Иброҳим Ҳаққул. “Маоний боғини доно қилур сайр…” (2009)

Муҳаммад Ризо Огаҳий ўзбек мумтоз адабиётининг Алишер Навоийдан кейинги улкан сиймоларидан биридир. Огаҳий халқимиз маданияти, адабиёти ва илм-фани тарихида талантли шоир, моҳир таржимон, йирик муаррих, маърифатпарвар шахс сифатида ёрқин из қолдирган.
Маълумки, Огаҳий ниҳоятда баракали ижод қилган. Шоирнинг “Таъвиз ул-ошиқин” (“Ошиқлар тумори”) номли улкан девони бир неча жанрларда яратилган 20 минг мисрадан зиёд шеърдан таркиб топган. У Хоразм хонлиги тарихининг турли даврларини ёритишга бағишлаб бешта мустақил йирик тарихий асар яратган. Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, Абдураҳмон Жомийнинг “Саломон ва Ибсол”, “Баҳористон”, Низомийнинг “Ҳафт пайкар” каби ўлмас бадиий асарларини, кўплаб тарихий китобларни маҳорат билан таржима қилган.
Огаҳий ижодининг қимматли ва характерли томони шундаки, у Алишер Навоий ижодиётида юқори поғонагача кўтарилган адабиётдаги энг илғор, энг халқчил ғоявий-бадиий анъаналарни XIX аср шароитида юксак даражада ривожлантирди. Инсоннинг кўнгил ҳаётига теран кириб борган шоир дин, ахлоқ, маънавият, адолат тўғрисида ҳам ўз фикр-хулосаларини очиқ-ойдин изҳор қила олган эди. Унингча:

Маоний боғини доно қилур сайр,
Қачон қилғай они нодон тамошо.

