Памфлет
Мен сизга айтсам, ҳозир китоб чиқаришдан осонроқ иш бўлмай қолди. Чўнтак ковласангиз, бас. Бобокалонларимизнинг “Пул бўлса, чангалда шўрва”, деган башоратлари шу борада юз, минг карра ҳақ бўлиб чиқди.
Ҳа, умр ўтади. Фақат китоб қолади. Чанг босиб кетса ҳам жавонларда туради. Кимдир, қачондир қизиқибми, эрмакками, зерикканиданми, уни олиб варақлайди (мабодо унгача бирор киши уйни тартибга келтираётиб ёки жавондаги китобларни керак-нокеракка ажратаётиб, сизнинг китобингизни макалатурага топширмаган, чиқариб ташламаган ёки ёқиб юбормаган бўлса), сизни эслайди.
Нимани ёзай, дейсизми? Болалигингиз, талабалик йилларингиз, иш фаолиятингиз, ҳажмини каттароқ қилмоқчи бўлсангиз, турли даврларда тушган суратларингизни қўшасиз. Оила аъзоларингиз, эл-хешлар, шажарангиз. Хуллас, нимани хоҳласангиз, шуни ёзаверасиз. Энг муҳими, ўзингизни истасангиз, бутун умри фидокорона ишлаган, ҳақиқат, адолатни ҳимоя қилган; чўнтакдан бошқасини ўйламаган, кўзингизни лўқ қилиб оқни қора деб турган бўлсангиз ҳам, фариштадай бегуноҳ, ҳалол яшаган; манман — камтаринлик кўчасидан ўтмаган бўлсангиз ҳам, ўта хокисор, бир нарса ундирмасангиз, ҳатто саломга алик олмайдиган муттаҳам бўлсангиз ҳам, ҳаромдан ҳазар қиладиган тарзида тасвирлайсиз. Катта-катта хайрли ишларни ўзингизнинг номингиз, фаолиятингиз билан боғлаб юборсангиз ҳам бўлаверади. Истасангиз, айрим йиғилишларда ҳамма оқни қорага йўйиб турганида сиз “Йўқ, бу оқ-ку, ўртоқлар! Нима, кўзларингиз кўрми, виждонларингиз борми?” дея ҳеч нарсадан қўрқмасдан, ҳайқириб ҳақиқатни йўқлаб чиқадиган лавҳаларни тўқиб, қўштирасиз. Сизни таниган-билган, иши тушган, аслингиздан бохабар кишилар заҳарханда ижирғанишлари, овоз чиқариб сўкинишлари, сурбетлигингизга яна бир бор тан беришлари турган гап. Лекин сизни танимайдиган китобхонда замонамиз қаҳрамони сифатида таассурот қолдирасиз. Оламдан ўтиб кетганингиздан сўнг эса келажак авлод тасаввурида китобингиздагидай қиёфада қоласиз. Невара-еваралар: “Мана, бобом ёки бобокалоним қанақа одам бўлганлар”, деб китобингиз билан фахрланиб юришади. Улардан битта-яримтаси оғзидан гап ёки қўлидан иш келадиган бўлса, обрўсидан фойдаланиб ёки эл-улус номидан юқори идораларга хатлар уюштиравериб номингизни абадийлаштириши, кўча-пўчага қўйдириши мумкин.
“Қўлимга ручка олсам бошимга оғриқ кириб, нафасим қисади”, дейсизми? Тўғри айтасиз,баъзи бировларга бир жумла ёзишга даъват этгандан кўра бир шиша ароқ ич ёки бир лаган ошни паққос тушириб бер, деган маъқул. Унда бирор ижодкорни топиб, савдолашиб, қўлига “хамир учидан патир”лигига ишора қилиб жиндай “қуруғидан” қистириб, қолганини иш битгандан сўнг мазмундорлигига қараб чўзишга ваъдалашиб, ўзингиз ҳақингизда китоб ёздиринг. Ўзингиз биласиз, бозор иқтисоди, пулини ким тўласа, мусиқага ҳам ўша буюртма беради, деган нақл ёдингиздадир. Демоқчимизки, қаламкаш ҳам сиз тўғрингиздаги китобни ўзингиз айтганингиз, хоҳлаганингиздай ёзади. “Қуруғи”дан қарашган бўлсангиз илҳоми жўшиб, сиз айтгандан ҳам анча ошириб юбориши мумкин. Асло хижолат чекиб ўтирманг, бемалол ўзингизни донишманди замон, салкам авлиёдай кўрсатиб тасвирлайверсин. Бош омон бўлса дўппи топилади деганларидай, чўнтак ковласангиз, ёзадиган истаганча тиқилиб ётибди. Нафақат ўзингиз ҳақингизда, хоҳласангиз номингиздан шеърий ёки насрий китоб тайёрлаб берадиганлар ҳам йўқ эмас. Келажак авлод шу китобларингизга қараб сизни серқирра қобилият эгаси сифатида билади.
