Хо Суан Хионг (1772-1822)

Шоира Хо Суан Хионг (Hồ Xuân Hương) “Вьетнам шеъриятининг қироличаси” деб ном олган. Унинг ижодида инсон қалби ва ҳаёт гўзаллиги табиат манзараларига уйғун ифодаланади. Хо Суанг риёкорлик, ахлоқсизлик каби иллатлар кескин танқид қилинган шеърлари билан ҳам танилган. У кичик шеърий (тўртлик ва саккизлик) жанрларни мукаммаллаштирган.

* * *

Ўтди, Суан, сенинг баҳоринг ўтди,
Энди, мана, тез-тез қоларсан ёлғиз.
Тонгда боққа эшик очганинг маҳал,
Боқ, кўрарсан камроқ гулларни, эсиз.
Капалаклар биқиниб олган хонада
Чувалиб туйғулар риштаси такрор,
Хушифор гултувак ҳам энди муздайин…
Ўтди, Суан, ўтди сендаги баҳор,
Сирли орзуларни инонгунг кимга?
Бош учида болиш, сен эса ёлғиз.
Ҳатто зар жилоси абадий қолмас,
Шундоқ ўтиб кетди баҳор ҳам, эсиз.
Бор эди йўл сари минг битта сўқмоқ,
Пешанада бори – келса минг бало.
Ўтган йилларни-чи, танидингми ҳеч,
Шодлик билан андуҳ эгизак аммо.
Яратганнинг амри метиндан-метин:
Жазира, замҳарир бергай бир йўла.
Ёнбошда дўст эди, энди у ҳам йўқ,
Ярми бўш болиш ҳам дағал бир лўла.
Арзингни тинглайди яккаш чор девор:
Ўтди, Суан, энди қайтмайди баҳор!

Рус тилидан Турсун Али таржимаси