«Бобурнома»да абжад ҳисобида ифодаланган тарихий воқеалар
Жаҳон маданияти хазинасидан муносиб ўрин олган ва кўплаб тилларга таржима қилинган «Бобурнома» муҳим тарихий асар сифатида ўрганилиши билан бирга, турли фан соҳалари учун ҳамон кашфиётлар манбаи бўлиб келмоқда. Айниқса, ҳарфлар орқали ифодаланган математик рақамларни тадқиқ этиш жиҳатидан бу асар алоҳида аҳамиятга моликдир.
Адабиётимиз тарихида ҳеч бир сўз санъаткори «таърих» деган шеърий санъатни четлаб ўтган эмас. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам бу санъат намуналарига жиддий эътибор берган. Мумтоз шеъриятда муҳим тарихий воқеалар махсус сўз ва ибораларда ифодаланган. Бу санъат абжад деб аталган математик ҳисобга асосланади. Абжад ҳақида Алишер Навоий бобомиз айтадилар:
Ақлким, барча хирад аҳлига эрди устод, Бўлди ишқ абжади таълимида тифли мактаб.Яъни, барча зеҳн ва донолик аҳлига устоз бўлган ақл ишқ абжади таълимида худди ёш боладек бўлиб қолди.
«Бобурнома»да баъзи муҳим тарихий кўрсаткичлар, саналар борки, муаллиф улар ҳақида йиллар ва воқеалар тафсилоти билан чекланиб қолмай, мазкур тарихий воқеликка оид шеърий сатрлар ёхуд махсус ифодалардан яхши фойдаланган. Бундай сўз ва ибораларда воқелик абжад ҳисобида, яъни лафзлардаги ҳарфлар рақамларга айлантирилганда аниқ тарихий ифодасини топади.
Сонлар қийматини ҳарфлар билан ифода этиш абжад ва жимал ҳисоби, дейилади. «Абжад» араб алифбосининг барча 28 ҳарфини ўз ичига олган саккизта сўзнинг умумий номидир. Бу сўзларнинг тўрттаси тўрттадан ҳарфни, тўрттаси учтадан ҳарфни ифодалайди. Бу ҳарфлар ифодалаган рақамлар «абжад ҳисоби», «абжад тартиби», деб ҳам аталади. Сўзлар қуйидагилардир: абжад, ҳавваз, ҳуттий, каламан, саъфас, қарашат, саххаз, заззағ. Бу сўзлар ҳеч нарсани англатмайди, деган фикр хатодир. Булар алифбони, жадвални ёдлаш, ҳарфлар билдирадиган математик рақамларни эсда сақлаб қолиш, сонларни кўпайтириш, ундан тарих чиқариш учун муҳим омилдир. Ҳарфларни рақамлаш қадимда финикия-оромий алифбосида ҳам мавжудлиги айтилган («Ўзбекистон миллий энциклопедияси»). Ўзбек адабиётида махфий мактублар ёзишда ҳам абжад ва жимал ҳисобидан фойдаланилган. Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома» асарида соҳибқирон Амир Темурнинг 71 йил умр кўргани «Алиф, лом, мим» ҳарфларида ифодаланганини баён қилиб: «Бу Қуръоннинг улуғ сураларидандир», дейди.
«Бобурнома»да келган байтлар ва махсус иборалардаги тарихий саналар моҳиятини яхши тушуниш учун, аввало, 28-ҳарф ифодалаган рақамларни кўриб чиқамиз. Абжад: алиф-1, бе-2, жим-3, дол-4; ҳавваз: ҳо (ҳойи ҳавваз)-5, вов-6, зе-7; ҳуттий: ҳе (ҳойи ҳуттий)-8, то (итқи)-9, йо-10; каламан: коф-20, лом-30, мим-40, нун-50; саъфас: син-60, айн-70, фе-80, сод-90; қарашат: қоф-100, ре-200, шин-300, те-400; саххаз: се (уч нуқтали)-500, хо-600, зол-700; заззағ: зод-800, зо (изғи)-900, ғайн-1000.
Дастлабки мисол сифатида «Бобурнома»да буюк аллома Мирзо Улуғбекнинг шаҳид бўлиш воқеаси баён қилинган ушбу форсий назмни келтириш мумкин:
Улуғбек баҳри улуму хирад, Ки дунёву динро аз ў буд пушт. Зи Аббос шаҳди шаҳодат чашид, Шудаш ҳарфи таърих Аббос кушт.Таржимаси: «Илм ва ақл денгизи бўлган Улуғбек дунё ва диннинг таянчи эди. Аббос қўлидан шаҳидлик болини тотди, «Аббос кушт» («Аббос ўлдирди») ҳарфлари ўлим тарихи бўлди».
“Аббос кушт” иборасидаги ҳарфларни абжад ҳисобида рақамга айлантириб чиқамиз: айн-70; бе-2; алиф-1; син-60; коф-20; шин-300; те-400. Жами –853. Шунга асосан, ҳарфлар рақами йиғиндисидан ҳижрий 853 йил келиб чиқади. Бу сана милодий ҳисобга кўра Мирзо Улуғбек қатл қилинган 1449 йилга тўғри келади.
Воқеа тафсилотида давом этар экан, Бобур: падаркуш подшоҳ бўла олмаслигини, бўлса ҳам олти ойга етмаслигини Низомий-Ганжавий байтлари асосида таъкидлаб, Абдуллатифнинг ҳам ўлдирилиш воқеасини баён қилади. Сўнг бу воқеанинг ҳам шеърий санъатга жо бўлган тарихий санасини келтиради:
Абдуллатиф Хусрави Жамшидфар, ки буд Дар силки бандагонаш Фаридуну Зардуҳушт. Бобо Ҳусайн кушт шаби жумъааш ба тир, Таърихаш ин навис, ки: Бобо Ҳусайн кушт.Таржимаси: “Абдуллатиф Жамшиддай шукуҳли подшоҳ эди, Фаридун билан Зардушт қуллари қатори эди. Уни Бобо Ҳусайн жума кечаси ўқ билан ўлдирди, ўлим тарихини “Бобо Ҳусайн кушт” (“Бобо Ҳусайн ўлдирди”), деб ёзгин”.
“Бобо Ҳусайн кушт” иборасидаги ҳарфларни абжад ҳисобига кўра рақамга айлантирсак, ҳижрий 854 сана келиб чиқади: б-2; алиф-1; бе-2; алиф-1; ҳе-8; син-60; йо-10; нун-50; коф-20; шин-300; те-400; йиғиндиси — 854. Бу милодий ҳисобда 1450-1451 йилларга тўғри келади.
“Тўққиз юз еттинчи йил воқеалари”да Бобур ўз яқин кишиларидан бўлмиш Нўён Кўкалдошнинг фожиали ўлими ҳақида сўз юритади ва фавтининг тарихи “Фавт шуд Нўйон” (“Нўён вафот қилди”), деб топилганини таъкидлайди.
“Фавт шуд Нўйон” ибораси абжад ҳисобига кўра рақамларга айлантирилганда ҳижрий 907 (милодий 1501-1502) йил келиб чиқади: фе-80; вов-6; те-400; шин-300; дол-4; нун-50; вов-6; йо-10; алиф-1; нун-50; йиғиндиси — 907. Ана шу Нўён Кўкалдошнинг вафоти тарихидир.
“Тўққиз юз тўққизинчи йил воқеалари”да Бобур Хожа Сеёрон (Уч ёрлар) номли чашма ҳақида сўз юритиб, бу ердаги уч турли дарахт уч азиз-авлиёнинг каромати эканини таъкидлайди ва “Сеёрон” деб номланиши шундандир, дейди. Бу чашманинг ғарби-жанубий тарафидаги бир дарадан ҳамиша ярим тегирмон сув оқиб туришини билдириб, у ерда бир ариқ қаздириб, шу сувни “Дашти сеёрон”нинг ғарби-жанубий тарафидаги пуштанинг устига келтирганини айтади. Бу ариқ тарихи “Жўйи хуш” (“Гўзал ариқ”) деган иборада ифодаланганини илова қилади.
“Жўйи хуш” ҳарфларини рақамга айлантирамиз: жим-3; вов-6; йо-10; хо-600; вов-6; шин-300; жами — 925. Бобур фаолиятида, ер суғориш ва ободонлик тарихида муҳим ҳисобланган бу ариқ ҳижрий 925, милодий 1518 йилда қазилганлиги маълум бўлади.
“Тўққиз юз ўн учинчи йил воқеалари”да эса Бобур: “Ушбу йилнинг охирида сешанба кечаси зулқаъда ойининг тўртида Кобулнинг аркида” ўғли Ҳумоюн туғилганини айтади ва “таърихи валодати”ни (туғилиш тарихини) шоир Мавлоно Сайидий “Султон Ҳумойунхон”, деб топганини таъкидлайди. Шунингдек, “Кобул шоирчаларидан биров (яъни, ёш шоирлардан бири) унинг таваллуд тарихини “Шоҳи фируз қадр” (“Бахтли, толели, ғолиб, қадрланган шоҳ”), деб топганини таъкидлайди. Иккала ибора ҳам абжадга кўра рақам ҳолида ёзилса, Ҳумоюн туғилган 913 сана келиб чиқади.