Ошна-оғайнилар, таниш-билишларни ишга солиб бирор ўқув муассасаси ёки кутубхона-путубхонада китобингизнинг тақдимот маросимини ташкил эттиринг. Ортидан қуюққина зиёфат уюштиришнинг дарагини берсангиз, бу тадбирга ҳар ҳолда тушлик қилиш, “юз-юз отиш” илинжида келадиган уч-тўрт савдойироқ ижодкор ҳам ташриф буюради. Имкон бўлса, тадбир олдидан ҳам кичикроқ давра ташкил этинг. Еган оғиз уялади. Улардан нима кетибди, сизни алломаи замон, китобингизни бебаҳо тарихий асар сифатида кўкларга кўтариб мақташади. Қариндош-уруғлар гуллар тутиб, сиз аввалдан ўргатиб қўйган саволларни беришсин. Янги ёзганларингиздан намуналар ўқиб беришингизни сўрашсин. Қарсак чалиб роса олқишлашсин. Китобингизни қўлига олмаган авом сизнинг машҳур ижодкор эканлигингизга лаққа ишонади. Кейин газеталарга тақдимот тўғрисида ахборотлар бостиринг. Кўча-кўйда учраган танишларга “Фалончиевлар” китобингиз жуда зўр чиқибди, ўқиб мириқдик, рози бўлсангиз тақдимотини ўтказайлик”, деб ҳол-жонимга қўйишмади. Бир неча бор илтимос қилишгач, рози бўлдим”, деб юринг. “Фалончиевлар “Сизнинг қобилиятингиз зўр, пистон вазифага келинг, деб кўндиришга кўп уриндилар, мен рози бўлмадим” дея гап тарқатинг. Ўша Фалончиевлардан “шу гап ростми”, деб ким бориб сўраб-суриштириб ўтирибди.
Шундан сўнг одамини топиб бир амаллаб китобингиз ҳақида газетада тақриз чиқартирсангиз яна яхши. Қандай қилиб, дейсизми? Аввал чой-пойга таклиф этинг, секингина совға-салом уюштиринг ёки холироқ топиб “қуруғи”дан қистиринг. Мабодо тақризчи иши кўплиги, китобингизни кўрмаганлиги ва ўқишга вақти йўқлигини баҳоналаб тайсалласа, унинг ҳам йўли бор. Нақдни насия қилмаслик учун тақризни ўзингиз ёзиб, унинг исми-шарифини қўйиб қўлига тутқазинг. Қарабсизки, газетада китобингиз ҳақида тақриз босилган. Битта-яримта ошна-оғайнилар кўзлари тушиб тақриз тўғрида оғиз очиб қолсалар ўзингизни хабари йўқдай, энди эшитаётгандай “Ие, шунақами, қайси газетада. Ким ёзибди экан”, қабилида гап қилинг.
Телевизорда тақдимот маросими тўғрисида ахборот, китобингиз ва “ижодингиз” ҳақида кўрсатув ташкил эттирсангиз, ўзингиз билан учрашув уюштирсангиз ҳам бўлаверади. Чўнтак ковласангиз, хусусий телевидениелар хизматингизга ҳозиру нозир, тижорат кўрсатувларининг студиялари мунтазир. Пул кетса ҳам сизга обрў бўлиб қайтади.
Ҳақиқий шоиру ёзувчилар, ҳар қандай китобнинг авра-астарини чиқаришга иқтидори етадиган зукко мунаққидлар, асли кимлигингизни биладиганларнинг танқид қилишлари, пўстагингизни қоқиб, расвонгизни тортишларидан чўчийсизми? Асло хавотир олманг. Улар аввало шундай мунофиқ ёки нўноқ, ижод кўчасига кирмаган киши билан ўзимни баравар қилиб юраманми, деб эътибор беришмайди. Ахир бемаза одам билан фақат бемаза одамгина баробар бўлади-да. Қолаверса, саёз китоблар кети узилмай чиқиб турган бўлса, келиб-келиб айнан сизнинг китобингизга ким ҳам ёпишарди. Ҳақиқий, кучли полвон ўлса ўладики, полвонлик кўчасидан ўтмаган одам билан олишиб ўтирмайди, ўзига тенгситмаганлар билан гиламга чиқишга ор қилади.
