Қурбонназар Азизов (1940-1975)

Қурбонназар Азизов (Gurbannazar Ezizow) — туркман шоири. Туркманистон халқ ёзувчиси, Маҳтумқули номидаги Давлат ва ёшлар мукофоти совриндори. У Туркманистоннинг Ахал вилояти, Кўктепа тумани, Савитли қишлоғида заргарлар оиласида таваллуд топган. 1964 йили Туркманистон давлат университетининг тил-адабиёт факультетини тамомлаган.
“Мудом тайёр” болалар газетасида, сўнгра “Адабиёт ва санъат” газетасида, 1972–1975 йилларда Туркманистон Ёзувчилар уюшмасининг адабий маслаҳатчиси вазифасида ишлаган.
Шоир қисқа, лекин ниҳоятда мазмунли умр кўрди ва туркман шеъриятида нурли из қолдирди. Унинг ҳаётлигида “Ином” (“Ишонч”; 1971), “Ер-осмон орасида” (1973) тўпламлари, вафотидан кейин “Сарпоҳ” (1977), “Қиз” (1978), “Сардорим” (1990), “Туркман саҳроси” шеърий китоблари, сонетлари, поэмалари дунё юзини кўрди.
Унинг шеърлари рус, озарбойжон ва инглиз тилларига ўгирилган.

ТУҚҚАН ЕРИМ

Едим мен нонингни, тузингни тотдим,
Керак бўлганида ғуссангга ботдим,
Йиқилдим, суриндим, ёндим эрта-кеч,
Бироқ алдамадим, алдамадим ҳеч.

Биринчи каломим — аввал сен учун,
Эзгу дил саломим — аввал сен учун.
Берган нону тузинг ёдимда ҳар он,
Хиёнат қилмадим сенга ҳеч қачон.
Сенга ёққан қорлар — менинг ҳам қорим,
Сенинг баҳорларинг — менинг баҳорим.

Оппоқ боғлар орти — ястанган адир,
Туғишганларимнинг қабри ундадир.
Бағрингда мен масрур кезганман обдон,
Соя-салқинларда тотиб шаробдан.

Юрмай қаерларда — юрагимдасан
Ва ҳеч чаманларга алишмагайман —
Барханлар таратган соғинч унингни,
Сенингтиконингни, сенинг қумингни…

ОРЗУ

Уммонлар томчидан йиғилар экан,
Томчига айланиб қолсам мен агар, —
Ташнани ахтариб топсайдим, деган
Ташвиш билан яшар эдим муқаррар.

Дарахтга айланиб қолсам гар боғда,
Ҳар баҳор ёзардим ғужғон-ғуж япроқ,
Қошимдан йўловчи ўттани чоғда
Унга соя-салқин берай деб кўпроқ.

Мабода ҳудудсиз коинот аро
Юлдузга айланиб қолсам, бегумон,
Милтиллаб ёнардим умид-ла танҳо —
Ётиб келар дея Ерликлар қачон.

Туркманчадан Мирпўлат Мирзо таржимаси.

ЮРАК

Менга беринг ўн юрак, ўнта аломат юрак,
Ўнтасин ҳар бирида бир сир бўлмоғи керак.
Биттаси билан севай бепоён осмонимни,
Бири билан дунёни, бири билан инсонни.
Бири севдирсин элни, бири онаизорни.
Қолган бештаси билан маҳв этайин душманни, –
Деб дўстимга бу ҳақда сўз очаётсам аста,
Юрак безовталаниб, дейди кўкрак қафасда:
– Нечун сенга ўн юрак? Керак не учун, нечун?!
Истасанг, битта ўзим берай ўн юрак кучин.
Сиз жувонми, ё йигит, ё бир нуроний банда
Бошга оғир иш тушса, қаттиқ севиб қолсангиз,
Ўн юракка асло жой тополмассиз бир танда!
Нечунким, тор қафасда ўн юрак бўлолмас жам.
Аммо йўриғини сиз тополсангиз, ишонинг,
Бир юрак тошин босар минг битта юракнинг ҳам!

