Шевченко Тарас Григорьевич [1814.25.11(9.3), ҳоз. Черкасск вилояти Звенигород тумани — 1861. 26.2(10.3), Петербург] — украин шоири ва рассоми.
14 ёшидан помешчик П.В. Энгельгардтнинг дастлаб Вильшан қишлоғи, сўнг Вильно, 1831 йилдан Петербург шаҳарларидаги уйида рассом чифатида тарбияланган. Шевченко 1836 йил рассом И.С.Сошенко ва у орқали К.П.Брюллов, В.И.Григоревич, В.А.Жуковский сингари таниқли рус рассом ва адабиётчилари билан танишган. 1838 йил Брюлловнинг кимошди савдосида топган пули эвазига крепостнойликдан озод этилган. Шу йил Бадиий академияга қабул қилинган Шевченко тасвирий санъат сирларини эгаллаш билан бирга илғор ва курашчан дунёқарашли ижодкор сифатида шаклланган.
Шевченконинг илк балладаси 1838 йилда эълон қилинган. Унинг 1840 йил Петербургда нашр этилган «Қўбузчи» шеърий тўплами украин адабиёти тарихида янги даврнинг бошланганидан дарак беради. Шевченконинг романтик руҳ билан йўғрилган илк ижодида баллада, қўшиқ ва «ўйлар» устуворлик қилади. «Катерина» (1838) сингари дастлабки шеър ва достонларида крепостной воқеликка бўлган норозилик кайфияти яққол ифодаланган.
Шевченко ижодининг шоҳ намуналаридан бири — «Гайдамаклар» (1841) достонида украин халкининг 1768 йилда поляк феодаллари зулмига қарши кўтарган қўзғолони тасвир этилган. Шевченко 1842—43 йилларда рус тилида «Никита Гайдай» драмаси, «Кўр қиз» ва «Истеъдодсиз» достонларини, рус ва украин тилларида эса «Назар Стодоля» (1843) драмасини ёзган.
Шевченко 1843 йил майида Украинага келиб, украин халқи ҳаёти билан яқиндан танишган. У шу сафар чоғида кўплаб расмлар яратиб, уларни «Украина манзаралари» (1844) альбомида эълон қилган. 1844 йил февралда Петербургга қайтган Шевченко Бадиий академияни «эркин санъаткор» унвони билан тугатиб, 1845 йилда яна Украинага келган. У Киев археологик комиссиясининг рассоми сифатида Украинанинг бир қанча вилоятларига саёҳат қилган. Шевченконинг 1843—45 йилларда яратган «Туш», «Кавказ», «Даҳрий», «Укки», «Чўри» сингари достонлардан иборат «Уч йил» тўплами украин шеъриятининг янги жанрлар билан бойиши, унга сиёсий мавзуларнинг кириб келишига замин ҳозирлади.
Шевченко 1847 йил апрелда «Уч йил» тўпламига кирган шеърлари учун қамоққа олиниб, Орск қалъасидаги Оренбург алоҳида корпусига солдат сифатида юборилган. 1848 йил капитан-лейтенант А.И. Бутаков Ш.ни Орол денгизини текшириш экспедициясига рассом сифатида таклиф этган. Шевченко мазкур сафар пайтида 350 дан зиёд акварель портрет ва манзаралар яратган. Аммо 1850 йил апрелда Шевченко яна қамоққа олиниб, Каспий денгизи бўйидаги Манғишлоқ яриморолига жўнатилган.
Шевченко қаттиқ назорат остида бўлишига қарамай, 1851 йил геологик экспедиция таркибига рассом сифатида жалб этилган. Шевченко Новопетровскда қалъа комендантининг ижозати билан рус тилида «Созанда», «Эгизаклар» (1855), «Бахтсиз» (1856), «Нашъали сайр» (1858) сингари қиссалар ёзган. Аммо муаллиф бу асарларини ҳаётлик пайтида эълон қилолмаган. Николай I вафотидан кейин Шевченко озод этилган ва 1858 йил мартида Шевченкога Петербургда яшаши учун ижозат берилган.
Россия шу йилларда крепостнойлик ҳуқуқини бекор қилишга тайёрланаётган ва инқилобий уйғонишлар даврига кира бошлаган эди. Крепостнойлик тузумини ислоҳ этиш бўйича олиб борилаётган ишларни кўрган Шевченко халқни ҳурриятни инқилобий йўл билан қўлга киритишга чақирувчи асарлар ёзган.