Борди-ю, кирдикорларингиздан хабардор ёки ҳақиқатдан кўз юмишга виждони йўл қўймайдиган битта-яримта ҳақиқатпарвар китобингиз ҳақида ёзганида ҳам уни бирор матбуот органи босиб чиқармаслигидан кўнглингиз тўқ бўлсин. Мен сизга айтсам, қонунда “маънавий зарар” деган гап бор. Борди-ю, “маънавий зарар”нинг жабрини тортмаган бирорта муҳаррир ўша мақолани чоп этган тақдирда ҳам бурд сизники. Ҳамма биладики, мевали дарахтга тош отадилар! Фақат пулга ўта ўч, ҳамма кўриб, билиб турган, кундай равшан “оқ”нинг ҳам оқлигига кўзларини лўқ қилиб далил-исбот, асосли ҳужжатлар талаб қилиб асабга ўйнайдиган адвокат ёллайсиз-да, мақолани эълон қилган нашрни “Менинг қадр-қимматимга тегди, халқ орасидаги обрўйимга путур етказди”, деб раддия беришини ва товон тўлашини сўраб судга даъво аризаси билан мурожаат этасиз. Нима фарқ қилибди, товон учун оғзингизга сиққан суммани ёзаверинг. Суд орқали ундирилажак маънавий зарар пулни тўлиқ адвокатингизнинг ўзига беришга ваъда қилаверинг. Кўрибсизки, мўмай даромад дарагини эшитган адвокат енг шимариб мақолани чоп этган таҳририят билан судлашишга киришади.
Мақола муаллифи бир четда қолиб таҳририятдагилар судма-суд юришади. Адвокат ҳар бир сўз, ҳар бир жумлага исбот, асос талаб қилавериб матбуот нашри раҳбарларининг тинка-мадорини қуритиб ташлайди.
Сиз қўчқорини уриштираётган қўчқорбоздай уларнинг аёвсиз тортишишларини кузатиб роса мириқасиз. Таҳририятдагиларни роса овораи-сарсон қилганингиз, асабийлаштирганингиз, кайфиятларини бузганингиз қолади. Даъвоингиз қаноатлантирилмаган тақдирда ҳам сиз ҳеч нарса ютқизмайсиз.
Китобнинг фойдаси фақат бу эмас. Фараз қилингки, университетдами, институтдами домласиз. Икки-учта маърузангизни жамлаб нари-берисида ҳар нусхаси учун 500 сўм сарфлаб китоб қиласиз. Кейин ўзингиз маъруза ўқийдиган курсларга, талабаларга камида 2 минг сўмдан пуллайсиз. Иложи бўлса, уйингдагилар ҳам мутолаа қилса, саводини оширса, фойдадан холи эмас, ҳозир бозор иқтисоди, бу китоб қайта нашр қилинмайди, ноёб, келгусида оила қурсанг бола-чақаларинг ҳам фойдаланади, деб икки нусхасини қўшиб тутқизасиз.
Қани, олмай кўрсин-чи! Олади! Олдинда синов, имтиҳонлар, оралиқ назорат, рейтинг бали, деган гаплар бор. Бир эмас, юзингизни қаттиқроқ, қулоғингизни кар қилсангиз кўпроқ нусхасини ҳам сотасиз. Сабоқларингизга озиб-ёзиб бир кўриниш берадиган ёки нуқул имтиҳонда ҳозиру нозир талабалар бўлса, яна яхши. Улар китобингизнинг 10-15 нусхасини ҳам “лом-лим” демай, ҳатто сизга яхши кўриниш илинжида ўзлари сўраб олишади. Пулни ҳам аяшмайди.
Баъзан зинадан тушаётиб, ахлат қутиси ёнида йиртилган, ғижимлаб ташланган китобингизга кўзингиз тушади. Ҳе, сотиб олгандан кейин нима қилса, унинг иши. Орқаворотдан ҳақоратласа ҳам майли, қулоғингиз эшитмайди. Энг муҳими, олдингизда оғзига талқон солиб ўтирса, бас. Чўнтагингизга киргани ҳисоб. Ҳар бир китобингиздан 1,5 минг сўмдан қолса, 100 нусхасидан 150 минг, минг нусхасидан 1,5 миллион қолади. 2 минг нусхасидан… Ҳойнаҳой, шайтон йўлдан уриб қулоғингиз остида “Ҳар бир нусхасини 2,5 ёки 3 мингдан сотсанг-чи”, деб шивирлаб қолади. Беихтиёр шоколад татингандай ширин тамшаниб, чўнтагингизга қанча фойда кўришингзни хомчўт қилишга киришасиз.
Энг муҳими, кўришга кўзи, отишга ўқи бўлмаган бошқа ҳамкасбларингиз ҳам “Талабадан бир нарса ундирмаса баҳо қўймайди”, деб сизни таъмагирлик, порахўрликда айблашолмайди. Пулини олган бўлсангиз, қуруқдан қуруқ эмас, китобингизни сотиб олдингиз. Баҳосига ҳеч ким даъво қилолмайди. Аниқ белгиланган эмас. Бозор иқтисодиёти, келишилган нархда пуллаш сизнингу харид қиладиганнинг иши. Қолаверса, сизга таъна қилмоқчи бўлган, баҳона топиб тагингизга сув югуртириш пайида юрганларнинг ўзлари ҳам китоб чиқариб, турли китоблардан кўчириб тайёрлаган маърузаларини чоп эттириб пуллаб ётишибди. Бу ҳам етмагандай айрим таниш-билишлари, раҳбарлари ва ошна-оғайнилари ҳам улар орқали китобларини талабалар ўртасида тарқатишаётиб, пул қилишаётган бўлсалар! Тиллари қисиқ. Қани, бир оғиз очиб кўришсин. Айтадиганингизни айтасиз. Расволарини тортасиз. Аксинча, шу тоифа ҳамкасбларингиз жам бўлган пайтларда “Талабалар айрим домлаларнинг китоб сотаётганларидан шикоят қилишаяпти, бўлар-бўлмас, сабоқларга мутлақо алоқасиз, ҳеч вақога ярамайдиган китобларни тиқиштириш кимга керак. Бечора талаба арзимас стипендиясига бир амаллаб кун кўрсинми, йўлкирага берсинми, бўлмағур, нокерак китобларни сотиб олсинми”, қабилида гап қилиб қўясиз. Номини тилга олмай, жаҳли чиққанга солиб ҳақоратласангиз ҳам майли. Қулоқларини кар қилиб, гўё уларга қарата айтмаётганингиздай, аслида ичларидан зил кетиб ўтиришади. Бунинг устига сиздан ўлгудай ҳайиқишади. Бобокалонлар “Балонинг ташқарисида юргунча, ичида юр”, деб бежиз айтишмаган. Ҳали-бери нафақага чиқмасангиз китобингизни ҳеч иккиланмай бир неча минг нусхада бостириб қўйганингиз маъқул. Ҳар йили бошқа курсларга маърузага кирганда бемалол пуллайверасиз. Кўриб турибсиз, нарх-наво ўсса ўсаяптики, пасаяётгани йўқ. Бултур талабаларга икки минг сўмдан пуллаган китобингизни бу йил уч мингдан бемалол сотасиз. Бундан ташқари талабаларга бу китоб фалон йил бурун нашр этилганлиги, ноёблиги, топилмаслигини, улар фойдалансинлар, ахтариб овора-сарсон бўлиб юрмасинлар, деб атайлаб олиб қўйганлигингизни такрорлашни канда қилмайсиз. Икки-уч машғулотни шу китоб таърифи-ю тавсифига бағишласангиз ҳам бўлаверади.
Китоб чиқаришдаги тартиб, талаб ва мезонлар ўзгарадиган, пулга эмас, унинг аҳамияти, мазмуни ва бошқаларга қай даражада наф келтиришига қараб ёндашиладиган кунлар келса, доғда қоласиз. Унда ёзганларингиз нашриётлар токчаларида чангу моғор босиб ётаверади. Имкониятни бой бериб юбормаслик, афсус-надомат чекиб юрмаслик учун пулингиз борида ҳозир китоб чиқаринг. Кейин кеч бўлиши мумкин.
Жаҳонгир ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист