҳисобланади”.
Шафиқа хоним нашрнинг ютуқ ва камчиликлари хусусида сўз юритади. Мана шундай нашрга эҳтиёж борлигини изоҳлаб доктор Ёрқин “Бобурнома”нинг тўлиқ матнини Порсо Шамсиев (Т., 1960) ва 2002 йили бир гуруҳ олимлар яратгани, бироқ мазкур нашрлар кирилл алифбосида бўлганлиги сабабли Афғонистонда кириллчани билмайдиганлар ушбу китобларни ўқий олмасликларини, япониялик профессор Эйжи Манў яратган танқидий матн (араб ёзувида) эса, Афғонистонда 1-2 донадан ортиқ эмаслигини айтади. У мазкур нашр машаққатли меҳнат натижаси эканлигини таъкидлаб, “афғонистонлик турк эли, айниқса, ўзбеклар учун юксак баҳоли совға ва қувонарли адабий воқеадир”, деб ёзади.
Ушбу нашрда дастлаб кўзга ташланадиган камчилик — имлодир.
“Бобурнома”нинг танқидий матнини араб ёзувида тайёрлаган япон бобуршуноси профессор Э. Манў имло масаласига катта аҳамият берган. Эски ўзбек алифбосида имло қоидаси ишлаб чиқилмаган, бинобарин, имло қатъий бўлмаган. Буни “Зафарнома”нинг 1519 йили, яъни “Бобурнома” билан деярли бир даврда яратилган ўзбекча таржимаси матнида ҳам кўриш мумкин. Таржимон “…шоҳ ва шоҳзода” сўзларини “шин”дан сўнг “алиф” билан ҳам, “алиф”сиз ҳам ёзади…. кўприк ва фил деган сўзларни у бир бетнинг ўзида кўфрук ва пил шаклларида келтиради” (Аҳмад А., Бобобеков Ҳ.Сўзбоши/ Зафарнома. Т., Шарқ, 1997, 7-бет).) Лекин шуни қайд этиш лозимки, п ва б, ч ҳамда ж, к ва г ҳарфлари бадиий адабиётда аралаш ёзилаверган бўлса, луғатларда талаффузни кўрсатиш учун фарқ қилинган.
Худди шунингдек, “Бобурнома” қўлёзмаларидаги имлода ҳам ҳархиллик кузатилади. Масалан, япон олими профессор Э.Манўнинг ёзишича, танқидий матнга асос сифатида олинган биргина Ҳайдаробод нусхасининг ўзида “улуғ” сўзи тўрт хил ёзилган. Баъзи сўзлар бир ерда ажратиб ёзилса, бошқа ерда қўшиб ёзилган. “ж” ҳарфи “ч” ва “ж” ҳарфини билдиради, “к” ҳарфи, одатда, “г”ни билдиради. Ҳайдаробод нусхасида “г” ҳарфи ишлатилмаган. Чўзиқ “а” ва қисқа “а” бир-бирининг ўрнига ишлатилиши мумкин. Бу ерда шуни таъкидлаш керакки, Алишер Навоий асарларидаги имло ҳам худди шундай.
Афғонистонда нашр этилган “Бобурнома”да ҳам имло шунақа: “Элининг лафзи қалам била росттур”, деган жумладаги росттур сўзи танқидий матнда рост+тур шаклида алоҳида битилган, афғон нашрида эса қўшиб ёзилган; Алишер сўзи танқидий матнда Али+шер шаклида алоҳида ёзилган, афғон нашрида эса, қўшиб; танқидий матнда фазилатида сўзи алоҳида, афғон нашрида қўшиб ёзилган. Танқидий матнда оқар сўзидаги учинчи ҳарф чўзиқ “а” (алиф) ҳарфи билан ёзилган бўлса, афғон нашрида қисқа “а” (забар) билан берилган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу ҳодиса фақат эски ўзбек ёзувигагина тааллуқли эмас, араб алифбосига асосланган бошқа тилларда ҳам шундай ҳолатлар кузатилади. Таниқли эроншунос олим Ю.Рубинчик ҳануз форсча сўз таркибидаги мустақил маъноли ва ёрдамчи морфемалар ёзилишининг аниқ қоидалари ишлаб чиқилмаган, бир бетнинг ўзида битта сўз ҳам қўшилиб ёзилган бўлиши мумкин, ҳам алоҳида, деб қайд этади. Урду тилида ҳам шунақа ҳодиса мавжуд.
