Ли Бо (李白; 李太白) – Тан сулоласи давридаги мумтоз Хитой шоири. “Ўлмас шоир” номи билан машҳур бўлган. Ли Бо Хитой шеъриятида энг ўлмас ва ўқишли шеърлар муаллифи сифатида из қолдирган.
У ўзидан 1100 асар қолдирган, ундан 900 таси шеърлардир. Ҳали ҳаётлик чоғларидаёқ “Буюк” деган эътирофга сазовор бўлган. Унинг адабий мероси шеърлар ва ритмик проза – саъжни ўз ичига олади. Ли Бо ижодида асосан Ватан мадҳи, эркин ва ҳур меҳнат жараёни, тоғлар ва ўрмонлар гўзаллиги, шунингдек, дўстлик туйғуси ифодаси етакчи ўринни эгаллайди. Унинг кўплаб асарларида шимолий кўчманчилардан азият чеккан хитойликлар тақдиридан куюниш, хавотир ҳислари кўзга ташланади.
ЛУШАНЬ ТОҒИДАГИ ШАРШАРАГА ҚАРАГАНИМ
Бўз туманлар кетида ловиллар оқшом,
Қарайман олисдан бу манзарага.
Қарайман пасту баланд тоғ тизмалари
Ҳам шаршарага.
Булутли чўққилардан отилиб тушар —
Ўтиб тоғлардаги
не-не ўрмондан.
Сомон йўли узилиб
тушганга ўхшар
Худди осмондан.
ЛУШАНЬ ТОҒИДАГИ ШАРҚҚА, БЕШ ЧОЛ ЧЎҚҚИСИГА ҚАРАГАНИМ
Беш Чол чўққисига узоқ қарайман —
Лушань тоғи, жануби-шарқ томонга.
Олтин чечак каби юксалмиш чўққи,
Кўринади боши осмонда.
Тепасига чиқсам, кўрингай жаҳон,
Қани чиқолсаму баҳралар олсам…
Кошкн шунда яшаб, сўнги сафарни
Шу чўққида тугата қолсам!
ОЙДИНДА ЁЛҒИЗ ИЧГАНИМ
Гулзор ўртасига қўйдим кўзани,
Кеча жимжит эди, ой тўлғун.
Жимжит шу кечада ичаман ёлғиз,
Дўст йўқ эди ёнимда бугун.
Улфат бўлайлик деб чақирдим ойни,
Суҳбат ширин бўлғуси, инон,
Даврага ундадим ўз соямни ҳам,
Ичмакдамиз ҳозир учовлон.
Ўз-ўзимга секин бераман савол:
Ичармиди ахир ой ҳам май?
Май ичганми соя ахир бирон вақт.
Юрса ҳамки издан айрилмай?
Ой бор жойда доим соя ҳам ҳозир,
Шу важданки, тунларда мен ҳам –
Розиман учовлон базму айш қурсак,
Тағин қайтиб келгунча кўклам.
Мен қўшиқ бошлайман – куй мақомига
Тўлғанади ой ҳам ушбу тун,
Ўйнайман – соям ҳам ўйинга тушар –
Ўзи новча, соқов, бешовқин.
Шўх ва шодон эди ширин базмимиз.
Маст ҳам бўлдик ахир учовлон,
Биз ўбдан маст бўлиб, ажралишдик-да,
Ҳар ким кетди ўз йўли томон.
Токи Сомон йўли ёнида ёрни
Учраткунча ёруғ осмонда,
Тағин бу ҳаётда якка ва ёлғиз
Дайдиш қолди менга жаҳонда.
ОҚАР СУВДА
Жимир-жимир оққан сувда
Кузги тўлин ой.
Жанубдаги кўлда ором,
Сукут ва чирой.
Нилуфар-чи менга мунгли
Бир гап демоқчи.
Балки менинг кўнглимга ҳам
Мунг тўлдирмоқчи.
ТИНИҚ ДАРЁ МАҚТОВИ
Ювилади қалбим ғубордан
Тиниқ дарё қирғоқларида.
