Асли озарбойжонлик, аммо умрининг кўп қисмини Бухоро ва Самарқандда ўтказган, ХVI аср иккинчи ярми — ХVII аср биринчи ярмидаги Ўрта Осиё ижтимоий-фалсафий ва илмий тафаккури ривожига муносиб ҳисса қўшган Юсуф ал-Қорабоғийнинг ҳаёт йўли, фалсафий асарлари замондош олимларимиз томонидан озми-кўп тадқиқ қилиниб, бу ҳақда мақола, китоблар чоп этилган.
Юсуф Қорабоғийнинг таржимаи ҳолига оид тадқиқотларда Озарбойжоннинг Қорабоғ ўлкасида туғилиб-ўсган олим ўспиринлик ёшида Шерозга бориб, машҳур файласуф Ҳабибулло Мирзожон Шерозийга шогирд тушгани, ХVI аср иккинчи ярмида устози билан Бухорога келиб ватан тутгани айтилади. Бу асарларда олимнинг 1563 йили туғилиб, 1647 йили Бухоро яқинидаги Сафидмун мавзеида дунёдан ўтгани, 1690 йили эса унинг хоки “Бадахшонда дафн этилган устози Халилуллоҳ Бадахший мозори ёнига кўчирилган”и ёзма манбалар асосида зикр қилинади.
Бироқ, кейинги пайтлари қўлга киритилган бошқа ёзма манбалар маълумотлари бу қарашларнинг айримларини рад этмоқда, баъзиларига қўшимчалар киритмоқда. Юсуф Қорабоғийнинг сабоқдош (айтиб келинганидек шогирди эмас) ва ёшликдаги дўсти Мутрибий Самарқандий ўзининг “Тазкират уш-шуаро” (1605) асаридан ташқари “Нусхайи зебоий Жаҳонгир” тазкирасида (1625 — 1628) ҳам мазкур олим ва шоир ҳақида бирмунча тўлароқ маълумотлар ёзиб қолдирган экан.
Мутрибийнинг “Тазкират уш-шуаро”да Юсуф Қорабоғий таржимаи ҳолига оид берган маълумотлари мазмуни қуйидагича:
“Мавлоно Юсуф Қорабоғий Ироқий шеърда ўз исмини тахаллус қиладилар, олимлар устози “Муллойи нав” (“Янгича қарашдаги олим”) лақаби билан машҳур бўлган мавлоно Мирзожон Шерозийнинг шогирдидирлар. Ушбу 1013 ҳижрийда (1604-1605) Самарқандда ўқитиш ишлари билан машғулдирлар. Илми ҳикмат ва ҳайъат, риёзиёт фанларидан давомли дарслар бериб, кўплаб шогирдлар етиштирмоқдалар. Кубравия тариқатида дарвишлик йўлини босиб ўтмоқдалар ва кўнгил хушлиги учун шеър ҳам ёзиб турадилар. Мулло Сабурий ул зотнинг манави ғазалини менга келтириб берди…”.
Мутрибийнинг биринчи тазкирасидаги Юсуф Қорабоғийга тегишли маълумотлар ана шулардан иборат. “Нусхайи зебоий Жаҳонгир”да эса Мутрибий Юсуф Қорабоғийдан ташқари унинг устози Мирзожон Шерозий, Халилуллоҳ Бадахшоний тўғрисида ҳам махсус маълумотлар ҳавола этади:
“Мирзожон Шерозий зикри. Камина Бухорода мавлоно Мирзожон Шерозийнинг оммавий дарсларида қатнашганман. У киши олиймақом мавлонолардан бўлиб, кўп фанлар бўйича китоб, рисолалари бор, айниқса, илоҳия ва каломия соҳасидаги яхши асарлари ўқувчилар учун фойдалар кони бўлган қўлланма, қайта-қайта мурожаат этиладиган манбадир. 989 ҳижрий (1580) йили Бухорога келдилар ва фанлардан дарслар беришга киришдилар. Улуғ олим ва ҳукмдорлар у кишининг ҳурматини бекаму кўст жойига қўярдилар. Аммо шу машҳурлиги асносида Бухородаги Сафидмун мавзеида ўз хонақоҳи ва кўплаб муридлари бўлган таниқли шайх Халилуллоҳ Майдоний Бадахшоний Мирзожон Шерозийни бироз такаббурлиги учун ёқтирмай, ундан кўнгиллари озор топди. Мирзожон Шерозий шу зотнинг дуои бади орқасида қаттиқ касалланиб, оламдан ўтди ва Бухородаги Турки Жандий қабристонига дафн этилди”.
Мутрибий Мирзожон Шерозийнинг вафоти йилини аниқ кўрсатмайди. Муҳаммад Малеҳо Бадеъ Самарқандийнинг “Музаккир ул-асҳоб” тазкирасида Мирзожон Шерозийнинг 996 ҳижрийда (1587) вафот этгани айтилади. Бу сана айрим манбаларда ва олимларимиз тадқиқотларида 994 ҳижрий (1585) йил шаклида ҳам берилган.
“Нусхайи зебоий Жаҳонгир”нинг Юсуф Қорабоғий ҳақидаги маълумотлари мазмуни эса қуйидагича:
“Фуруъ ва усул илмларини тўла ўзлаштирган, маъқул ва манқул соҳасини юксак даражада эгаллаган мавлоно Юсуф Қорабоғийнинг чиройли зикри. Олимлар олими бўлган бу охунд мавлоно Мирзожон Шерозийнинг шогирдларидандир. Ушбу кунларда Бухоро шаҳрида илм толибларига дарслар бермоқдалар. Ҳикмат илми ва фалсафа соҳасида тенгсиз ҳисобланадилар. Мавлоно Жалолиддин Даввонийнинг “Шарҳи ақоид” асарига яхши шарҳ битганлар. Гоҳида шеър ёзиш билан ҳам машғул бўладилар. Турон ҳукмдори Имомқулихоннинг у кишига зўр эътиқоди бор. Ушбу 1034 ҳижрий (1625) йили Сафидмун маҳалласида хонақоҳ қурдирганлар, ёз пайтлари ўша ерда ўзини қийинчиликлар гирдобига ташлаб, дарвишона ҳаёт кечириш билан бирга дарс ўқитиш ишлари билан ҳам шуғулланадилар. Кубравия сулукида муридлик нисбати эса шайх Ҳусайн Хоразмийга (вафоти 1551 йил) уланади. Камина Ҳиндистон сари сафарга отланганимда (1626 йил. — И.Б.) бир пайтлари “Талвиҳ” дарсини биргаликда ўзлаштирганимиз ҳаққи-ҳурмати учун ҳузурларига кириб ўтдим. Эски дўстлик айёмларимизни эслаб, кўп гапирдилар ва гап орасида ҳозир шеър ёзишни ташлаганини уқтириб ўтдилар. Охунддан ёшлари нечадалигини сўраганимда “Етмиш олтига кирдим”, дедилар. Ҳиндистондан қайтгач, яна охунд Қорабоғий зиёратига бордим ва ўтиришда ўз ёшларига ишора қилинган ушбу бир байтни ўқиб бердилар, унда 77 ёшга кирганлари айтилган эди”.
Биламизки, Мутрибий Ҳиндистондан 1627 йил ёзида Бухорога қайтган. Демак, ўша йили 77 ёшда бўлган файласуф олим Озарбойжоннинг Қорабоғида 1550 йили дунёга келган. Мутрибийнинг юқорида Мирзожон Шерозий ҳақидаги маълумотида акс этганига кўра, Юсуф Қорабоғий мазкур устози билан Бухорода 1580 йилдан ватан тутган.
Энди Юсуф Қорабоғийнинг мангу оромгоҳи хусусидаги фикрларга келсак, авваламбор, бу ўринда шайх Халилуллоҳ Бадахшоний таржимаи ҳолига қайтиш лозим бўлади. Ҳасанхожа Нисорий (1512 — 1596) шайх Халилуллоҳ ҳақида “Музаккири аҳбоб”да шундай маълумот беради:
“Бадахшон вилоятидан, кубравия силсиласи шайхи Ҳусайн Хоразмий хизматида шогирд ва мурид бўлган. Бадахшон ҳокими темурий Шоҳрух Мирзо бин Иброҳим Мирзо бин Сулаймоншоҳ (вафоти 1588 йил) унинг муриди бўлган”.
Нисорий Бадахшоний билан хат орқали мушоара қилганини айтса-да, бу шайхнинг ўша 1565-йиллари қаерда яшаётганини аниқ кўрсатмайди, аммо шайх номини Бухоро шаҳридан ташқари ерларда яшаб, ижод қилаётган шоирлар бобида келтиради. “Нусхайи зебоий Жаҳонгир”даги маълумотлар эса тубандагича:
“Шайх Халилуллоҳ Бадахшон вилоятининг Майдон деган жойидан, шунинг учун шайх Халилуллоҳ Майдоний нисбаси билан танилган. Бухоронинг Сафидмун маҳалласида хонақоҳи бор эди… Ҳазрат шайх Халилуллоҳ 1002 ҳижрий (1593-94) йили вафот этдилар ва Сафидмунда дафн қилинганлар”.
Ўзбек олими М.Нуриддинов араб тилидаги “Ашҳар ул-луғот” асарига асосланиб, Юсуф Қорабоғий хоки 1102 ҳижрий (1690) йили Бадахшонга кўчирилиб, устози Халилуллоҳ Бадахшонийнинг ўша ердаги мозори ёнига кўмилган, дейди. Бироқ, мазкур ёзма манба маълумоти бу кўринишда шубҳали туюлади. Чунки, юқорида кўрганимиздек, Мутрибий ёзишича, шайх Халилуллоҳ Бадахшонийнинг Сафидмундаги қабри 1628-йиллари, яъни вафотидан 35 йил сўнг ҳам ўз жойида бўлган. “Ашҳар ул-луғот” маълумотининг шубҳали жойи шундаки, ушбу ерда, биринчидан, “шайх Халилуллоҳнинг хоки қачон Бадахшонга кўчирилган” ва, қолаверса, “нега энди асли озарбойжонлик Юсуф Қорабоғий хокини ҳам вафотидан 43 йилдан сўнг айнан Бадахшонга кўчириш керак бўлган” мазмунидаги савол пайдо бўлади. Назаримизда, бу ерда ёзма манба муаллифи қандайдир хатога йўл қўйган ва модомики “Ашҳар ул-луғот”да Юсуф Қорабоғий шайх Халилуллоҳ Бадахшоний ёнига дафн этилган, дейилар экан, бизнингча, файласуф олим устози ёнида 1647 йили шу Сафидмунда тупроққа топширилган. Бинобарин, устоз ила шогирдга табаррук Бухоро замини мангу оромгоҳ бўлиб қолмоқда.
Исмоил Бекжон,
филология фанлари номзоди
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 3-сонидан олинди.