Сайди Умиров. Олтин зангламас (2007)

Абдулла Қаҳҳорга меҳр-муҳаббат менда мактабда ўқиб юрган чоғлар пайдо бўлган. Бу муҳаббат кейинчалик, эҳтимол, Асрор бобо самоваридан ўт олиб, кампирлар қоққан симдан ёхуд “Олтин юлдуз” шуъласидан чўғланиб, сўнмас оташ-алангага айлангандир. Ҳарқалай, ёзувчининг жозибадор асарлари ўшанда мурғак қалбларимизни оҳанрабо янглиғ ўзига тортган, бошқа сўз санъаткорлари қатори адабиётга, ижодга иштиёқ уйғотган эди.
Самарқанд давлат университетининг филология факултетида таҳсил олган йилларда Абдулла Қаҳҳор ижоди билан кенгроқ, чуқурроқ танишиш имкони бўлди. Биз адибнинг ҳикоялари, романлари, пиесалари ҳақида қизғин баҳслашар, айниқса, унинг сўзга хасислиги, фикрга сахийлиги, оз сўз билан кўп маъно англата олиш маҳоратига қойил қолар, суҳбат, ҳазил-мутойибаларда адибнинг оригинал образлари, тагдор ибораларини ишлатишни, қаҳҳорона гапиришни хуш кўрардик.
Иван Петрович деган рус тили ўқитувчимиз бўларди. Ўз фанини, талабаларни севадиган, ўзбек тилини бинойидек биладиган бу кекса домламизнинг Абдулла Қаҳҳорга ихлоси баланд эди. Бир куни “Ўжар” ҳикояси асосида тайёрланган телеинсценировкадан олган таассуротини тўлқинланиб ҳикоя қилди. “Аломат ёзувчи, зўр новеллист. Афсуски, рус ўқувчилари ҳали уни яхши билишмайди, таржима қилинганлари ҳам бўш”, деди куюниб. Бундай дил сўзларини эшитиб, нуроний домламизни яна ҳам яхши кўриб кетар, ёзувчига муҳаббатимиз ошгандан ошар эди. Ўқитувчимизннг куюнганича бор эди: 1959 йил Москвада ўтган ўзбек адабиёти ва санъати декадаси олдидан кўп адибларнинг, жумладан, А.Қаҳҳорнинг асарлари ҳам рус тилига таржима қилинганди. “Синчалак”ни машҳур ёзувчи К.Симонов моҳирона ўгирган бўлса, айрим ҳикоялари нўноқ таржимонлар томонидан русчага шоша-пиша, сифатсиз ағдарилганди. Масалан, уч бетга етар етмас, бирор-бир сўзини олиб ҳам, ўзгартириб ҳам бўлмайдиган “Ўғри” ҳикояси қаппайтирилиб, тўрт саҳифагача етказилган. Ҳатто Қобил бобо “старик Кадыр” деб берилгани ҳақида адиб норози бўлиб гапирган эди.
Олтмишинчи йили Тошкентга келиб, “Фан ва турмуш” журналида ишлай бошлагач, ёзувчиларнинг йиғинлари, учрашувларидан қолмасликка ҳаракат қилардим. Бир суратда Ёзувчилар уюшмаси биноси олдида (Ҳ.Сулаймонова кўчаси) Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Уйғунни қуршаб олган ёшлар ичида ўзимни кўриб беҳад севиниб кетдим. Таниш фотографдан илтимос қилиб, суратдан уч-тўрт нусха олиб қўйдим. Бу ноёб эсдалик, ахир.
Абдулла Қаҳҳорнинг асарларини ўқиш қанчалик завқли бўлса, нутқ-суҳбатини эшитиш ҳам шунчалик ҳузурбахш эди. Адиб ҳар бир сўз, иборани чертиб, салмоқлаб, янги кутилмаган ташбеҳлар, образлар топиб гапирар, эшитувчиларни ўзига ром этарди. Бу аудиторияга чуқур ҳурмат, масъулиятни жиддий англаш, кўнгилдаги фикрини узоқ пишитиш, ақл, мантиқ тарозисидан қайта-қайта ўтказиш, етти ўлчаб бир кесиш натижаси эканлиги сезилиб турарди. Абдулла Қаҳҳор бирдан ёзгиси келиб қолиб ёзмаганидек, гапиргиси келиб қолиб гапирмаган, дадил фикри бўлмаса минбарга чиқмас, шунинг учун унинг озу соз нутқлари, мақолалари фавқулодда таъсирли чиқар, тезда овоза бўлиб кетарди.
“Ёшлар билан суҳбат”ни (1965 йил) зал тўла одам, вужудимиз қулоқ бўлиб эшитганмиз. Устознинг эртага буюк адабиёт яратилиши, бу адабиётни ҳозирги ёшлар яратишларига аминлиги ҳақидаги башорати, навқирон ижодкор авлодга хос уч олтин фазилат (дили ҳасад, бахиллик деган қабиҳ туйғудан поклиги; камтарлиги, ҳар бир муваффақиятни бор имкониятнинг “чашна”си деб қараши “той бўла туриб отнинг тепкисини кўтарадиган чайир, чаққон, ҳар қандай катта галадан ҳам улоқни олиб чиқиб, халқнинг совринига сазовор бўладиган чавандоз отлар” бўлиб етишаётгани)ни суюниб қайд этгани; билдирган тилаклари (адабиёт кўнгил иши, илҳом самараси эканлиги, туйғусиз, илҳомсиз ёзилган асар чангланмаган гулга ўхшаши — мева тугмаслиги; илҳомнинг ўзи ҳеч қачон келмаслиги, уни қидириб бориш, топиш, халқнинг қалбига қўл солиш кераклиги; тирикчилик маҳсули бўлиб майдонга келган нарсаларга муроса кўзи билан қарамаслик, дидли, ориятли бўлиш лозимлиги), “эшикни зич ёпиб”, ичкиликдан ҳазар қилиш, бу бало-қазо, талант кушандасидан узоқроқ юриш ҳақидаги огоҳи-насиҳати эшитганлар қулоғи тагида ҳамон жаранглаб турибди. Бу дил сўзлари, доно маслаҳатлар ўша маҳаллар нечоғли муҳим бўлса, бугунги кунда ҳам шунчалик зарур ва долзарбдир.
“Мен адабиёт муҳибиман, шунинг учун адабиётга яшнаб кирган ёшларни кўриб, қувониб кетаман, қувончимни ўша ёшнинг ўзига миннатдорлик изҳор қилиб айтаман. Бу яшнаган чўғни елпиш демакдир”, дерди адиб.
Устоз истеъдодли, серғайрат ёшлар мўйсафид ёзувчиларнинг қадамига қараб имиллаб юрмасликларини таъкидлар, салом бериб, ҳурматини жойига қўйиб ўтиб, Михаил Светлов сўзлари билан айтганда, учқур тулпори қулоғининг тагини қашлаб, ўзиб кетишлари, бақувват, ўткир асарлар яратиб, катта адабиёт миқёсига чиқишларини астойдил хоҳлар эди.
Олтмиш олтинчи йилнинг майида (қайси кунлиги ёдимда йўқ), соат уч-тўртлар чамаси, эски Братск кўчасидан секин пиёда юриб бораётган Абдулла Қаҳҳорни кўриб қолдим. Қандайдир ўйчан ва жиддий. Зилзила такрорланиб турган, табиий офат асоратлари ҳам битмаган кезлар. Ёрилиб кетган бир қаватли уйларга темир тирговичлар тираб қўйилган; яроқсиз иморатларни танклар бузиб ташлаётир. Шовқин-сурон, чанг-тўзон. Адиб ўз хаёллари билан банд бўлиб, бу манзарани анча вақт кузатиб турди. Мен ҳам бир четда бу ноодатий манзарани, ҳам ёзувчини кузатиб турардим.
Орадан кўп ўтмай А.Қаҳҳорнинг “Ҳаётимиз жамоли” мақоласини ўқидик. Унда, жумладан, шундай сатрлар бор эди: “Ёшини яшаб, замонамизга мувофиқ ва муносиб янги қасрларга ўрнини бўшатиб бериш учун зилзилага қараб турган эски бинолар харобасига танклар ҳужум бошлади, бу ёғидан шўнғиб, у ёғидан бошига тошу тупроқ, қамиш, ёғоч илиб чиқмоқда. Бульдозерлар, экскаваторлар янги қурилиш майдонларини тозаламоқда. Пойтахтимиз ҳадемай янги жамолини кўрсатади”.
Ўшанда кўнглимдан кечган фикр, устознинг дилгирлиги боиси тўғри чиқди: замин зарби ёзувчи қалби қаъридан ўтади, из қолдиради.
А.Қаҳҳор ёзувчини “келажакнинг махсус мухбири”, дея жуда чиройли ва ўринли таърифлаган эди. Ярим аср нари-берисида ёзган “Тупроғимиз олтин тупроқ”, “Машина одамнинг дўсти”, “Чилдирмаларимиз садоси гижбанг”, “Пўшт, карвон келаяпти!” каби мақолалари, очеркларини ўқиб, улар нафақат кечаги, балки бугунги кунимиз ҳақида ҳам эканлигига ишонч ҳосил қиламиз.
