Омондурди Аннадурдиев (1941)

Омондурди Аннадурдиев ҳозирги замон туркман шеъриятининг етакчи вакилларидан бири. Унинг шеърларини ўқиб, болаликнинг сирли армонларига, муҳаббатнинг ҳам азобли, ҳам сурурбахш кечинмаларига, инсон ва табиат уйғунлигининг гўзал фалсафий тасвирларига гувоҳ бўласиз. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмон ижодий боғидаги шеърият давраларида кўп бўлган. Ўзбек шоирларидан дўстлар орттирган.

* * *

Ўн каллали кунгабоқар
Ё унга, ё бунга боқар.
Бир каллали кунгабоқар,
Ё ерга, ё кунга боқар.

Ўн каллали кунгабоқар,
Ўн калласи кўкка тегар.
Бир каллали кунгабоқар,
Ёлғизликдан бошин эгар.

Ўн каллали кунгабоқар,
Пуч бўлади, йўқ бўлади.
Бир каллали кунгабоқар,
Мағзи унинг… тўқ бўлади!

* * *

Денгиз кўкка сапчир.
Юрагимга ул
баҳайбат тўлқинлар тиламоқчими.
Денгиз кўкка сапчир.
Тўлғанар гувлаб.
Осмондаги ойни
силамоқчими…

* * *

Кулардик
қаҳ-қаҳлар отиб…
Шундан бери
ўтди,
худо билсин,
неча юз ойлар…
От бўлай деб кишнаб кечганидек
йилдирим тойлар.

* * *

Қоғоз сувга ботса
бўкиб қолмасми,
сақлаб биладирми
ўз оҳорини.

Йигит сақлагайми ўз баҳорини
дили бўлса доғлиқ?..

Қоғозига боғлиқ,
йигитига боғлиқ.

ОЛМАХОН

Ассалому алайкум, ёқимтой, жажжим,
Кафтимга чиқибсан, қувноқ ошно, сан.
Термулиб турибсан кўзларимга жим,
Балки суҳбатимга менинг ташнасан.

Ўқиб берай десам ғазалларим хом,
Минг сўзим бир маъни мағзин чақмайди.
Мағзи тўқ ёнғоққа ўчсан, олмахон,
Менинг пуч шеърларим сенга ёқмайди.

* * *

Севги йўқ дейдилар…
Йўқдир у, балким,
Ишқ боғидан гуллар термаганларда.

Севги йўқ дейдилар…
Йўқдир у, балким,
юрак олиб
юрак бермаганларда.

Севги йўқдир
аҳддан қайтганлар учун,
севги йўқдир
йўқ деб айтганлар учун.

МУНЧОҚЛАР ТИЗИМИ

Термалар

Кўз бўлмасанг, куярман,
Қош бўлмасанг, куярман.
Тор йўлда, тор кўчада
Дуч бўлмасанг, куярман.

* * *

Тоғда қорни изладим,
Боғда норни изладим.
Дардга дардни қўшмоққа
Дардли ёрни кўзладим.

* * *

Ишқим ёздим япроққа,
Япроқ йўли елдадир,
Елиб-елиб япроқлар
Севгим сенга элтадир.

* * *

Ботмади кун вақтида,
Чиқмади ой вақтида.
Келмадинг, дод, вақтида,
Келмадинг, вой, вақтида.

* * *

У қиз зимдан боқади,
Кўзимдан ёш оқади.
Бир йигитни танлай деб,
Минг йигитни ёқади.

* * *

Бахтда ёр ҳиссаси бор,
Эр бошин ғуссаси бор.
Бир мисра ғазалимнинг
Минг мисра қиссаси бор.

* * *

Шоир бўлинг демайман,
Ишим андуҳ, мунг менинг.
Кулганим гар бир бўлса,
Йиғлаганим минг менинг.

* * *

Бир лўли қиз қўлларимни силайди:
“Лауреат йўли сенга бўғилар.
Безовта бўлмагил, бўлма хомтама,
Лауреат бахтли аёлдан туғилар”.

Бир лўли қиз қўлларимни силайди:
“Бахт келтирмас тутган бу ўн сўмлигинг.
Ҳалак бўлма таниш-билиш ахтариб,
Ҳали-вери чиқмайди кўп тўмлигинг”.

