Сирожиддин Саййид. “…Бир мутаржим хокисор” (2007)

Низом Комиловни илк кўрган киши: “Шоир бўлса керак”, деб ўйлайди. Иккинчи бора кўрганда: “Мумтоз адабиёт бўйича олиму фозил одам”, деган хулосага келади. Яна бир маротаба суҳбатлашса: “Замонавий шеъриятнинг катта билимдони, бекин, беғараз, софдил ва меҳрпарвар бир мунаққид билан танишиб қолдимми?”, деган хаёлга боради.
Йигирма-ўттиз йиллар аввал у кишини билмаган, танимаган талаба-шоирлар, бошқа ижодкорлар — ҳаммамиз шундай ҳолатларга тушганмиз. Йигирма-ўттиз йиллар аввал гуриллаган адабий давраларда шеър айтиб ҳаммамизни ҳайратлантирган, хайрихоҳлиги ҳам ноёб талантдай барчамизга таъсир этган, адабиётга ишончимизни мустаҳкамлашга ёрдам берган. Бировларнинг шеърини меҳр билан, сидқидилдан хурсанд бўлиб айтиб юришни шу акамизда кўрганмиз.
Бу гапларнинг ҳаммасига устоз Абдулла Ориповнинг эътирофини зарчопон қилиб кийдириш мумкин: “Низом Комилов — шеъриятни руҳан, қалбан ҳис этадиган, тушунадиган камдан-кам инсонлардан бири”.
Ғафур Ғулом номидаги нашриётнинг йўлакларию деворларига тил битса агар, Низом аканинг овози билан қанчадан-қанча ғазаллару мухаммасларни айтган бўларди. Ишхонага эрталаб шеър билан кириб келиб, оқшом шеър айтиб чиқиб кетадиган штатсиз шоир ҳам Низом ака бўлган. Йўлакдан шеърнинг қироати эшитилса агар, нашриётнинг назмий маликаси Назмихон опа: “Ана, Низом ака келяптилар”, дея дарҳол насрий таҳликага тушган.
Навоий кўчаси, Ғафур Ғулом нашриёти. Қанча улуғ зотларнинг излари қолган, не-не устозларнинг товушлари янграган азиз маъво. Беихтиёр Абдулла аканинг бир даврада айтиб берганлари, ҳали битказилмаган “Навоий кўчаси” номли достони ёдга келади. Риндона қиёфали бир мутаржим киши ҳам шу оралиқда сўз излаб юргандай туюлади.
Ҳар хил зотларнинг турли қиёфалари, феълу атворию турфа хатти-ҳаракатларидан Низом акага уйқашлик излайман. Муҳаммад Юсуф у кишини яхши кўрарди, Низом ака ҳам Муҳаммад Юсуфни яхши кўради. Тасаввур қилиш мумкин: раҳматли шоиримизга умр вафо қилиб, етмишга кирганида, худди ҳозирги Низом аканинг ўзгинаси бўлиб қоларди. Чапанифеъллиги, шеърпарастлиги учун Расул Ҳамзат бобо ҳам яхши улфат сифатида ўз даврасига қабул қилиб, ўнг ёнбошидан жой бериши мумкин эди. Ва албатта, Гуржистоннинг улуғ адиби Нодар Думбадзе бу киши билан ака-ука тутиниб, қўлларига шароб тўла шоҳқадаҳни тутқизганча, бошларига қофқозча чўгирмак, елкаларига кенг қанотли узун гуржи чакмонини кийдирган бўларди. Низом ака, батоно Низом Комил!
Таржимонлик, адабий мутаржимлик, касб ё ҳунар эмас, бу санъат, меҳр ва маҳорат, муҳаббат, изтиробдир. Низом акамиз мисолида биз қисматга айланган мутаржимликни ҳам кўриб турибмиз. Рус шоираси Белла Ахмадуллинанинг: “Мутаржимлик — бир инсоннинг иккинчи инсонга муҳаббатидир”, деган таърифи бор. Бунга адабиётга муҳаббат ҳам қўшилса, таржима қилинган китоб ҳақиқий маънода санъат асарига айланади.