Шевченко янги украин адабиётига халқнинг тарихий тақдири ва келажаги билан боғлиқ ғоя ва образларни олиб кирган, ундаги реалистик йўналишга янги ҳаёт бағишлаган. Айни пайтда украин тилининг миллий адабий тил сифатида шаклланиши ва камол топишида Шевченко ижоди катта роль ўйнаган.
Ш.нинг айрим асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Тошкент шаҳрида унга ҳайкал ўрнатилган, номига кўча қўйилган.
ЎЙЛАРИМ СИЗ, МЕНИНГ ЎЙЛАРИМ
Ўйларим сиз, менинг ўйларим,
Мендир адо, сиз куйдирасиз.
Нега қоғоз бетига тушиб,
Кўз олдимда ғамгин турасиз?
Ўйларим сиз, менинг ўйларим,
Нега сизни шамол чанг каби
Тўзитмади чўлларга ёзиб?
Нега ҳасрат ўз боласидай
Ўлдирмади, тагига босиб —
Уйқусираб сизни, ўйларим?
Чунки ҳасрат билан дунёга
Таҳқирланиш учун келдингиз:
Қанча йиғи-сиғилар билан,
Кўз ёшларда сиз қуйилдингиз…
Нега ахир ўша кўз ёшлар
Сизни ювиб ва ғарқ этмади?
На денгизга тўкдилар сизни,
На далалар чанқаб ютмади?
Сўрашмасди ана ўшанда
Эл-халойиқ дард тортганимни…
Сўрашмасди нега лаънатлаб,
Тақдиримга тош отганимни,
Нега дунё азоблар мени?
Энтикаман, қалбимда яра.
«Лақиллайди бекордан-бекор!»
Дея этмасдилар масхара.
Болаларим, севган ўйларим!
Сизни экиб, ўстирдим нега?
Жаҳонаро биронта юрак
Сизнинг билан йиғлаганимдак
йиғлармикан ботиб қайғуга?
Тўғри чиқар, балки ўйлашим,
Менинг каби кўксин тиғловчи,
Ўйларим-ла бирга йиғловчи
Бирор юрак топилар қиздан,
Қиздан, балки, қуралай кўздан?
Шундан ўзга йўқдир ҳожатим.
Қуралай кўз тўкса томчи ёш,
Бас … шундадир бахтим, роҳатим.
Уйларим сиз, менинг ўйларим,
Адо бўлдим, сиз куйдирасиз.
Қуралайдек кўзлар ўйида,
Нафис, қора қошлар кўйида,
Юракларим толпинди шодон,
Юраклардан сўз оқди равон.
Ўз ҳолича ва билганича
Тим қоронғи кечаларни деб,
Олчазор-у боғчаларни деб,
Қизлардаги ғамзаларни деб…
Украинадаги чўлларни,
Қўрғон-мозор тепаларни деб,
Юраклардан сўз оқди равон;
Юракларим ачинди ёмон,
Истамади куйлаигни сира
Бегона ер, ғурбатлар ичра…
Ўрмонларда, қирларда туриб,
Туғ кўтариб, гурзи кўтариб,
Юрган ўша казак аҳлидан —
Бир чақириб ёрдам олгани,
Ё маслаҳат, ҳамдам олгали,
Дил чопмади, кўнгил бўлмади…
Қўйинг, майли, Украинада
Казак руҳи кезсин, сарфароз,
Саҳродай кенг, чексиз сийнада
У бошидан бу бошигача
Севинч-қувонч тўлган, жуда соз…
Оқиб ўтган эркинлик каби
Кенг бир дарё Днепр — денгиз.
Чўллар, чўллар, саҳролар чексиз,
Қирдай мозор тепалар-тоғлар,
Пишқиради ҳарсанг қирғоқлар,
У ерларда туғилди,ўсди
От сакратиб сарбаст казаклар.
Унда шляхта, татарлар билан
Бўлган жангда қонлар тўкилди.
Ҳоримади казаклар эрки,
Далаларга гавда экилди…
Сўнгра тинди…
Ана ўша замондан бери
Кўп қабрлар ердан ўсди-да,
Қора бургут қоровул каби
Учиб юрар унинг устида.
Ўша жанглар, кўплаб қабрлар
Тўғрисида айталар ҳамон
Кўзи ожиз, кобзарь фақирлар
Куйлайдилар тарихий достон.
Чунки ақл билан тўлгандир
Ўшаларнинг донишманд боши…
Лекин мен-чи? Лекин менгина,
Менда фақат бир йиғигина,
Украина учун фақат кўз ёши…
Сўзлагани тилим келмайди…
Алам, ҳасрат!.. Ҳасрат дейсизми?..
Ахир уни ким ҳам билмайди?..
Кимки халққа қадрдон бўлса,
Кўнгил бериб, жонажон бўлса,
Оғирликка бўлса у ҳамдам,
Унга ушбу дунё ва ҳаёт
Кўринади дўзах, жаҳаннам,
У дунёда, У дунёда-чи…
Шунча ёниб, ютиб ҳасратни,
Гар саодат менда бўлмагач,
Чақирмайман бахт ва қисматни.
Майли, шунча жафо, машаққат
Умр сурар уч-тўрт кун фақат,
Яшираман жафо, фиғонни,
Яшираман ёвуз илонни —
Юрагимга, токи кўрмасин —
Душманларим ҳасрат кулкисин…
Майли, қўйинг, ўй қарға каби
Учиб юрсин ҳамда сайрасин.
Лекин юрак бир булбул каби
Куйласин ҳам фиғон айласин.
Бу яширин — киши кўролмас,
Масхаралаб, мазах қилолмас…
Кўзларимдан ёшлар тўкилар —
Кеча-кундуз, қўйинг, артмангиз,
Оқсин-оқсин, ҳеч тўхтамангиз,
Токи-токи… бегона қумлар
Билан кўзим қачон юмилар,
Чет ерларни суғорсин улар,
Оқса-оқсин, майли, артмангиз…
Шундай экан… Энди не чора?
Ҳасрат ёрдам қилолмас зарра.
Кимки менга қилса ғайирлик,
Мен етимни этса истеҳзо,
Худо берсин ўшанга жазо!
Уйларим сиз, гул лолаларим,
Уйларим сиз, жон болаларим,
Парваришлаб ўстирдим, нетай?
Қаерларга сизни узатай?
Ўйларим сиз, жон болаларим!
Боринг ўша Украинага,
Ўша бизнинг Украинага,
Деворларнинг тагидаги зор —
Йиғлаб юрган бўлиб хокисор —
Етим-есирларнинг олдига.
Мен узоқда ҳалок бўламан.
Сиз у ёқда топа оласиз
Самимий қалб ҳамда ҳурматни,
Ўша ердан топа оласиз
Чин ҳақиқат, балки, шуҳратни…
Украинам,
Севимли она,
Шу беақл болаларимни,
Уз гўдагинг, болангдек қараб
Кутиб олгин, севиб дўстона.
1839
Амин Умарий таржимаси
ВАСИЯТ
Ўлсам менинг жасадим
Украинага кўмилсин;
Қабрим у кенг даланинг
Энг ўртасида бўлсин.
Поёни йўқ она ер
Ва зангори Днепр
Кўриниб турсин менга,
Вағиллаб оққан дарё
Билиниб турсин менга!
Душман қонини дарё
Ювиб оқизган замон,
Элим топган кун омон,
Қўзғаларман қабримдан.
Кўминг-у қўзғанг исён,
Кишанлар кул-кул бўлсин,
Эрк жангида душманнинг
Қора қони тўкилсин.
Сўнг улуғ оилада
Бошлангиз эркин ҳаёт,
Секингина мени ҳам
Ёд этиб қилингиз шод.
1845
КИЧКИНА МАРЯНАГА
Ўс, гўзалим, ўс, менинг қушчам,
Эй, сен менинг лола рангим, ўс.
Ҳали қалбинг парчаланмаган,
Япроқ ёзу очил, маъсум ўс.
Сен кўкарган жимжит водийни
Одам зоти кўрмаган ҳали,
Агар билиб қолгудай бўлса
Юлиб олиб, қуритар сени.
На покиза навниҳол йиллар,
На ҳуснга тўлган юзларинг,
На тонг чоғи кўз ёши ювган
Сенинг қора қийғоч кўзларинг.
На-да маъсум, поку озода,
Ва бегуноҳ қиз қалбинг сенинг
Оч кўзларни тўйдиролмаслар…
Тўйдиролмас, юмдиролмаслар.
Улар келар, ўғирлар сени
Ва дўзахга сен бечорани
Куйдирарлар ташлаб беомон…
Қийналурсан ўт азобида,
Ва Тангрини қарғарсан ёмон.
Янги гулим очила кўрма,
Очилмасдан, хазон бўла қол;
Ҳали қалбинг парчаланмаган,
Ғунчаликда секин сўла қол.
* * *
Гар бўлмаса бир кулба хонанг
Ва кутмаса ҳамшира онанг,
Бундан ёмон бир хўрлик йўқдир,
Дилинг қайғу билан тўлиқдир.
Менда йўқдир сингил ва опа,
Бу бахт менга тамом бегона.
Мен бу бахтни ҳеч бир билмадим;
Фақат шундай қоврилди умрим.
……………………………………..
Қачонлардир узоқ ёт элда,
Кўзим менинг йўқолди сенда!
Қисмат ёмон, дея йиғладим,
Бир ошиён, дея йиғладим.
……………………………………..
Узоқ кездим денгизда сарсон,
Сирдарёга чиқдик бир замон;
Лангар ташлаб тўхтаган бўлдик,
Яъни бўшаб дам олган бўлдик.
Ватагадан хат келтирдилар,
Ўқигали эл ўлтирдилар.
Биз, икки дўст ёнбошлаб ётдик,
Икки сирдош хаёлга ботдик;
Мен: “Дунёда она ва бир хат
Топарманми”, дер эдим фақат.
– Сен ёлғизми? – деб сўрадим жим,
– Уйим, болам бор, – деди дўстим, –
Кулба хона, она, ҳамшира
Бору, бироқ хат йўқдир сира…
Ҳамид Олимжон таржимаси
***
Алла, болам, алла, ғуссам,
Дардим сен тун-кун…
Украинада кезганинг дам
Қарғайсан бир кун.
Сен отангни, ўғлим, ҳеч вақт,
Қилма гуноҳкор.
Мени қарға, менман бадбахт
Мендан қилгин зор.
Мен оламдан ўтган нафас
Ўрмонга кетгин.
Ҳеч ким кулиб, таҳқирламас
Сен унда кезгин.
Калинамни ахтариб топ,
Ва қилгин таъзим,
Севар эдим мен уни соф
Жигарим, бағрим.
Халқ ичига кириб қолсанг
Тинмасин кўзинг.
Аммо она-бола кўрсанг,
Ўгиргин юзинг…
* * *
Бой қизига уйланма,
Хўрлаб уйидан қувар.
Қашшоқ қизга бойланма,
Умринг йўқликда ўтар.
Уйлан озод, эркинга,
Шудир казак қисмати:
Очсан, лекин эркингга
Эгасан шамол каби.
Биров қилмайди хушвақт,
Азоб ҳам солмас ҳеч ким.
Қаеринг оғрир, не гап,
Кўнглингни олмас ҳеч ким.
Дейдилар: Эр-хотинга
Бир дард чекмоқ енгилроқ
Инонма, кўз ёшингга
Кўз тушмагани беҳроқ.
Зулфия таржимаси
ПОДШОЛАР
I
Аполлоннинг қари синглиси,
Ҳеч бўлмаса, бир соат, бир оз
Биз тарафга ташриф этсангиз,
Юксалтириб илоҳий овоз –
Гўзал қасидалар айтсангиз.
Қўлласангиз бир сафар мани;
Мадҳ этишга тушсак иккимиз.
Шоҳлар ёки бирор нарсани.
Чунки сизга ростини айтсам,
Жонга тегди анов мужиклар,
Бойвуччалар, эрга тегмасдан
Номусидан айрилган қизлар.
Истар эдим тожли бошларнинг
Саргузаштин сўзласам тўла.
Валиаҳдлар қиссасин куйлаб,
Хуморимни ёзсам бир йўла…
Ҳеч боки йўқ агар билмасам,
Ёрдамингиз бўлса бу йўлда,
Муқаддас ёғ билан мойланган
Кокилларни ушлардик қўлда.
Ташланг кўҳна Парнас ингизни,
Бунда келинг бир соат, бир оз,
Ёқимли, илоҳий товушингизни
Соз мақомда янгратингиз боз.
Бу тож кийган зумрани боплаб
Кўрсатамиз орқа-олдидан –
Сўқирларга яхши соатда,
Кел, кенгашчим, бошлайлик тезда.
II
Ҳеч киши йўқ Қуддус шарифда,
Дарвозага қулф солинган.
Майдонига Довуд шаҳрининг
Гўё вабо ястаниб олган.
Йўқ, вабо йўқ, ярамас бир вақт
Исроил ни қоплаб олмишдир.
Шоҳ уруши! Бечора халқнинг
Бошига ғам, кулфат солмишдир.
Барча қувват, шоҳ князлари,
Тамомий халқ: ўсмир, ёш, қари,
Шаҳар ичра беклаб Кивот ни,
Ташқарига чиқдилар бари.
Талай жонлар чиқди майдонга
Жавлон қилиб ва от солдириб,
Жанг қилдилар майдонда; азиз –
Гўдакларин етим қолдириб.
Шаҳар ичра, ғамхоналарда
Ёш, есирлар – шўрлик бошлилар,
Қоронғи, зах, тор кулбаларда
Ёш жувонлар, қора қошлилар –
Термулишиб гўдакларига
Йиғлайдилар. Пайғамбарлари,
Тўймас ҳоким, подшолари
Довудни кўп қарғайди бари.
У бўлса-чи, зарбоф жандада,
Хонасининг баланд томида
Биқинини ушлаб, ҳар томон
Бориб-келиб, босиб юрмоқда
Худди мушук иштаҳа билан
Қарагандай думба ёғига,
У кўз ташлаб қўяр қўшниси –
Гуриянинг гўзал боғига.
Тани қизил, юраги ўйнар,
Олов бўлиб ёнади кўзи.
Гуриянинг хотини, шоҳнинг
Қули – Вирсавия бир ўзи
Худди жаннат ичра Ҳавводай,
Ўзининг соз гўзал боғида
Ювар эди оппоқ тўшини:
Чўмиларди сув қучоғида.
Подшонинг ўйи бузилиб,
Чўрисига тикилиб турди:
Гўзал Вирсавия авлиё
Подшонинг юрагидан урди.
Қоронғулик дунёни кўмиб,
Пардасини судрамоқдадир.
Қайғули бир зулматга чўмиб,
Қуддус шариф мудрамоқдадир.
Довуд гўё ўзни йўқотган,
Турли туман хаёл суради.
Ҳеч тўймас шоҳ ўз хонасида
Нари бери босиб юради.
Ўз-ўзига дейди: мен… бизлар
Буюрамиз – тангри халқига!
Ўзим шоҳман! Ва ўз еримда
Мен Худоман! Мен ҳамма нарса…
Бир оз ўтгач қуллар бош эгиб,
Кечки таом, май келтирдилар.
Шоҳ буюрди: кечки таомга
Хотинларин келтирсин қуллар!
Гўзал Вирсавия ҳам келди
Тангри шоҳи олдига шу он.
Таом еди пайғамбар билан,
Шароб ичди, кўз олди туман.
Таомдан сўнг ўз шоҳи билан
Бир оз дам олишга жўнади…
Гурия ҳам ётар, ухлолмас,
Бу хўрликка қандай кўнади?
Уйидан шоҳ олтин, кумушмас,
Балки асл Вирсавиясин,
Ўғирлаганини яхши билади…
Шоҳ ўлдирди уни, билмасин деб –
Вирсавиянинг қилган ишини
Шу равишда маҳв этди Довуд
Кимсасиз қул, ғариб кишини.
Сўнгра халқ олдида, халқни алдаб,
Шоҳ озгина йиғлаган бўлди.
Оят ўқиб эски тавротдан
Юрагини тиғлаган бўлди.
Сўнгра яна аввалгидай маст,
Шодлигини кўкка етказди.
Ўша гўзал қул хотин билан
Ишратини давом этказди.
Уйғун таржимаси
* * *
Ҳавас қилма сармоядорга,
Ҳавасларинг сабил қолади.
Дўстликни ҳам, муҳаббатни ҳам,
У ақчага сотиб олади.
Ҳавас қилма қудратли зотга,
У барчага ўтказар зуғум.
Донгдорга ҳам ҳавас айлама,
Донгдорнинг ҳам аҳволи маълум.
У билади, одамлар асло
Хуш кўрмагай асл сийратин.
Донгдор зотнинг ўзини эмас,
Севадилар фақат шуҳратин.
Бамисоли жаннатдаги ҳур,
Ювошгина юришар ёшлар.
Бир қарасанг, қовушгандан сўнг,
Улар ҳам ўз ғавғосин бошлар.
Одамларга ҳавас қилма ҳеч,
Олам кезиб излама жаннат.
На замин ва на осмон бор,
Тополмассан сен уни ҳеч вақт.
* * *
Тутқунликда яшайман танҳо,
Биронта ҳам ҳасратдошим йўқ.
Ўз ўйларим ичра мен адо,
Сўзлашарга суҳбатдошим йўқ.
Ахтараман парвардигорни,
Дуч келади нуқул бошқалар.
Йиллар эзди мендай абгорни,
Бошим узра кулфат тош қалар.
Баҳоримнинг қутлуғ чоғига,
Соя солди булутлар хира.
Эсламоққа гоҳи-гоҳида,
Топилмайди ёруғ хотира.
Юпанч керак дилимга, аммо,
Бир мулойим сўз менга, қани?!
Ҳолим шудир: қор кўмган гўё,
Ҳали совимаган мурдани.
Абдулла Орипов таржималари