Махтумқули (Magtymguly; тахаллуси Фироғий; 1733, Гурган дарёси соҳилидаги Ҳожи-говшан қишлоғи — 1783) — туркман шоири ва мутафаккири. Отаси Давлатмамат Озодий (1700—1760) ҳам шоир бўлган. Махтумқули бошланғич таълимни оилада ўз отасидан олган. Сўнг қишлоқ мактабида Ниёзсолиҳ мулла қўлида ўқиган. Дастлаб Махтумқули Халач атрофининг Қизилоёқ қишлоғидаги Идрисбобо мадрасасида, кейинчалик Бухоронинг Кўкалдош, Хиванинг Шерғозий мадрасаларида таҳсил олган. Низомий, Фирдавсий, Фузулий, Навоий сингари машҳур шоирлар ижодидан баҳраманд бўлган. Заргарлик билан шуғулланган.
Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон, Озарбайжон, Самарқанд, Туркистон каби бир канча шаҳарларга саёҳат килган. Махтумқулининг оилавий шароити хусусида ҳар хил ривоятлар бор. Махтумқулишунослар Махтумқули Менглихон исмли қизни чин дилдан э6севганини, бироқ уларнинг турмуш қуришига имкон бўлмаганини ёзадилар.
Махтумқули бир қанча лирик шеърлар, лирик-эпик достонлар, ғазал ва мухаммаслар ёзган. Бизгача унинг лирик, фалсафий, панд-насиҳат характеридаги 10 минг мисрадан ортиқ шеърлари етиб келган. Махтумқули шеърларида туркман халқининг ҳаёти, урф-одатлари, ўз даврининг муҳим ижтимоийсиёсий ҳодисалари, шоирнинг ички кечинмалари теран ифода этилган («Бўлмаса», «Келгай», «Билан», «Найлайин», «Етмас», «Булар», «Кетди замона» ва б.). Асарларида туркман уруғларини бирлашишга чақирган. Улар ўртасидаги низо-жанжалларни тугатишга уринган («Така, ёвмут, кўкланг, ёзир, алили — Бир давлатга қуллик килсак бешимиз…»).
Махтумқулининг ишқ-муҳаббат мавзуидаги шеърлари ҳам оҳангдорлиги, чуқур фалсафий моҳияти билан ажралиб туради. Шоирнинг ҳаёт ва ўлим, инсон ва борлиқ, гўзал инсоний фазилатлар ва одоб-ахлоққа оид шеърларида ислом дини ҳамда тасаввуфий карашлар таъсири яққол сезилади («Маҳтумкули, шукр эт сен Худога, Ўлим баробардир шоҳу гадога…»).
Кўп шеърларига Қуръони Карим оятлари, ҳадиси шарифнинг мазмун-моҳияти сингдирилган. Шоир шеърларида пайғамбарлар, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий сингари улуғ зотлар жуда кўп тилга олинади. Шунингдек, Аллоҳга муножот, Расулуллоҳ (сав)га мурожаат оҳанглари Махтумқули шеъриятининг энг асосий тамойилларидан биридир («Риёдан, ё Раб», «Сочди Муҳаммад», «Ё Расул» ва б.).
Махтумқули услубида халқ оғзаки ижодига яқинлик бор. Махтумқули туркман халқининг мақол ва маталларини, халқ тилига хос айрим унсурларни адабиётга олиб киришда катта хизмат қилган. Шоирнинг пурмаъно мисралари туркман миллатининг ҳикматли сўзлари, афоризмлар қаторидан ўрин олган. Махтумқули ижоди Европа ва рус шарқшунослари, туркман ва ўзбек олимлари томонидан тадқиқ этилган; қиёсий ўрганилган. Хусусан, Навоий ижодининг Махтумқулига таъсири ва бошқа адабий таъсир масалалари текширилган (С. Қориев, «Навоий ва Махтумқули», «Махтумқули ва Ислом шоир», «Махтумқули шеърлари асосида яратилган ўзбек халқ қўшиклари» ва б.).
Махтумқули шеърияти барча туркий миллатлар, жумладан, ўзбекларнинг ҳам маънавий мулкига айланган. Бир неча марта шеърлари ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилган. Кўплаб шеърлари ҳофизлар томонидан куйга солиб айтилади. Махтумқули ҳақида кинофильм, спектакль ва бадиий асарлар яратилган.
Баҳодир Каримов.
НАМАСАН
Асли сени кўрмаганман, дилдорим!
Қумримисан, булбулмисан, намасан?
Ғамгин дилни хаёлингда алдарман,
Боғ ичинда гул-гулмисан, намасан?
Қароқчими, ё сайидми, хўжами?
Ё соқийми, ё шаробми, ё жомми?
Ё йилмисан, ё кундузми, кечами?
Ё оймисан, ё кунмисан, намасан?
Ё мушкмисан, ёки чамбил, ё анбар,
Айтолмайман, ё чархмисан, ё чамбар?
Дарёмисан, ё мавжмисан, ё сафсар,
Гирдобмисан, тўлқинмисан, намасан?
Олтинмисан, кумушмисан, зармисан?
Ё аршмисан, Курсимисан, ермисан?
Ё ёқутми, ё маржонми, дурмисан?
Ё чироғми, ё зиёсан, намасан?
Махтумқули, кеч номусу орингдан,
Қўлингни торт бу вафосиз корингдан.
Жаҳон тўла, сен ғофилсан ёрингдан,
Ё мастмисан, ё шайдосан, намасан?
КЎРИНГ
Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз,
Маъракада ўтириб-туришин кўринг.
Биров билан ошно бўлай десангиз,
Аввал ўз сўзида туришин кўринг.
Узоқ-яқин йўлга борар бўлсангиз,
Мардлик киличини солар бўлсангиз,
Бир бедовни сайлаб олар бўлсангиз,
Сийнасин, сағрисин керишин кўринг.
Бир пул тушса бир ифлоснинг қўлига,
Кўксин очиб, кезар қишнинг елига,
Харидор бўлсангиз қизга, келинга,
Адабин, икромин, ўтиришин кўринг.
Мард йигитнинг от-яроғи шай бўлса,
Етишар ҳар ерда ҳайда-ҳай бўлса,
Ўзи Ҳотам бўлиб, яна бой бўлса,
Чор атрофдан меҳмон келишин кўринг.
Бир нечани қилдинг моли бисёри,
Бир нечани қилдинг бир пулнинг зори,
Яхши-ёмон – одам зотининг бори
Навбат билан ўтиб боришин кўринг.
Тангри безор, билинг, закотсиз бойдан,
Сиз ҳам қочинг зинҳор ул келар жойдан,
Мардга бир иш тушса, кўрар Худойдан,
Номарднинг ҳамроҳдан кўришин кўринг.
Номард юрар мудом ўлимдан қочиб,
Уйига келганда заҳрини сочиб,
Мард йигит меҳмонга қучоғин очиб,
Номарднинг меҳмондан қочишин кўринг.
Золимлар унутар зикри Оллони,
Арзон олиб, қиммат сотар ғаллони;
Судхўр ноинсофлар ҳалол тиллони
Ҳаром фойдасига беришин кўринг.
Мард йигитнинг иши суҳбат – соз бўлар,
Кўнгли қиш бўлмайин, доим ёз бўлар,
Яхшининг кўнглида гина оз бўлар,
Ёмоннинг кунда бир урушин кўринг.
Қадрдон, қардошдан узоқда туриб,
Қадрсиз ёт билан қариндош бўлиб,
Махтумқули, носозларга дуч келиб,
Хўжанинг, сайиднинг юришин кўринг
Туркман тилидан Жуманиёз Шарипов таржимаси
РАЙГОН АЙЛАДИ
Қайғу-ғамда азиз умрим сўлдириб,
Шум фалак азобим райгон айлади;
Ёзган китобларим селга олдириб,
Кўзларим йўлида гирён айлади.
Ғафлатда у душман олди элимни,
Тарқатди ҳар ёнга дўсту тенгимни,
Беш йил бўйи ёзган китоб-шеъримни
Қизилбошлар олиб, вайрон айлади.
Бир нечамиз қўли боғли қул бўлиб,
Нечалар пиёда сарғайиб-сўлиб,
Кимни бериб, унинг баҳосин олиб,
Ҳар кимга белгили баҳо айлади.
Шум фалак азобин менга билдирди,
Йиғламоқдан гул юзларим сўлдирди,
Қўл ёзма китобим селга олдирди,
Душманимни Жайҳун дарё айлади.
Нечалар дунёда бўлди бир киши,
Нечанинг томоғин тўйдирмас оши,
Нечанинг мотамдан қутулмас боши,
Кеча-кундуз вовайлато айлади.
Куйдирар шум фалак жабру жафоси,
Инонманг, ёлғондир аҳду вафоси,
Махтумқули, йўқ бу сўзнинг хатоси,
Фалак алиф қаддим дуто айлади.
КEРАКМАС
Фалак, менга мол берарсан, ул ганжи-кон керакмас,
Гўзал ёрим кўрмасам гар, фоний жаҳон керакмас.
Боққа кириб найлайин мен қулф урган анбарин,
Булбулим есир қилибсан, гўзал райҳон керакмас.
Эл-юртим хору зордир, келсин давлат лашкаринг,
Динни ҳадар айлабсан-ку, ажаб қуръон керакмас.
Бизнинг элнинг шоҳ, гадоси, фалак, сенга юк бўлар,
Ҳар ким ўзига султондир, хону султон керакмас.
Бу заминни ларзон қилиб, осмон, жунбуш айладинг,
Охири замон сари сурдинг, моҳитобон керакмас.
Мажлис қилар бўлди бу кун элу юртнинг барчаси,
Келмагин сен, бас, бош қўшиб, бизга меҳмон керакмас.
Қилғил умримизни зиёд, даркор эмас бошқаси,
Бу ажойиб чоғларимда ажал паймон керакмас.
Чарх устида бино қилиб, бизларни сен жойладинг,
Қойил бўлай бу жойингга, аммо гардон керакмас.
Ҳар кимга сен бахш этибсан яхши-ёмон бир гулни,
Ул гуллардан бошқа бизга соҳибижон керакмас.
Махтумқули, сен сўзлагил, дейди мардлар мажлиси,
Сен бахшисен бу мажлисда, бошқа достон керакмас.
БЎЛМАС
Ҳар аҳмоққа айтма дарду сўзингни,
Ҳасрат ўти жисминг ёққанча бўлмас.
Ғусса билан дона-дона кўзингдан
Аччиқ ёшларингни тўкканча бўлмас.
Қаноатда, иззатда тут ўзингни,
Тамаъ қилиб, сарғайтирма юзингни,
Ҳар номардга ҳайф айлама сўзингни,
Сўзингнинг биносин йиққанча бўлмас.
Мағрур бўлиб кезма умринг гулига,
Дуч бўларсан бир кун хазон елига,
Юз йил яшаб тушсанг ажал қўлига,
Чапингдан ўнгингга боққанча бўлмас.
Кўнгли қора билан бўлманглар улфат,
Юқар ундан турли-туман касофат,
Кўмирга ҳар неча айласанг иззат,
Манглайга қораси юққанча бўлмас.
Махтумқули ҳаргиз топмади омон,
Емон тилнинг заҳри тиғлардан ёмон,
Ёмон тил ёнида заҳри кўп илон,—
Чақса-да, бир чивин чаққанча бўлмас.
БЎЛАРСАН
Баланд тоғлар, буюкликда гердайма,
Хумчада сув бўлган зардек бўларсан.
Теран дарё, ҳайбатингга кеккайма,
Вақтинг етса, қуриб ердек бўларсан.
Тогларнинг арслони, бобир, фаланги,
Охири тенг бўлар фил, пашша жанги,
Жайҳун дарёси-ю, Нилнинг наҳанги,
Қулоқдан урилган хардек бўларсан.
Қиёматдан бир сўз дедим боёқда,
Акс зарб бор бевақт урилган таёқда,
Золимлар хор бўлар, қолар оёқда,
Ғариб, сен йиғлама, шердек бўларсан!
Яхши бедов минган, хўб гўзал қучган —
Бирга элтган борми боқига кўчган?
Ҳақиқий номарддир имонсиз кечган,
Имон билан борсанг нордек бўларсан.
Яхшилар ёнинда юргил сен ўзинг,
Дур бўлсин доимо сўзлаган сўзинг,
Олимларни уқсанг, очилар кўзинг,
Жоҳилни тингласанг, кўрдек бўларсан.
Луқмондек ҳар ишнинг чорасин билсанг,
Рустамдек девларга фармонлар берсанг,
Искандардек ернинг юзини олсанг,
Яксон бўлиб, барибир ердек бўларсан.
Махтумқули, қараб сўзла дошингни,
Жойин билиб тортгил, бўлса ошингни,
Комил топсанг, қўй йўлида бошингни,
Эр кетида юрсанг эрдек бўларсан.
БОРМИ?
Жаҳонгашта девоналар,
Мен каби ҳеч ёнган борми?
Ишқ қурбони, парвоналар,
У оловдан қонган борми?
Бирон эшикдан ўтмаган,
Мақсадига ҳеч етмаган,
Ақлу ҳуши фикр этмаган,
Алам ичра тўлган борми?
Боди сабо келар бўлди,
Ҳар жойда бир қолар бўлди,
Қиё назар солар бўлди,
Адолатли султон борми?
Ҳув дегил, уммон сузарсан,
Даштдан қўлингни узарсан,
Барча сувларни кечарсан,
Бир ишратли макон борми?
Забони ширин асалли,
Худди тўлган ой жамолли,
Ойдай юзи ҳинду холли,
Муносиб бир жонон борми?
Сабо дейман мен пинҳонда,
Ёқди мени, куйди жон-да,
Кезибсан фоний жаҳонда,
Излайман, Менглихон борми?
Сайр этар бўлдинг қошида,
Қамарида, қуёшида,
У қариган тоғ бошида
Ёмғур билан туман борми?
Оёқни лойга ботирган,
Олов узра бир ўтирган,
Бу фалакни боплаб урган
Фонийда бир мардон борми?
Сайр этарсан кун-ойларни,
Не ажойиб саройларни,
Кўрарсан ҳар бир жойларни,
У жойларда қуръон борми?
Бир хулқи бордир сўзида,
Ҳикоят бордиркўзида,
Менгли ёрнинг гул юзида
Бизга қарши камон борми?
Махтумқули, сўзладинг оз,
Дард зиҳирин қилдинг баёз,
Қўл ичида майлисда ғоз,
Бизлар учун ватан борми?
Ж. Шарипов таржималари
КEЛ, КЎНГЛИМ, СИДҚ ИЛА ЁЛБОР АЛЛОҲГА
Кел, кўнглим, сидқ ила ёлбор Аллоҳга,
Яратгандан ҳеч яширин иш бўлмас.
Ризқ бир муқаддардир шоҳу гадога,
Қалам бирдир, бунда ёзган беш бўлмас.
Бир нечалар йўртар кеча ётмайин,
Биров ётар ўйдан жафо тортмайин,
Тақдири азалдан ҳаргиз ортмайин,
Кезган ортиқ бўлиб, ётган бўш бўлмас.
Бир бўз йигит ёлғон дунёга келса,
Қилиқ, қилич, нону дастурхон бўлса,
Фоний юртда обрўй ҳам иймон бўлса,
Етмиш, саксон, юздан ортиқ ёш бўлмас.
Кимлардир давлатманд, кимлардир ғариб,
Кимлар-чи, хайр этиб, закотин бериб,
Кимлари умринда нон дея ҳориб,
Кимлардадир ёстиқ, тўшак, ош бўлмас.
Махтумқули, бу кунингга шукр айла,
Аллоҳнинг қудратин кўриб, фикр айла,
Ризқ учун ғам ема, Ҳақни зикр айла,
Азалда ёзилган сендан таш бўлмас.
ИЙМОН ПАЙДО
Келса наврўз оламга, ранг қилар жаҳон пайдо,
Булутлар овоз уриб, тоғ қилар туман пайдо,
Бежонларга жон кириб, этарлар даҳон пайдо,
Кўкармаган гиёҳлар кўкариб равон пайдо,
Этарлар ҳайвонотга ҳам суд, ҳам зиён пайдо.
Ер юзига ёйилиб, юрарлар ниҳон-пайдо,
Вобаста даҳон қушлар қиларлар забон пайдо.
Чўл тарафин беркитиб, дар очар сувга харчанг,
Замин сабзазор бўлиб, танидан айрилар занг,
Жониворлар маст бўлиб, гўё ичмиш ароқ, банг,
Ҳар ашёнинг ўзига ўз овози бўлар ганг,
Сабза ичра сандувоч юз тилда қилар оҳанг,
Замин хизрпўш бўлиб, гул очибдир ранг-баранг,
Хуружга келиб олам, қиларлар фиғон пайдо.
Суруду садо бирла жаҳон юзи ободдир,
Бўлма сурудга мағрур, оқибати барбоддир,
Ҳақ ишқинда зинда жон, билинг, боқий ҳаётдир,
Ҳар тандаки ишқ йўқдир, рўзи азал мамотдир,
Ёз ўтгунча Еру Кўк кундан-кунга зиёддир,
Бир ҳашри қиёматдир, бир явми аросатдир,
Даҳр ичра бўлар ҳар дам, жаҳон ичра жон пайдо.
Зарбофга завқинг қўйма, бақо йўқдир давлатда,
Умрингни елга берма, сен бу дорул-меҳнатда,
Етар сенга эрта-кеч, не ёзилса қисматда,
Жонингга жафо айлаб, бунча кезма ҳасратда,
Савоб яхши амалда, ёхуд яхши ниятда,
Олам барча хизматда, одам ётар ғафлатда,
Ҳосилинг оташ бўлгай, айласанг ёмон пайдо.
Махтумқули, йиғларман бу бахти сиёҳимдан,
Қўрқарман жон офати – қўл-оёқ гувоҳимдан,
Умидим ҳосил бўлмас, бу умри табоҳимдан,
Жон куйди жасад ичра, бу оташи оҳимдан,
Қўлим чўзиб, тиларман ҳожатим Аллоҳимдан,
Бандаман, умид шулки Ул карамли Шоҳимдан,
Айлагай аросатда гул каби иймон пайдо.
ОТА-ЎҒИЛ ДАРДЛАШУВИ
Озодий:
– Ошкор эт сирингни, сақлама пинҳон,
Аммоки, сўзимдан чиқмагил, ўғлим!
Кунда юз ўй келар-кетар бу бошга,
Оғритма кўнглимни, йиқмагил, ўғлим!
Махтумқули:
– Уялардим, сирим фош айламасдим,
Ошкор қил, деб сўрар бўлсанг, Озодим!
Юз ўй келар-кетар ҳар кун бу бошга,
Истак бордир, сафар қилсак, Озодим!
– Жафо қилма ўзинг, чақир Мавлони,
Орзу қилма хонни, бекни, султонни,
Басдир бизга аввал Тангри бергони,
Қолдирма кўнглимни, кетмагил, ўғлим!
– Кетгимиз йўқ олти билан, беш билан,
Сайрон этсак неча тенгу тўш билан,
Магар шунда Қамгин кўнглим хуш бўлар,
Кўнгил қалқар, қарор этмас, Озодим!
– Варзишинг йўқ, ёшсан, кета билмассан,
Шовур бор, шовқин бор, чидай билмассан,
Ҳар ишга бош қўшиб, эта билмассан,
Кетмоқлик даъвосин қилмагил, ўғлим!
– Киши сўзламаса, сири фош бўлмас,
Яхшини, ёмонни билган ёш бўлмас,
Шу кез юбормасанг, кўнглим хуш бўлмас,
Раъйимиз қайтарма, қўйбор, Озодим!
– Бизни нечук бундай тарк этгусинг бор?
Бу йўл беҳудадир, чин кетгусинг бор.
Бас, кетмагил, сендан кўп тарсишим бор,
Қайғу, аламларга ботмагил, ўғлим!
– Қалбимга кирибдир Ислом ҳаваси,
Тангадир, дирҳамдир халқнинг тамаъси,
Кўнглим малул этма, қўрқув нимаси? –
Бир сафар ишидир, қўйбор, Озодим!
– Қуръон ўқиб юргил, яхши Каломдир,
Душман бераҳмдир, дининг Исломдир,
Йўллар қароқчидир, ўғри-ҳаромдир,
Ўлгунгми, қолгунгми, кетмагил, ўғлим!
– Синайин, кўрайин бу кун иқболим,
Яхши кун, яхши вақт, келганда солим,
Қасд этиб жонимга, етса ажалим,
Бу ерда бўлса ҳам, топар, Озодим!
– Билиб олай, ўзинг қаён отарсан?
Қандоқ ишдир, буни бундоқ тутарсан?
Айтгил, ахир, кимнинг билан кетарсан?
Оҳ чекиб, ҳар ёнга боқмагил, ўғлим!
– Жиловдори бўлгум Ёсирхон пирнинг,
Кўнгил қуши парвоз урар фақирнинг,
Бу кун етти кундир, “Алҳамд” ўқирмен,
Шод айла кўнглимни, қўйбор, Озодим!
– Озодий дер: бирга сафо сурайлик,
Йўқса, юборайлик, синаб кўрайлик,
“Омин!” деб тур, ўғлим, дуо берайлик,
Бир Аллоҳ ёр бўлсин сенга, бор, ўғлим!
– Махтумқули айтар: қолмишам чоғдан,
Кўнгил қуши талвос урар йироқдан,
Ҳар ерда Соғлигим тила Ул Ҳақдан,
Дуо қилиб, Ҳаққа ёлбор, Озодим!..
АДОЛАТ ЯХШИ
Асло одамзодга аччиқ сўз қилманг,
Фақиру мискинга далолат яхши.
Бахилга учраманг – кулар юз бўлманг,
Ишни битирмоққа кифоят яхши.
Етимни кўрганда кулар юз бўлгил,
Қўлдан келса унга таом – туз бергил,
Ҳамгинни кўрганда ширин сўз бергил,
Чорасиз қулларга ҳимоят яхши.
Йигит улдир, сўзга айласа амал,
Қўлдан келмас ишга этмаса жадал,
Оллоҳнинг амрига қилмагил бадал,
Бекка – сахо, шоҳга – адолат яхши.
Ғариблик бир дарддир, одам ўлдирмас,
Ўлдирмас, ҳаётда лекин кулдирмас,
Бўрига ожизлик ит ҳам билдирмас,
Албатта, душманга сиёсат яхши.
Махтумқули, шукр, ширин тил берди,
Дарахтлар кўкариб самар, гул берди,
Гўрўқли Райхонга қандай ёлборди?
Омонлик деганга диёнат яхши.
АЙРИЛСА
Қора тошли, сариқ туман бу тоғлар
Тупроқ бўлар, қора тошдан айрилса.
Сел бўлиб, тўлғониб оқар булоқлар,
Чилла тўлиб, қорлар қишдан айрилса.
Дунёда бир ғавғо узоқдан бўлар,
Кўз хонаси қондан, қон ёшдан тўлар,
Қуръон кўрмай кезган пирлар оч қолар,
Эл унутиб, сари пешдан айрилса.
Кўп айтарман: дунё қолди ёмона,
Раҳм этмас бўлди, боқ, мусулмона,
Лочинлар пир-пираб келар осмона,
Ҳаром ўлган қўзи-лошдан айрилса.
Зинокор сийламас элу юртини,
Ғайри қочар, кўрса эрнинг мардини,
Одам ўғли айта билмас дардини,
Юрак ёниб, чашми ёшдан айрилса.
Номард жувонпараст, ҳоли забундир,
Мардни кўрса йиғлар, кўзлари хундир,
Дўсти ғариб келса, мардлар мажнундир,
Номард дўст истамас, ошдан айрилса.
Юрт дардига ярар элда мардонлар,
Номард қочиб борар, боқинг, ёронлар,
Мол дея юрт кезар бахил-нодонлар,
Ғамга ботар, гўзал хешдан айрилса.
Номард-занон гапда ҳеч турқи бўлмас,
Вазирлар нодондир, ҳеч эрки бўлмас,
Кулар юзли ёрнинг ҳеч кўрки бўлмас –
Сиёҳ зулф, қаро кўз, қошдан айрилса.
Бозургонлар мудом йўлга бел боғлар,
Нодон кетса, йироқ кетса, эл чоғлар,
Махтумқули Ҳақни ёдлар, қон йиғлар,
Шоҳ-гадолар ақлу ҳушдан айрилса.
АЙЛАНМАС
Булбул наво қилган ҳаволи боғлар.
Булбул сендан кетар, фиғон айланмас.
Ёқимли, ёмғирли, умрли тоғлар,
Селлар сендан кетар, тумон айланмас.
Одам яратилмиш баландли-пастли,
Ақлли, фикрли, далили-мастли,
Йигитлик бир кўйга – баҳорнинг фасли,
Баҳор сендан кетар, замон айланмас.
Келганни қаршила, бўлса мажолинг,
Яхши тутавергил ниятинг, феълинг,
Дунё давронинда очиқ тут қўлинг,
Давр сендан кетар, даврон айланмас.
Бу дунё ғавғодир, бир қол-мақолдир,
Кими “Берҳо-бер”дир, ким “Олҳо-ол”дир,
Йигитлар, бу дунё шунга мисолдир,
Барқ урар осмонда, борон айланмас.
Бу манзилдир уч кун сен еб-ичганда,
Ўрнашиб, тирмашиб, белинг очганда,
Узангинг тортарлар, тўрт кун кечганда,
Беш кундан юқори меҳмон айланмас.
Бағрин очар бир кун, ер сени гизлар,
Қаро хокдан тўлар бу наргис кўзлар,
Отингга ишонма, чаманли тузлар,
Чаман сенда қурир, жайрон айланмас.
Махтумқули айтар ориф дўстига,
Ким қолар тушмасдан ажал дастига? –
Фалак бир кун солар ернинг остига,
Оғиздан тил кетар, забон айланмас.
ЭЙ ОҒАЛАР, ЙИҒЛАРМАН, КЕЛДИ, КЕЧДИ ЗАМОНА
Эй оғалар, йиғларман, келди, кечди замона,
Яхши қадри билинмай, тегди давр ёмона,
Ёмон олди жаҳонни, келмас тили иймона,
Кўп фақирлар йиғлашиб, келар ундан омона,
Истаги бор, оз вақтдан яхши бўлса замона.
Не сафоли кун кўрдик, тенг-тўш билан бош қўшмон,
Бошинг қаро, билмадинг, на дўст билдинг, на душмон,
Эй ёронлар, суд этмас, энди этсанг минг пушмон,
Дунёсига талашмам, ўғил-қизга булашмон,
Не ҳузурли кун кўрдик, бўлиб кетсак девона.
Тушмагин хом хаёла: “Дунё келган ўлмаслар”,
Келган кечар дунёдан, бири омон қолмаслар,
Жонлар чекиб чақирсанг, тўғри йўлга келмаслар,
Ҳар не бўлса, ютарлар, ҳалол-ҳаром билмаслар,
Дерлар: Ҳақдир Муҳаммад, бўйсунамиз Қуръона.
Даврон, нечук давронсан, ғариб йиғлар, эл тинмас,
Зулми ортар золимнинг, ҳеч кўнгилга раҳм инмас,
Жаҳонни ёқди-кетди, ёмоннинг ўти сўнмас,
Бир Муҳаммад ҳурмати, ер ёрилмас, кўк инмас,
Чарх қувонар бу ишга, бўлмас охирзамона.
Ғофил қолдим, ёронлар, ўз-ўзимдан, риштим йўқ,
Ҳақдан ғайри ҳеч ерда паноҳим йўқ, пуштим йўқ,
Фақр баҳрига кирдим, елканим йўқ, киштим йўқ,
Махтумқули, мен бундан чиқадиган даштим йўқ,
Қўлим берсам, тутган йўқ, тушдим тубсиз уммона.
ЁР ЖАМОЛИН КЎРМАГУНЧА КЎЗ БИЛАН
Кимим бордир, арзим Ёрга етказсин,
Ишқ ўтида куйдим-кетдим кўз билан.
Келиб, қўли билан ўтим ўчирсин,
Йўқса сўнмас борон билан, муз билан.
Келган кечди, келажакка юрт қўйди,
Ошнолиғни номард бузди, мард қўйди,
Ёр сийнамда доғ устига дард қўйди,
Дард устига мурч қўйибдир туз билан.
Маъшуқим топдирмас, топсам, қўл бермас,
Иқболим уйғонмас, бахтим ҳам кулмас,
Юрагим тинчимас, кўнгил тек турмас,
Ёр жамолин кўрмагунча кўз билан.
Бир дардга тушибман, ҳеч кимса билмас,
Ийсо уқмас, Луқмон чорасин қилмас,
Келган турмас, туман бошдан айрилмас,
Ҳар замон бир дардни чеккум сўз билан.
Минг ишқ билан молу дунё йиғарсан,
Бир нарса деб, юз кўнгилга тегарсан,
Дунё-дарё, тан бир солдир, агар сан,
Қачонгача тай кетарсен туз билан?
Бу дунё молиндан ким элтди бир зот,
Аввали – ғам-қайғу, охири – барбод,
Бўлажагинг шудир сенинг, одамзод,
Йўқ бўларсан тупроқ билан, туз билан.
Махтумқули, не манзилда турарсан,
Юрт кимнингдир, оғир ишлар қиларсан,
Қисмат бўлса, парча ерга кирарсан,
Насиб бўлса, олти қулоч бўз билан.
ҚАНОТИМ ЙЎҚ, УЧА БИЛМАМ, НАЙЛАЙИН
Кўнгил истар, кезсам дунё-оламни,
Қанотим йўқ, уча билмам, найлайин!
Ўқирмен, кўрармен “Фавзул-калом”ни,
Маъносини соча билмам, найлайин!
Кўплар унда ғаввос бўлиб сузарлар,
Менга зоҳир, халқдан пинҳон кезарлар,
Гул бодада гулгун шароб эзарлар,
Қўл узатиб, ича билмам, найлайин!
Ўй даштидан шароб исин нўш қилдим,
Кетди ақлим, ўзим билмай, жўш қилдим.
Сармаст бўлдим, дарсиз кўшкка дуч бўлдим,
Рухсат бўлмай, оча билмам, найлайин!
Йитти йўлим, тоғ қайсидир, туз қайси,
Билмас кўнглим, маъно қайси, сўз қайси,
Фаҳм айламам, йўл қайсидир, из қайси,
Умид узиб, қоча билмам, найлайин!
Махтумқули, бу дунёнинг ҳаммасин,
Йиғиб, тугиб, қўлга бердим номасин.
Фикр дарёсига ақлим кемасин –
Ботирганман, кеча билмам, найлайин!
ОШИҚЛАР ҲАҚ ИШҚИНДА
Ошиқлар ҳақ ишқинда
Ҳайрондадир-ҳайронда.
Кўзлар заиф изинда,
Гирёндадир-гирёнда.
Қилди анга Ҳақ раҳмат,
Нури тажаллий қудрат,
Хирқа кийган Хожа Аҳмад
Сайрамдадир, Сайрамда.
Ердан чиққан оғочлар,
Тили саноли қушлар,
Субҳон суйган дарвишлар
Даврондадир, давронда.
Айил, ошиғим, айил,
Мажнун бўл, халққа ёйил,
Халил ўғли Исмоил
Қурбондадир, қурбонда.
Тур тоғинда туранлар,
Неча ғойиб эранлар,
Жамолини кўранлар
Фармондадир, фармонда.
Тўлдирган бу дунёни,
Сўзлар ҳар ду сарони,
Кулли ишнинг баёни
Қуръондадир, Қуръонда.
Махтумқули, оч тиллар,
Қуллуқ қил ойлар, йиллар,
Эрта қуллуқсиз қуллар
Армондадир, армонда.
БАРЧАНИНГ БОШИГА ЕТАР БУ ДУНЁ
Хуш қол энди, ёру дўстлар, ёронлар,
Ишонма, ҳаммадан ўтар бу дунё.
Чора топмадилар ўтган валийлар,
Барчанинг бошига етар бу дунё.
Бировни шоҳ этар, берар кўп ривож,
Бир нечалар йиғлар, бир пулга муҳтож,
Кимлар чора топмас, ўтар ноилож,
Ҳар кимга юз алам тутар бу дунё.
Назар қилса, пора этар тошларни,
Бир нечага оғу этар ошларни,
Бир нечалар олиб азиз бошларни,
Бир ёт ўлкаларга кетар, бу дунё.
Нуриндан яратди Ийсони Жаббор,
Эрк Ўзингда, ҳар на қилсанг, Биру Бор,
Бир ғарибман, Сендан ўзга кимим бор,
Мени кўп қимматга солар бу дунё.
Ҳазрати Одамни айладинг ҳайрон,
Ҳавво жудо тушди, кўзлари гирён,
Худога роз айтди ҳазрати Луқмон:
“Номардга этмасин дучор бу дунё!”
Қани ул Искандар, қани Сулаймон,
Охиринда бўлди жойи гўристон,
Қани Суҳроб, Барзу, Рустами достон,
Биридан қолдирмас асар, бу дунё.
Махтумқули, кўнглингда юз кулфат бор,
Қазонинг дамига бўлдик гирифтор,
Яратган, хор этма, бўлгил хабардор,
Йўқса, ишим армон этар бу дунё.
ҚАЙҒУ ЧЕКСА, ЙИГИТ КИШИ ЧОЛ БЎЛАР
Одам ўғли, бу дунёда кезарсен,
Бир кун сенинг алиф қаддинг дол бўлар.
Ғофил бўлма, тўғри йўлдин озарсен,
Булбул каби сайрон тилинг лол бўлар.
Охирзамон бўлса, фитналар турса,
Золимлар ёмонлик мажлисин қурса,
Подшоҳлари ришват дея дам урса,
Фақирларга кун-нафақа хор бўлар.
Яхши-ёмон иззат қилар бойларга,
Фақиру бенаво қолар войларга,
Ҳар йигитким, ғариб тушса жойларга,
Ҳасрат чекар, ҳар бир моҳи сол бўлар.
Ҳар кимса шариат йўлин билмаса,
Олимларнинг сўзин кўзга илмаса,
Қирқ ёшинда киши тавба қилмаса,
Унинг иши ҳийла, макр, ол бўлар.
Ҳар йигитким, ғариб тушса ватандан,
Хабар сўрар ҳар бир йўлдан ўтгандан,
Телмурибон ҳожат тилар етгандан,
Ҳожати битмаса, қийлу қол бўлар.
Кел эй, дўстим, чекма қайғу-ғамни сен,
Оқтирмагил кўзларингдан намни сен,
Бу дунёда ғанимат бил дамни сен,
Қайғу чекса, йигит киши чол бўлар.
Махтумқули, насиҳатлар тузарсан,
Халойиқнинг юрак-бағрин эзарсан,
Лекин ўзинг тўғри йўлдан озарсан,
Рустам бўлган, бир кун пири Зол бўлар.
САҲАР ВАҚТИ ҒОФИЛ БЎЛМАНГ ЁРОНЛАР!..
Саҳар вақти ғофил бўлманг, ёронлар
Даргоҳлар очилар чоғдир бу чоғлар.
Раҳматга дуч келди бул вақт эранлар,
Ҳақ нури сочилар чоғдир бу чоғлар!
Осий бўлма, гуноҳингдан тина қол,
Ўзни тани, менлигингдан ина қол,
Яхши вақтдир, тавба қилиб дўна қол,
Ёзиқлар кечилар чоғдир бу чоғлар!
Ҳақ сени сақласин ҳижрон елиндан,
Адашмагил йўлчиларнинг йўлиндан,
Муҳаббат жомлари дўстнинг қўлиндан,
Ҳазир бўл, ичилар чоғдир бу чоғлар!
Минг йил кезсанг ёлғончини сурубон,
Тан тупроққа дўнар бир кун чирибон,
Йўқлик майдонида мажлис қурубон,
Менликдан кечилар чоғдир бу чоғлар!
Махтумқули, кетдинг дунё кўйина,
Жоҳилликдан кўнгил қўйдинг ўйина,
Энди оёқ босдинг ўттиз уйина,
Кўз ёши сочилар чоғдир бу чоғлар.
ШОҲ НАҚШБАНДИЙ
Бир кеча ётардим, Шоҳи Нақшбанд.
Карами жўш айлаб, бир нон кетирди.
Ўнги қўлида бода – гулгун шароби,
Чап қўлида тоза бирён кетирди.
Уйғондим уйқудан, қолдим тушимдан,
Ҳайрон қолдим девонанинг ишиндан,
Бодасин нўш айлаб, кетдим ҳушимдан,
Ғамдийдадан ашки гирён кетирди.
Жон хуружга келди қайнаб жўшмоқдан,
Юрагим мавж урди тўлиб-тошмоқдан,
Бир ишорат бўлди унга тушмоқдан,
Фаҳм этмадим, жонга армон кетирди.
Англамадим, ишққа бўлдим харидор,
Билмадим, истадим дилбардан дийдор,
Ишқ дардига тушдим, қолдим гирифтор,
Ким ҳам бу дард учун дармон кетирди?
Махтумқули, турдим тавоф этмоққа,
Тил фармон бермади жавоб этмоққа,
Ишқ аҳлининг ҳолин хароб этмоққа,
Ақлим олиб, масту ҳайрон кетирди…
НУҚСОНА КЕЛГАЙ
Мусулмонлар ёвлашса бир-бирига,
Давлат қайтиб, динлар нуқсона келгай.
Зулм айлаб, бир-бирин олса асирга,
Фалак бу ишлардан пушмона келгай.
Бир-бирини чопмоқ эмас эрликдан,
Бу иш шайтондандир, балки кўрликдан,
Манманлик айиргай элни бирликдан,
Давлат кетиб, навбат душмона келгай.
Яхшилик камайиб, иймон қисилса,
Ёмонлар қутуриб, йўллар кесилса,
Шариат бўшашиб, номус эзилса,
Замонанинг изни шайтона келгай.
Тингла, маскан тутган киши чўлларда,
Садақа камайса улуғ элларда,
Халқ устига қаҳат тушиб, йилларда,
Хасталик кўпайиб, қаст жона келгай.
Мусулмонсан, хабардор бўл зулолдан,
Ҳаромдан қоч мудом, изла ҳалолдан,
Ўлчовдан урсалар, юртнинг ваболдан
Баракати кўчиб, осмона келгай.
Сўзимни олгайлар билганлар қалқа,
Муродим – насиҳат айламоқ халққа,
Қозиси гап уқмас, беги паст ўлка
Ёмғир ёғмай, ери қизмона келгай.
Шаррга шуҳрат бермоқ – шайтоннинг кори,
Қаҳрин ютмоқ эрур Раҳмоннинг кори,
Кўпайса ҳар элнинг бошлиқ-саркори,
Низоми бузилиб, вайрона келгай.
Парвардигор Ўзи – фақирга паноҳ!
Ул кимдир, бўлмагай тилида сано?!
Қайси юртда агар кўпайса зино,
Ерлари қимирлаб, ларзона келгай.
Махтумқули, турсам сўзим сочмоққа,
Англамаслар шайланади қочмоққа,
Қайси халқ кўникса шароб ичмоққа,
Юртда ўлат тарқаб, вайрона келгай!..
КЎЗДАН ЁШ КЕЛСА
Дунёда неча иш бордир – ёмондир,
Бири шулдир – ноҳақ қаҳри жўш келса.
Ошиққа ҳар куни охирзамондир,
Ёрдан йироқ тушиб, аро тош келса.
Дўстингни ушлама, нафдан қолмасин,
Душманинг сақлама, сиринг билмасин,
Очда – олгинг, бекка бергинг бўлмасин,
Иш мушкулдир, англамасга дуч келса.
Замин сени ҳали замон ютарми,
Оқил бунда бундай беғам ётарми,
Ҳеч бир масхаралик бундан ўтарми –
Кетган қуруқ кетиб, келган бўш келса.
Ўн қат уйинг бўлса темир қалъадан,
Ажал топар, амр бўлса Оллоҳдан,
Ҳақиқат, эр юз қайтармас балодан,
Ҳақ ризоси билан бошга тош келса.
Ошиқман деб лоф урарлар ёлғондан,
Билганини айтар, сўрсанг билгандан,
Эл кўзича юз йил тоат қилгандан
Яхшидир, бир саҳар кўздан ёш келса.
Бойлар боғлаб саховатнинг йўлини,
Кўпайтирар дўзах мойи-хилини
Кўринг, бу замоннинг сўфи, пирини,
Тинмай олаверар, текин ош келса.
Махтумқули, сўйла, ақлинг етгунча,
Охиратинг қозон, бекор ётгунча,
Дўзахдадир, то дунёдан ўтгунча,
Яхши эрга ёмон хотин дуч келса.
ҚИЗИЛ ТИЛИНГ СЎЗЛАР ЭКАН, ЎЛДИМ ДЕ!..