Бир лўли қиз қўлларимни силайди:
“Сен инжиқсан, бордир сенга кўп жазо.
Биттасини эшит: ҳеч бўлолмайсан
Ёзувчилар уюшмасига аъзо”.

Эй, лўли қиз, қўлларимни силайвер,
Наҳот менга ҳамма эшик ёпилар.
Эй, лўли қиз, қўлларимни силайвер,
Айтганингдан бошқа бахт ҳам топилар.

Эй, лўли қиз, қўлларимни силайвер,
Тез-тез тўсиб чиқиб тургил йўлимдан.
Энг катта бахт, асли, гўзал лўли қиз,
Ушлаб турганингдир менинг қўлимдан!..

* * *

1. Мен йўл ўғли эмас, мен йўл отаси,
Бу янги овулга йўл чўзиб келдим.
Қилган бу ишимнинг йўқдир хатоси,
Ойда икки бора қўл чўзиб келдим.
Турналар мунғайиб боққан йўлларда,
Жайрон елиб, чақин чаққан йўлларда,
Уловлар сел бўлиб оққан йўлларда
Ҳижроннинг устидан мен ғолиб келдим.

Лолалар ярашган йўл менинг кўнглим,
Минг-минг чечакларга тўл, менинг кўнглим,
Ҳеч ёққа бормасанг, сўл, менинг кўнглим,
Мен йўл олиб келдим, йўл солиб келдим.
Қорачиғим чўлга хол қилиб келдим,
Тилимни ҳайратдан лол қилиб келдим.

2. Енгил иш,
оғир иш,
қора иш,
оқ иш…
Йўқ-йўқ, бундай бўлмас,
асли бироқ иш.
Ишни бундай десанг
олам тораяр.
Енгил қилган ишинг оғири
бошқага тушар.
Бир оқ ишдан
бутун олам қораяр…

3. Мен йўлчи бўлмасам,
ким бўлар эдим?..
Чўлда оҳуларни ўтлатиб юрган
кийикчўпон бўлар эдим.
Чўлда оҳуларни ўтлатиб юрган
суюк чўпон бўлар эдим.

* * *

Нариги соҳилдан қардош қичқирди:
“Кел, қардош, мен сени
соғиндим”.
Қайиқ миниб боргим келди қошига,
Қайиқ ахтардим.

Нариги соҳилдан қардош қичқирди:
“Кел, қардош, мен сени
соғиндим”.
Кема ҳайдаб боргим келди қошига,
кема изладим.

Нариги соҳилдан қардош қичқирди:
“Кел, қардош, мен сени соғиндим”.
Совға-салом билан бормоқчи бўлдим,
сарполар қидирдим.

Ниҳоят йўл олдим,
кетдим.
Тирикликда дийдор кўришмоқчи бўлиб,
ўлимига етдим.

Сузиб борсам бўлмасмиди,
шўнғиб борсам бўлмасмиди.
Ясан-тусанларга бало борми эди,
Дўстим маҳобатга зорми эди,
Тўнғиб борсам бўлмасмиди.

Нариги соҳилдан қардош қичқирди…

РУБОИЙЛАР

* * *

Отам айтган: «Ўзни зўр, чапдаст тутинг,
Баландни баланду пастни паст тутинг»,
Эл сизга фаррошлик мансабин берса,
Супургини доим муқаддас тутинг.

* * *

Бу гулларнинг аросинда ўларман,
Қаро кўзинг қаросинда ўларман.
Дилингни мен яро этдим ўринсиз,
Дилингнинг мен яросинда ўларман.

* * *

Сенсан юрагимнинг сеҳри, фахри ҳам,
Сенсан юрагимнинг меҳри, қаҳри ҳам,
Фақат асалимас асаларининг,
Жонга дармон, ахир, ниши, заҳри ҳам.

* * *

Ғижжак бир покланди, най бир покланди,
Йиллар бир покланди, ой бир покланди,
Тўйга кириб келдинг, оҳукўз дилдор,
Давра бир покланди, тўй бир покланди.

* * *

Демайман, юракнинг доғи тикланмас,
Лек қалбнинг қалбаки оҳи тикланмас.
Булбул наво қилган сокин маъво бу,
Бундан ҳеч бир зоғнинг «қоғи» тикланмас.

