Япон халқининг буюк шоири Сайгё (西行) 1118 йили Япониянинг Киото шаҳрида зиёли оиласида дунёга келди. У яшаган давр Японияда самурай жангчилари катта кучга эга бўлган вақт эди. Ёшлигидан Сайгё император Тоба армиясида аскар бўлиб хизмат қилади. Лекин 1140 йили, 22 ёшида дунёдан воз кечиб, монахликка берилади.
Сайгё ўз умри давомида кўп вақтлар Сага, Коя, Ёшино, Исе ва бошқа шаҳарларда ясаҳди. У ўзининг энг яхши шеърларини Шимолий Хонсюда ёзди. У Осака шаҳридаги Ҳирокава ибодатхонасида 72 ёшида вафот этди.
Сайгё ўз шеърларида эзгулик ғалабасини куйлайди, табиат билан инсонни севишга чақиради.
1. БАҲОР
Баҳорнинг илк тонгида битганим
Йил тугади,эриб кетди қор,
Ухлаб қолдим маъюс,умидвор.
Тушларимга кирди тун бўйи:
“Баҳор келган эмиш… Баҳор!”
Тонгда уни ўнгимда кўрдим.
* * *
Олисдаги тоғларнинг бошин
Ўраб олмиш энгил оқ булут.
Улар менга хабар берурлар:
“Мана, келди, ниҳоят
Биринчи кўклам тонги”.
* * *
Кўкламнинг илк тонгида
Қоялар қисиб турган
Музлар эриётирлар.
Чимдан ситилиб чиқиб
Йўл излайди сўқир сув.
Яшил ўт териб юриб ўтмишни эслаганим
Яшил ўтлар терлган
Далада юзар туман – нақадар қайғули у!
Гўё олис-олисда,оқ туманлар ортида
Бекинмишдир ёшлигим –
Менинг гўзал ёшлигим!
Агар мен яшаган водийда булбуллар саси тинса
Агар учиб кетсалар
Эски инларин ташлаб
Бодийим булбуллари –
Мен уларнинг ўрнида
Қўшиқ айтиб йиғлардим.
2. ЁЗ
Қари илдизларига қайтди
Яна баҳор ранглари.
Ёсино тоғларида
Баҳорнинг ўрнин олиб
Ҳукмини бошлади ёз.
Ёз қўшиғи
Тоғдаги қишлоққа олиб борувчи
Йўллар яна тозаланди,
Ўтлар қирқилди.
Гуллаган олчани қидириб юрган
Одам юрагини кўргандай бўлдим.
Какку ҳақида шеърлар
1
Тингларман – баланд чўққидан
Учиб келаётган
Какку сайроғин.
Қоялар пойига
Қулар бу овоз.
2
Ҳали сенинг сасинг пинҳондир,
Бироқ,сени кутгим келмоқда
Қимирламай шу ерда, какку!
Ямада – на – хара даласи
Кўмилган қийғос гулга.
3
Биродарим, каккужон,
Тоғ сўқмоғи бўйлаб жим
Кетсам ўлгандан кейин,
Ҳозиргидек бошим узра
Сайроғинг янграб турсин.
4
Юрагимга мунгли ҳисларни
Олиб кирган қўшиқларингни,
Тунги сайроқларингни
Унутмоқ қўлимдан
Келарми, какку?
Тоғдаги кулба ёнидаги булоқ
Гуллари тўкилган олча остида
Шабада эсишин кутиб турибман.
Кутаману қайнаб турган
Булоқдан сув ичаман
Ҳовучларим тўлдириб…
3. КУЗ
Куз қўшиқларидан
Қайғулару изтироблардан
Тиним билмай шувирламоқда
Новдаларни силкитган шамол.
Овозидан таниб қолдилар
Кузни тоғликлар.
* * *
О, бунча довуллаб
Сон-санжоқсиз барглардан
Ерга тўкилар шабнам!
Миягико далаларида
Учиб юрар кузак шамоли!
* * *
Эсмоқда совуқ бўрон.
Бу очунда неки бор,
У ғам майин ичирар.
Тўрт тарафдан ҳўмраяр
Куз шомининг зулмати.
* * *
Хотирамда тикларман
Ҳар бир хазон бўёғин,
Ҳар бўёқ турланишин…
Тинмайди совуқ ёмғир
Тоғ қишлоғи устида.
* * *
Негалигин ким айтар –
Куз кириб келганида
Изоҳлаб бўлмас ҳасрат,
Ажиб бир қайғу билан
Қийналар ҳар бир одам?
Ой қўшиқлари
1
Бепоён тунги фалак,
Тўлғин ой чақнаб турар,
Булутлар орасидан
Ўтган сўқмоқни танлаб
Йўлга отланмиш шамол.
2
Оқшом қоронғисида
Ниҳият сузиб чиқди
Кузги осмонга ҳилол.
Шундай хира порларки,
Ойгаям ўхшамайди.
3
Қандай гўзал лаҳза бу! –
Дея ўйлар зулматда
Уни кутиб турганлар.
Тоғлар чўққиси узра
Порлаб турар кузги ой.
4. ҚИШ
Қиш киргач тоғдаги кулбани кўриб
Сўқмоқ кўзга кўринмас.
Тоғдаги кулбаниям
Кўмиб ташлабди хазон.
