Жалолободга,туғилиб-ўсган қишлоғим Сузоққа борган пайтимда шундай “миш-миш”ни, яъни нимайкан, ўзимизнинг Зиёвуддин от-аравада Парижга борармиш, деган гапларни эшитганим бор эди.
Кўп ўтмай Зиёвуддиннинг ўзи савлат тўкиб Тошкентга кириб келди. Бир гуруҳ ўртоқларимиз уни Роҳат кўли бўйида кутиб олиб, от-аравасию ўзини жойлаштириш тадоригини кўришди.
Ҳол-аҳвол сўрашгач, Зиёвуддин айтди: Сафарни Самарқанддан — Гўри Амирдан бошламоқчиман. Сафар ҳужжатларини расмийлаштириш учун анчадан буён сарсонман. Бу орада сафарга тайёрлаган 3-4 отни ҳужжатлар бўлавермагач, улоққа қўйиб юбордим. Ҳужжатлар тайёр бўлса, Худо хоҳласа, яна бир-икки кундан сўнг сафарга чиқамиз…
***
Соҳибқирон Амир Темурнинг 660 йиллиги бутун Туркистон ўлкасида бўлганидек, Жалолобод ҳудудида ҳам кенг нишонланди. Жумладан, бир гуруҳ тошкентлик ёзувчи ва шоир, журналистлар ҳам таклиф этилган бўлиб, камина ҳам улар орасида эдим. Жалолобод вилоят ўзбек миллий маданий марказининг қарорига кўра, асосий тадбирлар Жалолобод шаҳрининг Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказиладиган бўлди. Эрталабданоқ шаҳарнинг турли тарафларидан, яқин-атроф қишлоқлардан боғ томон гурра-гурра одамлар оқиб кела бошлади. Сирасини айтганда, мазкур боғда бундай маросимлар кўплаб ўтказилган. Аммо боғ боғ бўлиб бу даражада кўп одамни кўрмаган эди. Бир пайт боғнинг қибла тарафидаги дарвозаси томонда карнай-сурнай садолари янгради. Бироз вақтдан кейин эса қорабайир от устида савлат тўкиб ҳазрати Амир Темур қиёфасидаги шахс тантана билан боққа кириб келди. Бу манзарани кўриб халойиқ бир қалқиб тушди. Ҳар томондан олқишлар янгради. Ўша кунги тантанада Амир Темур ҳақида, унинг қилган ишлари, туркий халқларни бирлаштиришда, Туркистон давлатчилигининг асосчиси сифатида хизматлари, у олиб борган қурилишлар, Соҳибқироннинг дин ривожига қўшган ҳиссаси каби масалаларда кўп ва хўп гапирилди. Шоирлар шеърлар ўқишди, санъаткорлар куй, қўшиқлар айтишди. Энг қизиғи кейин бўлди. Стсенарийдаги кичик бир детал ҳаётда шундай ўз аксини топди-қўйди. Юбилей тантаналаридан Сузоқ қишлоғига кела-келгунча одамлар “Амир Темур”ни тўхтатиб ўзларини қийнаётган юмушлар хусусида арз қилишар, биров ўқитувчилар болаларга яхши билим бермаётгани ҳақида гапирса, бошқаси ўзининг ер улушини маҳаллий кенгаш тортиб олганидан нолир эди. Шундай қилиб, ўша кунги тантана Амир Темурнинг либоси, минган оти, салафлари, ҳатто чиройли кузалган соқол-мўйлаби, қадди-қомати туртки бўлди-ю, сузоқлик адабиётчи, жуда кўп ўзбекистонлик ижодкорларнинг дўсти Зиёвуддин Мамажонов бир кунда назарга тушди-қолди.
Аслида Зиёвуддин Мамажонов аввал ҳам қишлоқда, вилоятда кечаётган ижтимоий-сиёсий воқеаларнинг фаол иштирокчиси эди. Жумладан, вилоятда ўзбек миллий-маданий марказ ташкилотчиларидан бири бўлган. Одамларни қийнаётган хоҳ ижтимоий бўлсин, хоҳ сиёсий муаммоларга аралашар, ҳокимият эшикларини дадил қоқа бошларди. Айниқса, сўнгги йилларда ўтказилган турли даражадаги сайловларда халқнинг ўзи истаган номзодлар тарафида туриб фаол иштирок этди.
— Қайсидир газетада Франтсиядаги музейлардан бирида Амир Темурга бағишлаб экспонатлар қўйилгани, улар орасида Соҳибқироннинг бюсти ҳам борлиги ҳақида ўқиб қолдим, — деган эди суҳбатларимиздан бирида Зиёвуддин. — Яна бир манбаларда эса Франтсияда Ўш номли шаҳар ҳам мавжудлигини ўқидим. Ана шу икки хабар менга тинчлик бермай қўйди…
Энди унинг бутун ўй-фикри Франтсияга сафар қилиш билан банд бўлиб қолди. Лекин қандай, нима билан: учоқдами, автомобилдами, пиёдами? Учоқда бориш учун катта пул керак. Бундан ташқари бундай саёҳатга ҳар куни миллионлаб одамлар бориб келмаяптими?! Автомобилда эса давлатлар чегараларидан ўтиш қийин кечади. Бунинг устига тагидаги алмисоқдан қолган “Жигули” машинасининг узоққа боришига кўзи етмайди. Пиёда сафарга чиқиш эса… Ёши элликка яқинлашиб қолган одамнинг шунча йўлни босиб ўтиши осон эмаслигини у яхши биларди.
Уйқусиз тунларнинг бирида у “топдим” деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Топди: Франтсияга от-аравада боради. Яна бир ўзи эмас, отбоқар, ўғли ва ўзи. Шу кундан бошлаб мақсадини амалга оширишга киришди. Дастлаб, ниятини Жалолобод вилоят ўзбек миллий-маданий марказ раҳбари, таниқли тадбиркор Қодиржон Ботировга айтди. Марказ раҳбари гарчи дастлаб ичида бу сафарнинг амалга ошишига бироз шубҳаланган бўлса-да, қаршисидаги одамнинг қатъиятини кўриб унинг фикрини маъқуллади. Сафар тадоригини кўришга розилик бериб, харажатларни Қирғизистон-Россия қўшма корхонаси ўз зиммасига олишини айтди.
***
Яқинда Россияда чоп этиладиган “Мир новостей” газетасда шундай бир хабарга кўзим тушди. Таниқли франтсуз тадқиқотчиси ва сайёҳи Николя Ване ўзининг жуда кўплаб экспедитсияларини
дунёнинг шимол мамлакатларида ўтказган экан. Ўтган йили у итлар қўшилган чанада Сибирни забт этибди. “Сибир Одиссейи” деб ном олган ушбу сафарга шахсан Франтсия президенти Жак Ширакнинг ўзи ҳомийлик қилди, деб ёзади газета…
… Сузоқлик сайёҳ Зиёвуддин Мамажоновнинг сафарига эса Жалолобод вилоят ўзбек миллий маданий марказидан бошқа ҳомийлик қилган бирор ташкилотни билмаймиз. Ҳатто Зиёвуддин Мамажонов раҳбарлигидаги экспедитсия йўлга чиққан пайтида қанча маблағи бўлгани ҳам бизга қоронғу. Зиёвуддин ва унинг шериклари Тошкентда катта бир ишлаб чиқариш корхонаси ҳовлисида яшаган эдилар. Биз бир гуруҳ ҳамюртлар унинг олдига борган пайтимизда Зиёвуддин “ақчаси” тугаб қолганини, отга ем олиш учун ҳам қийналаётганини айтган экан… Бўлса бордир. Чунки ўша кунлари Зиёвуддин экспедитсиясини маблағ билан таъминлашга вакил бўлган Абдуваҳоб Абдуллаев Олмаотага кетган бўлиб, экспедитсиянинг Парижга чиқиши учун ҳужжатлар тўғрилаётган эди. Хуллас, Парижга жўнаш учун виза олингунга қадар Зиёвуддин раҳбарлигидаги экспедитсия Тошкентда 20 кунга яқин туриб қолди.
