Мамлакатимизда Интернет йилдан-йилга оммалашаётганлигини инобатга оладиган бўлсак, юқоридаги ва уларга ўхшаш кўплаб саволларга жавоб топиш муҳимлиги ўз-ўзидан равшандир.Бутун бир Интернетни тўласинча ОАВ қаторига киритиш тўғри эмас. Чунки Интернет марказлашган ягона ахборот воситаси бўлмасдан, турли хилдаги, шу жумладан, оммавий ахборот воситаси вазифасига эга тузилмаларни ҳам ўз ичига олувчи муҳитдир.Интернетда мақсади фақат ахборот, аниқроғи ижтимоий аҳамиятга молик ахборот тарқатиш бўлмаган сайтлар ҳам мавжуд. Булар — турли маҳсулот ва хизматлар таклиф қилувчи тижорат йўналишидаги сайтлар, тармоқда ахборот излашга ёрдамлашувчи қидирув тизимлари, электрон кутубхоналар ва бошқалар.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунида «газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, ахборот агентликлари, телевидение (кабелли, эфир-кабелли телевидение) ва радио эшиттиришлар, ҳужжатли кино, электрон ахборот тизими, шунингдек, доимий номга эга бўлган, давлат тасарруфидаги, мустақил ва бошқа оммавий даврий нашрлар оммавий ахборот воситаларидир», деб белгиланган. Кўриниб турганидек, номи тилга олинган ахборот воситаларидан бошқалари учун Қонунда асосий мезонлар доимий номга эга бўлмоқлик, даврийлик ва оммавийликдир. Интернетда эса ушбу тушунчалар ўзига хослиги билан ажралиб туради.
Газетанинг бир ҳафтада неча марта чиқишига қараб, унинг даврийлигини билиш мумкин. Лекин веб-сайтда бундай даврийлик бўлмайди, чунки маълум муддат орасида веб-сайт тўласинча янгиланмайди. Фақат унинг материалларидан бир қисми янгиланиб турилади. Шу сабабли бу ерда даврийлик ўрнига бошқа тушунча — ахборотни янгилаш муддатини киритиш мумкин. Бунда албатта, қандай қўламда ва қайси муддат ичида материалларни янгилаш масаласига аниқлик киритиш зарур. Чунки ойлар давомида янгиланмайдиган сайтни ОАВ қаторига қўшиб бўлмайди. Оммавийлик тушунчасига келсак, у бироз мавҳумроқ эканлигини тан олиш керак.
Оммавий деб ҳисоблаш учун газета тиражи қанча бўлмоғи лозим? Бизда 200 мингта чиқаётган газета ҳам, 2 мингта чоп этилаётгани ҳам бор. Айрим вилоят ё туман газеталарининг ададини гапирмаса ҳам бўлади. Уларга қараганда баъзи веб-сайтларнинг мухлиси анча кўпроқ. ОАВ технологиялари соҳаси мутахассисларининг айримлари Интернетнинг кенг тарқалиши анъанавий ОАВнинг мавқеини сусайтирди, деган фикр билдиришмоқда. Аксарият муаллифлар эса бу фикрга қўшилмасдан, Интернет газета радио, ТВни сиқиб чиқармасдан ўз ўрнини топиб олмоқда, дейишмоқда.Бу борада бошқача фикр ҳам мавжуд. Унга кўра матбуот ва Интернет бир-бирига рақобатчи бўлмасдан, ўзаро ҳамкорлик йўлларини ахтариши керак. Масаланинг муҳим томони шундаки, Интернет-газета эгалари 3-4 йилдан сўнг уларнинг нашрлари қандай кўринишга эга бўлишини тасаввур ҳам қилишолмайди. Чунки интернет-газета ОАВнинг бошқа турларига қараганда кўпроқ юқори технологиялар тараққиёти билан боғлиқ.
