Раимбой Собиров (1933)

Раимбой Собиров 1933 йилда таваллуд топган. Туркманистоннинг Тошўгиз шаҳрида истиқомат қилади. У 1955 йилда Тошкент Давлат чет тиллар олийгоҳининг француз тили куллиётини битказган. Туркман ва ўзбек тилларида ижод қилади. “Юмалоқ дунё”, “Гирдобдан соҳилга”, “Сирли мақомлар”, “Инсоф”, “Дунёнинг сири” қиссалари, “Қиз амали”, “Кутилмаган жазо”, “Азроилнинг ҳазили” каби ўнлаб саҳна асарлари ва бирқанча романлар муаллифи.

РУБОИЙЛАР

Ҳаётда шодлигу ҳам азоб бордир,
Олдингда гуноҳу ҳам савоб бордир,
Қайсиси устувор, ўзингга боғлиқ,
Билки, поёнида сарҳисоб бордир.

* * *

Дерлар, келар бир кун охирзамона,
Одамзот насли-чун бу бир афсона,
Лекин ҳар кишининг замон охири,
Келгуси муқаррар тўлса паймона.

* * *

Одамлар тилаги азал адолат,
Адолат бўлмаса, барчаси ғалат.
Тенг сочар заминга қуёш шуъласин,
Ул шуъла тушмаса ер бўлар барбод.

* * *

Риёкорга қилсанг турфа яхшилик,
Уйғонмас қалбида бир туйғу илиқ.
Қора тош устида ўсмас экан гул,
Бағри тошдан кутма ҳаргиз хуш қилиқ.

* * *

Дунёга кўз тикма, у гавжум бозор,
Соврилар бир дамда, бўлма умидвор.
Қаноат – бойликдир, нафс – гадолик,
Мол йиққан ўзига орттирар озор.

* * *

Кўнгил бир гулшандир,етмаса озор,
Ширин сўз билан у доим лолазор.
Гулзорни топташдир кўнгилга тегмоқ,
Дерлар: дилозордан Худо ҳам безор.

Туркманчадан Қурбон Муҳаммадризо таржимаси