Дунё кўрмай, тутқун қолсанг бир бурчда,
Бодипойдек ер юзига елдим, де!
Чин-Мочинда, Румда, Ҳиндда, Ҳабашда
Турли-туман ҳунарларни билдим, де!
Оч ҳам бўлсанг, борма элга тилакка,
Де: “Кўшкдаман, бошим етар фалакка!”,
Чўлда қолсанг, ҳеч топмайин кўланка,
Эрам боғи ичра соя топдим де!
Ош кўрганда, ўзинг отма турланиб,
Оч бўлсанг ҳам, виқор сақла, сирланиб,
Зар тўкибон, чин қуллардек орланиб,
Ёш ўлсанг ҳам, Нуҳ ёшига келдим де!
Муҳтожлигинг Ҳақдан ўзга билмаса,
Ўшал рўзғор басдир, очдан ўлмаса,
Ҳинди каби усти бошинг бўлмаса,
Подишоҳлик либосини олдим де!
Сувга, елга ҳукми ўтган Сулаймон,
Боқ, улардан не ном қолди, не нишон,
Ташна қолиб, жойинг бўлса чўлистон,
Дарё ичра мен Искандар бўлдим, де!
Йўлдош бўлсанг тил тушунмас мўр билан,
Жой тополмай, бирга ётсанг мор билан,
Ўттиз қават тўшак, юз минг эр билан –
Қорун хазинасин қўлга олдим, де!
Махтумқули, чексанг жафо-жабр, бил,
Оллоҳга хуш келар, шукру сабр қил,
Қилча жонга қизил танни қабр бил –
Қизил тилинг сўзлар экан, ўлдим де!
КЕТИБ БОРАДИР
Дунёга эътимод этманг, ёронлар,
Кимга келиб, кимдан кетиб борадир.
Мисоли Искандар, шоҳлик сурганлар
Бир-бир навбатинда ўтиб борадир.
Бировни бой қилар, бировни гадой,
Не қилса, эрки бор, ул қодир Худой,
Бировнинг муродин бериб, ҳойнаҳой,
Биров ғам шарбатин ютиб борадир.
Бировга берибдир қайғу-ғам, меҳнат,
Умрида бир соат кўрмади роҳат,
Бировга этибдир номардни улфат,
Унинг умри “Оҳ!” деб ўтиб борадир.
Бировнинг бошида кўпдир тумони,
Қайғу-алам билан чиқадир жони,
Бир яхшига дуч этибдир ёмонни,
Ноилож дунёдан ўтиб борадир.
Кимлардир йиғлайди, мақсадин топмай,
Нечалар оҳ урар, оғзини ёпмай,
Бир олғир байроқни оладир, чопмай,
Бир бедов кезолмай қайтиб борадир.
Дунё учун чекма қайғу, андиша,
Сабр эт балосига, рози келмиша,
Йиғлабон, ғам билан толма ҳамиша,
Ажал қўли ёқанг тутиб борадир.
Махтумқули айтар: барча насиҳат –
Оллоҳга қул бўлинг, Расулга – уммат,
Билсангиз, дунёнинг барчаси ҳасрат,
Ҳасрат билан бир-бир кетиб борадир.
Туркманчадан Мирзо Кенжабек таржималари
ОШИҚ БЎЛМИШАМ…
Эй, ёронлар, бир юзи гул оя ошиқ бўлмишам,
Барчалар мақсуди гул-раъноя ошиқ бўлмишам,
Булбулам боғ ичра, бир ғавғоя ошиқ бўлмишам,
Ўзи ғойиб, зулфлари ялдоя ошиқ бўлмишам,
Манзилим боғ ичрадир, саҳроя ошиқ бўлмишам.
Чун фалак солди бизи ул кун фани тупроғина,
Тушди сайрим доимо Макка, Мадина тоғина,
Булбул бўлдим, сайрадим, кирдим Эрамнин боғина,
Пойибанд бўлдим у кун ғам элининг тузоғина,
Юз бало, меҳнатли бир савдоя ошиқ бўлмишам.
Жисмим ичра ёр ғамидур, манзилим саҳрода, ҳей,
Чекканим ғам-ғуссадур, ман дўнмишам Фарҳода, ҳей,
Солди ишқинг, дилбаро, жону жигарим ўта, ҳей,
Водариғо, кечти умрим, зоя бердим бода, ҳей,
Оҳи кўп, афғони кўп бир куя ошиқ бўлмишам.
Билмадим, не баҳри ердир, не муаззам тоғидир,
Олди кўнглим, кетди ақлим, тан мудом нечоғидир,
Нисбат этиб бўлмас уни, қумри, булбул, зоғидир,
Элғараз ҳар зулфина – этмиш минг эр тузоғидир,
Қадди-қомати баланд зебоя ошиқ бўлмишам.
Дўст, ҳавойи васлини мен мунча чандон истарам,
Доми-зулфи қаддина ўзимни зиндон истарам,
Дема: ғамдан бир замон кўнглимни хандон истарам,
Бир ғариб ошиқ манам, ёр, сани сандан истарам,
Кеча-кундузи, билинг, ҳув-ҳоя ошиқ бўлмишам.
Истамас ёрим мани, ул ёра зорим йўқ маним,
Қолмишам ҳайрон бўлиб, ғайрат-мадорим йўқ маним,
Олди жоним иасқ ўти, ихтиёрим йўқ маним,
Келса – ақлим тарк этар, кетса – қарорим йўқ маним,
Киприги – ўқ, қошлари – ол оя ошиқ ббўлмишам.
Айтадир Махтумқули, ман унда кона ўғрадим,
Сайл этиб бордим, фалакда ломакона ўғрадим,
Чун мени расво қилибдур, ишқи кона ўғрадим,
Этмиш икки шаҳр ила минг бир дўкона ўғрадим,
Шунча саргардон бўлиб, ман зоя ошиқ бўлмишам.
Туркманчадан ўзбекчага Хуршид Даврон табдил қилган