Бу вақтдан Зиёвуддин унумли фойдаланишга ҳаракат қилди. Тошкент атрофида Амир Темур қадами етган зиёратгоҳларни тавоф этди. Жумладан, Янгийўлдаги Занги бува мозорини зиёрат қилди. Кейин эса Туркистонга, ҳазрати Султоним (Ҳожа Аҳмад Яссавий) мақбарасини зиёрат қилгани борди.
***
Халқимизда ибора бор: олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ. Зиёвуддиннинг ҳаёти, унинг гап-сўзлари, қилган амалий ишлари, фаолияти, шеърлари ҳақида ўйларканман, баъзан хаёлимдан юқоридаги матал ўтаверади. Ҳа, у, Зиёвиддин наинки Жалолобод вилояти, Сузоқ аҳлининг, балки, барча ўзимизнинг ўзбекларнинг, қирғизистонлик ўзбекларнинг олдиларидан оққан ариқ эди.
Унинг бирор ишга киришса, қатъият билан киришиши, охиригача етмагунча тиниб-тинчимаслигини кўпчилик яхши билади. Сузоқдан Парижгача бўлган 8 минг километрлик масофани от-аравада босиб ўтиш учун ҳам метин ирода, сўнмас қатъият керак эди.
Зиёвуддин Мамажонов ўзининг Сузоқдан Парижгача қилган саёҳати давомида кундалик тутмаган ёки тутган бўлса ҳам бизга номаълум. Аммо у шоир эди. Бизнинг қўлимизда сайёҳ-шоирнинг сафар давомида ёзилган бир туркум шеърлари борки, гарчи юксак бадиий савияда бўлмаса-да, улар сайёҳнинг кўрган-кечирганлари, таассуротлари, ҳиссиётларини ҳар қандай кундаликдан ҳам ёрқинроқ ифодалайди.
Маълумки, сайёҳ Жалолободдан Андижонга келганда, у бошлиқ экспедитсияни андижонликлар катта хурсандчилик билан кутиб олишади. Шаҳарнинг “Боғи шамол” мавзесида кўк рангдаги от-аравани кўрибоқ бир зумда одамлар тўпланади. Зиёвуддиннинг мақсадини эшитгач эса аҳоли — улар орасида шоирлар, олимлар, зиёлилар ҳам бор эди — сайёҳни яхшилаб меҳмон қилишга жазм этишади. Ўша куни экспедитсия “Боғи шамол”да тунайди. Зиёвуддин буни шундай тасвирлайди.
Мен ўтган ўшал кун Анжон боғида,
Бобурни хотирлаб ҳофизлар ёнди.
Минг битта руҳ келиб саҳар чоғида
“Темурийсан”, — деди, қалбим уйғонди.
Саҳар кез Андижон тупроғин ўпдим,
От солдим, бобомнинг босган изидан.
Бобожон, сиз ўтган жойлардан ўтдим,
Чарчасам, тиладим мадад ўзидан.
***
Шу тариқа Жалолобод вилоятининг Сузоқ қишлоғидан йўлга чиққан экспедитсия Андижон-Наманган-Қамчиқ довони орқали Тошкент-Самарқанд-Бухоро-Хоразм-Қорақалпоғистон Республикаси, Россиянинг Астрахан-Воронеж шаҳарлари, Украина орқали Белорусга кириб боради. Брест қалъасида бўлиб ўтган можаро ҳақида сайёҳ шеърий сатрларида шуларни ёзади:
Хайр менинг қўш қанотим —
саманим ҳам жайроним,
Бугун сени қолдиряпман
Брестнинг қалъасида.
Чегарада поляк жаноб
тушунмади армоним,
Ўтказмади, қолаяпсан
ёмон кун палласида.
Кўплаб яхши-ёмон кунни
сен билан ўтказгандик,
Гоҳ ўйнашиб, гоҳ йиғлашиб
не кунларни кўрмадик.
Яхшиларга ёмон бўлиб,
кўп ишларни битказгандик,
Мақсадимиз олға юриш, ортга
йўлни бурмадик.
Етти мингли чақиримга
қадамларинг етганди,
Қаршимизда кўринганди
Парижнинг минораси.
Бари ишни қилган эдик,
бари ишлар битганди,
Нима қилай, йўқ экан-да,
полякнинг ҳам чораси…
Маълум бўлишича, сайёҳ Полша чегарасига етиб келганда чегарачилар “Аравани ўтказиш мумкин, аммо отларни мамлакат ичкарисига ўтказмаймиз”, деб туриб олишади. Зиёвуддиннинг қўлидаги отларга берилган сертификат яроқсиз экан. Чегарачиларнинг айтишича, Собиқ Иттифоқ ҳудудида фақат Иссиқкўлда ва Арманистоннинг қайси бир шаҳрида берилган сертификатларгина халқаро мезонларга тўғри келар эмиш. Ноилож қолган Зиёвуддин Мамажонов отлари билан хайрлашади. Арава ва ҳамроҳларини чегарада қолдириб, Варшава шаҳрига боради ва бу ерда бир қатор халқаро ташкилотларга вазиятни тушунтириб, мақсадини айтади. Бу орада Полшада чиқадиган оммавий ахборот воситалари экспедитсия ва унинг вазиятидан хабар топиб, бу ҳақда газета, телевидение орқали чиқиш қилишади. Бир-икки кунда ўнлаб одамлар, ташкилотлар ўзларининг беминнат хизматларини таклиф қилиб, редактсияларга мурожаат қилишади. Шу тариқа Белоруссия чегарасидан то Германия чегарасигача ўнлаб одамлар ўз от-уловлари билан кузатиб қўйишади. Буларни кўриб шоир-сайёҳ шундай ёзади:
Шоҳона юришлар, шоҳона сўзлар
Руҳимни мужассам айлади Аллоҳ.
Мардона боқишлар, мардона кўзлар
Темур бобом руҳи бўлмоқда паноҳ.
Мен қайдан топардим бунча хизматкор,
Бир кунлик баҳоси минг доллар бўлса.
Тилини билмасам ҳам дилин биламан,
Ортимда дўст бўлиб эргашиб юрса.
Хуллас, 2000 йил 1 майида от-аравада Париж сари йўлга чиққан З. Мамажон раҳбарлигидаги экспедитсия октябр ойининг ўрталарида Франтсиянинг Кабруз деб аталган кичик бир шаҳарчасига кириб боради. Албатта, ўқувчида нима сабабдан Парижга эмас, деган савол туғилиши мумкин. Бу ҳақда Франтсиянинг Темурийлар санъати ва тарихи, франтсуз-ўзбек маданий алоқалари жамиятининг “Темурид” ойномасида чоп этилган “Самарқанддан Парижга от-аравада” мақоласида шундай дейилади: “… Ўзбек, рус, қирғиз тилларидан бошқа бирор тилни билмайдиган бу уч сайёҳ (З. Мамажонов, отбоқар Асқар ва Зиёвуддиннинг ўғли Зилолиддин — Ё. Х.) 8 минг километрлик йўлни минг машаққат билан босиб ўтиб, Парижга етиб келадилар. Бироқ Парижга киришда катта муаммо пайдо бўлди: қонунга кўра шаҳар кўчаларида от-аравада юриш тақиқланган ва политсиячилар бу қонунга риоя қилганлари ҳолда уларнинг шаҳарга киришларини тақиқлаб қўйдилар. Ҳафсалалари пир бўлган уч сайёҳ Дурдан яқинидаги Кабруз қишлоғида жаноб Куврур ва Никола хоним хонадонларига мажбурий меҳмон бўлиб тушди…”
Газетада келтирилган бошқа тафсилотлар Зиёвуддин Мамажонов бизга ҳикоя қилиб берган воқеаларга яқин. Жумладан, сайёҳ Франтсиядаги Темурийлар жамияти президенти, таниқли темуршунос ва ёзувчи Люсен Керен билан учрашади. Унга Амир Темурнинг газмолга тикиб ишланган суратини тақдим этади. Улар Париж чеккасидаги Кабруз деган жойда учрашадилар. Кабруз мери уч сайёҳ шарафига қабул маросими уюштиради. Зиёвуддин кабрузликларга Самарқанд қаерда жойлашгани, Жалолобод, ўзи туғилиб ўсган Сузоқ қишлоғи ҳақида, Амир Темур тарихи, унинг тузуклари хусусида сўзлаб беради. Зиёвуддин Мамажонов бошлиқ экспедитсия Франтсияда бўлган кезлари маҳаллий газеталар, радио бу воқеа ҳақида кўп ёзишади, эшиттиришлар ташкил этишади. Ҳатто, марказий “Республикан” газетаси ўзининг биринчи саҳифасида катта мақола эълон қилади.
