Иккю Содзюн (一休 宗純, 1 февраль 1394 — 12 декабрь 1481) — япон шоири, рассом, хаттот, дзэн таълимотининг ёрқин намояндаси. У 1394 йилнинг 1 февралида Япониянинг қадимги пойтахти Киото шаҳри яқинидаги Сага манзилида дунёга келган.
Иккю Содзюн ўз даврининг таниқли мусавири ва хаттоти бўлиб, япон тасвирий санъати тарихидаги эътиборли Сога мактабининг асосчиси ҳисобланади.
* * *
Сўқмоқлари кўпдир
Бу юксак тоғнинг,
Аммо чўққисига етганинг замон
Кўз ўнгингда балқир
Танҳо порлоқ ой.
* * *
Мойчироқнинг олдида
Дуолар пичирлаган
Бу бечора оч роҳиб —
Буддага айлангану
Ҳамон сени ўйлайди.
* * *
Риндзайнинг шогирдлари дзэн нима билмаслар,
Аммо,мен – сўқир эшак,
Ҳақиқатни англадим.
Аёлнинг муҳаббати
Ўлимсизлик бағишлар.
* * *
Нима ўзи “Юрак” отли руҳ,
Тасаввур қила оласизми
У ўзи нима? –
У қора туш билан чизилган
Қайинзорда куйлаган шамол…
* * *
Инсон руҳи пинҳон,
На иси, на саси бор.
Агар кимдир сўзамоллик қилса
Юрак ҳақида –
Билингки, у ғирт ёлғончи, у зот – фирибгар!
* * *
Кулбамда қолдиргум бору йўғимни,
Қолдиргум финжону чўб қошиғимни.
Юким енгил – олис йўлга чиқмоғим
Учун кифоядир эски бойлигим –
Самон ёпинғичу эски қалпоғим.
* * *
Умримиз вақтлидир –
Ўткинчи дунёдан Абадиятга
Боргувчи йўлдаги манзилдир,холос.
Шундай экан, ёмғир ёғса – ёғаверсин изиллаб,
Шамол эсса – эсаверсин бетиним.
* * *
Кеча-кундуз роҳиблар қиладилар ибодат,
Тилларида айланар Қонундаги ҳикматлар.
Аммо, булар бефойда – чунки нодон роҳиблар
Шамолу қор, ёмғиру ой йўллаган
Ишқий мактублардан бехабарлар,бехабар.
* * *
Демак, ҳеч ким билмаса
Умр йўли оқибат
Қай манзилга элтишин –
Адашаман,деб қўрқма,
Қўрқмасдан боравергин.
* * *
Илтимос,қайғурмагин,қайғурмагин,илтимос,
Неча марта айтайин бу ҳикматни мен сенга –
Қаерда ва ким бўлмоғинг
Қаерда ва кимлигинг
Билан боғлиқ ҳаммавақт.
* * *
Қудратли тўлқин келса,
Унга қарши курашиб,
Кучингни сарфламагин.
Яхшиси, сен ўша
Кучли тўлқинга ишон.
ҲАЗИЛ ТАНКАЛАР
* * *
Роҳиб бўламан дея
Уйланмасанг,унда сен –
Эшакдирсан бор–йўғи .
Воз кечсангу ёр топсанг.
Одамдирсан бор–йўғи.
Хуршид Даврон таржималари