Бу жойлар унумдор тупроқли ерлардан иборат бўлиб, турли ўсимликлар, жумладан, лола ва лолақизғалдоқ, қўнғирбош ва оқ каврак, буғдойиқ ва чалов, шашир ва япроқўсади. Умуман олганда эса бу маскан ўсимлик дунёсининг бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Юксакликларда бўлгани каби тоғнинг бу қисмида ҳам булоқлар сероб, улар тоғ табиатининг узвий бир қисмини ташкил этади.
Йўлимизда учраган Қўтирбулоқ суви айтишларича айрим касалликларга, жумладан, қўтир касалига яхши даво экан.Биргина шу булоқнинг ўзиёқ бу ерда ўзига хос табиат олами юзага келмоғига сабаб бўлган. Кўзида қум ўйнаётган булоқдан бир тегирмонча сув чиқишига кишининг ҳеч ишонгиси келмайди. Чотқолликлар бу булоқни илоҳий деб билишади. Бироқ шаҳардан борган сайёҳлар бу ақидани у қадар идрок этишмайди. Улар булоқ атрофини булғаб, турли чиқиндиларни ташлаб кетишади. Уларда гўзалликни англаш кўникмаси етмаганидан теваракка бегона нигоҳ билан қарашади. Бу ҳол уларнинг хатти-ҳаракатлари ва ўзини тутишларида намоён бўлади.
Илгарилаганимиз сайин йўлда кўпкарига бораётган отлиқларни учрата бошлаймиз. Кўпкарининг ўзига хос сеҳри шу қадар қудратлики, унинг дарагини эшитган чавандозлар юзлаб чақирим йўлни ортда қолдириб бўлса-да, тезроқ чортоққа етиб боришга ҳаракат қилишади. Биз ҳам ўша томон ошиқмоқда эдик. Негаки, улоққа нисбатан бўлган қизиқиш ҳисси бизга ҳам бегона эмасди. Тоғ йўллари ҳамиша қалтис баланд-пастлик ва бурумлардан иборат. Бу йўллардан юрак бетлаб юрмоқ учун машина ҳайдовчиси ҳам жуда маҳоратли бўлмоғи лозим.
Биз Чотқолнинг кунчиқиш тарафида эдик. Навбатдаги юксакликка чиқишимиз билан қаршимизда гўзал ва сервиқор тоғлар манзараси юз очади. Яъни, тизманинг тоғ-дашт минтақаси бор маҳобати билан намоён бўлади. Бу гўзалликни соатлаб томоша қилсанг ҳам асло тўймайсан. Тизгинсиз шамоллар йўлидаги баландликнинг ўсимлик дунёси ниҳоятда бой. Ўт-ўланлар бўлиқ. Негаки, воҳа шимоли-ғарбдан эсадиган кучли шамол ва бўронлардан тоғлар билан иҳоталанган. Шамол кўзида кўкрак кериб турган баландликларнинг табиати эса янада ранг-баранг.
Энг баланд жойларда ноқулай иқлим шароити мавжудлигини ерга қапишиб ўсган печакгуллар ҳам айтиб турибди. Тоғликлар “қоратикан” деб атайдиган бу ўсимлик ҳар қандай шароитда ҳам бемалол ўса олиш хусусиятига эга. У ўзининг узун тиканлари билан япроқлари ва нимбўйли оппоқ гулларини ташқи муҳитдан авайлаб-асрайди. Бу тоғу тошларнинг кўм-кўклиги ва кўзни олар даражада яшнаб-ялтираб туриши ана шу табиий мослашув туфайлидир.
Кўпкари чопиладиган майдон яқинига, яъни Чотқол тоғи этагидаги кенг яйловга етиб келганимиздан сўнг, маълум бўлдики, бугунги улоқни тоғлик чўпонлардан бири бераётган экан. Энг қизиқ жиҳати шунда эдики, улоқда қатнашиш иштиёқида чор-тарафдан келаётган чавандозларнинг аксарияти улоқ берувчини танимасди. У ким, касб-кори нима, бу ҳақда бирор маълумотга эга эмасди. Унда улар бугунги улоқнинг дарагини қаердан эшитиша қолди экан? “Бу хабарнинг қаноти бор”, дея изоҳ беради улоқчилар. “Буни бир чавандоз эшитса бўлди, қолганлари эргашиб келаверади”.
Удумга биноан чавандозлар атай таклиф этилмайди, улоққа уларнинг ўзлари келади ва кўпкари олдидан тўй эгаси томонидан эл қатори яхшилаб меҳмон қилинади. Бу халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадимий одатдир.
Кўпкари олдидан улоқ чопиладиган майдон четига йиғилган томошабинлар билан суҳбатлашамиз. Буни қарангки, улар ҳам худди чавандозлардек турли вилоятлардан ва ҳатто қўшни республикалардан ташриф буюришган экан. Уларнинг берган жавоби шу: “Улоқнинг дарагини эшитиб келавердик”. Мухтасаргина изоҳ берадиган бўлсак, бу кишиларни на тўйхона эгаси берадиган туз-наъмак, на қайтишда босиб ўтилиши лозим бўлган юзлаб чақиримли йўл азоби қизиқтиради, уларни ҳали замон бошланиши керак бўлган улоқдан бошқаси мутлақо қизиқтирмайди. Кейин эса фалончининг оти зўр экан, пистонча чавандозга умид қилса бўлади, барибир ўзимизнинг қорабайир зўр-да, дея узоқ вақтгача эслашиб, гапиришиб юради.