ШОИР ЮРАГИ

Сен агар гул эксанг, гул унар ердан
Ва гар тикан эксанг, кўрасан тикан.
Ушбу мақол мерос ота-бободан,
“Ерга нима эксанг, шуни ўрасан”.

Шоир юраги ҳам тупроқ мисоли,
Бироқ бошқачароқ мақсад элаги.
Сен унга мих қадаб, сочсанг-да, оғу,
Фақат гул ундирар шоир юраги.

КУЗ КЎРКИ

Ерга япроқ тушмаса,
Кузнинг кўрки на бўлғай.
Ўтлоқ ранги ўчмаса,
Кузнинг кўрки на бўлғай.

Қуёшдан нур кетмаса,
Ерга туман тушмаса,
Ғозлар йиғлаб учмаса,
Кузнинг кўрки на бўлғай.

Ёз шовқини тинмаса,
Тупроқ “кўзин юммаса”,
Шу гўзаллик бўлмаса,
Кузнинг кўрки на бўлғай.

РАССОМ БОЛА

Чизди бола тоғ шаклин, одамзодга ўхшади,
Чизди бола боғ расмин, одамзодга ўхшади.
Чизди бола кун бўйи денгиз расмин, гул расмин,
Одамзодга ўхшаб, ажаб, бари турарди вазмин.

Эртаси кун расм дарси,
Маҳкам қисиб тишларин,
Навбат билан ҳар бир бола
Кўрсатди ўз ишларин.

Устоз деди: –Ўтир, бола,
Дафтарингга не чекдинг?
Кун ҳам – одам,
Гул ҳам – одам…
Кўрсатяпсан не ҳунар?!

Муаллима кўп ғижинди:
– Сеники шу бир хиллик:
Кун ҳам одамга менгзар,
Гул ҳам одамга менгзар!

Ҳаво эса жуда иссиқ,
Лек шамол бошин силар,
Қайтар бола ўз уйига,
дафтарида “икки”лар.

Кўкда қуёш мисли одам:
“Чекма ғам, бола”, дейди.
Пешвоз чиқиб гул-лола ҳам:
“Чекма ғам, бола”, дейди.

Эртаси кун бобо қуёш
Чиқар уфқни ёриб.
Бола унинг расмин чизар
Одамларга ўхшатиб.

ТУПРОҒИМ

Тузинг едим сенинг, нонингни едим,
Шаккоклик қилмадим, Аллоҳга шукур.
Гоҳ кўкларга учдим, гоҳ ерга эндим,
Лек ўздан кетмадим, Аллоҳга шукур.

Номинг билан илк сўзимни бошладим,
Оқладим тузингни, ёлғон ёзмадим.
Қаҳратон қишингда бирга қишладим,
Фақат сенинг, ёзинг билан ёзладим.

Не йўқотсам, қучоғингда йўқотдим,
Не изладим, оғушингда топдим мен.
Сен туфайли дунё не, англаб етдим,
Ғаму ташвиш, шодлигингда оқдим мен.

Хув, қоя бағрида кўринган боғнинг,
Тепасидан йиғлаб алам-ла кечдим.
Лек эртаси, туман тарқаб, шу тоғнинг,
Сўлим қучоғида ол шароб ичдим.

Қайда юрсам, бирга бўлдинг. Сўнг билсам,
Сен бирла қоришган ўн икки мучам.
Ҳатто ғайри чаман-гулга алишмам,
Товонимга ботган тиканингни ҳам.

Миннатдорлик сўзи оддий бўлармиш,
Оқ бўлсин йўлларинг, бардавом кетсин.
Мен боқий кўз юмсам, келиб фасли қиш,
Бағрингда ётмоқни муяссар этсин.

Туркман тилидан Қурбон Муҳаммадризо таржимаси

СЕВГИ

(Сонетлар гулдастаси)

1

Умрнинг оғочидан учмоқда кунлар,
Кунлар умринг элагида эланар.
Ортга дўнмоқ истар далли кўнгиллар,
Ҳар бир кунда бир кун яшаб ўтилар.

Ҳар кимнинг кечмишдан бир армони бор,
Менинг эса куйиб кетгандир бағрим.
Сенинг руҳинг менга берар куч-мадор,
Руҳимни танамга қайтардинг, сарвим.

Йўлимизнинг айро тушгани учун,
Бўзлама. Яратган хуш кўрмас сира.
Урушдан соғ қайтиш душвору қийин,
Ундан ҳам ёмони қонли хотира.

Беомон хотира – ғам-алам титроқ,
Тупроқни қучгандай заъфарон япроқ.

2

Тупроқни қучгандай заъфарон япроқ,
Маҳзун хотиралар айлар дилим банд.
Мангу ҳижрон сабаб зирқирар юрак,
Оғриқ ёдим билан қураман суҳбат.

Бошқалардай ёрга дуч келмасман бот,
Дилда қўр олса ҳам соғинч-орзиқиш.
Умримга эш бўлиб ўлмас муҳаббат,
Туяман руҳимда маъюс ҳаприқиш.

Ичимга жим ютиб ғусса-қайғуни,
Сўрадим мен сени ётдан, танишдан.
Эрта-кечда энг соф шаффоф туйғуни,
Асраб қола олдим бевақт сўнишдан.

Йўллар янглиғ узун мунча бу кунлар,
Йўлларда учрашар шайдо кўнгиллар.

3

Йўлларда учрашар шайдо кўнгиллар,
Вокзал. Фронт. Оқ қор олмиш алвон тус.
Анқир ўлим ҳиди, о, жаллод кунлар,
Бироқ мен негадир тирикман ҳануз.

Тонг чоғи умримга ясалди якун,
Ўлдим. Сўнг қарасам, тирикман яна.
Кун ботар чоғида отилдим у кун,
Ўлдим. Сўнг қарасам, тирикман яна.

Васлинг орзусида қалбим бўлди банд,
Сен дўстга меҳримсан, сен ёвга қаҳрим.
Ўлимга минг карра бера олдим панд,
Дунёда борлигинг учун, эй, сарвим.

Қадамда дуч келар ажалу сиртмоқ,
Йўллар айро тушар, бошланар фироқ.

4

Йўллар айро тушар, бошланар фироқ,
Ўзи-чи миқ этмай ошади довон.
Тақдир ҳукми экан – васли дийдоринг
То қиёмат қадар – ушалмас армон.

Санқийман узун тун қоронғусида
Ўйлаб сени. Бедор тонгларим отар.
Адашган йўловчинг қиёфасида
Муҳаббатинг келиб эшигим чертар.

Ақлим расо бўлиб англадим шуни,
Барча орзуларинг тугал ушалмас.
Бутлаб бўлмагандек кемтик дунёни,
Мукаммал бахтга ҳам эришиб бўлмас.

Ҳар бир кунинг синов: гоҳ бахт, гоҳ завол.
Ошиққа бу кунлар одатий бир ҳол.

5

Ошиққа бу кунлар одатий бир ҳол,
Гоҳ қувонч, гоҳ қайғу –
Ўтар бир хилда.
Арифметикага ўхшаш эҳтимол,
Бирини ёзасан, иккиси дилда.

Севгим шундай буюк соҳиби қудрат,
Майли, сен музга дўн, аммо олов шаҳд,
Эритар қалбингни ўтказмай фурсат
Ҳам ато қилади сенга мангу бахт.

Бир қарасам, сенга етмайди қўлим,
Бир боқсам ёнимда турибсан, алҳол.
Бир ўзингга юлдуз оздай севгилим,
Аммо иккимизга етар бемалол.

Хотиралар маҳзун, ғуссалар маҳзун,
Ишқ ўти қалбимни қучар кун сайин.

6

Ишқ ўти қалбимни қучар кун сайин,
Бу туйғу – баҳорнинг илк ойи – ҳамал.
Ошиқлар сипқорар муҳаббат майин,
Кўклам ишқ аҳлига сирли бир аъмол.

Илоҳий бир туйғу кўнгилда ногоҳ,
Уйғониб янгилар ҳаёт тарзини.
Тушунар чиройга тимсол доим моҳ,
Тинглар у шикаста гуллар арзини.

Ошиқ йигит билан сўзлашмоқ мушкул,
Унинг ўй-хаёли ер гўзалида.
Такрорлар тун-кун бир исмни нуқул,
Муқаддас дуодай қўймай тилидан.

Ишқдан дил ёнмаса, бари пуч хаёл,
Ошиқлар қурмаса, суҳбату висол.

7

Ошиқлар қурмаса, суҳбату висол,
Бир уммонга оққан янглиғ қўш дарё,
Йўқса, ошиқларга зулматдир дунё,
Шабнам шўр тупроқда бўлгандай увол.

Мен сени ахтариб кезаман жаҳон,
Умидвор кўз тикиб шому саҳарга.
Сени бу шаҳардан топмасам шу он,
Отланаман шошиб ўзга шаҳарга.

Сиёҳ тунда савол аломатидай
Чиқади осмонга ойнинг ўроғи.
Олисда юлдузлар кўз қисар атай,
Уйғонар кўксимда ёдим титроғи.

Юраклар олмаса ишқдан улуш-пой,
Чиқмоғи даргумон кўкда қуёш, ой.

8

Чиқмоғи даргумон кўкда қуёш, ой,
Ёр, дея ошиқлар ўртаса бағир,
Ҳа, деб фарёд чекмоқ, солмоқ доду вой,
Наҳотки, биргина чора шу ахир.

Севги ҳасрат эмас.Юракда унган
Мангу завол билмас ям-яшил дарахт.
Мен севгимни баланд кўтаргум чунон,
Нурли толе бўлиб силар бошим бахт.

Мен ўларман.Ўқилади жанозам.
(Ноиложмиз – табиатнинг амри бу.)
Севгим келиб аза очар субҳидам,
Ҳар келиши узайтирар умримни.

Севгим ҳар кун йиғлар қабримни қучиб,
Бўзарар тун, аста юлдузлар ўчиб.

9

Бўзарар тун, аста юлдузлар ўчиб,
Сувланган олмадай оппоқ тонг отар,
Айланиб борлиқни ачомлаб-қучиб,
Қуёш тафтин ерга қўшқўллаб тутар.

Сен менинг бахтимми ё менинг қайғум,
Бахтимми, қайғумми, ким айта олар.
Овоз бер, овоз бер, эй, менинг севгим,
Мадҳинг бўлсин бугун энг сара сўзлар.

Мен сенсиз бахтиёр яшадим, наҳот,
Рости, бундай бахтдан зерикдим-ҳордим.
Сени топсам, бахт шаҳрида бўлиб шод,
Ғам шаҳрини бахтга кўмиб ташлардим.

Шунда бешак бахтим бўларди бутун,
Хўрозлар қичқирар, тўзғир қора тун.

10

Хўрозлар қичқирар, тўзғир қора тун,
Бошланар янги кун қувонч, ташвиши.
Мен ғазал ёзарман, қувониб ҳар кун,
Гўё толеи бут энг бахтли киши.

Ўтарман денгиздан, олов қаъридан,
Шаффоф сув, оташ тафт қалбимга улги.
Ошиқлик мардликдир, юксак баридан,
Мардона яшашни ўргатди севги.

Йўлим тўсди менинг қанча тўсиқлар,
Опичлаб ғуссамни ошдим улардан.
Балки омадлидир кўнгли ўксиклар,
Севган ёри билан қовушганлардан.

Ўйланг, бу дунёда бари жамулжам,
Юрар ўксик қалблар,омадлилар ҳам.

11

Юрар ўксик қалблар, омадлилар ҳам,
Бу дунёи дундан дилда минг хоҳиш.
Қовушганлар бир ёстиққа жо мудом.
Сўққабошга камдир бутун бир болиш.

Бугун хаёлимни пардай тўзғитиб,
Бир қиз ўтди. Англадим сир-тилсимни.
Зўрға тилим тийдим, сенга менгзатиб,
Сал қолди-я, айтишимга исмингни.

Қулоғингга сасим етдими, тамом,
Ўт туташиб ёндиради ичингни.
Аммо кўнглинг бўлсин мендан хотиржам,
Заррача бузмасман сенинг тинчингни.

Қалбинг тинч. Бахтингни қутламоқ учун,
Қўр ташлаб мастона чиқиб келар Кун.

12

Қўр ташлаб мастона чиқиб келар Кун,
Қувонч, қайғуларин ичига ютиб,
Куннинг ҳам сен-мендек бағри тўла хун,
Яшар ёруғлик деб, ўзин овутиб.

Ўзи ҳам мен каби саргашта ошиқ,
Йўқотган тинчини, кезар дарбадар.
Ҳар куни у бешта қитъани ошиб,
Излайди ёрини – қайда деб Қамар.

Аммо ўксик қалблар олар ундан тафт,
Гарчи Ой, деб бедор кутар тонгларни.
Лек бағри кенглиги биз учун ибрат,
Кўнглини бутлашга шўр манглайларнинг.

Ажаб дамлар, дилбар ҳислар талъати,
Севилмоқ – қисматнинг зўр марҳамати.

13

Севилмоқ – қисматнинг зўр марҳамати,
Чекинар беомон тақдир андуҳи.
Эрта-кеч пок қалбда ишқ шафоати,
Боис орта бошлар кўнгил шукуҳи.

Муҳаббатдан туйдим қалбимда поклик,
Ғурур тожи бошим кўкка етказди.
Сенсиз тақдирдаги ёлғизлик-токлик,
Мен шўрликка фақат ғусса тутқазди.

Сенинг ғуссанг билан қолдим аламда,
Сенинг ғуссанг билан толеим кемтик.
Севги-қайғу бақамтидир оламда,
Шундан бери менга армондир шодлик.

Қуримас дунёда севги дарахти,
Ана шу – Инсоннинг энг улкан бахти.

14

Ана шу – Инсоннинг энг улкан бахти,
Севги тубанликка йўл бермас сира.
Сиз шундай бир севинг, шундай севилинг,
Юлдузлар ҳам рашкдан тортсинлар хира.

Айтиб адо қилолмаган бўзларинг,
Бедор тунлар изи – ёноқда холинг.
Ҳануз йўлларимга интиқ кўзларинг,
Шу менинг кечмишим ҳам истиқболим.

Севги ер юзидан қирсин батамом,
Барча пасткашлигу хиёнатларни.
Эга бўлиб қалбга Муҳаббат мудом,
Сочсин эзгуликни, диёнатларни.

Отмоқда оппоқ тонг чекинар тунлар,
Умринг оғочидан учмоқда кунлар.

МАГИСТРАЛЬ

(Катта йўл)

Умринг оғочидан учмоқда кунлар,
Тупроқни қучгандай заъфарон япроқ.
Йўлларда учрашар шайдо кўнгиллар,
Йўллар айро тушар, бошланар фироқ.

Ошиққа бу кунлар одатий бир ҳол,
Ишқ ўти қалбимни қучар кун сайин,
Ошиқлар қурмаса суҳбату висол,
Чиқмоғи даргумон қуёшу ойнинг.

Бўзарар тун, аста юлдузлар ўчиб,
Хўрозлар қичқирар тўзғир қора тун,
Юрар ўксик қалблар, омадлилар ҳам,
Қўр ташлаб мастона чиқиб келар Кун.

Севилмоқ – қисматнинг зўр марҳамати,
Ана шу – инсоннинг энг улкан бахти…

Туркман тилидан Очил Тоҳир таржимаси