* * *

Кимлар кўрди, кимлар кўрмади, кетди,
Хаёлга минг маъни ўрнади -кетди.
Тоғим! Ўз қаърингдан ковланган темир
Теша бўлиб юзинг тирнади-кетди.

* * *

Шодлансам, шод бўлиб кулиб билмади,
Ғам чексам, дардимни билиб билмади.
Тоғ ошиб, дўст келди ҳолимни сўраб,
Том ошиб, туққаним келиб билмади.

* * *

Тан совқотди… жонни юпун кўрмадим,
Умр — дарё. Унинг тубин кўрмадим.
Фил обрўй қозонмас чибин ўлдириб,
Қон сўриб фил бўлган чибин кўрмадим.

* * *

Жаҳонда кўп азиз хор бўлиб ётмиш,
Борлар йўқ, йўқларчи бор бўлиб ётмиш.
Соҳилга сапчиган баликдир юрак,
Тўлқин келарми деб зор бўлиб ётмиш.

* * *

Қорақурт ва чаён ғолиб ётдилар,
Дилларни қўрқувга солиб ётдилар.
Икков бир-бирин чақиб ўлдириб,
Икков бир-бирини олиб ётдилар.

* * *

Ўғлим! Елкамга чиқ, сўзим ўйинмас,
Ўғлин эркалатса, ким ҳам суюнмас.
… Тоғнинг юрагини тушунмак керак,
Тепасига чиқиш унча қийинмас.

* * *

Шабада қўзғалди, гул гулга тегди,
Сунбуллар чайқалиб сунбулга тегди.
Қоғлаган қарғага отилган тошнинг
Каттаси, воажаб, булбулга тегди.

* * *

Тентакдир, ҳаммани аҳмоқ деб ўйлар,
Ташнадир, ҳаммани чанқоқ деб ўйлар.
Бошига бир дона ёнғоқ тушганди,
Энди ҳамма дарахт ёнғоқ деб ўйлар.

* * *

Катхудодан мудом улги олди эл,
Дард чекса, ўзини дардга солди эл.
Бир ушоқ ногаҳон шоҳ бўлиб эди,
Ғуж-ғуж майда-чуйда бўлди-қолди эл.

* * *

Учмоққа кафтимда қанот йўқ, пар йўқ,
Ҳимоя қилмоққа тўқай йўқ, шер йўқ.
Молларим ўйнайди, даштларим чексиз,
Ўғлим ўйнай деса, қишлоқда ер йўқ.

* * *

Эртами-кеч, хуллас, тез тузалайлик,
Ёзда тузалмасак, куз тузалайлик,
Дунё тузалмас деб чекмайлик фиғон,
Дунё тузалмаса, биз тузалайлик.

* * *

Деманг «Омон сўзи пастга оғади,
Ушоқ бу мисралар кимга ёқади».
Диққат қилганмисиз, азиз дўстларим,
Қалин қорлар майда-майда ёғади.

Туркманчадан Матназар Абдулҳаким таржималари

* * *

Келсин душман,
гуноҳидан ўтдим мен.
келсин дўстлар
жуда интиқ кутдим мен.
Чўлим
зарра-зарра
зар бўлиб ётар,
ҳар зарра ичинда
ватан тутдим мен.

* * *

Алдамаганим учун
ёлғиз қоламан,
Алданмаганим учун
ёлғиз қоламан.
ўксиб… толганим учун
ёлғиз қоламан,
Чўкиб қолганим учун
ёлғиз қоламан.
Ёлғиз қоламан!
Қоғозим, кечир.
Ёлғиз қоламан!
Қаламим, кечир.
Ёлғиз қоламан!
Овозим, кечир.
Ёлғиз қоламан!
Аламим, кечир.
Кечирингиз мени, дўстларим!

БАЛИҒИМ

Агарда дарёнинг суви пасайса,
Бу аҳволни сезар,
сезар экан балиқлар.
Сув бошига
сузар экан балиқлар.
Сен билан билинсин
Бу дунёда
Борлиғим,
Сен сездингми,
Сен суздингми
Сув бошига, балиғим?

БУ ГУЛЛАР ОРАСИДА

Нечун жўшмай кезасан,
Бу гуллар орасида?
Ўз бахтингни сезасан,
Бу гуллар орасида.
Йиғлаш қийин,
Кулмоқ даҳшат.
Даҳшатликни
Билмоқ даҳшат.
Мақсадим — боқий қолмоқ,
Бу гуллар орасида.

БУ ДУНЁДА

Бу дунёда нелар кўрдим, тўзмадим,
Чидадим қабоҳат ва ғийбатларга.
Бироқ қушнинг уясини бузмадим.

ИККИ

Чироқни ўчирдик
Икки қўл билан,
Хайрли тун дедик,
Икки тил билан.
Чойшабимиз икки,
Ёстиғимиз ҳам.
Мен билмай қолдимми…
Кўнглимда алам,
Гўёки
иккига
бўлинган
танам.
Ҳатто уйимизнинг ҳавоси икки,
Дунёда энг аянч,
Энг даҳшатли рақам
Балки
Иккидир
Икки…

ҲАЁТГА МУҲАББАТ

Гўзал дунё
келганимга бахтиёр…
…Дўстлар, ўз бағримни
этдим ярадор —
ўйландим,
ҳам чеқдим,
дили пораман.
Гўзал дунё
келганимга бахтиёр!
Кетмайман…
Кетмайман…
Бахтга бораман!

СЕН БАҲОРИМ БЎЛИБ КЕЛ

Бўш кечган фурсатимга
Сен қаҳҳорим бўлиб кел.
Қанот керак дардимга —
Шод шаҳарим бўлиб кел.

Турна кетди — доғлади,
Ёлғиз юрак додлади,
Йўлимни қиш боғлади,
Пок баҳорим бўлиб кел.

Соғ япроқлар тўнибди,
Дилбарсиз ким унибди,
Зулмат сачраб, томибди,
Оқ саҳарим бўлиб кел.

Умидим катта сендан —
Қомати сарвга тенгдан,
Тонсам азизим — элдан,
Оҳ… заҳарим бўлиб кел!

ХОТИРА

Қаҳрингни айтмоққа
Жуфт қилич қош бор,
Заҳрингни тўкмоққа
Кўзингда ёш бор,

Баҳор келганини
Билдирди булбул.
Қўлингда булбулга
Аталган тош бор!

* * *

Оҳ, кимларни
кулдирмади
бу сафо,
Оҳ кимларни
ўлдирмади
бу сафо.
Ёлғизмасман,
сен бор ахир,
жаҳонда!
Сен бор ахир!
Сен бор ахир!
Бевафо!

Туркманчадан Йўлдош Эшбек таржималари.

РУБОИЙЛАР

Оқ урпоқли сариқ чўллар, бу – Ватан,
У борки мавжуддир бу жону бу тан.
Баҳосин сўрама, билмасман зинҳор.
Мен Ватанни сотиб олмадим зотан.

* * *

Бу дунёга келдик, кетдик? Найладик?
Яхшиликка шерик бўлдик, куйладик.
Оталар йўл очиб кетибди бизга.
Биз шу йўлни Ер шарига бойладик.

* * *

Эл-юрт сени оқ атаса, оқсан, сен,
Эл-юрт сени кўк атаса, кўксан сен.
Эл-юрт сени тилдан қўйса, унутса,
Бу дунёда бор бўлсанг ҳам, йўқсан сен.

* * *

Қушлар, сиз-ла гўзал бу дунёи дун,
Бироқ ҳар ким ҳар хил куяр сиз учун:
Сиз учун бозордан, кўринг, кимлардир
Ўқ олар, ким эса егулик – дон-дун.

* * *

Сенинг учун ҳасратмидим, доғмидим,
Ё хуш нафас уфургувчи боғмидим,
Онажон, кулдира билмадим сени,
Мен кетсам йиғладинг, келсам йиғладинг.

* * *

Ёлғон учди, кўзлаган томига тушди,
Туҳмат, доғ кимнинг пок номига тушди.
Софдиллар “гул” билиб илоннинг тилин,
Қанчалаб синчалак домига тушди.

* * *

Отанг сенга катта юрак берибди,
Юрак эмас, синмас эшкак берибди.
Эҳтимол, бу сенинг бахтингдир, бахтинг,
Эҳтимол, бахтингдан дарак берибди.

* * *

Обрў-эътибордан бир йўла кечиб,
Бу сўзни сен ҳақда айтар у нечук.
Балки қўрққанидан хуриб юргандир,
Хурганидан қўрқиб юрган бу кучук.

* * *

Яхшиликда қолсин десанг мендан из,
Ақл – валиаҳдга ғам бўлмас каниз,
Ёлғонни ёзгувчи ёқут қаламдан
Кўча тозалаган супурги азиз.

* * *

Хоҳи қўрқ, хоҳ қўрқма – бўлари бўлар,
Эркин йиғлаганлар – эркинлаб кулар.
Қимтиниб кунда минг ўлиб юргандан,
Минг йил тўлиб яшаб, бир ўлгим келар.

* * *

Ҳаёт – оқар дарё, тубин кўрмадим,
Айқириб оқадир, уйғун кўрмадим.
Фил обрўй қозонмас чибин ўлдириб,
Қон сўриб фил бўлган чибин кўрмадим.

* * *

Саҳромизга йўл кўрсатган онам бор,
Қошида бош солиб турган оним бор.
Кекса, деб кўнглига тегмагил каттиқ,
Ундан менга ишонч номли инъом бор.

* * *

Хазон бўлсанг, онанг учун баҳорсан,
Боққанинг инжитма, сен ҳам боқарсан.
Ёнаётган она демиш ўғлига:
“Келма, болам, қўлларингни ёқарсан!..”

* * *

Қора кучни эмган бир шамол турди,
Ғунчани поралаб, гулни сўлдирди.
Даралар безаги – бу ажиб чинор
Ерпарчин бўлди-ю, қадрин билдирди.

* * *

Ҳар кимса ўзидан қолдирар ёдгор,
Тарих саҳфасида кўпнинг номи бор.
Игна билан қудуқ қазган айб эмас,
Гоҳо илиқ сўздан бўлса умидвор.

* * *

Аҳволим нечукдир? Нечукдир ҳол-жон,
Нечук дард ва дармон? Нечук бу армон?
Муаллим беш баҳо қўйди сўрамай,
Ўз-ўзимдан қандоқ олай имтиҳон?!

* * *

Кўпайганда – қаттиқ кўпайиб борар,
Бўлар-бўлмас хати кўпайиб борар,
Бир чўпоннинг моли ёйлаб-яйраса,
Бир чўпоннинг ити кўпайиб борар.

* * *

Жийданинг ёнига боргулик эмас,
Сарғимтир гулини кўргулик эмас.
Кўрса бўлар балки, берса ҳам бўлар,
Гулининг бўйидан тургулик эмас.

* * *

Бор ишни битирган – азмойиш экан,
Тоб-тоқат – ташвишга кушойиш экан.
Ҳеч ким қўрқмай қўйди бўри, қоплондан,
Энг даҳшатли йиртқич – каламуш экан.

* * *

Билмадик – сўзларинг болмидир, заҳар,
Агар аҳмоқ бўлсанг, жазоинг шакар.
Табиатда бунга яққол мисол бор –
Чаён тепасига миндириб чақар.

* * *

Улар турмуш қурди суйиб, хоҳлашиб,
Тўйларига меҳмон келди тоғ ошиб.
Рўмол ўрамоқчи бўлар эрига
Келин, энди, ҳар кун ҳуқуқ талашиб.

* * *

Кўп бўлганда нима? Оз бўлганда не?
Қишдан фарқланмаса, ёз бўлганда не?
Ширин жонинг роҳат топмаса пича,
Суйибсан, суйганинг қиз бўлганда не?

* * *

Табиат қудратин аяб кўйибдир,
Бекор саъй-ҳаракат айлаб қўйибдир:
Ранг-туссиз, кўримсиз ясаб булбулни,
Попишакни бўяб-бежаб қўйибдир.

* * *

Сен-ла дўст тутиндим, пушаймон бўлдим,
Душман бўлдим, қаён қочиб қутулдим?
Энди на душманинг, на-да дўстингман,
Бироқ юзлашганда паришон бўлдим.

* * *

Ғунчадан сўрарлар, гулдан сўрарлар,
Чақмоқдан, ёмғирдан, елдан сўрарлар.
Сўрмас туққанимдан кимлигим асло
Туққаним кимлигин элдан сўрарлар,

* * *

Элим, сенинг ҳар нақлингга ташна – ман,
Элим, сенинг ҳур ақлингга ташна – ман.
Элим, итинг бўлайин эшигингда.
Ёт ётоқда от бўлиб кишнагандан.

* * *

Чумчуқлар хокисор – сайрагани учун,
Ҳаёти оҳангдор – сайрагани учун –
Қўшиқлари янгроқ ҳамда туганмас:
Жам бўлиб, бўлиб жўр сайрагани учун.

* * *

Қушлар, иссиқ-совуғини бу юртнинг
Жон-жонимдан хушлаб яшарман бутун.
Сиздек кўчмасман мен ўзга юртларга
Сиздек, ўз ҳолимча, ташлаб бор-будим.

* * *

Дўстлар, қалбим енгилмас ва жўшли экан,
Чўлим – гул, тоғларим олтин тошли экан.
Энди билдим манглай тернинг шиддатин,
Тоғдан энган сел сувидан кучли экан.

* * *

Ўригим уйимни буркаб ўсар жим,
Хушнуд кечар бунда қанчалаб йилим.
Юрак-беланчагим қалбим уйинда
Тебратиб ўлтирар ишқинг, севгилим.

* * *

Сўзингни қўрғошинга менгзатайинми?
Юрагим уришига менгзатайинми?
Кимлар сени Ой деди, ким эса Юлдуз,
Дунёни туришингга менгзатайинми?

* * *

Эй соддалик, сарим сенга садоға,
Сен-ку мудом ором бердинг гадоға.
Бир илиқ сўз кўнглинг тоғдан кўтарар,
Ҳавасмандман иқрорингга, ваъдангға.

* * *

Ғийбат, фисқ-фасод-ла атрофинг ўраб,
Юрган йўлинг зимдан турарлар сўраб.
Яхшилик Кун янглиғ чиқар ловуллаб,
Ёмонлик тезакдай – бурқсийди шу тоб.

* * *

Аччиқ сўз сақлама тилинг остида,
Илон яшринмасин гулинг остида.
Бахтни келтирмоқ шарт доим узоқдан,
Бадбахтлик ҳамиша қўлинг остида.

* * *

Англаш лозим табиатнинг бу ажойиб сабоғин,
Турфа қилиб яратади у ҳар гулу япроғин.
Йил ёғинсиз келиб, қувраб ётганда ҳар ёқ,
Шавқи ошар илдизлари узун янтоқнинг.

* * *

Яшадим, эл-юртга оловдай керак бўлиб,
Фикрат олами ичра жонсарак бўлиб.
Ёзиб улгурмаган байтларим, шаксиз,
Чиқар кафанимдан капалак бўлиб.

* * *

“Зўр” экани – ул занғарнинг таниши,
“Зўрдан зўрлик”– танишларнинг “ёниши”,
Чинор – чинордир ул, ўзича яшар,
Қамиш эса елкалайди қамишни!

* * *

Турмуш китобини бобма-боб ўқи,
Назар сол ҳар кимга – ҳаққа, ноҳаққа.
Бебурдлар олган чоқ оёғинг ўпар,
Берар чоғларида тутишар ёқа.

* * *
Маъно ўғирлайди, оҳанг ўғирлар,
Бемалол ўғирлар, ҳолтанг ўғирлар.
Шукронам шунгаки, “кучли шоир”им
Каттадан-кичикдан тенг-тенг ўғирлар.

* * *

Улуғ улғайтирар –ўзига қадар,
Кичик кичрайтирар ўзига қадар.
Ўзидан олдинроқ ўтказмоқ эса,
Улуғга-да, кичикка қийин нақадар.

* * *

Кундан олган ёғдулигин ой тўлар,
Сувдан олган юмшоқлигин лой тўлар.
Одобли бўл, уйга меҳмон келганда,
Иззат-икромингни қўноқ қайтарар.

* * *

Менинг бир қўшним бор – шунақа семиз,
Қулоқ тақсанг – эшак, тиш тақсанг – тўнғиз.
Ожизни кўрганда қинғир-қаҳрли,
Кучлини кўрганда мулойим тенгсиз.

* * *

Қандай юрар, қандай турар – ўз иши,
Индама, бос индамай тишга тишни.
Эшитди ғийбатин эшик ортидан
Ҳам манглайин ғурра қилди бу киши.

Туркман тилидан Шукур Қурбон таржимаси