XX аср бошларида адабиёт ва санъатни, маданиятни ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Бухоро, Хива ва Қўқонда адабий муҳитлар шаклланди. Қўқондаги адабий ҳаракатга Амир Умархон раҳнамолик қилди. У атроф вилоятлардаги истеъдодли ижодкорларни Қўқонга тўплайди. Олиму фозил, шоиру санъаткорлар билан суҳбатлар уюштиради, мушоаралар ўтказади. Бу ҳақда “…гоҳи уламо суҳбатларинда ўлтурдим. Оёт ва аҳодис гавҳарлари бирла қулоқ садафин тўлдурдим. Ва гоҳи фазлу камол аҳли бирла мажоласат қилдим. Илму дониш нуридин баҳра олдим. Фунуни маоний жавоҳирларин кўнгул хазинасиға солдим”, деб ёзади Амирий ўз “Девон”и дебочасида.
Умархоннинг илмпарварлиги, раҳнамолиги натижасида шу даврда Қўқонда кучли адабий жараён вужудга келди. Гулханий, Фазлий, Адо, Махмур, Ҳозиқ каби шоирлар, Увайсий, Нодира, Маҳзуна, Дилшод-Барно каби шоиралар етишди. Бирор адабий муҳитда Умархон давридагичалик аёлларга ўз иқтидорини намоён этиш учун имконият берилмаган. Умархоннинг ўзи ҳам Амирий тахаллуси билан шеърлар ёзиб, адабий муҳитда устод мақомида турган.
“Бу даврда Фарғона сарой адабиётларининг халқ адабиётига айрича диққат қилғанлари ҳам кўриладир”(Фитрат). Хон ташаббуси ва ҳомийлиги туфайли Гулханийнинг “Зарбулмасал”дек ноёб асари майдонга келган; адабий жараён ҳақида муҳим далилларни ўзида жамлаган Фазлийнинг “Мажмуаи шоирон” тазкираси яратилган. Бу типдаги тазкиралар кейинчалик Хива адабий муҳитида ҳам таълиф этилган. Амирий улкан сиёсий фаолият билан банд бўлишига қарамай, маънавий камолотга, адабиёт ва шеъриятга катта эътибор берган. Назмни теран англаган. Уни тушуниш, ҳис қилишни ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган ноёб фазилат, дея қадрлаган.
Гавҳари назм баҳосиздур, Амир,
Анга ҳар сифла харидор ўлмас.
Англашиладики, Умархоннинг Ўрта Осиё ижтимоий тараққиётида, маданий равнақида жуда катта ўрни бор. Яратган шеърий мероси эса маъно, моҳият, бадиий тасвир усуллари жиҳатидан юксак мақомга эга.
Амирий ўзбек ва форс тилларида лирик шеърлар яратган. Девон тартиб берган. Унда ғазал, мухаммас, мусаддас, мусамман, туюқ, рубоий каби жанрлардаги асарлари жамланган. Шоирнинг жами 10000 мисрадан ортиқ шеъри бизгача етиб келган. Девон махсус номланмаган.
Амирий шеърларининг яратилиши тарихи, мавзулар қамрови, маъноси, тимсоллар моҳиятини тўғри англашда “Дебоча”нинг аҳамияти беқиёс. Чунки унда шоирнинг ижтимоий фаолияти, ижодий мақсади борасида шарҳлари, изоҳлари ўз ифодасини топган. Бу маълумотлар бизга кўп масалаларни англаш ва хулоса чиқариш имконини беради.
Девон дебочасига шоирнинг икки рубоийси киритилган. Биринчиси таронайи рубоий бўлиб, мавзу жиҳатидан ҳасби ҳол йўналишида:
Чун маъдалат айвонини бунёд эттим,
Эҳсон ила эл хотирини шод эттим.
Бас, жуду сахоу адл ила дод эттим,
Андоқки, жаҳон мулкини обод эттим.
