Таниқли япон шоири Таникава Сюнтаро (谷川 俊太郎) 1931 йилда туғилган. У файласуф Тесудзо Таникаванинг ўғли, бастакор Кенсаку Таникаванинг отаси.
Шоирнинг илк китоби “Икки миллиард ёлғизлик йили билан ўлчанган ёлғизлик” номи билан 1952 йилда нашр этилган. Сўнгги китоби “Мен” номи билан 2007 йили чоп этилган.
У ҳаёт ва ижод ҳақида шундай ёзади: “Биз шеър ёзиш учун яшамаймиз. Биз яшаётганимиз учун шеър ёзамиз. Асл шоир шеърларини эмас, ҳаётни суяди. Мен сўз қидириб эмас, ҳаёт моҳиятини қидириб ижод қиламан”.
УМР
Уч ёшимда
Ўтмишим йўқ эди ҳали.
Беш ёшимда
Кеча – бўлди ўтмишим.
Еттига тўлганда
Самурайлар асри ўтиб бўлди.
Ўн бир ёшимда
Ўтмишга айланди динозаврлар.
Ўн тўртда эса
Ўтмиш китобда ёзилгандек бўлиб қолди.
Ўн олти ёшимда –
Даҳшатга тўлиб боқдим
Ўтмиш харобаларига.
Ўн саккиз ёшимда –
Қандай замон эди,билмайман.
ИНСОНПАРВАРЛИК
Ким душман?
Душман – одам.
Дўст-чи,ким?
Дўст ҳам одам.
Қотил ким?
Одам – қотил.
Ким ўлди?
Одам ўлди.
Ким одам?
Одам – бу дўст.
Эҳ,қандай оғир
Олий одамлару…
Маймунлар аро.
УЙ ВАЗИФАСИ
Кўзни қисиб қарасанг –
Худо бордек туюлар.
Кўзингни бироз очсанг –
Туюлар худо йўқдек.
Агар кўзни катта очсанг –
Худони кўрасанми,йўқми?
Мана шуни билиб кел.
БАҲОР КEЛГАНДА
Гуллар узра
Оппоқ булутлар.
Булутлар узра
Осмон – чексиз,мовийранг.
Гуллар узра,
Булутлар узра,
Осмон узра
Учсайдим дейман!
Баҳор келганда
Худди шу тарзда
Суҳбат қурдим
Мен худо билан.
ЁМҒИР МАВСУМИ
Ёмғир ёғиб қора тортди
Дарахту осмон,
Қора тортди юрак ҳам.
Булутларнинг четида
Мингрангли ёғду,
Боғда эса жўякларда
Қизармоқда қулупнай.
Вақт ўтмоқда –
Булутлар кетмас.
Фақат бир маромда
Томчилайди томчилар.
Ёмғир ёғиб ювинди осмон,
Ювинди япроқлар,
Ювинди диллар.
ТУНГИ ЁМҒИР ШИВИРИ ОСТИДА
Мангу ўтирай дейман
Деразамнинг олдида,
Қўрқинчу хотиралар
Дилни тарк этар экан,
Худога ишонмасдан
Илоҳий ифорларни ичимга ютарканман,
Олисдаги пойтахтлар
Аро ерга тўкилган
Хазонни терарканман,
Ўзимни топшираркан
Тунги денгиз майлига,
Ўзимни ўзим севиб
Мангу ўтирай дейман
Деразанинг олдида.
Хуршид Даврон таржималари