Мидзухара Сюоси (1892-1981)

Мидзухара Сюоси (水原豊) – япон шоири. Ҳақиқий исми – Мидзухара Ютака. Токиода туғилган. Токио университетеини тамомлаган ва бир неча йил врач бўлиб ишлаган.

* * *

Токчадаги ёғоч қўғирчоқ –
Қотиб қолган кўзлари билан
Асрлар ортидан боқиб туради.

* * *

Минг йиллик қорлар узра
Юксалган оқ чўққида
Сакура гуллайди сукунат аро.

Хуршид Даврон таржимаси

***

Кўл узра порлаётган ойни ,
Томоша қилмас ҳеч ким
Барча шоли ўримида…

***

Бинафшалар гуллади яна
Топталди сўқмоқлар
Баҳорги ўрмонларда

***

Олмалар гуллаган.
Боягина ёққан баҳор селида ,
Оппоқ гул қоплади сохил сувларин.

***

Ой порлар.
Қайинлар сояси сезилмас ,
Туманларга чўмган қайинзор

***

Баҳорни кузатаяпман
Ёмғирларда шалоббо ивиб
Булутлар билан юзма – юз , тоғда

***

Ёмғирли кун.
Оқин бўйлаб оқар хризантемалар
Кўринмайди биронта қайиқ

***

Чой гуллайди баланд қояда ,
Шом зулмати қоплаган тоғлар.
Олислардан кўтарилар ой

***

Нахотки бинафша
Ёлғиз гуллади
Тутзорда яна…

***

Қалдирғочлар чийиллаб учар ,
Тоғлар орасидаги уйимнинг ,
Томи устидан.

***

Хаги гуллаётир
Асама тоғига чиқаман
Булутларни қайриб…

***

Жарлар аро , тўлқинлар узра ,
Чайкаларнинг ини ёнида
Олхўри гуллар…

***

Беркинади ўт – ўлан ичра
Тунаш учун ўтлоқ каккуси ,
Яқинлашар тун…

Холдор Вулқон таржималари

«Одарэмидзу довонида навбаҳор» туркумидан

* * *
Булбул куйлаётир
ёмғирнинг остида тикка қояда –
бўзлаб-бўзлаб чиқар фарёди…

* * *
Ипакқурт ғумбаги.
Қорли қоя юксакдан қарайди
дараларнинг тубига…

«Қиш қўшиқлари» туркумидан

* * *
Қандай гўзал Арслоннинг рақси!
Фудзи этагида шуълаларга ғарқ
Қўллар, қўллар…

«Хризантемалар ва турналар» туркумидан

* * *
Хризантема ифори!
Бир жуфт турна унсизгина
қўнадилар ўтлоққа.

* * *
Хризантемалар аро
турналар кезар жуфт-жуфт,
гуллар каби покиза, оппоқ…

* * *
Очиқ «хризантема куни».
Оқшом совий бошлади –
турналар товуши аччиқ.

«Накосо чегараси» туркумидан

* * *
Менинг умрим!
Хризантема билан якка
тек қотган сукутда…

* * *
Ошёнларини ташлаб,
Кулбаларнинг қошига
Қўнадилар қушчалар…

«Ямато кўчаси» туркумидан

* * *
Гуллаётган новдалар.
Кўклам, ўтлоқзор сокин –
унинг ўхшаши йўқдир!..
«Норинура тоғи ёнбағирларида» туркумидан

* * *
Тоғнинг чўққиларидан
туман тўлқини тушди,
мавжланди денгиз каби…

* * *
Юлдузлар милтирайди,
Қор босган водийга боқаман хушҳол,
Недандир қайғураман…

Русчадан Турсун Али таржималари