Дарҳақиқат, Зиёвуддин президент Жак Ширак билан учрашиш ниятида бўлган. Унга атаб бир шамшир ҳам олиб борганди. Аммо ўша кунлари президент Хитой сафарида бўлгани туфайли сайёҳнинг нияти ушалмаган. Президентнинг қайтишини кутишга эса сайёҳларнинг сабри чидамаган. Ўз уйини, Ватанини соғинган экспедитсия аъзолари, жумладан, отбоқар Асқар ва ўғли Зилолиддин тез кунда юртларига қайтишган. “Темурид” ойномасининг ёзишича, президент сайёҳлар ҳақида хабар топиб, Зиёвуддин Мамажонов номига илиқ сўзлар билан хат ёзиб, у кўрсатган жасорати учун миннатдорчилик билдиради. Арава эса бу саёҳатдан ёрқин эсдалик сифатида 2000 йил 3 декабрда Парижга келтирилади.
Бироқ Зиёвуддин Мамажонов Франтсия перзиденти Жак Ширакнинг ўзига ёзган мактубини ҳам, аравасининг эсдалик учун Парижга келтирилгани ҳақида ҳам газетадан ўқиб билди.
Зиёвуддиннинг ўғли Зилолиддиннинг сўзига кўра, унинг отаси Париждаги Темурийлар санъати ва тарихи, франтсуз-ўзбек маданий алоқалари жамиятида бўлиб, Амир Темур хотирасига қўйилган Соҳибқироннинг бюстини кўрган. Унинг олдида ҳатто суратга ҳам тушган. Зиёвуддин Мамажоновнинг яқин дўсти, Тошкент автомобил йўллари институтининг дотсенти Абултолиб Собиржоновнинг гапига қараганда, сайёҳнинг Амир Темур бюсти олдида тушган сурати унда бўлиб, қайсидир газетага берган куйи йўқолган. У ўзининг “Авто+” газетасида чоп эттирган “Парижга аравада борган ўзбек” мақоласида бир маъқул таклифни ўртага ташлайди. Хусусан, мақола муаллифи Зиёвуддин Мамажонов хотираси унинг Париж саёҳатидан эсдалик сифатида кичик бир фотостенд тайёрлаб, уни Тошкентдаги Амир Темур музейига экспонат сифатида қўйилса, ёшларга ўрнак бўларди, деган гапни ёзади. Бу яхши таклифга биз ҳам қўшиламиз.
Зиёвуддин Мамажонов 2000 йилнинг октябр ойи охирларида Париж сафаридан самолётда Тошкентга келиб, бу ердан Жалолободга жўнайди. Юртига боргач ҳам тиниб-тинчимайди. Жалолобод вилоят ўзбек миллий-маданий марказининг аъзоси, айил кенгашининг депутати сифатида фаолият кўргазади. Мактабларда, маҳаллаларда бўлиб Амир Темур ҳақида ҳикоялар қилади. Париж сафари таассуротларини сўзлаб беради. Амир Темур жамғармасини тузади. 2004 йил ёзининг охирларида Ўзбекистондаги Халқаро Амир Темур жамғармаси ходимлари билан кўришиш, улардан маслаҳат олиш учун Тошкентга келади. Ва…
***
Унинг кўзлари юмуқ. Чап бети учиб-учиб қўярди. Гўё жони мана шу учиб турган юзидагина қолгандек. Хириллаб нафас олар, оғзи очиқ эди. У беҳуш ётарди… Парижга от-аравада борган сузоқлик сайёҳ… У энди ҳеч кимнинг арзини тингламагани каби, унинг ҳам арзини ҳеч ким тингламади. Сайёҳ, шоир Зиёвуддин Мамажонов 2004 йил Тошкент шаҳрида шу тахлит фалаж касаллигидан вафот этди.
Ёқубжон ХЎЖАМБЕРДИЕВ
“Ҳуррият” газетасидан олинди.