Олтмиш еттинчи йили “Характер ва шароит тасвирида бадиий деталнинг роли” (А.Қаҳҳор прозаси мисолида) мавзуидаги номзодлик ишим бир нуқтага етди, ҳимояга тавсия этилди, автореферат чиқди. Ёзувчи ҳақида тадқиқот, китоб битилса уни хабардор қилиб қўйиш анъанага айланганди. Шуни ўйлаб, Абдулла Қаҳҳор асарларининг тили мавзусида номзодлик диссертацияси ёқлаган яқин қадрдоним Иристой Қўчқортоевга (жойлари жаннатдан бўлсин) маслаҳат солдим. “Яхши ўйлабсиз, битта автореферат олиб олинг, яқинда адибнинг олтмиш йиллик тўйлари ўтади, совғангиз бўлади”, деди. Дўрмонга жўнадик. Иристой Қўчқортоев адиб билан ҳам, Кибриё опа билан ҳам анча эркин гаплашар экан, мушкулимни осон қилди, гапни ўрнига қўйиб, мени таништира кетди.
Адиб бизни ниҳоятда очиқ, самимий қабул қилган бўлса ҳам, у киши билан илк бор бақамти келиб турганим учун салобати босди шекилли, саволларига “Ҳа”, “Йўқ” дейишдан нарига ўтолмадим. Фақат бир нарса аниқ эсимда: рефератни варақлаб “Ҳимоя қачон?” деб сўрадилар. “Олтинчи сентябрда”, дедик. Вақтларини олмаслик учун, изн сўрадик. Йўл-йўлакай таассуротларимизни ўртоқлашиб кетдик.
Абдулла Қаҳҳор ўзи ҳақида бирор нарса ёзилса, дарҳол хурсанд бўлиб, ийиб, елкага қоқиб, раҳматлар айтадиган ёзувчилар тоифасидан эмаслигини билардик. Ўзига ва бошқаларга ўта талабчан адиб асар маъқул тушмаган бўлса буни рўй-рост айтиб, офарин кутганларни хижолат қилгани ҳақида ҳам эшитган эдик. Чўчиброқ юрдим. Лекин олтинчи сентябр куни, юбилейларидан икки кун олдин, вақт зиқлигига қарамай, Тил ва адабиёт институти илмий кенгашида ҳозир бўлганларида бениҳоя севиндик ва устознинг ёшларга нақадар меҳрибон, эътиборли эканига яна бир бор тасанно айтдик.
Нўноқ ёзувчи бир бетда айтадиган гапни А.Қаҳҳор бир жумла билан ифодалаб қўяқоларди, мазмуни, мағзига кўра адиб ҳикоялари қиссаларга, қиссалари романларга татигулик эди ва бунда бадиий деталнинг хизмати оз эмасди. Асарларида характер яратиш, шароитни кўрсатишда, асосан, деталлардан ғоят ўринли фойдаланарди. Масалан, “Мастон”да портрет, “Даҳшат”да пейзаж, “Нутқ”да нутқ деталлари ҳал қилувчи аҳамият касб этган.
Олмишинчи йили машҳур адиб А.П.Чехов таваллудининг 100 йиллиги собиқ иттифоқ миқёсида кенг нишонланди. Бизда энг катта мақолалар билан Чеховнинг содиқ шогирди, донгдор адиб Абдулла Қаҳҳор чиқса керак, деб ўйлаган эдик. Адиб, чиндан ҳам, икки газетада икки мақола билан чиқди. Бири йигирма йўллик “Устод”, иккинчиси юз йўлга етар-етмас “Муборак кўзойнак” сарлавҳали мақолачалар эди.
Устоз истаган ҳажмда ёзиши мумкин эди, чек-чегара ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди. Лекин меъёрни адибнинг ўзи белгилар, афтидан, у буюк сўз устаси хотираси кўп сўзлиликни ёқтирмайди, деб ҳисобларди. “Муборак кўзойнак”да Чеховнинг китобхонга яхши таниш кўзойнаги А.Қаҳҳорнинг ўткир қалами остида кўп маъно англатувчи бадиий деталга айланган. Чеховнинг 22 жилдли асарлари тўпламини қўлидан қўймай ўқиб чиққандан кейин ўзида юз берган ўзгаришни изоҳлаб адиб шундай ёзади: “Шу билан муҳтарам устоз менга муборак кўзойнакларини бердилару: “Мана буни тақиб ўз халқингнинг ўтимишига назар сол”, дедилар. Устознинг муборак кўзойнакларини тақиб халқимизнинг ўтимишига қарадим. Бир томонда темир йўл гайкаларини бураб олган “ёвуз ниятли киши” — Денис, иккинчи томонда отқоровул юр деса юрган, тур деса турган, устидан ошириб ўқ узганда ҳам киприк қоқмаган “баттол ўғри” — Бабар! Булар замона дарахтида етишган олманинг икки палласи эди…
Мен ҳикоячилик ҳунарининг алифбосини ҳам шу муборак кўзойнак билан ўқиганман”.
Абдулла Қаҳҳор моҳир сўз санъаткори, айни чоғда, тилимизнинг сергак посбони ҳам эди. Адиб тилга эътиборсизликни элга эътиборсизлик деб қарарди. “Санъаткор”, “Адабиёт муаллими” ҳикоялари, “Нутқ”, “Қуюшқон”, “Бизнинг мулоҳазаларимиз” фелетонлари “қаҳрамон”лари тилларидан тутилишади, сўзлари, нутқлари билан ўзларини фош этишади.
Албатта, кулиш осон, кулдириш эса қийин. Абдулла Қаҳҳор кулдира олишдек ноёб, антиқа санъатни тўла эгаллаган сўз заргарларидан эди. Ғазабнок ҳажв, тиғдор кесатиқ, тагдор табассум, хуллас, кулгининг турли хиллари, товланишлари адиб ижодида мужассам. Унинг ҳикоя ва очерклари, фелетон ва мақолалари, повест ва романлари, комедия ва драмалари, хат ва суҳбатлари бунинг ёрқин мисоли.
Кулги манбаи, кони адиб табиати, шахсиятида, албатта. Лекин қизиқ ҳодиса: ҳар қандай даврани яйратиб кулдирадиган Абдулла Қаҳҳорнинг ўзи кам кулар, Аркадий Райкин, Азиз Несин ва бошқа кулги усталари сингари ҳаётда жиддий, ўйчан, вазмин эди. Адибни кулдириш, мийиғига ним табассум югуртириш амримаҳол эди. Устознинг бир марта ёйилиб кулганини кўрганман. Олтмиш еттинчи йил август ойи охирларида Самарқанд давлат университетида адиб билан учрашув бўлди. Домламиз, академик Воҳид Абдуллаев, ҳар сафаргидек, қизиқ тарихларни эслаб, шўх шеърлар ўқиб мажлисга завқ киритди, адиб шаънига кўп илиқ гаплар айтилди. Эркин Воҳидов устозга аталган “Чинор” шеърини ўқиб берди. Таниқли мунаққид Озод Шарафиддинов ўз нутқида, жумладан, шундай деди: “Мана ҳозир Саъдулла Мирзаевнинг докладида айтилдики, 30-йилларда Абдулла Қаҳҳор бир муддат академиянинг Тил ва адабиёт институти аспирантурасида ўқиган экан. Мунаққидлардан аламзада ёзувчилар орасида бир гап юради: танқидчилар, ёзувчилик қўлидан келмаса керакки, осонроқ деб шу соҳага ўзини урган. Бу ерда тескари мисолни кўриб турибмиз. Абдулла ака, танқидчилик қўлингиздан келмаган бўлса керакки, ўзингизни ёзувчиликка урибсиз”. Мунаққиднинг самимий ҳазили Абдулла Қаҳҳорга жуда нашъа қилди, у ўзини орқага ташлаб ҳузур қилиб кулди.
Етмиш еттинчи йили Тошкент давлат университетининг аудиторияларидан бирида Абдулла Қаҳҳорнинг етмиш йиллигига бағишланган бир йиғилиш ўтказилди. Маърузалар ўқилди, яхши гаплар айтиляпти… Лекин йиғилиш қандайдир совуқроқ ўтаётгандай, ўнғайсиз бир ҳолат. Қўл кўтариб мен ҳам сўзга чиқдим. “Абдулла Қаҳҳор машҳур сўз устаси бўлиши баробарида беназир юморист, кулги хазинаси ҳам эди, бинобарин, устоз хотирасига бағишланган мажлис хушчақчақ бир кайфиятда ўтиши мақсадга мувофиқ”, деган мазмунда гапирган бўлдим, юқоридаги гапларни ва яна баъзи тарихларни эслатиб ўтдим. Мажлис раиси А.Қаҳҳорнинг содиқ шогирди Озод ака Абдулла Қаҳҳордан эшитган кулгили воқеаларни, ўзига қилган ҳазилларни қизиқарли ҳикоя қилиб берди-ю, мажлисга бошқача файз-тароват кирди.
Абдулла Қаҳҳор кулдириб гапирувчи ва ёзувчи юморист бўлиши баробарида, куйдириб гапирувчи ва ёзувчи ўткир сатирик ҳам эди. Адибнинг тўғри, тўқмоқли, аччиқ, очиқ сўзлари, камчилик, иллатларни рўй-рост очиб, ниқобларни сидириб ташловчи ҳаётий, ҳажвий асарлари баъзи бировларга хуш келмаган бўлиши мумкин. Лекин халқимизнинг Абдулла Қаҳҳорга меҳр-муҳаббати йиллар оша кучайса кучайиб бордики, заррача бўлсин сусайгани йўқ. Зеро, доно халқимиз “Олтин зангламас”, дея бежиз айтмаган.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 35-сонидан олинди.