Аҳмад Фараз (1931-2008)

Аҳмад Фараз (احمد فراز) – шоир, адабиётшунос. Пешовар университетида ўқиб, урду ва форс тили, адабиёти бўйича магистрлик даражасини олган. Фаолиятини Покистон радиосида сценарийнависликдан бошлаган. Кейинчалик Пешовар университетида урду тили ва адабиётидан дарс берган. Покистон Миллий китоб фонди раиси вазифасида фаолият юритган. У Покистоннинг кўплаб адабий мукофотлари ва халқаро адабий мукофотлар билан тақдирланган.

ЗАБОНСИЗ КАККУ

Эй, менинг девона кўнглим,
Кел, тўхтайлик,
Дам олмоқ фурсати етди.
Азобу маҳрумлик яраларидан
Қон тўкиб яшамоқ ҳаддидан ўтди.
Ҳамманинг қўлида заҳарли найза,
Адолат ҳақида қандай сўзлайсан,
Шафқатсизлик денгизи ҳалқага олган,
Қандай жанг қиласан уларга қарши,
Ягона қуролинг фақат сўз билан.
Хўрликлар Ҳимолай тоғидай,
Парчалаб ташлайсан қайси куч билан?

Қанча фурсат керак,
Қанча нафас керак…

Ҳориган бу кўзлар юмилсин, майли,
Энди орзулар ҳам кўмилсин, майли.

Қара, қандай яшар ёру дўстларинг,
Бариси муроса йўлини тутди.
Воз кечдилар жасоратлардан –
Қиссалари мухтасар битди.

Қара, қандай осон экан ғурурни сотиб
Яшамоқлик ҳаловату ҳузурга ботиб.

Ёлғизмисан, бу саҳронинг поёни йўқми,
Биёбонни кесиб ўтган бир кимса йўқми?

Бу саҳронинг сарҳадига етганингда ҳам
Оғриқларинг, дардларингга ким қўяр малҳам?

Эй, менинг девона кўнглим,
Кел, тўхтайлик, ортга қайтайлик.
Ҳаёт оқаётган қир-адирларда
Баҳорни асрамоқ учун қайтайлик.
Сайрамаслик учун шаҳарга келган
Забонсиз каккудай қайтайлик.

Рус тилидан Азиз Саид таржимаси