Шу кунлардаги интернет-газета ўзининг қоғозда чоп этилаётган «акаси»га ўхшаган, эрта-индин эса юқори технологиялар веб-материалларни овоз билан ҳамда митти веб-камералар орқали видеотасвирларни ҳам қўшиб узатиш имкониятини кенгайтиради. Тўғри, овоз ва тасвир Интернет орқали ҳозир ҳам узатилмоқда. Лекин ҳозирча улар том маънодаги интернет-ОАВга асос бўла олгани йўқ. Интернет-ОАВ фақат ахборот етказиш билан чекланмасдан, коммуникатсия ўрнатишга, яъни ахборот олувчининг фикрини ўша заҳотиёқ билишга ва шунга қараб материал мазмунига ўзгартириш киритишга имкон яратди.Интернет-журналистика матбуот , радио ва ТВ билан биргаликда жамиятнинг информатсион сиёсатини белгилайди. Унинг ривожланиши ОАВнинг бошқа турлари билан ўзаро алоқадорликда амалга оширилади. Интернетнинг пайдо бўлиши билан оммавий ахборотни тайёрлаш ва етказиш шароитлари ўзгарди. Биринчидан, оммавий ахборотни тайёрлаш фақат профессионал журналистлар жамоасига хослик хусусиятини йўқотди. Иккинчидан, оммавий ахборот бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган иккита қисмга ажралди. Улардан бири ахборот узатиш, иккинчиси уни қабул қилиб олиб, ўша заҳоти жавоб бера оладиган қисмидир.
Шундай қилиб, оммавий ахборот оммавий коммуникатсияга айланди. Учинчидан, ахборот гиперматн тузилишини олди. Яъни бир матнни ўқиб туриб, унинг мавзусига яқин бўлган бошқа матнларга ўтиш имконияти туғилди. Маълум бир мавзу бўйича материал излаган одам Интернетдан кўплаб бошқа материаллар билан танишиши мумкин.Шу ўринда яна таъкидлаш жоизки, Интернет анъанавий ОАВга нисбатан қатор устунликларга эга. Интернет: — бир йўла матн, тасвир ва овозни бирлаштириб етказиш имкониятига эга;— ҳар қандай керакли ахборотни алоҳида шахс ёки бир гуруҳ шахсларга бевосита етказиши мумкин. Натижада ўқувчиларнинг эҳтиёжи ва хоҳишини инобатга олиш имконияти туғилади;— интерактивлик хусусиятига эга. Яъни у анъанавий ОАВ сингари монолог эмас, балки диолог тарзида ишлайди.
Хоҳлаган киши Интернет хабарига ўша заҳотиёқ ўз муносабатини билдириши мумкин;— ахборотни тезлик билан етказиш имкониятини яратди.Ғарб тадқиқотчиларидан Маршал Маклюен «Воситанинг ўзи хабардир» номли китобида замонамиз воситаси (ёки технологик жараёни) бўлган электрон техника ижтимоий ўзаро боғлиқликка янги шакл беришини ҳамда у ва шахсий ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасини ўзгартиришини таъкидлаган эди. У электр билан «ўраб олинган» ер курраси қишлоқдан катта эмас, деган эди. Унинг бу сўзларига асосланиб, мутахассислар Маклюен глобал қишлоқ ғоясини билдирган эди, деб таъкидлашмоқда. Интернет аниқ бир ҳуқуқий маконда фаолият юргизмайди. Унга хизмат қилувчилар, яъни уни техник жиҳатдан таъминловчилардан тортиб муаллифлару фойдаланувчиларгача турли мамлакатлардаги тегишли қонунлар субъектлари ҳисобланишади. Интернетда берилаётган материалларни ноқонуний ёки зарарли мазмуни турли давлатларда турлича талқин этилади.
Мазмуннинг зарарлилиги ҳар бир мамлакат анъаналаридан келиб чиққан ҳолда баҳоланса, ноқонунийлиги мавжуд қонунчилик асосида белгиланади. Айрим мамлакатларда провайдерлар ўзини-ўзи чекловчи воситалар жорий қилишган эди. Масалан, Буюк Британияда саноатчилар ташаббуси билан Ахлоқ кодекси қабул қилинди. Бир қатор давлатлар қонунчилиги агар провайдер берилаётган материалнинг ноқонунийлигидан хабар топса, тегишли чора кўриши зарурлигини белгилаб қўйган. Канада провайдерлари уюшмаси Кодексида уюшма аъзоларига ҳуқуқий мезонларга амал қилишни ўргатиш, улар томонидан ноқонуний мазмундаги материалларни тарқатмаслик, фойдаланувчиларнинг материаллар мазмуни ҳақида билдирган ҳар қандай фикрини инобатга олиш белгиланган. Франтсияда ўша вақтлардаёқ расмий Интернет Хартияси сайти ташкил этилган эди. Унда Интернетда ахборот жойлаштирувчилар ва улардан фойдаланувчиларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тамойиллари белгилаб қўйилган.
Россия Федератсиясининг «ОАВ тўғрисида»ги қонунида Интернет ҳақида алоҳида сўз юритилмаган. Аммо Қонун моддаларини таҳлил қилган мутахассислар Интернет нашрларининг қайси ҳолатда ОАВга киритиш белгилаб қўйилганлигини уқтиришмоқда. Қонуннинг 2-моддаси бўйича оммавий ахборот воситаси деганда, даврий матбуот нашри, радио ва теле- ҳамда видео дастурлар, кинохроника дастури, оммавий ахборотнинг даврий тарқатиладиган ўзгача шакли тушунилади. Оммавий ахборот деганда чекланмаган шахслар доирасига аталган босма, аудио, аудио-визуал ҳамда ўзгача хабар ва материаллар англанилади. Қонунда оммавий ахборотга берилган таъриф веб-сайтлардаги хабарларга тўла тааллуқлидир. Чунки уларнинг материаллари чекланмаган шахслар доирасига мўлжалланган. Веб-сайтнинг ўзи эса оммавий ахборот воситаси сифатида тан олиниши лозим, чунки у оммавий ахборотни даврий тарқатади. Лекин, шу билан бирга, сайт на босма, на телерадио узатиш тармоғига киради. У «ОАВ тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасида белгиланган ўзгача оммавий ахборот воситаси деган гуруҳга тааллуқли. Қонун бўйича веб-сайтни ташкил этиб, унга хизмат қилаётгаларни ОАВ таҳририяти сифатида, сервернинг мазмунига масъул бўлган шахсни бош муҳаррир сифатида тан олиш мумкин. Аммо сайт ходимларини журналистлар қаторига киритиб бўлмайди. Чунки Россия қонуни бўйича рўйхатдан ўтган ОАВда фаолият юргизаётган шахс журналист саналади. Россия сайтларининг саноқлисигина ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган.
Оммавий ахборот воситаси тўғрисидаги Россия қонунчилиги ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган сайтларгагина тегишли. Рўйхатдан ўтган сайтнинг журналисти қонунларда белгиланган барча ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятига эга. Веб-сайтга мамлакатдан ташқарида асос солиш мумкинлиги янги бир ҳуқуқий муаммони келтириб чиқармоқда. Бу халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳам инобатга олишни талаб этади. «ОАВ тўғрисида»ги қонун нафақат мамлакат ичидаги сайтларга, балки Россия фуқаролари кириб ўқиши мумкин бўлган сайтларга ҳам дахлдор. Россия фуқароларига хорижий сайтларга кириш кафолатланганлиги сабабли, барча сайтларга Россия Федератсияси қонунчилигини қўллаш мумкинлигини мутахассислар уқтиришмоқда. Россияда Интернет тармоғидаги оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатига олиш ҳакидаги Низом мавжуд. Рўйхатдан ўтган ОАВга тегишли гувоҳнома берилади.Қозоғистон Республикаси «ОАВ тўғрисида»ги Қонуннинг 1-моддасида Интернет оммавий ахборот воситаси қаторига киритилган, сайтларда жойлаштирилган ахборот эса оммавий ахборот воситаси маҳсулоти деб тан олинган.
Қонуннинг «Оммавий ахборот воситалари ҳисобга олиш» деб аталган 10-моддасида веб-сайтлардан ташқари барча ОАВ рўйхатга олиниши зарурлиги уқтирилган. Озарбойжон Республикасининг «ОАВ тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддасида Интернет оммавий ахборот воситаси эканлиги қайд этилган. Қонуннинг «Оммавий ахборот воситасини таъсис этиш» деган 14-моддаси бўйича босма нашрларни таъсис этиш учун давлат органларининг рухсати талаб этилмайди. Ҳамдўстликнинг бошқа давлатлари ва Болтиқбўйи мамлакатларининг оммавий ахборот воситаларига оид қонунларида Интернет ҳақида алоҳида сўз юритилмаган. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда қабул қилиниши кўзда тутилаётган ОАВга оид қонун ҳужжатларида тегишли ўзгаришлар, қўшимчалар киритиш зарурлиги аён бўлиб турибди.Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилар сони 855 минг кишини ташкил этади. Кейинги бир йил давомида фойдаланувчилар сонининг учдан бир ҳиссага ошганлиги, юқоридаги кўрсаткич яқин йиллар ичида бир неча маротабага кўпайишидан далолат бериб турибди. Бунга ҳукуматимизнинг компютер ва бошқа техника воситалари ва бутловчи қисмларнинг импорти учун ўрнатган имтиёзи ижобий таъсир этганлигини таъкидлаш жоиз. Ана шундай шароитда юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг қонунийлигини таъминлаш учун қатор масалаларни ҳал этиш талаб этилади.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
“Ҳуррият” газетасидан олинди.