Мититака Ямада

ТОНГ МАНЗАРАСИ

Олтин қўнғиз ивирлаб,
Нозик қадам босади.
Нозли шамол шивирлаб
Чорраҳада эсади.
Ҳар ўткинчи барига,
Енгларига илашиб…
Вақт ўтмоқда талашиб…

Янграб Шуберт мақоми
Тонг қўйнига оқади.
Гўё туман чулғаган
Олисни уйғотади.
Гўё тонгнинг юзига
Куйдан шуъла пуркайди.
Гўё уфқ лабига
Қизил бўёқ суркайди…
Йўл четида мизғиган
Кўм-кўк, кўм-кўк – ҳар япроқ
Гўё тонг мўъжизасин
Кўрмагандек ҳеч бир чоқ
Ҳайрон қолиб кўзини
Катта-катта очади.

Қушлар эса салдан сўнг
Шаҳар бўйлаб учади.
Аммо шамол булутнинг
Соқолини қирмоқда.
Булут эса ёлвориб
Унга изоҳ бермоқда:
«Қуёш юзин тўсмайман,
Чиқаверсин бемалол…»

Юпқа кумуш оқ парда
Уфқ бетин ўрайди.
Томга қўнган булутлар
Аста-аста эрийди.
Булут — ҳурлик ялови,
Юксакларда билмас ғов.
Бўрон уни парчалаб
Ташлагандир беаёв.
Энди ўша парчалар
Ер бетига қўнмоқда.
Нақши кўча-кўйларни
Безаб, порлаб ёнмоқда.
Гўё кафан бўлиб у
Сонсиз ҳалок бўлганлар,
Жони тирик қолганлар
Жасадини ўрайди,
Оҳ-додини ўрайди…

Раҳминг келсин, эй, давр!
Демак, яқин фурсатда
Кўз ёшимни қуритсанг,
Кўнгил кулар албатта!

ДАРЁДАГИ ЙИЛТИЛЛАГАН ЙЎЛ

Кумуш бўлиб товланар бу йўл,
Чор атрофи тиниқ, кўм-кўк сув.
Гар истасанг, майли, сайёҳ бўл,
Нур тўшалган бу йўллар сулув.
Сув остидан тинглайсан ҳар кун
Гоҳо йиғи, гоҳ кулги — нидо,
Гоҳ соялар суҳбатин секин,
Гоҳ қулоқни ёргудек садо.
О, ёрилиб кетдими дарё, —
Келди ўғлим товуши, эвоҳ!

…Сув остида яшил йўллар бор,
Бу йўлларда қумлар ҳаяжон
Завқли қўшиқ айтади бедор…
Наҳот кирди сояларга жон?
Наҳот улар тиригу, ҳаёт
Камалаклар нурида ўйнар?
Сувдек мовий кўзлари ёнар?
Наҳот бунинг бари хаёлот?
Оқ булутлар — оппоқ каптарлар,
Вайроналар устидан оша —
Учишингиз қандай томоша!..

Шуҳрат таржималари