Устоз Саид Аҳмадни эслаб…
Устоз, кейинги йилларда уйда муқим эдингиз. Сизни осонгина топардик. Бирдан йўқотиб қўйдик…
Бир даврада Сиз ҳақингизда гап қўзғалди-ю, Эркин Воҳидов: “Қаранглар-а, ҳатто Саид Аҳмад аканинг йўқлигигаям кўникса бўларкан”, дея ҳар қачонгидек тагли сўз қотди. Ҳамма тезда тушунди — аслида бу кўникиш мумкин эмасдек бир ҳол.
Барибир тирикдайсиз. Мана, суратингиз билан отамлашиб ўтирибман. Биламан, барини эшитиб турибсиз, шунчаки эшитмаганга оляпсиз, холос. Чекишни кейинги ўн беш йилда иккинчи марта ташлаганингиздан сўнг (биринчисида ортган сигареталарингизни менга илингандингиз), устидаги қозиқчаси босилса, сигарет қолдиғини ўз тубига ютиб юборадиган мис кулдонингизни ўзлаштиргани борганимда ҳам худди шунақа манзарани кузатгандим. Яъни сўзимни эшитмаганга олиб: “Эсингдами, ҳў кўчатни сен эккан эдинг. Тагига яшик-яшиклаб минерал сув қуйиб юриб, зўрға катта қиволдим”, дея айвондаги очиқ деразадан боғ томонга бармоқ бигизлагандингиз. “Ўзимга ўхшатиб, кўчатимниям астойдил парваришлашингизни билардим. Шунақалигингизни билмасам, ортиқча эркаланиб, сиздан кулдон сўраб келармидим”, деб далаҳовлингизга не илинжда бош суққанимни қайта шаъмаладим.
— Қўрқма, кулдонни еб қўйганим йўқ, — дедингиз.
Ўтириш яна измига тушди. Янги ёзаётган ҳикоянгизни қисқача баёнлаб ўтиб: “Бошимда гап қайнайди-ю, ёзишга куч қани. Ё менга бирорта секретарка керакмикин?”, дея маънодор қияладингиз. Кейин бир жойлари қирқиб-ямалган, бир жойлари хира сиёҳда таҳрир қилинган икки-учта эски ҳикояларингизни узатиб, умумий мазмунга путур етган-етмаганига бир қараб қўйишимни буюрдингиз. Биттасини ўқиб чиқиб:
— Ҳаммаси жойида, — дедим. — Қолганларини кўришдан илгари битта чекволсам майлими, домла? Айтгандай, кулдон қани?
Иякни юқорилатган кўйи хомуза тортиб: “Деразанинг ёнида чекиб тур, мен кулдонни ахтариб кўраман”, дея каттакон шиппагингизни чанғидек “шув-шув”латиб, ичкари хонага йўл олдингиз. Сал ўтгач, ичида шишалар жиринглаётган халтани кўтариб чиқиб: “Манави винолар бўтта ачиб кетмасин, зоти мундайроқларга ичкизворарсан”, деб олдимга қўйдингиз. Биласиз, ичмайман. Шу боис юзимда ўзгариш сезилмаган бўлса керак, кўнглимни кўтариш учун халтада “молдавский” коняк билан “наманганский” арақ ҳам борлигини илова қилдингиз.
Шунда ҳам муросага боргим келмай: “Кулдон-чи?”, деб сўрадим. Яна хомуза тортдингиз. Чекмай қўйганингиздан куюниб юрган неварангиз Саидшароф кулдонни омборчага қулфлаб ташлаган бўлиши мумкинлигини айтиб, гапни тезда бошқа ёққа бурдингиз:
— Шу Саидшарофга қараб туриб, Худонинг қудратига тан бераман. Туси Маҳмуджон куёвимга ўхшасаям, феъл-атвори қуйиб қўйган ўзимники. Ё тавба!
Қолган ҳикояларни ўқишга тушдим. Охирги ҳикоянинг уч-тўрт ерига ширингина жумлалар қўшган экансиз, “қариган сайин очиляпсиз-да, домла”, деб хушомад қилдим.
— Ўша-ўша қишлоқисан-да, — дедингиз. — “Қари”ни ўрнига “ёш ўтган сайин” десанг, Полосонинг кетадими? Эндигина саксондан ошяпман.
Суҳбатимизга мослашолмай, боғда айланиб юрган Ботир ўғлимга овоз қилиб, соат неча бўлганини сўрасам, “Қаёққа шошасан, ўтирибсан-да”, деб мезбонжеркиш қилдингиз. Соатни бошқа мақсадда, кулдон қаердалигини биладиган Саидшарофнинг қайтишига қанча вақт қолганини чамалаш учун суриштирганимни айтдим. Бу гал хомуза тортмай, кўзимга синовчан тикилдингиз. Андак ўйланиб тургач: “Ошхонадаги жавонниям бир ағдар-тўнтар қиларканман-да”, дея тағин ичкарига “чанғи сурдингиз”. Зарурат туғилса, кўмак бервориш ниятида ортингиздан юрдим. Хайрият, тахмин қилганингиздек, мис кулдон идиш-товоқлар жавонининг бир четида ётган экан.
Шу кунлар, шу қисқа дийдорлашувлар ҳам ғанимат эканини ўшанда қаёқдан билибман дейсиз…
Яқинда уйингизда бўлдим, домла. Кириб бориб, пойабзалимни хонангизнинг тўғрисига ечаётсам, уйингиздагилар: “Буёққа жой қилган эдик”, деб меҳмонхонани кўрсатишди. Сиз билан йигирма саккиз йил бирга яшаб, ўғлингизга айланиб қолган куёвингиз Маҳмуджон асаб-руҳ бўйича мутахассис врач бўлгани боисми, ҳолатимни дарҳол сезиб: “Ҳали-ҳали бизгаям адамиз хоналарида ўтиргандек туюлади. Ишга кетаётиб ҳам, ишдан қайтиб ҳам, ўзим билмаган тарзда эшикларини очаман”, дея маъюсланди. Қизингиз Нодирахон эса: “Гоҳ хоналаридаги стул ғижирлагандек бўлади, гоҳ ўриндиқларидаги чойшаб ғижимланиб қолгандек кўринади”, деб кўзини намлади.
Меҳмонхона сари юряпман-у, деразадан киприк қоқмай термулаётгандексиз. Юрагим гупиллаб, қадам босишимни бошқаролмай қолдим.
Маҳмуджон ўзини қаерга қўйишни билмасди. Дам чой узатади, дам ноз-неъматли товоқчаларни олдимга суриб, “олинг-олинг” қилади. Орада Нодирахон кириб келиб, “Шарбатдан ичмабсизлар-ку”, деб идишнинг бурама қопқоғини ўзи оча бошлайди. Ниҳоят палов ҳам тортилгач, тамаддиланаётиб, қизингиз ҳақида айтган бир гапингиз хаёлимда садоланди:
— Нодира мактабда ўрисча дарс берсаям, пиширган оши ғирт ўзбекча. Бунақа мўъжиза кам бўлади!
Бу сўзни тўрт йиллар бурун худди шу хонада овқатланиб ўтирганимизда айтган эдингиз. Овқатланаяпсиз-у, тўрроққа териб қўйилган, юбилейларингизда совға қилинган турли вазаларга, катта-кичик портретларингизга зимдан қараб қўясиз. Уларнинг ичида Саида опа билан тушган суратингиз ҳам бор эди.
Ўша сурат ҳозир ҳам турибди. Унга боқиб, бирдан неварангиз кичкина Саида эсимга тушади. Уни бошқача яхши кўрардингиз. Одатингизга кўра, гапни ҳазилга қориштириб: “Бу қизни “чимчим” тайёрлайдиган курсга қатнаяпти деб юрсам, корейс тилини ўрганаётган экан”, дердингиз. Вақтнинг ўтишини қаранг, кичкина Саида энди инглиз, рус, араб, немис тилларини ҳам ўрганиб, ҳозир “Ўзбекистон ҳаво йўллари” тизимида ишлаётган акасидек иқтисодчи бўлиш мақсадида Германия иқтисодиёт университетида ўқиётган экан. Кенжатой Камола эса, Шарқ тиллари лицейида ҳалиям хитойчани ўрганяпти. У лицейга янги кирганида: “Бу қақажоним қизалоқлигидаёқ хитой файласуфи Конфуцийнинг китобларини гиламда судраб ўйнарди”, деб шунгаям гап топган эдингиз. Наздимда, айнан шу неварангизда Саида опанинг қони кўпроқдек.
Саида опа ҳақида кўп ёзгансиз, лекин кам гапирардингиз. Гапириш оғир кечарди, чамаси.
Бир воқеа ёдимда. Телевидениедагилар ҳаётингиз ва ижодингиз тўғрисида “Умр дафтари” туркумида беш қисмли кўрсатув тайёрлайдиган бўлишди. Сизни гапга солиб беришни мендан илтимос қилишди. Уч кун суратга олдик. Охирги куни “Чиғатой”га борганимизда, Саида опанинг қабри устида узо-о-оқ сукут сақлаб қолдингиз. Сизни бу туришда гапга солишга ботинмадим. Охири ўзингиз гапирдингиз. Айтган сўзларингиз шу бўлди:
— Шўрлик… роса-а кутди-да…
Аввалига, сургунда юрган чоғларингиздаги айрилиқни эсладингиз, деб ўйладим. Зум ўтмай, бошимда бошқа бир ўй чақнади. Бу дунёдагиси етмагандек, Саида опани у дунёда ҳам узоқ куттириб қўйганингиздан изтироб чекаётгандек кўриниб кетдингиз.
…Хонадонингизда анча ўтирдим. Сизни кўп эслашдик. Шунча гаплашиб юриб, Маҳмуджон шоир Элбекнинг уруғидан эканлигини энди билдим. Адабиётга, адибларга эҳтироми юксаклиги қонида зиёси борлигидан экан. Нодирахонни биринчи бўлиб топган акаси, бу ишга қувониб бош қўшган ота-онаси, ўртада туриб гапни пишитиб берган шоир Шуҳрат оға ҳақида тўлқинланиб-тўлқинланиб сўзлади. Сиздек зотга куёвлигидан беҳад фахрланиши шундоқ кўриниб турарди.
Куёвингизнинг бир гапи менга ўзгача таъсир қилди. Бир куни у харажат кўтариб далаҳовлига борса, қотган нон қаламчаларини совуқ чойга ботириб еган асно, соқолингиз ўсган, рангингиз оқарган тарзда машинкангизни “чиқира-чиқ”латиб ўтирганмишсиз. Унинг раҳми қўзиб: “Ада, ора-сира ювиниб-тараниб олсангиз бўлмайдими”, деса, Сиз: “Ҳозир қамоқдаги даврим тўғрисида ёзяпман. Лагерда юрган одам ювиниб-таранишни ўйлайдими”, деб жавоб қилибсиз.
Шунақа адиб эдингиз. Ёзаётган асарларингизнинг ичида яшардингиз.
Сизни жуда-жуда қўмсаётганини Нодирахоннинг сўзларидан ҳам, кўзларидан ҳам англаб олиш унча мушкул эмасди.
— Илгарилари “ҳувиллаган уй” деганда, кўз олдимда эгалари ташлаб кетган бўм-бўш ҳовли пайдо бўларди, — дейди у маҳзунланиб. — Энди билсам, уйнинг ҳувиллаши учун оиланинг улуғидан ажраб қолишнинг ўзи кифоя экан.
Ҳа, домла, ўрнингизни ҳеч ерда ҳеч ким босолмайди. Юпанчлиси шуки, хонадонда йўқлигингизни билдирмасликка уринувчилар ортингизда қолишди.
Сиз билан сўзлашяпман-у, жиддий бўлишга қанчалик уринмай, қувноқ давралардаги мутойибаларингиз, доимо мийиғингизда турадиган табассумингиз хаёлимда жонланиб, улар мени нуқул хушчақчақ суҳбатга тортқилайди. Аммо кўнглимда аллақандай мунг тинимсиз гиз-гизлаб юрибди.
Раҳматли устозимиз Неъмат Аминов мени Сиз билан илк бор таништиришга чоғланаётиб: “Олдиндан огоҳлантириб қўяй, бу кишига бир яқинлашдингизми, кейин кўнгил узиб кетиш қийин бўлади”, деганида ҳақ экан. Энди орамизда йўқсиз-у, кўнглимиз ҳануз Сизни қидиради…
Хона тутунга тўлиб, кўзимни ачиштиряпти, домла. Охирги сигаретани кулдонга эзиб, рухсатингиз билан, ташқарида бир ҳаво янгилаб келсам.
Бу мис кулдон ҳали Сизни кў-ў-ўп эслатади менга…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 18-сонидан олинди.