Мендан олдин келибди
Бу ерга ёлғизлигим.
* * *
Қиров қоплаб ётибди
Сўлган ўтлоқ гулларин.
Уларга боқмоқ даҳшат!
Нима далда беражак
Энди дарвиш кўнглига?
* * *
Тсу деган мамлакатда,
Нанива қирғоғида кезиб юрган, эй, кўклам,
Туш эдингми сен, наҳот?!
Қуриган қамишларда
Шовқин кўтарар шамол.
Қиш қўшиғи
Нанива кўрфазида
Ўсгувчи қамишларни
Қировлар оқартирмиш.
Тонготарда кўрфаздан
Совуқ шамоллар эсар.
Хуршид Даврон таржимаси
* * *
Эҳ, агар бу дунёда
Ой булутга ботмаса
Олча гуллари тўкилмаса
Мен яшайверардим
Далалардан келмай умрбод
***
” Ёсино ” тоғларидаги
Олча бутоқларида
Музлаб ётар қор
Олчалар гуллашга
Кечикмасайди…
***
Дувиллаб тўкилди
Узун – узун ўт – ўланлардан .
Биллур шудринглар .
Кузги шамол гувиллар
”Мягино” далаларида
***
Нихоят кузги осмонда
Қош қорайган он
Аранг – аранг ялтираб
Қўринди узоқ кутдирган ,
Соғинтирган ой
***
Энди қандоқ қиламан мен ,
Кўйлагимнинг намчил енгида ,
Ялт этди шуъла
Ботиб кетди булут ортига
Кузги маюс ой
***
Куз оқшоми , ойдинда
Ёприлди булутлар
Ой юзин тўсмоқ учун
Йўқ , кўзларимни алдабди
Гъозлар галасининг кўланкалари
***
Осмонда ой йўқ .
Чиқармикин у ?
Мен айвонда ўлтирганимча
Узоқ кутдим
Ой чиқишин тоғли қишлоқда
***
Кундузгидай ёп – ёруғ кеча
Кўланкам ҳам кўринмас .
Ой ярақлаб порлар
Борар манзилимни англадим
Қўнғироқлар товушидан
***
Шудрингларин тўкмай
Узиб олдим мен
Гуллаган Хаги бутоғини
Чигирткалар қўшиғин тинглаб
Ой ёруғида
***
Қора сиёх билан ёзилган
Хатларга ўхшаб
Гъозлар қанот қоқиб
Гъоғолаб учар
Тунги осмонда
***
Ўт – ўланларни қайриб
Юрдим қайғуга ботиб
Шудринглардан оғирлашди
Кўйлагим енги
Чигирткалар менга қўшилиб йиғлар
***
Бахор туманлари,
Қаёққа , қайси тарафга
Учиб кетди экан қирғовуллар ?
Улар тухум қўйган ўтлоққа
Болалар ўт қўйибди
***
Туман қоплаган дала
Ўраман ўт – ўланни .
Туманлар қайғули
Болалигим беркиниб олган
Хув олисда , туманлардан ҳам нарида .
***
Туманли тепаликлар тамонга
Беркинган қирғовуллар
Узоқ – узоқлардан
Қанотлар шарпаси
Сезилар менга
***
Тинчим йўқолган
Қаэрда , қайси ўнгирда
Қайси тоғ ёнбағирида
Қайси олча
Гуллар экан биринчи бўлиб.
Холдор Вулқон таржимаси.
* * *
Ҳаловатни билмайди,
Бугун бизнинг бу дунё
Мисол омонат қайиқ.
Тўлқинларга бермас дош
Олисда қолган қирғоқ.
* * *
Зулмат ортга чекинди,
Қоп–қора тун кўксини
Ёриб чиқгач тўлин ой
Ғарбий қоя томонга
Оғиб борар оҳиста.
Русчадан Жаббор Эшонқул таржимаси
* * *
Тақдир айирди бизни,
Лекин унинг сиймосин
Унутолмам ҳеч қачон.
Қолдириб кетди ойни
Хотира учун посбон.
* * *
Гуллаган олча шохин
Шудрингига ҳавасда,
Ундаги ой шуъласи,
Чирилдоқ ашуласи
Билан узаман аста.
* * *
Бирдан хўрозлар бевақт
Қичқиришди тун чоғи.
Уларни алдаб қўйди
Ойдин куз кечасида
Ойнинг ёруғ шафағи.
* * *
Тонг отар пайти ҳилол
Эслатди айрилиқни.
Шошиб, бўлиб қолдим лол!
Шундай шамол-ла кетар,
Булут тонг шафағида.
* * *
Дилдор келмади яна
Ҳолбуки шамолларда
Эшитилар тун саси.
Унга ҳамоҳанг ўтар
Қичқириб ғоз галаси.
* * *
“Бадбахтсан!” деяпсанми?
Қани эди қалбингни
Қийнасайди изтироб!
Муҳаббатнинг дардидан
Юрагинг чекса азоб.
* * *
Мен ўзимни биламан,
Сен айбдор барига,
Деб ўйламам бошидан.
Юзинг таъна қилса-да,
Енглар ҳўл кўз ёшидан.
* * *
Мени ташладинг кетдинг…
Афсусларим бехуда,
Ахир бир вақтлар сени,
Билмас эдим аслида.
Сен ҳам билмасдинг мени.
Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржимаси.