Омонгўзал Шоқулиева (1940)

Омонгўзал Шоқулиева (Amangözel Şagulyýewa) – Туркманистон қаҳрамони, Махтумқули номли халқаро мукофот соҳиби,Туркманистон халқ ёзувчиси. У 1940 йилнинг 11 августида Мори вилоятининг Мурғоб тумани “Мерос” деҳқон бирлашмаси (қишлоғи)да таваллуд топган. Кўпгина шеърлар тўпламлари муаллифи. 2015 йилда унинг Ашхободдаги Туркман давлат нашриётида “Кўнглим менинг Ой ичинда” деб номланган сайланмаси чоп қилинган. Қуйида шу тўпламга кирган шеърларидан намуналар келтирилди.

ЁШЛИК

Бир фасл бу – кенгликлари бепоён,
Тошқин дарё каби оқиб борадир.
Бир фасл бу – камалакдай нурафшон,
Хушбўй иси жонга ёқиб борадир.

Баҳорида сози, ёзида булбул,
Ойнинг қучоғида, осмонда кўнгил,
Ғайрат,ҳавас қайнар жонида буткул,
Кўзларида чақмоқ чақиб борадир.

Олам баҳорини ёшликдан олар,
Ёшликдадир тар япроқли ниҳоллар,
Тиниқ осмон кўрки дилни ёритар,
Кўксига юлдузин тақиб борадир.

Шод-хуррам кунларнинг жилоси унда,
Яшнар алвон гуллар либоси унда,
Кўпмас, сал нарсага шод бўлиб дилдан
Қайғу-ғам эшигин ёпиб борадир.

Унга шу кун бир ён, умр бир ёнда,
Ўйламас ўтишин, саноқли он-да!
Ғам-ташвиш нимадир, бақувват жонга,
Дунёга ишқ бўлиб, боқиб борадир.

Бир фасл бу, одам умрин безаги,
Бир фасл бу, йўқдир қиши-кузаги,
Бир фасл бу, гул ёшликнинг юраги,
Жилғадай йўл очиб, чопиб борадир.

Туркманчадан Қурбон Муҳаммадризо таржимаси

КЕЧИРГИН, ЮРАК

Кечиргин сен мени,
Кечиргин, юрак,
Мен кеза олмадим сени йиғлатмай.
Қилич олиб ҳимоянгга чиқсам-да,
Асролмадим бутун бағринг тиғлатмай.

Севдим, юрак,
Сени телбавор севдим.
Борлиғинг чулғади хаёлим буткул.
Талашдим тим қора кечалар билан,
Инграшингга чидамай тун-кун.

Севдим, юрак,
Сени телбавор севдим,
Ўтдим-кетдим сира парво қилмасдан.
Қизиғи шул эрур, нелигин сезмай,
Ўтаркан одамзод ҳаддин билмасдан.

Севдим, юрак,
Сени телбавор севдим,
Бир нарса йигитинг торттирди фарёд.
Тарк этдим ўшанда дунё қизиғин,
Кўзларимга илмай ўзга бир хилқат.

Кечиргин сен мени,
Кечиргин, юрак,
Мен кеза олмадим сени йиғлатмай.
Қилич олиб ҳимоянгга чиқсам-да,
Асролмадим бутун бағринг тиғлатмай.

БОҚИБ КЕЛ

Кўзлардаги ишқимга
Жоним, боқиб-боқиб кел!
Айланайин жўшқинга,
Дарё бўлиб оқиб кел!

Асал янглиғ тилимдир,
Сочим тушар белимга.
Севги ўти шириндир,
Ёнайин, ёр, ёқиб кел!

Эзилсанг, эзиларман,
Кулсанг, мен ҳам куларман,
Кўкда юлдузлар чаман,
Бўйнимга, ёр, тақиб кел!

Асал янглиғ тилимдир,
Сочим тушар белимга.
Севгим ўти шириндир,
Ёнайин, ёр, ёқиб кел!

Туркман тилидан Олим Тўраев таржимаси