Афғонистон нашрида янглиш ёзилган сўзлар ҳам учрайди. “Танқидий матн”га тақриз ёзган А. Абдуғафуров ва А. Ўринбоев япон олимининг ишидаги бир қанча фазилатларини санаб ўтиб, камчиликларини ҳам қайд этадилар. Котиб ё матбаа айби билан сўзларнинг имлосидаги ҳар хилликни шундай камчиликлардан, деб кўрсатадилар ва қуйидаги мисолларни келтирадилар: сорик гул — сориқ гул, ош — аш, кейин — кин ва ҳоказо.
Э. Манў “Бобурнома”даги имлони унификация қилишга уринмаган, чунки унинг фикрича, ўзбекча имлодаги мана шу ҳар хилликнинг ўзи тадқиқ этишга арзигулик иш. Шу сабабдан сўзлар имлоси қандай бўлса, шундайлигича қолдирилган. Э. Манўнинг масалага бундай ёндашуви “Кўрсаткичлар” жилдига ёзилган“ Тушунтириш” (“Explanation”)ида батафсил изоҳланган ва «Кўрсаткичлар»да ўзбек олимларининг мазкур тақризида келтирилган сўзларга ё баробар (=) аломати қўйилган ёки ҳар бир имло алоҳида-алоҳида, ўз ўрнида келтирилган.
“Бобурнома”нинг 2002 йилги нашри 1960 йил нашри ва танқидий матн асосида тайёрланди. Унда имло масалаларига алоҳида аҳамият берилди, мутахассислар билан ишлаш жараёнида ушбу нашр матнига 600 дан ортиқ тузатишлар киритилди. Бу ҳақда профессор Саидбек Ҳасанов шундай ёзади: “Бобурнома”нинг ўзбек тилидаги мавжуд нашрларида Афғонистон ва Ҳиндистонга оид номларнинг жорий алифбомиздаги матнида фарқлар кўп учрайдики, биз имкон доирасида уларнинг аниқроқ ифодасини беришга ҳаракат қилдик”.
Бизнинг фикримизча, “Бобурнома”нинг Афғонистон нашрида имлони танқидий матнда қандай бўлса, шундай қолдириш мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки танқидий матн “Бобурнома”нинг энг ишончли, аслиятга энг яқин деб тан олинган Ҳайдаробод нусхасига асосланган. Манбадаги имлода ҳар хилликка йўл қўйиш турли чалкашликларга, хусусан, лексика соҳасидаги тадқиқотларда чалкашликларга олиб келиши мумкин.
Нашрда биронта ҳам кўрсаткич, изоҳ ва шарҳ берилмагани, бизнингча, Афғонистонда чоп этилган “Бобурнома”нинг камчилигидир. Ваҳоланки, П.Шамсиев, профессор Э. Манў ва мана шу иккала нашр асосида тайёрланган 2002 йилги янги нашрда кўплаб кўрсаткичлар, изоҳ ва шарҳлар келтирилган. Агар шундай йўл тутилганда, нашрнинг қиммати ошар, китобхонга қўшимча маълумотлар берар ва тадқиқотчиларнинг ундан фойдаланиши осон бўларди.
Нашрнинг бир қанча эътиборли томонлари ҳам бор. Маълумки, “Бобурнома”даги воқеалар баёни хронологик тартибда берилган, Ҳайдаробод нусхаси Фарғона, Афғонистон, Ҳиндистон бўлимларига ажратилмаган. Асарни бўлимларга ажратиш кейинчалик юз берган — фойдаланиш қулай бўлиши учун таржимонлар шундай қилганлар. Лекин афғон ноширлари аслиятда берилгани каби иш тутганлар, асарни уч қисмга ажратмаганлар, яъни мазкур нашр шаклан, тузилиши жиҳатидан аслиятга яқиндир. Нашрнинг яна бир диққатга сазовор томони — унга номаълум котибнинг Бобуршоҳ ҳақида ёзганлари киритилмаган. Танқидий матнда ҳам шундай йўл тутилган. Дарҳақиқат, “Бобурнома”нинг айрим нашрларида илова тарзида берилган номаълум котиб ёзган матн аслида “Бобурнома”нинг бўлаги эмас.
Хуллас, баъзи камчиликларига қарамай, афғонистонлик мутахассисларнинг катта ва сермашаққат меҳнат маҳсули бўлган “Бобурнома” нашри аслият алифбоси — араб ёзувида тайёрланган биринчи оммавий нашр эканлиги билан ва бобуршуносликка қўшилган улуш сифатида қадрлидир. Айрим саҳв-хатолар кейинги нашрда инобатга олинади ҳамда ушбу нашр Афғонистонда бобуршуносликнинг янада ривожланишига туртки бўлади, деб умид билдирамиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 7-сонидан олинди.