Сувларининг ранги ғалати,
Ўхшамайди минг дарёга ҳам.
Сиздан сўрай… Синьан-ку оқар
Бу эллардан кўп йироқларда,
Сув тагида ҳар майда тошни
Шундоқ аниқ кўрарми одам?
Инсон акси кўринар аниқ
Гўё тиниқ, ёрқин кўзгуда.
Қушлар акси гулдор пардада
Чизиқларнинг рангидай аён.
Маймунларнинг ғалваси фақат
Оқшом тинчин бузади жуда,
Хуноб бўлар не-не йўловчи
Ҳам ойдинда дайдувчи инсон.
БОДИ ШАҲРИДАН ЭРТАРОҚ ЧИҚҚАНИМ
Гулгун булутларнинг қоқ ўртасида —
Боди шаҳрин ташлаб кетдим мен бугун,
Юзиб бормоқдамиз дарёда жадал,
Минг фарсах ўткаймиз оқшом тушгунча.
Ҳали маймунларнинг ғала-ғовури
Қирғоқларда садо бермасдан бурун —
Олисдан қорайиб кўринган юзлаб
Тоғ орқада қолди, жадаллик шунча!
КЕЧАСИ НЮЧЖУ ҚОЯСИ ТАГИДА ҚАЙИҒИМНИ БОҒЛАБ, ЎТМИШНИ ЭСЛАГАНИМ
Қадим қоя тагида боғладим қайиқ,
Кеча бирам гўзалу бирам ярқироқ,
Ойдинда тўлқинлар ҳам ёрқин ва ёйиқ,
Бу кеча генерал Се йўқ эди бироқ.
Ахир мен ҳам шеърлар ўқий олардим,
Афсус, аммо, эшита олмас у ҳозир…
Кеча ўтиб бормоқда беҳуда ва жим,
Заранг ўз баргларини тўкмоқда бир-бир…
ҚИШ КУНИ ТОҒДАГИ ЭСКИ ҚЎНАЛҒАМГА ҚАЙТИБ КЕЛГАНИМ
Толғин кўзларимдаги
Ёшни артмадим ҳали,
Тўралик тўнимдан
Чангларни қоқмадим ҳали.
Чулғабди тол новдалар,
Кўринмас ёлғиз сўқмоқ,
Беғубор, баланд кўкда
Қорли тоғлар ярқирар.
Барглар хазон бўлибди,
Ер гувиллар бемажол.
Табиатнинг ўзидай —
Булутлар ҳам турғун, лол.
Бамбук ўсибди қалин,
Нуқул бачки чулғабди.
Қадимги дарахт бўлса,
Чириб, сойга қулабди.
Қайдандир югурар ит,
Ҳадеб вовиллар, қаранг.
Деворларни мох босмиш,
Чанг босмиш сарғиш-кулранг.
Вайрона ошхонамдан
Учиб чиқди қирғовул.
Қийшиқ томда бир қари
Маймун йиғларди нуқул.
Қушлар қоқ бутоқларда
Ўтирар жим, қўшиқсиз.
Таниш арча тагида
Йиртқичлардан сўқмоқ — из.
Китобларга қарайман,
Куя ебди беомон.
Тўшагимнинг тагида
Ғимирлар қари сичқон.
Тўғри яшашим даркор —
Балки бўлғум донишманд?
Табиат, ҳаёт, инсон —
Шу хаёллар этди банд.
Бундан кетишдан кўра,
Тўғри келса, айтайин,
Гўрга кетганим дуруст,
Мангу чириб кетайин!..
Миртемир таржималари
Мармар зина олдидаги қайғу
Аллақачон мармар зинани
Қоплаб олган муз каби шабнам.
Куз кечаси нақадар узун!
Намхуш,мана,пайпоқларим ҳам!
Уйга қайтиб оҳорли шоҳи
Дарпардамни туширдим секин.
Дарпардамнинг ортидан боқдим,
Хира нурин тўкар ой сокин.
Шукрулло таржимаси
Оқ қўтон
Оқ қўтонни кўриб қолдим
Кузги сокин қирғоқда.
Қировдек оқ, учиб келиб
Сузаётир овлоқда.
Юрак бирдан ғамга ботди,
Уйғонди дилда видо.
Қумли сокин оролчада
Турардим мен ҳам танҳо.
Қайғу
Мармарли дераза
Олдида хёл
Суриб ичикади
Бир соҳибжамол.
Ғамли кўзларида
Порлар нам туйғу –
Ким билади:
Кимни ўйлар у?
Баҳорги ўйлар
Сиз томонда майсалар бўртиб,
Чўзмагандир бошини нурга.
Бизда эса толни барг босиб
Оғирликдан буккандир ерга.
Сен қошимга келмоқчи бўлиб
Йўлга чиқсан,бегим,ўша кун
Соғинган бу юрак қувончдан
Кўксим ёриб чиқиши мумкин.
Баҳор ели бегона менга,
Чорламасман уни қошимга.
Аммо нечун у ярим тунлар
Кириб келар менинг кўшкимга?
Оқар сувда жилваланар
Оқар сувда жилванар
Кузги ой акси.
Жанубдаги кўлни қучган
Сукут палласи.
Оқ нилуфар мени ғамдан
Этмоқчи огоҳ,
Токи менинг дилимдаям
Бўлсин мунгли оҳ.
Куз соҳилидан хотинимга ушбуни жўнатдим
Ҳеч қачон,ҳеч ерда
Йўқдир оромим.
Йўл эса тобора
Ватандан йироқ.
Қайиқда сузаман,
Сувдир паноҳим.
Сенга мактуб битиб,
Дилимда фироқ.
Илож йўқ кезмоққа
Бирга дарбадар.
Сен оилс шимолда,
Мен жанубда зор.
Уйдан,оиладан
Айирди йўллар,
Уч йилдир,билмайман
Аҳволингни,ёр!
Рангимда ранг йўқдир,
Чаккаларим оқ.
Мен қандай қайтарай
Табассумингни!
Бир кун меҳмон келди –
Маст,кайфи тароқ.
Қўлида ушларди
У мактубингни.
Ўқидим зарбофга
Тикилган сўзни,
Сўзларинг зор йиғлаб,
Дил очди бир-бир.
Гарчи тоғ,дарёлар
Айирар бизни,
Орзумиз ягона,
Ўйимиз бирдир.
Хуршид Даврон таржималари
ТУНГИ ХАЁЛ
Деразадан ётоғимга нурли йўлдек
Тўкилади ойнинг заррин ёғдулари.
Қировмикан, бу, эҳтимол, билолмадим,
Ё кечанинг мунгли-мунгли кулгилари.
Деразадан мўралайман, кеча ойдин,
Борлиқ ойнинг шуъласида тебранар тинч.
Ёстиғимга бош қўяман, аллалайди
Хаёлимни Ватан деган мунис соғинч.
ЁЗ КУНИ ТОҒДА
Иссиқ жондан ўтади, ҳатто
Елпинмоқ ҳам келади малол.
Кечки салқин тушгунича то,
Нафас олмоқ бунчалар маҳол.
Одимлайман тоғ сари илдам,
Усти-бошим ҳилпирар хиёл.
Қарағайлар ифоридан маст,
Урилади бағримга шамол.
ДЎСТИМ БИЛАН КЕЧГАН ОҚШОМ
Бу кеч эски андуҳларни
унутдик, бас.
Ойдин кеча оғушида
уйқу келмас.
Юз пиёла бўза ичсам, ҳатто,
дўстим,
Дийдорингга ташна дилни
қондиролмас.
Тун дўстларнинг гурунгини
олқишлайди,
Чарчасак-да, киприкларга
ғафлат қўниб,
Токи замин тагимизга
тўшак солиб,
Осмон кўрпа ёпмагунча
уйқу инмас.
* * *
Сочимнинг уч минг уч толаси оппоқ,
Андуҳларим узун – ҳадсиз, ҳудудсиз.
Кўзгуга боқаман: манглайда қиров,
Умрим боғларига яқинлашар куз!
Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржималари