Хироси Нуяма

Хироси Нуяма (тахаллуси Рюдзи Нисидзава) 1903 йили туғилган. Япон шоири ва ёзувчиси.

ҚОР ЁНАДИ ЛОВУЛЛАБ…

Деразада ўтираман
Аста эгиб бош.
Деразада дам олади
Совқотган қуёш.
Совуқ нурин ойнасига
Сочиб, уялиб.
Мен тураман чап елкам-ла
Унга суялиб…

Деразанинг чап ёнидан
Қилсам томоша,
Зираклардек тизилишиб
Чап елкам оша,
Совуқ камоқ бўғотида
Қатор сумалак.
Машъум қишнинг шум инъоми
Шу бўлса керак.
Ўнг томондан қарар бўлсам:
Кеч кирмиш дарров.
Ўнг қўлимнинг кафтларига
Йиғилар қиров.

Тор дераза. Деразада
Темир панжара
Қор ёнади ойнасида
Ловуллаб, қара!

Шуҳрат таржимаси