Тиё-ни (千代尼; 1701—1775) — япон шоираси. Кага провинциясида туғилган. 1753 йили Тиё монахликка ўтиб, умрининг охиригача монастирда хизмат қилади.
***
Тўлин ойли тун.
Ҳатто қушлар ёпмади
Ин эшигини.
* * *
Оҳ, танҳо ёрқин ой!
Мен юрдим сен томон, сен томон,
Аммо сен ҳамон йироқ.
Вафот этган гўдакни эслайман
Дераза қоғозини
Энди ким ҳам тешарди.
Қандай совуқ бу хона.
Рауф Парфи таржимаси
* * *
Тунда чирмашди чирмовуқ
Қудуғимнинг пақирига…
Сув сўрайман ҳамсоямдан!
* * *
Қўлимда қармоқ.
Қармоғимнинг ипига сал илинди
Ёз ҳилоли.
* * *
Дарё мавжлари узра
Ўзининг соясини
Тутар, тутар ниначи.
* * *
Ой тўлган кеча!
Ҳатто қушлар ошёнларининг
Эшикларин ёпмадилар.
* * *
Заъфароннинг гулида шабнам!
Улар ерга тўкилганида
Айланади оддий бир сувга…
ШЕЪР ЁЗАЁТИБ
Мен: “Оҳ какку, оҳ какку”, дея
Қайта-қайта таъкидлагунча
Аллақачон тонг отиб бўлди.
* * *
Оҳ, тўлин ой!
Йўл юрдим, йўл юрдим сен томон,
Узоқдасан, бироқ сен ҳамон.
* * *
Эшитилар фақат товуши…
Кўринмас оқ қарғалар
Тонгда ёққан қор узра.
* * *
Ухлаётган капалак!
Тушда нимани кўрди?
Қанотларини қоқди.
* * *
Лабларимнинг бўялганин
Ҳам унутдим…
Тоза булоқ!
Рус тилидан Турсун Али таржимаси