Ибораларни абжад ҳисобидаги саноқларда кўриб чиқайлик:
“Султон Ҳумойунхон”: син-60; лом-30; то (итқи) -9; алиф-1; нун-50; ҳо-5; мим-40; алиф-1; йо-10; вов-6; нун-50; хо-600; алиф-1; нун-50; йиғиндиси-913.
“Шоҳи фируз қадр”: шин-300; алиф-1; ҳо-5; фе-80; йо-10; ре-200; вов-6; зе-7; қоф-100; дол-4; ре-200; жами-913.
Бундан Ҳумоюннинг таваллуд тарихи ҳижрий 913 йил эканлиги маълум бўлиб, бу милодий 1507 (1508) санага тўғри келади.
Бобур “Тўққиз юз ўттиз учинчи йил воқеалари”да Ҳиндистонни эгаллаш тарихини ҳикоя қила туриб, бу воқеа тарихи Шайх Зайн томонидан “Фатҳи подшоҳи ислом” (“Ислом подшоҳининг фатҳи”), деган лафзда ўз ифодасини топганини баён қилади. “Фатҳи подшоҳи ислом” ибораси абжад ҳисобига кўра, 933 ҳижрий санани ташкил этади. Бу эса, милодий 1527 йилга мувофиқ келади.
Воқеа тафсилоти давомида Бобур Кобулдан келганлардан Мир Гису номли шахс ҳам шу ифодани қўллаганини айтиб ўтади ва бу ҳолат таворуд — икки шоир шеърида бирор байт ёки мисранинг мазмунан ёки шаклан бир хил чиқиб қолишига мисол бўлишини таъкидлайди.
Воқеага Шайх Зайн ёндашувини баён қилган Бобур, унинг илгари Диболпур фатҳини “васати шаҳри рабиъил аввал” (“робиъул-аввал ойининг ўртаси”) шаклида ифодаланганини эслаб ўтади. “Васати шаҳри рабиъил аввал” ибораси ҳижрий 930, милодий 1524 йилга мувофиқдир.
“Тўққиз юз ўттиз тўртинчи йил воқеалари”да Чандирийни эгаллаш воқеасини келтириб, Бобур бу тарихий воқеа “фатҳи дорул-ҳарб”, деб аталганини баён қилади. Сўнг бу воқеа ҳақидаги ушбу мисраларни илова этади:
Буд чанд мақоми Чандирий Пур зи куффору дорул-ҳарб. Фатҳ кардам баҳарб қалъаи ў, Гашт таърих фатҳи дорул-ҳарб.Таржимаси: “Чандирий кўпдан буён куфр аҳли билан тўлган дорул-ҳарб — уруш уяси эди. Унинг қалъасини урушиб қўлга киритдим, “фатҳи дорул-ҳарб” бунга тарих бўлди“. “Фатҳи дорул-ҳарб” абжад ҳисобида 934 ҳижрий йил бўлиб, 1527 милодий санага тўғри келади.
“Тўққиз юз ўттиз бешинчи йил воқеалари”да Бобур Ҳумоюннинг ўғил фарзанд кўрганини ҳикоя қилади. У набираси Алъамоннинг туғилиш тарихини Шайх Абулважд “Шаҳи саъодатманд” (Саодатли шоҳ), деб ифодалаганини таъкидлайди. Бу ўринда “шаҳ” сўзида алиф иштирок этмайди, “шоҳ” деб эмас, балки фатҳа билан “шаҳ” тарзида ёзилган. “Шаҳи саоъдатманд” иборасидаги ҳарфларни абжад ҳисоби билан рақамга айлантириб кўрамиз: шин-300; ҳо-5; син-60; айн-70; алиф-1; дол-4; те-400; мим-40; нун-50; дол-4; йиғиндиси — 934. Демак, Бобурнинг набираси Алъамон ҳижрий 934 йилда таваллуд топган бўлиб, бу милодий 1527 йилга мувофиқдир.
Муҳим тарихий воқеаларни шеърий санъат воситасида махсус сўз ва иборалар билан ифодалашнинг сабаби ва ҳикмати нимада? Албатта, асрлар ва йиллар давомида зарур саналар ҳамда рақамларни ёдда сақлаб қолиш осон эмас. Шунинг учун махсус лафз ва иборалар орқали муҳим воқеалар тарихи авлодлардан авлодларга бехато ўтиб келиши таъминланган. Барча мумтоз адиблар қатори Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам бу санъатдан ўринли фойдаланган. Зотан, ҳарфлар замиридаги тарих сирлари тафаккурни бойитадиган илм оламидир.
Рахшона Кенжабоева,
Тошкент Ислом университети халқаро иқтисодий муносабатлар йўналиши талабаси
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 7-сонидан олинди.