Сўздан, яъни сўз изидан маънига томон сайрни ўрганган киши сўз ҳолати, сўз тақдири ва тарихини ҳам бемалол билади. Худди тирик мавжудотга ўхшаб, сўз ва калималар ҳам туғилади, яшайди: баъзи бирлари узоқ умр кечирса, айримларининг умри қисқароқ бўлади. Вақт ва замон ўтиши билан сўзларнинг оҳанги, маъно ва шаклларида ҳам ўзгаришлар содир бўлиши ёки янги мазмун, ўзгача бир завқ билан бойиши уларнинг жонли мавжудлик эканидан далолат беради. Буни Огаҳий ғазалларида ишқий, маърифий, ахлоқий маъноларнинг бир бутун тарзда ифодаланишидан ҳам илғаш мумкин. Огаҳий айни бир шеърда бир неча маъноларни акс эттиришда маҳорат кўрсатган шоир. Шунинг учун тасаввуфий маънолар ҳам унинг шеърларида худди жавҳардай, нурдай сингиб кетгандир.
Тасаввуф маданияти, фаолият ва тафаккури исломий дунёқараш ва тушунчанинг ажралмас бир қисми эканлиги илмда қайта-қайта таъкидлаб ўтилган. Хоҳ бирор шайх ёки муршидга эргашсин, хоҳ ўзи мустақил ҳаракат қилсин, иштиёқли ҳар бир киши бу ишқ, ирфон хазинасидан фойдаланган. Тасаввуф тажрибаси сингари унинг мавзуси ҳам дастлабки даврларда анча оддий ва осон англашинарли бўлган. Тариқатлар босқичи бошланиб, тасаввуфга фалсафа (айниқса, юнон фалсафаси) кириб келгач, сўфийлик вақт ўтгани сайин мураккаблашиб, ҳар турли фикр қарама-қаршилиги, маслак тортишувларининг шиддатли гирдобига ўхшаб қолган. Бунинг туб сабабини араб олими Абул Аъло Афифий шундай изоҳлайди: “Тасаввуф ягона бир манбага асосланмаган ёки туғилиш ва тараққиётини тоқ бир заминга боғлаб бўлмас даражада зиддиятли бир оқимдир. Худди шу сабабдан тасаввуфга бағишлаб тадқиқотлар яратган атоқли ғарб олимлари дастлаб тўғрилигига ишонган фикр-қарашларини ҳаётларининг охирларида тарк этароқ, масалага бошқа томондан ёндашганлар…”. Бизда эса, аксинча: тасаввуфга бир ёқлама муносабат, хато, якранг, саёз гапларни такрорлаш гўёки бир “удум” бўлиб қолган. Бунинг бир қанча сабаблари бордирки, биз улардан иккитасига тўхталиб ўтмоқчимиз. Биринчиси, Абу Наср Саррож таъкидлаганидек, тасаввуфни ўрганиш, унинг у ёки бу масаласи устида бош қотириб, маълум бир хулосага келиш ақлга шодлик бермайди. Билъакс: ақл ва идрок, дард ва изтиробга чуқур ошно бўлиши, фано ва бақони тенг кўриши, ҳолга тескари амалга, амалга зид ҳолларга имкон қадар барҳам беришига тўғри келади. Бу эса қийин ва азобли иш. Шу азоб ва қийинчиликларга чидашни зиммасига ололмаган киши тасаввуфдан завқлана олмаганидек, тасаввуфий ҳаётнинг сир-асрорини ҳам ўзича кашф этолмайди. Хуллас, сўник руҳ, ўлик калималар тасаввуфнинг ҳаётий нафаси, ҳуррият шавқини ифодалаш ва кўнгилларга таъсир ўтказишга ҳеч имкон бермайди.
Иккинчи сабаб ҳам биринчисига бевосита боғлиқ. “Қанчадан-қанча кимсалар бордирки, — дейди улкан турк тасаввуфшуноси С.Улудоғ, — тасаввуфий ҳаётни яшаш истеъдоди ва қобилияти бўлмагани ҳолда юзаки тарзда гоҳ унга, гоҳ бунга қизиқиб, мажбуран, яъни ўзларини зўрлаб ўша ҳаётга суқилиб кирмоқчи бўладилар. Бироқ бу иш уларнинг табиатларига мутлақо мувофиқ келмайди…”. Зеҳн, мушоҳада, хусусан, сезги пачоқлиги тасаввуф ва тасаввуфий шеърларнинг қадр-қийматини ерга қориштирадиган бир бефаҳмликдирки, очиғи, мумтоз адабиётимиз бундан зарар кўрмоқда. Бу фикр маълум бир маънода Огаҳий шеъриятига доир айрим мақолаларга ҳам тегишли.
Огаҳий Шарқ адабиёти тажрибаларини теран билган, ютуқлар билан бир қаторда ундаги камчиликларни ҳам аниқ англаган санъаткор. У Навоий, Бобур, Фузулий каби даҳоларнинг издоши.
Тасаввуфдаги мустақил бир тариқатга асос солган Нажмиддин Кубро, жавонмардлик ғояларини ифодалаш билан рубоий жанрининг довруғига довруғ қўшган Паҳлавон Маҳмуд Огаҳийнинг юртдошлари ва салафлари. Огаҳий кубравийлик таълимотидан пухта хабардор бўлганидек, Паҳлавон Маҳмуднинг жавонмардлик тушунчаларидан илҳомлангани шубҳасиз.
Нажмиддин Кубро таснифига кўра, тасаввуф уч асосий йўлдан иборат: тариқи ахёр — бу кўп тоат-ибодат ила Оллоҳ висолига етишишни кўзлаганлар йўли; тариқи аброр — бу тасфияти ботин ва тазкияти ахлоқ орқали Оллоҳга восил бўлишга интилганлар йўли. Учинчиси, тариқи шуттор — ишқ ва ошиқлик йўли. Худди шу кейинги йўл Огаҳийга мақбул келган. Шунингдек, у Нажмиддин Кубро “Усули ашора” рисоласида талқин қилган тасаввуфнинг ўн асосига ҳам алоҳида аҳамият берган. Шоир шеъриятидаги, сиртдан қаралганда, нақшбандийлик ёки бошқа бир тариқатга дахлдордай кўринадиган айрим истилоҳ ва тушунчалар аслида уларга кубравийликдан ўтган. Бу жиҳат Огаҳий ижодиётидан ўрин эгаллаган маломатийлик кайфияти ва ҳақиқатларидан баҳс юритилганда ҳам, албатта, инобатга олиниши зарурдир.
Огаҳийнинг мутафаккир ва орифлиги шундаки, у қисмат белгилаган йўл — шеър ва шоирлик тариқидан чалғимаган, ҳеч қачон сўфийлик ва мутасаввифликни санъаткорликдан баланд қўймаган. Унинг шеърларида неча ўнлаб тасаввуфий тимсол, рамз ва истилоҳларни учратиш мумкин. Улар нечоғли кўп ва такрор-такрор қўлланилган бўлмасин, Огаҳийни сўфийлик маслагига соҳиб шоир, дейишга ҳеч асос бермайди. Уни “сўфийи соф сиймолар” қаторига қўшиш эса ғирт ёлғондир. Чунки ўзини ҳақ ишқига қурбон айлаган сўфийни ҳақдан бошқа бир нима қизиқтирмайди. Ҳар қандай ижтимоий муносабат ва муассасага у ўзича ёт назарда қарайди. Огаҳийда эса, бундай эмас. У, энг аввало, фикр ва ишқ шоири. Унинг деярли барча шеърларида ишқдан, ошиқлик дарди ва ҳолатларидан сўз юритилган. Фақат бу ишқ моддий ва башарий муҳаббатдан бошланиб, ҳақиқий ишққа қараб юксалиб, ўзига хос бир руҳоний миқёс касб этиб борган. Бунда шоир табиий эҳтиёжга суянган ва фикр-тушунчадаги ўзгариш, ҳолдаги янгиланишларни ифодалашда ҳам табиийликдан асло чекинмаган.