Бу орада чавандозлар майдонга улоқ ташланишини кутиб, жам бўлишади. Кўпкарида бу лаҳза энг ҳаяжонли дақиқалардан биридир.Улоқ ташланиши билан майдон юзлаб отлар дупурига тўлади. Бундай пайтда улоқчиларгина эмас, ҳатто энг бесабр томошабинлар ҳам андак сукутга толиб, ҳаяжонли онларни бошларидан кечира бошлайди. Ниҳоят, кутиш лаҳзалари ортда қолиб, баковул томонидан майдонга улоқ ташланади. Улоқни майдонга ташлаган баковул бутун кўпкари давомида ўйинга ҳакамлик қилади. Бериладиган совринлар фақат унинг изми билангина эгасига топширилади. Улоқдаги ҳалоллик ва ғирромликни ёлғиз угина ажрим қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ унинг ҳакамлик иши ҳамиша оқсоқоллар кузатуви остида.
Кўпкари ҳамма жойда деярли бир хил кечади. Улоқни майдондан олиб чиқиш ғолиблик саналади. Лекин бу хил талатўпдан улоқни ажратиб олишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун яхши от, билак кучи ва улкан тажриба керак. Кучинг бўла туриб, отинг бундайроқ бўлса ёхуд отинг зўр бўла туриб, ўзингда чапдастлик етишмаса, яхшиси, бу майдонга тушмаган маъқул. Бу майдонда йигитнинг ғурури синалади.
Чотқол тоғи бағрида бўлаётган бу кўпкарининг ўзига хос томони шундаки, бу ўйинда улоқ тақимга эмас, тўғридан-тўғри эгар қошига олинмоқда. Демак, водийга хос услуб устуворлик қилмоқда. Республикамизнинг жанубий вилоятларида бу услуб ғирром саналиб, тақимга босиб олиб чиқилган улоққина ҳалол, дейилади. Аслида эса бу ерда ғирромлик эмас, услубий ранг-баранглик мавжуд. Зил-замбил улоқни тақимга босиш қанчалик оғир бўлса, уни эгар қошига олиш ҳам янада машаққатлироқ.
Иккинчидан, бу кўпкарида марра чизиғи белгиланмади. Одатда, улоқда марра нуқтаси белгиланиб, тўдадан олиб чиқилган улоқўша маррага ташлангачгина ҳалол саналади. Кўпкари тарихида яна бир ҳолат кузатиладики, чавандоз томонидан олиб чиқилган улоқ майдонда маълум масофа югуриб, сўнг ташланса ҳам ҳалол саналади. Унинг нечоғли ҳалоллигини фақат баковулгина ҳал қилади. Улоқда ўртага ташланган соврин, одатда олдиндан эълон қилинади. Аммо чавандоз совринга нима олишини аввалдан билиб эмас, балки улоқ шавқига тамомила берилган ҳолда ҳаракат қилади. Соврин эса ғолибни рағбатлантиришга хизмат қилувчи шунчаки бир омил, янада аниқроғи, қадимдан қолган таомилдир. Улоқда кимгадир буюм, кимгадир жонлиқ тегади. Аммо бу нарса ўйин суръатини белгиламайди. Улоққа завқ ва жозиба бағишловчи нарса унинг бетизгин шавқидир.
Кўпкари соатлаб, баъзан кунлаб давом этиши мумкин. Улоқда отбозлар отини, чавандозлар эса ўзини синовдан ўтказади. Улар улоқдан улоққа ўз хато ва камчиликларини тузатиб, тажрибаларини ошира борадилар. Ҳар беллашувда янги-янги чавандозлар ҳамда улоқчи отлар кашф этила боради. Энг муҳими, ҳар бир кўпкари халқ хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади.
Улоққандай бошланган бўлса, тўсатдан шундай тугайди. Лекин чавандозлар майдонни тарк этишга кўпда ошиқмайдилар. Худди майдонда ниманидир тушириб қолдиргандай, яна пича уймалашадилар. Айрим чавандозлар эса майдон четида тўп-тўп бўлишиб, бугунги улоқни муҳокама қилишга тушиб кетадилар. Шу баҳонада, биринчидан, от пича совутилади. Иккинчидан эса, кўпкари сабаб учрашиб қолган дўст-ёронларнинг бир-биридан кўнгил узиб кетишлари сал қийин кечади. Ахир, улардан бири Намангандан, бири Фарғонаю Андижондан, иккинчи бирлари эса Тошкент ва Сирдарёдан, қайси бирлари Қирғизистон ва Қозоғистондан ташриф буюрган чавандозлар-да. Шунинг учун бундай давраларда гурунг тезда тугамайди…
Эскпедициямиз адоқлаб, изимизга қайтишни режалаштирарканмиз, умри шу тоғу тошларда ўтган кекса онахоннинг гурунгида бўламиз. Тўқсон баҳорни қаршилаган бу онахон етмиш йил муқаддам тоғнинг у бетидан бу бетига келин бўлиб тушган экан. Буни қарангки, орадан шунча вақт ўтишига қарамай, онахон тоғнинг у бетидаги қайноқ булоқлару зумрад сойларни, яшил арчазорлару кенг ўтлоқларни ҳеч унутолмас экан. У ернинг табиати бошқача дейди, яккаш. Айни шу “бошқачалик” бизни ҳам қизиқтириб, янги экспедиция режаларини туза бошлаймиз.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 47-сонидан олинди.