“Тафаккур” журналининг шу йилги 2-сонида Нодар Думбадзенинг Низом Комилов таржимасида “Кўрнамак” номли ҳикояси чоп этилди. Таржимон оғамизнинг ҳикоя олди берилган изоҳ сўзига эътибор қилинг: “Адабиёт қизиқ нарса-да! Яхши ёзувчи ёки яхши бир асар, орадан қанча йил ўтмасин, оҳанрабодек ўзига чорлаб тураверади. Мен учун ана шундай адиблардан бири — Нодар Думбадзе. Эҳтимол, унинг бир неча асарини (“Абадият қонуни”, “Оқ байроқлар”, “Кукарача”, “Ҳелладос”) ўзбек тилига ўгирганим туфайли бу ёзувчига асир бўлиб қолгандирман. Думбадзе дунёдан ўтганига чорак аср бўляпти, лекин у менга ҳамон ғойибона ҳамроҳ, суҳбатдош. 1995 йили адибнинг “Ҳелладос” ҳикоясини таржима қилганимдан сўнг “Бўлди энди, Думбадзени тинч қўяман, ортиқ безовта қилмайман”, деб ўзимга сўз берган эдим. Бўлмади. Орадан ўн икки йил ўтиб, яна унинг “эшиги”га бош уриб бордим…”.
Инсоннинг инсонга, адабиётга муҳаббати шунақа бўлади.
Бировларнинг кўнглида бошқаларга нисбатан нафрат қўзғотиш, ёмон таассурот қолдириш жуда осон, бироқ бошқалар, ҳатто бутун бошли миллат ҳақида эзгу туйғулар, инсоний меҳр-муҳаббат уйғота билиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бу олижаноб ишни амалга оширишда адабиётнинг роли ва аҳамияти нақадар беқиёс эканлигига жаҳон маданиятида мисоллар талайгина. Нодар Думбадзенинг юқорида таржимон ўзи айтиб ўтган асарларининг ўзбек тилига қойилмақом таржима этилиши — шак-шубҳасиз катта воқеа бўлди. Бу асарларнинг кенг китобхонлар оммаси томонидан чанқоқлик билан кутиб олиниши, авваламбор, адабиётсевар элимизнинг нозик дидини намоён этса, иккинчидан, мутаржимнинг юксак маҳоратидан далолатдир.
Ёзувчи акамиз Эркин Аъзамнинг “Тафаккур” журнали жамоаси номидан Низом Комиловнинг етмиш ёшга тўлиши муносабати билан билдирган қутловида шундай сўзларни ўқиймиз: “Ўн тўрт йиллик тарихи мобайнида журналимизда эълон қилинган ўнлаб энг сара наср жавоҳирларининг моҳир таржимони Низом Комилов бўлади. У киши ўзбек тилида жаранглатган асарларни ўқиб, “Ана энди буни қайта аслиятга ўгирмоқ керак!” дея тан бермасдан иложингиз йўқ”.
Шу туфайли Нодар Думбадзе бизга ўз оғамиздай азиз ва қадрли бўлиб қолди, унинг қаҳрамонлари Бачана, Мария, Кукарача, Жамол ва Янгулиларни ўз ака-ука, опа-сингилларимиздек яхши кўриб қолдик. “Абадият қонуни” романи асосида суратга олинган кўп қисмли видеофилм Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш этилган кунларда одамлар кейинги оқшомни интиқлик билан кутганлари, таниқли санъаткоримиз Эркин Комилов бир неча муддат халқ орасида “батоно Бачана” номи билан машҳур бўлиб юрганлари ҳали ёдимизда.
“Hellados” — Нодар Думбадзенинг энг гўзал, дардли ҳикояларидан бири. Уни мухтасар қилиб ор-номус, ғурур, Ватан ҳақида жозиб ва мунгли қўшиқ, дейиш мумкин. Бу сўз — “Эллада” — грузин тупроғида униб-ўсган грек фарзанди Янгулининг кўкрагида нақш этилган.
“— Аъзойи баданим жимирлашиб кетди. Бунақа сўзларни умримда биринчи марта эшитаётган эдим.
— Бу нима бўлмаса? — Мен Янгулининг кўкрагини очиб, баланд овозда ўқидим: — Hellados.
— Бу — нақш, Жамол. Ватан — ичкарироқда, нақд юракнинг ўзида! — Янгули қўлини кўксига қўйди”.
Низом акамизнинг сўзга, бадиий асарга ишқи, муҳаббати ҳам шундай — ичкарироқда, нақд юракнинг ўзида.
Юқорида оғамизнинг шоирлигига, шоирона рафторларига андак ишора қилиб ўтган эдик. Дарҳақиқат, у кишининг газал ўқишлари, шеъру шеъриятни севишлари, гоҳи-гоҳи жунунваш назмий ҳолатлари унча-мунча одамни шеърпараст қилиб қўяди. Бир куни қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрашиб бўлганимдан сўнг, “Нима қилиб юрибсиз ўзи, мана бу ғазални эшитсангиз-чи?!”, дебон ҳазрат Навоийдан икки байтни ўқиб берди:

— Жунун водийсиға мойил кўрармен
жони зоримни,
Тилармен бир йўла бузмоқ
бузулған рўзгоримни.
Фалак бедодидин гарчи мени
хокий ғубор ўлдум,
Тилармен топмағайлар
тўтиёлиғқа ғуборимни.

Кўрдингизми ғазални! Ғазал мана шунақа бўлади. Сиздан илтимосим шунга бир мухаммас боғласангиз…
Ичимда: “Ҳазрат бобога мухаммас боғлаш осон экан-да…”, деб турган бўлсам-да, таклифни қабул қилганимни, уриниб кўришимни айтдим. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас беҳаловат акамиз яна сим қоқди:
— Қанақа одамсиз ўзи? Қағларда юрибсиз? Мухаммас битдими? Шундай шеърни эшитиб олиб, жимгина юрганингизга ҳайронман, — дея ўша ғазалнинг икки байти билан яна менинг ичимга чўғ ташлаб қўйди:

Деманг қай сори азм эткунг,
манга йўқ ихтиёр, охир
Қазо илгига бермишмен инони ихтиёримни.
Туганди ашки гулгун,
эмди қолмиш заъфароний юз,
Фалак зулми бадал қилди
хазон бирла баҳоримни…

Мен ваъда берганим мухаммасим ҳали Ҳирот — Термиз — Шошни йўлида, баҳорми, куздами — қачон ёзилади билмадим, бироқ ҳавода шеърий кайфият уфуриб турган соғинчли кунларнинг бирида биз бошқа бир мухаммасни ўқимоққа муяссар бўлдик. Бу Низом Комилнинг Муқимий бобонинг машҳур ғазалига боғлаган мухаммаси эди. Кўнгил бир ёришди-ей!

Соқиё, тўлдир қадаҳ, бир ўлтириб айлай дуо,
Шоҳ бўлармиш ичса ҳар ким ҳам қашшоқ, гадо,
Кулма асло кўҳна дардим бедаводин бедаво,
Навбати жомим тўла қуйғил карамдин, соқиё,
Ҳар қадамда то қилай юз лағзишу мастонаман.

Майли, сўй, ўлдир мени,
кам бўлса шунча оҳу зор,
Дорга осгил, ўтга ташла,
кўзга дунё тангу тор,
Мен на шоир, на жаҳонгир,
бир мутаржим хокисор,
Мулки Ҳинду Марвдин
келсам топардим эътибор.
Шул эрур айбим Муқимий
мардуми Фарғонаман.

Изоҳга ўрин бўлмаса керак. Заҳматкаш акамизнинг уйғоқ кўнглини шарҳ этмоққа эҳтиёж йўқ: олим десангиз — олимона, шоир десангиз — шоирона, ҳар бир сўз дил торидан чертиб-чертиб олинган — ҳам шарқона, ҳам мутаржимона. Мавлоно Жалолиддин Румий бобомиз ҳам хўб айтган эканлар: “Оқилу орифлар ичра бирма-бир, Айланаркан дил мисоли таржимон”.
Элнинг оқилу орифлари аро Низом аканинг ўз номи, обрў-эътибори бор. Муҳташам қасрларимиз, осмонўпар айвонларимиз қаторида мутаржим акамизнинг йигит умрини сарфлаб, ҳаётнинг роҳат-фароғатидан кечиб, қалб қони, кўз нури, чексиз-чексиз заҳматлар, орзу ва изтироблардан тиклаган ўз иморати бор: таржима дейишга тил бормайди — гўзал-гўзал асарларию меҳру муҳаббатга тўла етмиш йиллик сермазмун, нурли, шукуҳли умри. Бу томони ҳам бардамлик била бардавом бўлсин, деймиз.
Раҳматли Муҳаммад Юсуфдан Низом акага бағишланган бир шеър эсдалик қолган: “Биз тилмочсиз бир-биримиз тушунгаймиз, шароб ичмай ака-ука тутингаймиз”. “Абадият қонуни” романининг хотимасида эса шундай бир парча бор: “Бачана суратни столга ташлади… Бирдан дунё кўзига қоронғу кўриниб кетди… Юраги бўм-бўш бўлиб қолган Бачана ўртоқларидан биронтасига қўнғироқ қилиб, дардлашиш ниятида телефон трубкасига қўлини узатди. Аммо биронта ҳам рақамни эслай олмади, ҳатто бирорта дўсти бор-йўқлигига ҳам ақли етмай қолди…”.
Низом аканинг яна бир давлати шундаки, у кишининг дўсту ёри, биродар қадрдонлари, азизларию яқинлари беҳад бисёр, яна шунча чиройли асарларга ҳаммамизни дўст қилиб қўйганлари таҳсин-тасанноларга лойиқ. Мухаммасга қарзлигимизни ёдда тутган ҳолда, ҳозирча жайдари бармоқ вазни билан хокисор акамизни муборакбод этамиз:

Ҳижрон бўлди менинг ошу ғизом, ака,
Қалб биландир доим баҳсу низом, ака,
Мен қалб десам —
қирқ чайқалиб, қирқ қалқдингиз,
Ўз қалбидан ризою норизом, ака.
Ою йиллар доим шундоқ айқаш-уйқаш,
Бу дунёда ўзи йўқ интизом, ака.
Не бўлса ҳам юз ёшгача соғ бўлгайсиз,
Кўнгилларнинг таржимони Низом ака.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 49-сонидан олинди.