Туркман мумтоз адабиётининг атоқли намояндаларидан бири бўлган Толибийнинг (Myrat Talyby) асарлари асосан ахлоқий-дидактик характерда бўлиб, уларда юксак инсоний хислатлар – мардлик, сахийлик, раҳмдиллик, ватанпарварлик улуғланади.
БЎЛАР
Насиҳат бобинда гар хабар тутсанг,
Ақл уйига фаҳм жорубкаш бўлар.
Бир ғарибга яхши сўзингни айтсанг,
Киссага пул кирмас, кўнгли хуш бўлар.
Аҳмоқ ўзин билмас чироғи ёнса,
Юз Каъба харобдир бир кўнгил синса,
Айём хароб бўлар даврон дўланса,
Бошлар оёқ бўлар, оёқ бош бўлар.
Бахт-давлатдир барча ишнинг мояси,
Дўстга дўстдан етар раҳмат сояси,
Йигитга ғам келса, кетар таянчи,
Чувол оғир бўлса, нор юввош бўлар.
Тош ҳам иш бермайди қўлинг урмасанг,
Мукаммаллик қайда кўнгил бермасанг,
Бегоналик ўсар дўстни кўрмасанг,
Ёт қўшнидай йироқлашар, таш бўлар.
Жигарим хунидир кўзимдан оққан,
Билмадим, дўст киму душман ким экан?
Бу ёлғон дунёнинг ҳасратин чеккан
Тўғри аҳмоқдир у ёки ёш бўлар.
Толибий дер фасод ортар йил-йилдан,
Ғофил бўлманг бу дунёда бу элдан,
Дил, баҳра топмассан, кеч бу хаёлдан,
Бир дўстим бор десанг, душман беш бўлар.
Туркман тилидан Севара Али табдили