Ушбу рубоийда Умархон — Амирийнинг хон сифатидаги бошқарув принципи ифода топган. У жаҳонни обод этишнинг сирини адолат ва саховатда кўради. Шоир рубоийда ўзи амалга оширган ишларни сарҳисоб этиш билан чекланмайди. Балки, ўз фаолиятидан келиб чиқиб, инсониятга олам ва одамни мукаммаллаштириш йўл-йўриқларидан сабоқ ҳам беради.
Иккинчи рубоийда шоир шеъриятида асосий мавзу бўлган ишқ талқинининг шарҳи берилган:
Агарчи ҳуш диёрида
ғолиб ўлди кўнгул,
Жунуни ишқу муҳаббатға
роғиб ўлди кўнгул.
Шуҳуд базмида паймонаи
муҳаббат ичиб,
Мудом соғари саҳбоға
толиб ўлди кўнгул.
Рубоийда шоҳ ва шоир Умархон табиатидаги зиддият, шоҳликнинг шоир табиатига, руҳий ҳолатига таъсири ўз аксини топган. Лирик фаолият қаҳрамон фаолиятида шоҳ сифатида ҳушёрлик, ақл билан иш юритиш етакчилик қилса-да, кўнглининг ишқ-муҳаббат бехушлигига, девоналигига рағбати, майли кўпроқ. Мушоҳада мақомида эса, қизил май тўла қадаҳга талабгор. Рубоий мазмунидан кўринадики, у зоҳирий ва ботиний мазмунга эга. Жунун, ишқ, шуҳуд базми, паймонаи муҳаббат, соғари саҳбо каби рамзларни қўллаб, шоир ўз шеъриятидаги ишқ моҳиятини ойдинлаштириб беради. Бу тимсолларнинг барчаси илоҳий муҳаббатни шарҳловчи рамзлардир. Бу ерда тимсоллар марказида турган май илоҳий ишқ моҳияти билан боғлиқ. Шундай экан, Амирий шеърларидаги ишқ талқинини, тимсоллар моҳиятини ҳар доим ҳам мажозий маънода тушуниш тўғри эмас. Унинг замиридаги кўпмаънолилик ва ботиний мазмунни ҳам эътиборга олиш лозим.
Амирий шеърлари асосан ошиқона йўналишда. Тимсоллар марказида турувчи ҳам ошиқ тимсоли. Шоир асарларида ишқ теран моҳиятга эга. У зоҳирий ва ботиний маънони ўзида мужассамлаштиради. Агар биз фақат зоҳирий маънолар ҳақида сўзласак, шоирнинг бадиий мақсадидан узоқлашамиз. Чунки ижодкорнинг асл ниятини ифодалаши учун зоҳирбинлик бир восита, холос. Агар ботиний моҳиятни англамасак, шоир асарлари сийқа ва жўн ижод намуналарига айланиб қолади.
Ишқ асрори пинҳонийдир. Уни ҳаммага ошкор этиш салбий ҳолат, иродасизлик белгиси. Бундай хатога йўл қўйган ошиқни Мансур Ҳаллож қисмати таъқиб этарди:
Васлдин дам урма, эй ошиқ,
агар Мансурсен,
Дединг асрори Аналҳақ,
дордин андиша қил.
Шу сабабли мумтоз адабиётда, жумладан, Амирий ижодида рамзийлик муҳим аҳамиятга эга. Тимсоллар моҳиятидаги кўпмаънолилик ва сирлилик ишқнинг мумтоз талқини билан изоҳланади.
Жалолиддин Румий ишқ моҳияти ҳақида сўзлаб, “Ишқ — устурлоби асрори худо”, яъни ишқ Оллоҳ асрорини ўрганувчи восита, дея баҳолаганди. Амирий лирик қаҳрамони ҳам худди шундай нуқтаи назарда туради. У дунё моҳияти, ҳаётнинг мазмуни ва сир-синоатини ишқ орқали англашга интилади. Натижада ўзи тушунган ҳақиқатлардан сабоқ берувчи донишмандга айланади. Буни шоир “Фалотун ишқ дарсида менга шогирд эрур”, дея эътироф ҳам этади.
Шоир шеъриятидаги ошиқ тимсоли табиатини ёритишда зоҳид тимсолининг ҳам муайян ўрни бор. Ошиқнинг ҳам, зоҳиднинг ҳам асл мақсади битта. Дийдорга восил бўлиш. Аммо унга етишиш йўллари турлича. Ошиқ ишқ орқали, зоҳид эса, тоат-ибодат орқали ниятига етишга интилади. Амирий шеъриятидаги ошиқ худди шу нуқтада зоҳид дунёқараши ва тасаввурлари билан келиша олмайди:
Зоҳидо, дерсенки, ошиқлиғда
мақсудинг надур,
Бўлмағай ишқидин ўзга ҳеч
дилхоҳим менинг.
Демак, ошиқнинг асосий кўнгил мулки, бойлиги, бору йўғи ишқдан иборат. У, пировардида, бирор эгаликка даъво қилмайди. Ҳазрати Румий ҳам ошиқларга баҳо бериб, “Ошиқлар ушбу чеҳрага ўзларини фидо этиб, эвазига ҳеч нарса истамаслар”, деган эди. Зоҳид эса ўз дунёқараши нуқтаи назаридан ушбу ўринда ошиқни сўроққа тутаяпти. Демак, зоҳиднинг ошиқлиги ортида даъвогарлик мавжуд. Тамагирлик мужассам. Шунинг учун ҳам, Амирий шеъриятидаги бош қаҳрамон зоҳид билан чиқишолмайди. Унинг танлаган йўлини инкор қилади. Ўз қарашини эътироф этиш орқали унга енгилгина, кинояли тарзда танбеҳ беради:
Мен киму зуҳди вараъ,
ишқу муҳаббатдур ишим,
Менга қошинг хамию
зоҳида меҳроб керак.
Зоҳид фаолиятида моддиюн бирламчи. У қибла ва меҳробга диққатини қаратади. Ошиқ фаолиятида эса, тахайюлот бирламчи. У қибла ва меҳробни кўрмайди. У бевосита маҳбуба билан мулоқотга киришади. Маҳбубани кўради. Шоир шеъриятида маҳбуба тимсолини, унинг тавсифини изоҳлайди. Моҳиятига ойдинлик киритади. Уни тор англаган зоҳидга унга яқин тушунчалар орқали изоҳлаб беришга уринади. Ҳатто, зоҳид сажда қиладиган меҳробнинг ҳам қиблага орқа ўгириб турганини эслатиб, у танлаган йўл нотўғрилигини таъкидлайди:
Зоҳид ар қошингни инкор айлади,
Юз ўгирди қибладин меҳробдек.
Лирик қаҳрамон табиатида шоҳлик ва шоирликнинг зиддиятли кечинмалари, туйғулари кўзга ташланади. Шоирлик — ошиқлик, ҳақиқий ошиқлик — фақирликдир. Фақирлик — ҳою ҳавасдан ғолиб келишдир. Шунинг учун ҳою ҳавасларга берилиш, тожу тахтга боғланишни шоир фақирликка зид қўяди. Уни қоралайди. Талабгорликдан чекиниш деб баҳолайди.
Амирий шеъриятида мавзу қамрови кенг. Олам ва одам, уларнинг муносабатларига оид масалалар хусусида теран фикр юритилади. Шоир умумбашарий муаммоларни ифодалашда ўзига хос янгича тасвир воситаларидан, бадиий тимсол, ташбеҳу қиёслардан, тарҳи тоза сўзлар қатламидан моҳирона фойдаланган.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 12-сонидан олинди.