Огаҳий, жаҳд эт, мусоҳиб бўл ҳақиқат аҳлиға,
Тобакай бўлғай мажоз аҳли била улфат санга.

Огаҳий ўз шахсиятининг ички талаб ва интилишларини ниҳоятда яхши тушунар, назмбозлик домига тушиб қолмаслик учун нималардан кечиш ва қандай тўсиқларни енгиб ўтиш зарурлигини бехато тасаввур айларди. Мумтоз шоир ё ёзувчилар тўғрисида гапирилгани ҳамон хаёлда анъанавий шакл, мавзу, образ ва тасвир усуллари жонланади. Анъанавийлик — Шарқ адабиётининг ўзига хос хусусияти ва ҳаракат йўли. Унда умумий ўхшашлик ва такрор ҳам, янгилик ва кашфиёт ҳам бор. Шоирларнинг мақсад ва интилишлари, эришган натижа ва муваффақиятлари гоҳо бир-бирига ғоятда монанд. Айни бир мавзуда қалам юритишдан туғилган якранглик, фикрий, ҳиссий турғунликдан ўқувчи безмаган, зерикмаган, деб айтолмайсиз. Бундан ташқари, пул, бойлик, мансаб, мартаба илинжида шеър тўқиш, подшоҳ ва нуфузли амалдорларга бағишлаб турли-туман шаклларда мадҳиялар тўқиш мусулмон халқлари тарихида ғайритабиий ҳодиса ҳисобланмаган. Қойиллатиб қасида ва мадҳия ёзиш муваффақият, манфаат, обрў-эътибор гарови, деб қаралган. Баъзан қашшоқлик, баъзан шуҳратпарастлик, гоҳо мавқе талашувлари боис, шоирлар шундоқ ишларга қўл уришганки, ҳар қанақасига уринманг, ҳеч ақлга сиғдириб бўлмайди. Ғарблик улкан бир шоир, мана, нима дейди: “Дунё адабиёти намуналарини мен иккига ажратаман: рухсат ила ва рухсатсиз ёзилган асарлар… Аввалдан ҳеч тақиқланмаган мавзуларда ёзадиганларнинг мен юзига тупуриб, бошига таёқ билан ургим келади…”.
Анъанавий қолипда иш юритган шарқлик қофиябоз ва шеър ўғриларига қарата бундан ҳам кескин гаплар айтилган. Масалан, Муҳаммад Ризо Огаҳий:

Сен чун назмингга шеър қўйдинг от,
Сенга йўқтурму шеър элидин уёт? —

деган. Аммо ҳеч қанақа танқид назмбозлик, қуруқ тақлидчилик йўлини тўсолмаган. Бора-бора халқ завқи, манфаати ва ҳақиқат руҳидан йироқ бир адабиёт оқими ҳам пайдо бўлган. Атоқли турк шоири Номиқ Камолга кўра, “Моҳият эътибори ила Ажам муболағаси ва сўз ўйинларидан иборат бўлган классик адабиёт жамиятга фойда нари турсин, зарар етказган”. Чунки унда юракка таъсир ўтказиб, шахс тарбиясига хизмат қиладиган куч-қувват бўлмаган. Огаҳий ана шундай адабиёт намуналарига ич-ичидан қарши турган.
Илм ва маърифат Огаҳийни бешафқат ҳаёт зиддиятлари билан юзлашишга, ҳаёт эса шоир ўлароқ шаклланишда кўпдан-кўп қийинчилик, азоб-уқубат ва кулфатларга чидамли бўлишга даъват этарди. Илм ва маърифат Огаҳийнинг шоир кўнглида бир чўғ пайдо қилган бўлса, ҳақ ва ҳақиқат ишқи уни ёлқинга айлантирган эди. Шунинг учун шоир фақир, фано, тажрид, узлат, ҳақиқат, висол сингари тушунчаларни зўр иштиёқ билан ифодалайди. Бунинг сабабини у бир ўринда бундай шарҳлайди:

Ҳамиша ботинан роғиб ҳақиқат соридур кўнглум,
Нечаким зоҳиран даъби онинг майли мажоз ўлсун.

Огаҳий яшаган замонларда ҳам, ундан олдинги даврларда ҳам тасаввуфга ҳеч майли бўлмаса-да, ижтимоий, маданий ва адабий муҳитнинг умумий талабига биноан, кўп шоирлар асарларига озми-кўпми тасаввуфий ранг беришга интилганлар. Бироқ бундай уриниш кўпинча ўзини оқламаган. Айнан шу масалага махсус тўхталган Ф.Кўпрулизоданинг ёзишича, “Асосан муайян шакллар ва тушунчаларга қаттиқ боғланган адабиёт муайян қолип ичига кириб тотсизланган бир тизимнинг сохта ва умумий истилоҳлари билан қўшилиб-қоришгач, илҳомнинг эркин ва табиий ҳаракат йўллари ҳам тўсилган эди. Ҳар бир шоир ўзидан аввал юзлаб маротаба такрорланган муайян шакллар, тушунча ва истилоҳлар, маълум мажоз, хуллас, тароватсиз ҳис ва фикрларни яна бир бор чайнаш — қайта такрорлашга мажбур эди”.
Агар Огаҳийнинг кўнгли ва руҳи илоҳий илҳомдан йироқ бўлганда эди, у ҳам ўзидан олдин неча юзлаб маротаба такрорланган фикр, мажоз, тимсол ва истилоҳларни яна бир бор чайнашдан нарига ўтолмасди. Ваҳоланки, у мутасаввиф қиёфасида кўриниш ёки шеърнинг “харидоргирлиги”ни оширишни кўзлаб тасаввуфга ўзини урмаган — қалбида олий моҳият юз очиб, бош кўтаргани боис, тариқат ва тасаввуфий шеърият имтиёзларидан фойдаланган. Маълумки, тасаввуфий ҳаётдаги бош масала — нафс ва руҳ муносабати, яъни нафсни ҳар турли чиркинлик, иллат ва ёмонликлардан тозалаб, руҳга таслим этмоқдир. Огаҳийни ҳам, энг аввало, ана шу муаммо, ана шу машаққатли малака қизиқтирган.

Бегона қил гар одам эсанг ўзни нафсдин,
Ихлос ила мудом ўлубон ошнойи руҳ.

Хўш, бунга қандай қилиб эришилади? Баъзи тасаввуфшуносларнинг кўрсатмалари бўйича, бунда нафс тарбиясини эмас, балки руҳни таниш, руҳга ғамхўрликни биринчи ўринга қўйиш керак. Шу жойда таъкидлайликки, бугунги айрим “нафсшунос”ларга эргашиб, нафсдан бутунлай кечиш, нафсни ўлдириш тўғрисида ҳеч қачон сўзламаслик лозим. Нафс ўлдими — одам ўлади. Бу эса, худкушликнинг бир тури эрур. Нафсни қанча қийнаб, қанча азобга гирифтор этманг, тиниб-тинчиш ҳолида ҳам у барибир ўзининг сифатларидан кечмайди. Имом Раббонийнинг эътирофи бўйича, шу саркашликда кўп манфаат, сонсиз фойда бордир: “Агар нафс, сифатларининг зуҳуридан тамоман маҳрум этилса эди, тараққий йўли бекиларди. Руҳда эса, малаклик сифати ғолиб, келиб зиндонга қамаларди. Шунинг учун Руҳнинг тараққийси фақат нафсга мухолифот орқали воқе бўлур”. Нафсга ботинан мухолиф бўлмоқ осонми? Тилда жуда осон. Амалда эса ундан оғир, ундан азиятли юмуш йўқ, деса муболаға бўлмас. Риё ва мунофиқлик ҳолини ниҳоятда чуқур тадқиқ этган Ҳорис ал-Мусоҳибийнинг таъкидлашича, ташқи томондан ҳатто яхшилик ҳам нафснинг ҳаммолидир, чунки яхшилик зоҳиран итоаткор эрур. Инсон, шу сабабдан, қилган ишини, алоқаси бўлсин ё бўлмасин, Оллоҳ учун деб ҳисоблайверади. Ҳолбуки, яширин тарзда нафс уни тузоғига туширган бўлади. “Нафс қулни асир этаркан, — дейди Мусоҳибий, — буни зоҳирий истак билан амалга оширмайди. Ейиш, ичиш, кийиш каби майллардан ҳам фойдаланиб иш юритмайди. Аксинча, кўринишда яхши, аммо ичдан эҳтирос тўла бир тавр ила мақсадга эришади… Нафс яхшилик билан ич-ичдан бирлашиб кетгандирки, кўринишда уни яхши ва яхшиликдан ажратиш ғоятда қийиндир”. Мана шунинг учун қуруқ гап билан нафсни жиловлаб бўлмаганидек, нафси ҳавони ёмонлаганлар ҳам ёмонлик, разолат тегирмонига кўпинча бемалол сув қуяверишади. Бироқ руҳ, зоҳир ҳисдан ботинга, яъни ташқи идрокдан ички идрокка йўналгач, нафснинг ҳоллари заифлашиб, руҳнинг қуввати ортади. Ва секин-аста у тўла ҳукмронликка етишади. Сўнг унинг аҳволи янгиланади. Тўхтовсиз тарзда илгарилаган, афзаллик ва гўзалликларини намоён қилган руҳ шуҳуд ҳолига кўтарилади. Шундан кейин эса руҳ, ладуний илм ва илоҳий фатҳлардан хабар етказа бошлайди. Бундан огоҳ кишилар эса бошқалар томонидан идрок қилинмаган ҳақиқат ва маърифат сирларини мушоҳада этишга мушарраф бўладилар. Мана шундай орифлардан бири Огаҳийдир. Бу буюк шоир шеъриятининг ирфоний “қатлами” ҳали чуқур тадқиқ қилинмаган. Зеро, бу иш наинки шеършунос, балки тасаввуфшунос сифатида ҳам махсус тайёргарликни талаб этади. Янгилик сифатида тақдим қилинган ишлар эса хато ва чалкашликларга лиқ тўла.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 50-сонидан олинди.